Нон тафти

Кенг кўчада юриб борар эканман, димоғимга ёқимли ҳид урилди. Ҳали бу қандай ифор эканлигини англаб етмасимданоқ иккита ёш болача этагига ширмой кулча солиб бир-бирини қувлаб келаётганига кўзим тушди. Юрагим орзиқиб кетди. Болалигимда онажоним ҳар гал нон ёпганларида қўшиб кулчалар ёпар эдилар. To нон пишгунча атрофларида айланиб “қачон пишади?” деб жағимиз тинмасди. Эндигина тандирдан узилган кулчани қўлингиз куйиб-куйиб муздек сувга ташлайсиз-у, бир оздан сўнг олиб есангиз, бунинг гашти бошқача. Иссиқ нонни сариёғга қориб ейишнинг-ку, завқи янада бошқа…
Аммо ҳар қачон азиз бўлган нонларни бугун унчалик ҳам кўзимизга суртиб азиз кўрмаётгандекмиз. Чунки исрофгарчилик ҳолатларини ҳам кўп учратяпмиз. Эсимда, нонни озгина исроф қилсак, онамиз: “Ўзинг нон ёпмагансан-да”, деб койир эдилар. Бугун нон ёпиш лаззатидан бенасиб аёллар, нон тайёр бўлгунча кетадиган меҳнат машаққатини кўрмаган болалар улғаймоқда, назаримда.
Фақатгина айрим хонадон соҳибалари тандир оқартириб нон ёпишмоқда, десак, хато эмас. Бугуннинг замонавий болалари кўчаларни чангитиб тўп тепиш, қувлашмачоқ ўйнаш бахтидан мосуво бўлиб, фақатгина жим ўтириб, телефон билан дўст тутингани камдек, уларга тандирдан узилган қайноқ нонни татиб кўриш, тафтини ҳис қилиш завқи-шавқидан мосуво.
Юртимиз нонлари бутун дунёга донг таратган. Шу боисдан ҳам “Тошкент — нон шаҳри”, “Самарқанд нонлари” каби таърифлар бежиз айтилмаган ахир!
Момоларимиз меҳмон кузатилаётганида ҳамроҳ бўлсин, дея қўлига нон тутқазишган. Узоқ сафарга отланаётган кишининг насибаси узилмасин дея нон тишлатиш, икки ёшга бахт тилаб нон синдиришлар… Бугун бу вазифаларни тандирда нон ёпиб эмас, новвойлардан сотиб олган нонларимиз билан амалга оширмоқдамиз. Яхшиямки, юртимизда новвойлар кўп. Уларнинг ҳар бири ёпган нон ўзгача ҳусн ва ўзгача таъмга эга.
Қанийди, бугун болажонларимиз “бўлди, телевизор олдидан қоч” деган сўзларни эмас, “орқамда ўйнама, ноним тушиб қолади” деган даккиларни эшитса. Қанийди, қўлларимиз эрталабдан кечгача қизиб кетган телефонлардан эмас, иссиқ кулчалар тафтидан куйса.
Муштарий ТОЛИБОВА,
Гулистон давлат педагогика институти талабаси.