Кибержиноятчиликка қарши кибермаданият
Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг ахборотни эркин излаш ва олишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш мақсадида бир қатор ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментида Киберхавфсизлик маркази ташкил этилиб, масъул ходимлар томонидан киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, ҳозирги кунда учраётган кибертаҳдидлар, интернет тармоғидаги ҳуқуқбузарликлар ва улардан ҳимояланиш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериб келинмоқда.
Ўз навбатида, ҳозирги кунда авж олиб бораётган онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар, Интернет тармоғидаги “молиявий пирамида”лар, уларнинг қонун билан тақиқланганлиги ҳамда жамиятга зарарлари, кибержиноятларнинг ўзига хос хусусиятлари, ёлғон ахборотларни тарқатганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги бўйича тушунтириш ишлари ҳар бир ички ишлар органлари ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолига кенг тарғиб қилиб келинмоқда.
Бу борада Нишон туман Ички ишлар бўлимининг ҳар бир соҳа хизмат ходимлари томонидан “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида тумандаги барча ташкилот ва идораларда, аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойларида ижтимоий тармоқлардаги ёлғон хабарларга ишониб, кибержиноят қурбони бўлиб қолишларининг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Қолаверса, “Мобиль тарғибот” гуруҳи ходимлари томонидан туман ҳудудида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тарзда фуқароларнинг банк пластик карталари ва шахсига доир маълумотларини сир сақлашлари лозимлиги уқтирилиб, ижтимоий тармоқлардаги фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишларининг олдини олиш бўйича огоҳликка чорловчи тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Шу ўринда кибермаданият, фуқаролар турли фирибгарлар тузоғига тушмаслиги учун зарурий чоралар ҳақида айрим фикрларга тўхталиб ўтсам.
Кибермаданият — бу одамларнинг интернет ва бошқа рақамли технологиялар орқали ўзаро муносабатларини ташкил қилиш усуллари ва қоидаларининг мажмуидир.
Бу тушунча, одатда, қуйидаги жиҳатларни ўз ичига олади:
— жумладан, интернетда ёзиш, мулоқот қилиш ва ўзини тутиш қоидалари. Бу, хусусан, мулойим ва ҳурматли бўлиш, қўпол сўзлардан фойдаланмаслик, спам жўнатмаслик ва бошқа фойдаланувчилар билан муносабатларда адолатли бўлиш лозим деганидир;
— фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, кучли пароллар ишлатиш, хавфсизлик бўйича маслаҳатларни билиш ва уларга риоя қилиш ҳар қачонгидан муҳимдир;
— онлайн шахсий ҳаётни сақлаш, шахсий маълумотларни номаълум ёки ишончсиз манбалар билан баҳам кўрмаслик. Ишончли ва тасдиқланган маълумот манбаларидан фойдаланиш, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тарқатмаслик лозим бўлади;
— ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш қоидалари, масалан, бошқаларнинг шахсий ҳаётига ҳурмат, фотосуратларни ва бошқа материалларни рухсатсиз тарқатмаслик кибермаданиятнинг бир қисми ҳисобланади.
Кибермаданиятнинг ривожланиши учун фуқаролар бу қоидаларни билиши ва уларга риоя қилиши шарт. Бу жамиятдаги ҳамкорлик ва ишонч муҳитини яратишга ёрдам беради ва интернетдаги хавфсизлик даражасини оширади. Кибермаданиятнинг ўзига хос жиҳатлари болалар ва ўсмирлар орасида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларни интернетдан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишга ўргатади.
Кибермаданиятни аҳоли орасида кенг ёйиш жамиятда интернет ва рақамли технологиялардан масъулиятли ва хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Том маънода жамият бугунги кунда ахборот маконида кўплаб маълумотларга эга бўлмоқда. Уларда ахборотларни саралаш имконияти йўқ. Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишда, албатта, ўта эҳтиёткорлик талаб этилади.
Зеро, инсонлар ишончига кираётган айрим фирибгарлар содда одамларни алдаган ҳолда, уларнинг ҳисобларидаги мавжуд маблағларни алдов йўли билан эгаллаб олмоқда.
Интернет тармоғидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси бўлиб қолмасдан, балки, бутун жамиятимизнинг иши эканлиги, кибержиноятларга қарши курашишда уларнинг фаол қатнашишлари мақсадга мувофиқ эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Бу борада туманимизда барча сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда аниқ белгиланган чора-тадбирлар асосида комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари давом эттирилади.
Шерзод РАҲМОНОВ,
Қашқадарё вилояти
Нишон тумани ИИБ бошлиғи.