“Сўзларим, учқун соч, самандар қуш бўл…”

Ойдин опа!
Вақтлар келиб, сиз ҳақингизда хотиралар ёзаман, деб сира ўйламаган эдим. Ҳозир ҳам, назаримда, телефон жиринглайди-ю, гўшакдан тиниқ, ҳалимдай юмшоқ, ёқимли овозингиз қулоқларимга чалингандай бўлаверади: “Шарифажон, бир хабар олай дедим. Яхшимисиз, сингилжоним?”
Энди бўлса, мана бир неча йилдирки, биз, шоира сингилларингиз, шогирдларингиз ҳар сафар интиқлик билан кутадиган туғилган кунингизни қалбимизда синган най нолаларидай ўртаниш ва изтироб билан қаршилаймиз. Айрилиққа кўниккимиз келмайди, бироқ…
Худди эртаклардагидай хаёлнинг ипак қанотларида ҳилпираб, кўз ўнгимизда сизнинг дилбар қиёфангиз намоён бўлади…
“Бир патила сочли қизча бор эди. майиздаккина. Хаёлчангина. Икки яшарлигида отаси дунёдан ўтди. Ғарибгина пахса уйда она билан икковлон қолишди. Қизалоқ тийрак, зеҳни тез, биров айтган гапни тўтидай илиб олар, юрган йўлида бижирлаб ўша сўзни такрорлаб юрарди… Бахмал дўппиларининг попуклари сариқ шалоладай юзларига сочилиб турарди…”
Ўша сочлари патила қиз сиз эдингиз, Ойдин опа! Ёз бўйи жажжи оёқчалари кавуш кўрмаган, дарахтлар билан эркаланиб суҳбат қурган, буғдой поясидан тилла туморчалардай бувишаклар тўқиган қизча…
Сўнгра сиз улғайдингиз. Энди сиздан қўшиқ тинглаган турналар, лайлаклар ҳув узоқда — она қишлоқда қолди. Чах-чах уришлари, чақнаб туришлари дунёга ларзон солган ҳассос қалб сўзни қисмат билиб, шаҳарга келди.
Ўзни ўтга урган парвонадурман,
Парвона феълимдан афсонадурман.
Найқамиш дилимни агар ошиқлар
Чалсалар бир дардли таронадурман.
Эл меҳрин айладим жонга кўзмунчоқ,
Юртимда бир Ойдин нишонадурман.
Ойдин опа, сиз чиндан ҳам ой нафасли, булбул сасли, пешонаси нек, улуғ устозлар назаридаги, меҳридаги шоира эдингиз. Муҳтарама Зулфияхоним билан бирга ишлаш мобайнида уларнинг меҳру муҳаббати, ишончига сазовор бўлдингиз. “Гулчеҳра Жўраева ва Шаҳодат Исахоновалар билан суҳбатлашиб ўтирган эдик. Зулфия опа биз билан сўрашдилар, “Киринглар, соғиниб кетдим сизларни”, дедилар. Устоз ҳузурида анча гаплашиб ўтирдик, шеърлар ўқидик, ҳаммамиздан ҳол-аҳвол сўрадилар. Мен церебролизин деган дори тополмаётганимни айтдим. Дарҳол дорихоналар бошқармасига телефон қилдилар. Чуқурсойдаги дорихонада бор экан, машиналарини юбориб, олиб келтириб бердилар. “Энди яхши бўлиб кетасиз”, деб тасалли бердилар. Мен устознинг бу меҳрибончилигидан кўнглим ийиб, аллақандай бир туйғу аро раҳмат дейишимни ҳам, қандай миннатдорчилик билдирсам, бу эътиборга лойиқ бўлишни билмай анча муддат жимиб қолдим. Ва узоқ тополмай юрган доридан муолажа бошлаб, анча ўзимни яхши сеза бошладим”. Ёки “ўзи тугал поэзия” бўлган Музайяна Алавия билан дўстликларингиз, Саида Зуннунова ва Кибриёхоним билан кечган дилкаш суҳбатларингиз… Ёки адабиётнинг чинорларидан бири бўлган Асқад Мухторнинг мангуликка дахлдор адабий сабоқлари…
Асқад Мухтор хаёл сурар тунлари,
Чироғига урилади парвона.
