Яхшиямки сен борсан

Фойиқ БАЛАБЕЙЛИ

Муаллиф ҳақида:

Фойиқ БАЛАБЕЙЛИ — 1964 йилда Озарбайжоннинг Жалилобод тумани, Собиробод қишлоғида туғилган. Озарбайжон Давлат денгиз академиясини ва Боку Славян университетининг ижод факультетини битирган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ижодкорнинг ўн еттита китоби нашр қилинган. Шеърлари инглиз, рус, иврит, грузин, арман, турк, ўзбек ва бошқа тилларга таржима қилинган.

 

* * *

Недан безовтадирсан,

Билмадим, қандай бу ҳол?

Наҳот бари тугади —

Кўнглимни этиб беҳол.

Энди қучиб, чўкиб тиз,

Қўлинг ўпа олмасман.

Аммо ўзингдан ҳаргиз,

Нетайки, кечолмасман.

Кулба жойи тош-кесак,

Гулхан сўниб, кул қолар

Ва оловли ишқ, безак,

Хотирда буткул қолар.

Аммо ўчоқнинг ҳануз

Кўз юмиб тутунидан,

Оташига асирмиз

Оловланган кунидан.

 

* * *

Сочларингни сиртмоқ эт,

Бўйнимга сол, банд айла.

Менга ҳам раҳминг келсин,

Ўзингни ҳам авайла.

 

Диққат ила назар сол,

Кўзларимдан узма кўз.

Шунчаки тил учида

Мушкулдир айтиш бир сўз…

 

Қишлоқда дарахтлар ҳам,

Бир ғариб, совуқ қотган.

Умримни қиров қоплаб,

Сочларим музлаб қолган.

 

Саргардон руҳга ўхшаб

Ҳушим кезар осмонда.

Юзларингга термулиб,

Ҳайронаман, гирёна.

 

Ҳаётим бошдан-оёқ

Кетган буткул чалкашиб.

Кундузим қолган гўё

Туним билан алмашиб.

 

* * *

Ўўўў, энди кўп нарсани ёдга олар пайт келди,

Гоҳ хотирам бурчида ўтмишдан ҳеч вақо йўқ.

Нелардир ёдга тушар, аммо ҳаргиз барини

Ёдингда сақлаб бўлмас, ёдда сақлаб бўлмайди.

 

Болаликнинг олисда қолган оғриқ кунларин

Яшаб, кезиб, у аччиқ азобин қайта туйиб,

Тикон ботган бармоғинг оғриқларин ҳис этиб,

У оғриққа қайтадан йиғлаб бўлмас, бўлмайди.

 

Қишлоғимиз яйлови, ўтлоғи, шўр канали,

Тол дарахтлар сояси ичра оққан ариқлар.

Қўшни болалар бирга боғдан ўрик ўғирлаб,

Бу кўприкнинг устида саргузаштлар кечарди.

 

Қайда энди болалик? Кошки эди дўстлардан

Кимдир ёнингга келиб, қўшни боққа кирсайдик,

Бир зум ёшликка қайтиб, олма-ўрик терсайдик,

Қанча истамай, бўлмас,

                                      ёшлик қайтиб келмайди…

 

Хамравадан берида, баъзидан кечиб ҳамон

Болалик ўй-хаёлин орқасидан эргашиб

Кетганди дўстим Маҳмуд,

                                        ортидан жонлар ҳалак…

Йўлнинг икки томони босиб ётар ўт, алаф…

 

 

* * *

Бу ҳолни таърифлашга сўз тополмайман, эвоҳ,

Ваҳшийлашган кўзлари атрофга олазарак…

На бандада тўзим бор, инсоф бергин, ё Аллоҳ,

Бу халқ тақдири қолмиш қоронғу бир йўлда, боқ,

Ночор ва сарсон кезар…

Етим гўдакка ўхшар, салкам бутун мамлакат:

на кундузи кун каби,

на кечаси тун каби,

Қоронғулик яна ҳам зулмат чўкиб бўғилган,

азоб чекар қанчалар!

 

Кўзларингга санчилур қиздирилган ниш каби,

Дунё турар ҳангу манг.

Юлдузлар унда гўё ғичирлаган тиш каби

бир-бир тўкилиб кетар…

Бу халқнинг тақдирига аччиқ тиканлар ботар,

Қора тиканлар ботар: рус ёки форс номида,

армани хислатида.

Не фарқи бор ва айтай,

ўчоқ бошида турган миллат тиланчилари,

жаҳолат, ҳукмронлик уларнинг қисматида.

Тупурган бу миллатнинг туйғуси, орзусига,

Бу қадар ваҳшийликни қилган каслар —

                                                                нокаслар,

Не деб атай, билмайман, ном қўйинг ўзингизга.

 

Менинг безовта халқим, менинг ярадор халқим,

Кўкнинг юзин кўрдингми?

Қўлинг чўзма, узоқдир,

Азобларни тутолмас…

Сувсизликдан инграган, очу яланғоч халқим,

дарёмиздан топилган бу бойликларга ҳеч

қўлинг узатма бекор,

қўлинг ҳавода қолар.

Аччиқ тиканлар ботган яланг оёқларинг-ла

саҳро кеча билмассан.

Қўлингга ёпишганлар қўлларин тортиб олса,

Йиқилиб қолажаксан,

ўлиб кетсанг билмассан —

асло ўта олмассан.

 

* * *

Сочларинг сиртмоқ айла,

Бўйнимга от, тут, қолай.

Бир ютум хуш шаробдай,

Симир, дилбар, ют, қолай.

 

Йўлга тушдим, кетарман,

Мавлонодек ўтарман.

Ҳаммасини биларман —

Билганинг унут, қолай.

 

Қалбингни оч, ўксима,

Айланай севинчингга.

