Оқсув бўйида…

Яқинда бир гуруҳ қашқадарёлик ижодкорлар “Мен туғилган юрт” лойиҳаси асосида вилоят туманларида бўлиб, бугунги куннинг ислоҳотлари билан танишдик…
Ўзим Қашқадарёнинг Китоб шаҳрида туғилиб ўсдим. Ўн йил ўқиган мактабим шундоққина Оқсув дарёси бўйида жойлашган.
Болалигим бир пайтлар “Қизил Октябрь” дегувчи, сўнг Ҳамид Олимжон номи билан қайта номланган маҳаллада ўтган. Гузаримизда кичкинагина новвойхона бўларди. Унинг қачон қурилганини билмайман. Эсимни танибманки, шу ерда нон ёпиларди.
Тушлик пайти қорин забтига олиб, мактабдан қайтаётганингизда, оҳ, бу жойдан келаётган қайноқ, иссиққина ноннинг исини айтмайсизми?!
Бебаҳо, тенгсиз ифор, ҳарорат…
Новвойхона кўп одамларни кўрган.
Низом новвой, Саид новвой, Йўлдошев бова, Мамарайим тоға, уста Асад, Қодир пасон, Ҳайит ака, Маматқул бова, Мулла Рауф бова…
Улар жуда кўп, айтсам адоғи йўқ…
Қўр тўкиб ўтирардилар новвойхона ташқарисидаги сўрида…
Улар маҳалламиз кўрки, файзи эканлигини билмаган эканмиз ўшанда…
Йиллар ўтиб новвойхона ёпилиб кетди. Шу жойга туташ бўлган хонадон эгаси менга тегишли жой деб, ҳовлисининг этагига қўшиб олди.
У кишининг ўзлари ҳам дунёдан ўтиб кетдилар…
Қайтадан очиб, бирор невара фарзандлари юритиб турса, қанча савоб бўлармиди…
Ҳар доим уйга борсам, шу жойда бироз ўтираман. Болалигимни ёдга солади.
Эскигина, букчайиб қолган эшиги, дераза ойналари ўрнига фанер қоқилиб, ранглаб ташланган деразаси, нурай-нурай деб қолган лойсувоқ деворлари ва ҳатто ёнидаги мўъжазгина туйнукчаси ҳам дарров болалигимни ёдимга солаверади.
Кўз ўнгимда бевақт хазон бўлган икки синфдошимнинг сиймоси гавдаланади…
Амакининг сал кенглик қилмаганига оғринаман.
Юрагимнинг бир ерида Оқсув дарёси ҳам бор. Унинг соҳилларида қайтиб келмас, ҳув ўша шўх-шаддод болалигимнинг сурати чизилган. Дарё кўпригининг темир панжараларида қанчадан-қанча жажжи бармоқларимнинг излари қолган бўлса-я… Ҳозир ҳам гурас-гурас бўлиб мактаб ўқувчилари ўтиб кетишади.
Аммо болаларнинг кўзларида ҳайрат камроқдай. Дарё ҳам саёзланиб, қуриб тугаб бораётгандай, назаримда…
— Ў, дарё, — дейман ҳар гал борсам, кўприкнинг устида туриб, дилимни тимдалаб-тимдалаб келаётган оғриқни босолмай, — ўзанинг қани?
Турна кўзли булоқларинг қани?
Қайнаб-тошиб югурган селлар қани?
Ой энди бошқача, осмон бошқача,
Жимгина атрофга қарайди толлар.
Соҳилда кўринмас, кўрпача солиб,
Оёғин узатиб ўтирган чоллар…
Дарё жим, қуриб бораётган соҳиллари занжирбанд этилгандай мўлтираб тураверади. Ўша йиллари: “Биз ҳам тугаймиз, пасаямиз”, десалар, ҳечам ишонмасдим. Тугамайдиганга, пасаймайдиганга ўхшарди менинг Оқсувим!
Тугамайдиганга ўхшарди менинг болалигим!
О, болалигим-а… Қадрингга етмадимми?..
Қадрингга етмадимми, Оқсувим?..
Қашқадарёга сафарим чоғи яқиндагина иш бошлаган Китоб тумани ҳокими Рустамжон Ғафуров билан учрашдим. Ёшгина йигит, кўриниб турибди, ишлайман деган ғайрати бор.
Уч йил бўлди, чамамда, маҳалла гузаримизнинг биноси бузилиб, фаоллар ҳали у ёқда, ҳали бу ёқда ижарама-ижара юришибди. Менга ҳам мурожаат қилишганди. Ахир маҳалла идораси фуқароларнинг иккинчи уйи, йиғиладиган, маслаҳатлашадиган, гапларини айтадиган жойлари эмасми?
Уларни турар жойидан айириб, масаланинг ечимини фақат ўзларига ташлаб қўйиш осонми?
Фарҳод деган йигит маҳалла раиси экан. Унга ишониб топширишган. Уни қўллашимиз лозим. Қараб туриб бўлмайди. Туппа-тузук иш бериб турган бинони бузиш қайси кўнгли бузуқнинг хаёлига келган, Худо билади. Шу маҳалла идорасининг ёнида мўъжазгина кутубхона ҳам бўларди. Афсус, у ҳам кўнгли бузуқларнинг қурбонига айланган. Бу тарихий кутубхона ҳақида мавриди билан алоҳида тўхталаман. Туман ҳокими билан кўришганда дастлаб ана шу таклифимни, сув қувурларини янгилаймиз деб кўчаларни ўнқир-чўнқир қилиб ташлашганини ҳам айтдим. Худо хоҳласа, яхши янгиликлардан умид қиламиз.
Инобат ОЙДИН,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва
Журналистлар уюшмалари аъзоси.