Тонг насими, саҳарнинг хуш унлари
Жарангига тўлиб кетади хона.
Шовуллайди ривоятгўй чинорлар,
Бўронлардан энар дилга ҳаловат.
Сўз гуллайди, ҳар сатрида баҳорлар,
“Тундаликлар” нафасида ҳарорат.
Ёсумангул баргида нур йигириб,
Ўз созидан маст сайрайди чирилдоқ.
Фикратидан унинг чақмоқ югуриб,
Пилигига ўт кетади кўкнинг, оҳ!
Вулқон бўлар сўздан учган аланга,
Парт бўлади осмоннинг бўз кўйлаги.
Ҳар тонг шундай вулқон бўлиб оламга
Чиқиб келар Асқад Мухтор юраги!
“Хотирада — ҳаёт”, — деб ёзадилар адиба Олмосхон Аҳмедова. Ҳа, инсон умри асли хотира учун яралган.
Шоирамизнинг эллик йиллик юбилейини ўтказиш учун Бухоройи шарифга — Ойдин опамизнинг киндик қони тўкилган Хожайи Бўстонга йўл олар эканмиз, юртимизнинг асл фарзандлари уларнинг ёнларида эди. Олий таълим даргоҳларида бўладими, туман ҳокимлигининг залларида, мактаблар, гузарларда бўладими — шоиранинг туғилган куни халқ шодиёнасига айланиб кетган эди. Борлиқда баҳор нафаси, ҳовуз бўйидаги мажнунтоллар ўзига роса оро берган, дашт гуллари чарақлаб очилиб, тонгги шабнамларни гул косасига тўплаётган беқиёс гўзал ҳолатлар…
Даштга қадам қўйишимиз билан тип-тиниқ осмондан уч-тўрт дона йирик-йирик томчилар устимизга дур каби сочилди. Шу пайт узоқдаги чўпон югуриб келиб, катта қўйни ушлаб, Ойдин опамнинг оёқлари тагига думалатиб: “Қадами қутлуғ меҳмонлар келди, биз бир ойдан бери ёмғир кутаётган эдик”, деб Аллоҳ ризолиги йўлида қурбонлик қилди. Баҳор ёмғирининг илиқ сели остида шалаббо бўлар эканмиз, қувончимизнинг чеки йўқ, ўша кунларнинг бир кун келиб хотирага айланиши кимнинг хаёлига келар эди, дейсиз.
Буғдой ноним бўлмаса,
Буғдойгина сўзим бор.
Ҳар сўзимда чийлаган
Ям-яшил илдизим бор…
Ғойибона, юзма-юз
Эл тутинган жонимсиз.
Шоирам деб сийлаган
Ҳур Ўзбекистонимсиз.
Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган бетимсол адиба, қатор шеърий китоблар — “Шабнам”, “Манзиллар”, “Онам севган қўшиқ”, “Орзу гули”, “Тароват”, “Достонлар”, “Мушфиқ онажон”, “Хушхабар”, “Чашмаларни излайман”, “Тамал тоши”, “Ишонч юлдузлари”, “Кўзимнинг оқу қораси”, “Паноҳим” ва бошқа қатор асарлар муаллифи Ойдин Ҳожиева умр мазмунини, бахтнинг мағзини она Ватанда деб билди. Қаламидан тўкилган ҳароратли мисраларда ҳалол меҳнатининг ижобатини кўрди.
Топган ноним она сути каби ҳалолдир,
Ҳаром пулни чангалимда тутмадим бир қур.