Юрагинг бир кунжига

Маҳкум айлагил, қолай.

 

Ҳижрон аро токи ман,

Дарду ситам оҳиман.

Мағлуб юртнинг шоҳиман,

Қўшин солгил, мот бўлай.

 

Бу забун аҳволимда,

Сен инсофсиз золимда

Жоним, шоним қўлингда,

Қўйгил, саломат қолай.

 

* * *

Яхшиямки сен борсан,

Йўқса, билмадим,

Қандай етиб келардим

Янги йилнинг бошига?

Шу йиллар нозини чека билмадим,

Ҳижронлар домида қолдиму ҳаргиз,

Висол даричасин тута билмадим.

Қўлларим сочларин соғинар унинг

кўзларим йўлига интизор қолди.

Қанчалаб қўлидан тутган дўстларим

қўлимни узатсам, қўлларин тортди.

Қалбим яроланди, аммо сабр айлаб,

Бу менинг тақдирим, Худодан дедим.

Ҳаёт фасллари ўзгарди, ажаб,

Қиши шундай экан, ёзи не дедим.

Хайрият, яхшилар бордир дунёда,

Танидим, не жабру ситамлар ичра.

Аттанг, бир мамлакат вайрона бўлди,

Англадим, жаҳаннам оловин кечиб.

 

* * *

Пешонамга ёзилган яхши-ёмоним,

Тақдирим, воҳ, ажаб, ҳар он қўлингда.

Вужудим шамолда турган гул каби

Тебранар, начора, ҳар ён йўлингда.

Осмон чақмоқ қўли-ла тешар гоҳ ерни,

Булутлар бошимга ёғдирар дўллар.

Менинг қабрим томон бир кун одамлар

Йўл солар ва ёки йўл ҳам солмаслар.

Киприклар намлидир, оғир нигоҳлар,

Ердан олов чиқар, кўкдан қор ёғар.

Қишлоқ чеккасидан ўтгувчи йўлим

Ўт босиб, ё қолар ёки ёпилар…

 

* * *

Бугун бир ҳовуч сувнинг

Ташнасиман, чанқадим.

Аммо бу ўт-оловнинг

Совуғидан яхладим.

Мунча совуқ ҳар тараф?..

 

Ҳаммасига сен сабаб —

Бир қултум севинч эдинг.

Қанча айламай фарёд,

Ютилдинг, сўнг тугадинг.

 

Хушбўйларинг қўмсайман,

Чекмак насибам, дилдор.

Ёқамда ҳали-ҳамон

Киприкларинг нами бор.

 

Кўксим тўла хотира,

Кўксим тўла дард, яра.

Нафратим тошар гоҳо,

Ўзимга-да, сенга-да.

 

Кўм-кўк майсазор ичра

Гоҳо елдек еласан.

Сариқ гулли ўтлардек,

Хаёлимга келасан.

 

Мен ўша сариқ гуллар

Ва ўтларнинг тагида.

Куйиб адо бўламан,

Айрилиқнинг тонгида.

 

Уйсиз қушлар ҳаётин,

Яшамоқ қанчалар соз.

Сукунат етар менга,

Қалбимдаги бир овоз.

 

Қисматим, сенсизлигим,

Азобингдан қутулай.

Хушбўйинг туйиб кўнглим,

Майсазорда кўз юмай…

 

* * *

Қуёш берган кўйлакда нечун муздексан,

Нега ёниб турмас маъюс кўзларинг?..

Бу қадар паришон кўргунча сени

Дунёдан юз бурай, юмиб кўзларим.

 

Гул каби бегарду нозиксан, эркам,

Бунчалар навниҳол, беғубор, ёшсан!

Сен-ла хотираларим вақт ўтган сайин

Шунчалар азиздир, ўзинг билмассан…

 

Мен ҳам ахир юрагим амрига қулман,

Куйлайман ўртаниб, куйиб ёнаман.

Қалбимда яшнаган гулсан, чамансан,

Сенсиз кимсасиз чўлман, қуриб сўнаман.

 

Она тупроқ бўйига тўйиб бўлмайди,

Хушбўй хаёлларингдан оламан нафас.

Эй, қуёшнинг қизи, маъюс ҳур малак,

Сени не деб атайин, келгил, гулнафас.

 

Совуқдан қимтинган кабутар мисол

Сўз айтсам, паришон боқиб турасан.

Яқинингга йўлатмай мендек ошиқнинг

Кўнглин, ишқин, айт, жоним, қайдан биласан?..

 

Дилором АБДУРАҲМОН қизи

таржималари.

Таржимон ҳақида:

Дилором АБДУРАҲМОН қизи — шоира, таржимон. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

“Кўнгил шафақлари”, “Таҳайюл тонги”, “Ишқ ёмғири” номли шеърий, “Настарин бутаси”, “Юлдузлар шивири”, “Беором куйлар”, “Кадрлида тўрт кун” номли таржима китоблари нашр қилинган.

Асарлари рус, белорус, инглиз, эрон, турк, озарбайжон тилларига таржима қилинган.

Анна Ахматова, Марина Цветаева, Александр Блок, Афанасий Булгаков, Константин Паус­товсий, Александр Куприн, Габ­риэла Мистраль, Иван Франко каби машҳур ёзувчи-шоирларнинг, украин, белорус замонавий шоирларининг асарларини рус тилидан она тилимизга таржима қилган. Қозоқ, қирғиз, турк, озарбайжон ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига ўгирган. Шунингдек, таржималари “Мангу ҳаёт афсонаси”, “Муҳаббатнинг номи нечадир?”, “Булбул чамани”, “Итюрак”, “Тунги бинафша”, “Денгиз эгизим менинг” каби қатор тўпламлар ва респуб­лика нашрларида чоп этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =