Армондир қалбимда ловуллаган чўғ…
Баҳром АКБАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
ОТАБЕК МАКТУБИ
Кечиргайсиз, Кумушойим,
Сиздан хабар ололмадим.
Марғилонга борган чоғим
Дийдорингиз кўролмадим.
Отим бурдим уйингизга,
Сиғмай қайтдим остонадан.
Бегим дея суйсангиз-да,
Фарқим йўқдир бегонадан.
Тун қўйнида кездим сарсон,
Жин кўчалар – дев, ялмоғиз.
Хаёлларим эзгай ёмон,
Малаксиймо – сизсиз ёлғиз.
Сўзларингиз эслаб дилим,
Дилторини чертар бўлса.
Зардобларга тўлар лим-лим
Танам сархуш этган бўза.
Дард тоғдайин ишқим синаб,
Сабр косам тўлдирди-ей.
Ҳижрон эса кунда қийнаб,
Азобларда ўлдирди-ей.
Осмон узоқ, замин қаттиқ,
Булут ўрлар бошимда.
Самоларга сачраб кетган,
Юлдузлар сирдошим-да.
Кутиб олар уста Алим,
Такрор борсам Марғилонга.
Саодатнинг қиссалари
Азоб берар ширин жонга.
Пок туйғуга панжа урган,
Фосиқларнинг фисқидан дод.
Ўртамизда девор бўлган,
Иблис Ҳомид экан жаллод.
Яратгандан сўраганим,
Фақатгина сабр бўлди.
Ғанимларнинг ғанимлиги,
Ўзи учун жабр бўлди.
Кечиргайсиз, Кумушойим,
Мактубимни беролмадим.
Марғилонда юрган чоғим,
Дийдорингиз кўролмадим.
Қочоқ каби букун, афсус,
Тошкент сари кетмоқдаман.
Юракдаги нолаларим,
Мактуб этиб битмоқдаман.
АРМОН
Оёғим остида шитирлаб хазон
Дунё фонийлигин унсиз эслатар,
Соғинчлар юрагим ўртаб ногаҳон
Дард янглиғ танамни сим-сим
қақшатар.
Вужудим тилкалар маҳзун ўйларим,
Гирдобга айланиб учар Сиз томон.
Сабрга дош бермай инграйди дилим,
Сизни кўп соғиндим,сизни Онажон!
Онажон
Бир бора кўрсайдим такрор,
Осмонда ой юзи ярқираб кетар.
Қўлимни узатсам агар самога,
Энг чиройли юлдуз – Зуҳрога етар.
Қанийди, ҳовлимга келсангиз кириб,
Ойдин чеҳрангизда мавж уриб нурлар.
Талпинсам ёш бола мисоли шошиб,
Атрофингиз қуршаб турса-да ҳурлар.
Пойингиз остига бошимни қўйиб,
Босган изларингиз кўзимга суртсам.
Йиғласам, йиғласам дардларим тўкиб,
Онажон, сизни кўп соғиндим десам.
Қадоқ қўлларингиз силаса бошим,
Бағрингизда ётсам қувончга тўлиб.
Севинчдан юзларим ювса кўз ёшим,
Қийқириб кулсайдим ёш бола бўлиб.
Қанийди ўйларим бўлса мустажо,
Юракдан дардларим ювилиб кетар.
Кафтларингиз очиб қилсангиз дуо,
Дуолар нур бўлиб ҳаққа ҳам етар.
Ҳовлим теграсида тўхтарди Қуёш,
Камалак ёғдудан қоларди ҳайрон.
Келинлар шошарди, кўзларида ёш,
Ҳовлим ҳайратларга чўмарди шу он.
Уйимда гўёки ҳайит бошланар,
Набиралар чопар сизни кўрган чоғ.
Катта-ю кичиги навбат талашар,
Кўришмак илинжи, очгансиз қучоқ.
Боғимда бир зумда эврилар ҳаёт,
Дарахтлар келинчак бўлиб олади.
Бодом ғунчасидан таралиб баёт,
Қалдирғоч қўшиғин бошлаб қолади.
Сиз эккан, сиз суйган оқ атиргуллар,
Ғунчасин очади, лабда табассум.
Ифорин таратар садарайҳонлар,
Бойчечак алёри тинмайди бир зум!
Ифорий ислардан яшнаб кетар боғ,
Бу сизнинг боғингиз ахир, Онажон!
Набирам номида яшар исмингиз
Шонингиз диллардан ўчмас ҳеч қачон!
Онажон, қанийди, бир бор кўрсайдим,
Изларингиз ўпиб кўзга сурсайдим…
* * *
Cен фақат йиғлама, хайрлаш кулиб,
Ойнинг жамолини ўғирлаган қиз.
Қалбингда яшарман бир хаёл бўлиб,
Изҳорлар қалбингда уйғотолса ҳис,
Балки, бошинг узра сочарман ёғду.
Ахир мен юлдузман ловуллаб турган,
Гоҳида соянгман қўлингдан тутиб
Умид боғларида ёнма-ён юрган.
Мен яна қайтган чоқ ёнади ҳижрон
Армонлар ортингдан қолади йиғлаб
Эр йигит бошида бордир бу довон,
Йиғлама ҳозир сен бағримни тилиб.
Сен фақат йиғлама, хайрлаш кулиб…
* * *
Сен аста келган чоғ ёнимга кулиб,
Орзуманд қалбимда гуллади баҳор.
Жоду кўзларингда ўзимни кўриб,
Илоҳий ишқ ичра яшарман хушҳол.
Лаҳзалик хаёлим шунчаки рўё
Армондир қалбимда ловуллаган чўғ.
Ҳулкарсан самода қошига чорлаб
Аҳволимни кўриб ҳолимдан кулган.
Неки бўлса майли, тақдиримда бор,
Ишқни сен яратдинг, ё Қодир Аллоҳ.
Кечиргин ва этма банданг асло хор,
Гўзалликка боқмоқ бўлса гар гуноҳ.