Шу ҳикматни қулоғингга сирға қилиб юр,
Кафтим очсам, кафтларимга ёғилади нур…
…1992 йили май ойи эди Туркистон сафарига отландик. Сиз худди ёш боладек қувнардингиз, ҳаяжонланардингиз, Ойдин опа. Улуғ зиёрат ҳиссиёти сизни тўла қамраб олган, баҳорнинг турфа ранглари — ялпизу ёвшанлардан тортиб, йўл чеккасида тикрайиб турган юмронқозиқларгача сизни ҳайратга соларди. Қувваи ҳофизангиз ҳамиша кишини ҳайратга соладиган даражада кучли эди. Шеър ўқиётганингизда товушингиз бироз титраб, яна бийронлик билан давом этардингиз. Аҳмад Яссавий ҳазратлари зиёратида бироз шикаста овозда Қуръон оятларидан тиловат қилар экансиз, мижжаларингиз намланди. Рўмол учи билан кўзларингизни артар экансиз, “Улуғларимизга аён сирлар бизга ноаёндир”, дедингиз секин. Уйга қайтаётганимизда, ҳазратнинг устозлари Арлонбоб бобо зиёрати учун анча ичкарига қайтишимизга тўғри келди. Қандайдир куч бизни фақат ушбу зиёратни адо этмасдан кетишимизга йўл қўймаётгандек эди. Биз зиёратни ниҳоялаб йўлга тушар эканмиз, қизиқ воқеа рўй берди. Машина ҳаракатланаётган йўлнинг ўртасидан гўё кўринмас чизиқ ўтган-у, биз юраётган тарафга катта-катта ёмғирлар ёға бошлаган эди. йўлнинг иккинчи ярми қуп-қуруқ. Бироздан сўнг эса янада ҳайратлироқ ҳодиса рўй берди: ер билан осмонни туташтирувчи муҳташам устун — худди ипак каби эшилган нур устуни пайдо бўлди. Биз умримиз мобайнида бундоқ мўъжизага дуч келмаган эдик. Ҳаммамиз беҳад мутаассир бўлиб, йўлда давом этарканмиз, шиддат билан қуйган ёмғир то Тошкентга келгунимизча тўхтамади. Ойдин опам эса бироз ўтмай ҳукуматимиз томонидан халқ шоири деган юксак унвонга лойиқ кўрилди. Шодлигимизнинг эса чеки йўқ эди.
Ойдин Ҳожиеванинг ўн саккиз йиллик меҳнат фаолияти “Саодат” журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаш масъулияти билан чамбарчас боғланиб кетган. Опанинг чорлови билан Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларидан оқ кабутарлардай учиб келиб, файзли гурунг ва режалар устида кенгашган шоира қизлар Ойдин опамнинг чин маънодаги шогирдлари, сафдошлари эди. Ойдин опам улуғ устозлари Зулфияхонимнинг удумини маҳкам тутиб, теграсида ижод гулшани яратган эдилар. Байрамларда бир пиёла чой устида мушоиралар давом этар, эл суйган санъаткорлар келиб, хушнудлик билан қўшиқлар ижро этарди. Ойдин опам шоира қизларга ёзган қор хатида ажиб бир нафосат ва ўктамлик билан адабий анъаналарни давом эттириб, уларни номма-ном таърифлаб, қирққа яқин шоираларни тарих саҳифасига муҳрлаган эдилар.
…Эътиборхон келсалар там-там бўлиб,
Қошига ўсма қўйиб, хуррам бўлиб…
…мисли Ҳулкар юлдузидай жам бўлиб…
Мана, бугун эса тилга олинган шоираларимизнинг айримлари орамизда йўқ. Аммо Ойдин Ҳожиеванинг улар ҳақидаги битиклари ҳали оҳори ўчмай, янгидай ярқираб турибди.
Биз маҳаллада ҳар йили сумалак қилганимизда, Ойдин опамларни таклиф қилардик. Атлас кўйлакларда ловуллаб келувчи, булбул жарангли шеърлари билан ҳаммани ўзига ром қилувчи азизамиз давранинг тўрида ўтириб, нафис мажлисларга бош бўлардилар. Ҳовлига сиғмай кетган аёллар чеҳрасида қуёш жилваланарди. “Сизни соғинамиз, тез-тез келиб туринг!” деб опамизни — эл севган шоирамизни ўраб олишарди.
Ойднн опа, сизни нафақат битта маҳалла ёки олий таълим маскани, балки бутун халқимиз, юртдошларимиз соғинади, қўмсайди, дуолар қилади. Сиз жуда кўп мухлисларингизга дастхатлар ёзиб берган эдингиз. Чеҳрангиздай нафис, қалбингиздай гўзал дастхатлар билан… Босиб ўтган ҳаётингиз, кечган умрингиз, қаламингиздан тўкилган гавҳарлар, ҳалол меҳнатингиз эл дуоси ила пайваста бўлди ва юракларга муҳрланди.
Мен не қилсам, писабиллоҳ, савоб деб қилдим,
Она халқим ҳурматига жавоб деб қилдим.
Пирларимнинг босган изин тавоф деб қилдим,
Савобимни пулга чақиб юрмадим, шукур.
Шарифа САЛИМОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Ойдин ҲОЖИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири
СЕН БИЛАН
Чеккан машаққатим, кўрган роҳатим,
Кўрган-кечирганим сен билан боғлиқ.
Худо берган ризқим, топган давлатим,
Сенинг билан тотлиқ, сен билан ёғлиқ!
Сенсиз чўлда тўзиб юрган кавракман,
Илдизсиз, мевасиз, саросар,
Фарқим йўқ бир товоқ кепакдан,
Сен билан кўксимда етилар гавҳар.
Китобин олдирган паридай ҳайрон —
Сенсиз сўзим, ишим кирмас амалга.
Сенсиз мен тўпидан айрилган жайрон,
Сенсиз кўрган куним заҳмат, жамалға.
Сенсиз чумолича рағбатим йўқдир,
Сен билан тоғни ҳам қиларман толқон.
Сендан айирмасин ўлгунча тақдир,
Сен ўзинг кўксимга пўлатдан қалқон,
Ватан, онажон!
ЎЙИН БОҒИ
Ўйин боғи. Шўх болалар бўлар жам.
Ерга урса, сапчишади осмонга.
Жонланади митти ҳайкалчалар ҳам,
Бекинмачоқ ўйнаб тушар майдонга.
Моҳир қўллар енг шимариб, ишлайди,
“Шаҳарча”лар қад кўтарар қумлоқда.
Қай бир қўлда “қулунча”лар кишнайди,
Мойчечаклар “очилади” ўтлоқда.
Ҳалинчаклар қанотланиб, учади,
Фариштага айланади гўдаклар.
Кўк тоқида булутларни қучади
“Кокилларин” селкиллатиб варраклар.
Каруселлар болаликни опичлаб,
Жони қизиб, айланади фалакда.
Завқи жўшиб, булутларни ўпичлаб,
Қийқиради ғиз-ғизон чархпалакда!
Кеч киради. Болакайлар дикирлаб,
Тарқаб кетар шошиб ҳовли-боғларга.
Довдир шамол осилади қиқирлаб,
Жаннат иси қолган арғимчоқларга!
МЎЪЖИЗА ЛАҲЗАЛАРИ
Умрим бўғотига қор тушди неча,
Лайлак қорлар ёғди афсона айтиб.
Ҳаётимга янги йил кирган кеча
Ҳар гал болалигим учратдим қайтиб.
Кумуш теракларнинг қир учларида
Тилла исирғадай қолган варраклар,
Бир ҳовуч нур ўйнаб кулгичларида
Ўсмирлигим келар ҳар йил дараклаб.
Аллоҳдан мўъжиза кутган гўдакдай
Тутсам она тақдир этакларидан,
Қор босган тоғлардан сайраб какликдай
Йилларим чиқар қиш эртакларидан.
Кўзим-ла эркалаб ғунча қизларни,
Дилбар сингилларим манглайин ўпдим.
Шамолдай айланиб дала-тузларни,
Гуллар япроғига шудринглар сепдим.
Қорхат олиб келган кемшик болакай —
Остонамда турар шошқалоқ элчи.
Анҳор сукутида чалиб оқар най
Вақт деган ғанимат ғаройиб йўлчи.
Ёғоч дарчаларнинг зулфинларида
Мурғак қўлларимнинг тафти товланар.
Кўкка ўрлаган тут ажинларида
Ўн тўрт кунлик ой ўтовланар.
Қизийди гап-гаштак, ҳангома, гурунг,
Танчада биқирлаб қайнайди қумғон.
Кимдир “Кунтуғмиш”дан ўқий бошлар сўнг,
Ернинг илдизига туташади жон.
Борлиқни чулғайди жаннатий ифор,
Оппоқ камалакдан қамашади кўз.
Замин сукутида гувлайди бедор
Юрак — кул ичида тирилган Қақнус.