Фақат сўз ўлмайди, мангу қолар сўз

Ғайрат Мажид

Муаллиф ҳақида:

Ғайрат Мажид 1976 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган.

Шоирнинг “Гул санам”, “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Сени соғинаман”, “Кўксимдаги юлдузлар”, “Ишққа борар йўл”, “Боболарим юрти”, “Оққушларга айланар юрак”, “Айиқчанинг туши” (болалар учун шеърлар тўплами), “Бунда булбул китоб ўқийди…” (Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ижод мактаблари ҳақида рисола), “Мумкин эмас сенинг йиғлашинг”, “Беш дарс”, “Йўлдаман, нурли йўлда” китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари вазифасида ишлайди.

 

ВАТАН БОҚИЙ ЭРУР

Тарих — таржимаи ҳоли миллатнинг,

Кўҳна саҳифалар сўйлайди ҳикмат.

Шу мунис халқ эрур пайванди жонинг,

Туғилган тупроғинг — покиза қисмат.

Яшнасин, гулласин, бу чаман-гулшан,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Муҳаббат муқаддас неъматдир шаксиз,

Фақат эл севгиси дил узра маёқ,

Ватаннинг қаҳрамон содиқ лашкари —

Озодлик дегани эмасми Широқ?

Ҳуррият — энг буюк, бебаҳо махзан,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Фариштадек уйғоқ, огоҳ бўл, юрак,

Ахир ухламайди маккор ёв — иблис.

Туркий шижоатин айлаб намоён,

Юртни асраб қолди она Тўмарис.

Асл мард қошида чўккалар душман,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Қадимдан хиёнат мунофиқ, э воҳ,

Пайт пойлаб елкадан уради ханжар.

Султон Жалолиддин Мангубердининг

Ор-номуси сабоқ қиёмат қадар.

Садоқат ялови ҳилпирайди шаън,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Битта зўр паҳлавон туғилса элга,

Асрлар армонин қила олгай ҳал.

Соҳибқирон бобо шиддату шахтин

Қай қалам битишга қодир мукаммал?

Оқсарой Ер шари мисоли улкан,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Адоқсиз фалакда Султон Улуғбек

Кашф этган юлдузлар нур сочар порлаб,

Комил саодатга етсин деб диллар,

Самарқанд юлдузи турибди чорлаб.

Ҳамон сайёралар айлар анжуман,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Бобомерос Ватан — дарди Бобурнинг,

Латиф хотиридан бир дам кетмаган.

Фурқатнинг “Фиғонким…”, деган оҳи-ю

Қонли нидосига ҳеч ким етмаган.

Нолалар — ичимни ёндирган гулхан,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Қодирий, Чўлпон-у Усмон Носирлар

Бағрин илма-тешик қилди қотил — ўқ.

Тортиб олиб бўлмас умидни асло,

Маҳв этиб бўлмайди юракни, йўқ! Йўқ!

Ота юрт, она эл, ҳурлик бор экан,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

 

Истиқлол юрагим, қароғимдасан,

Ичимда аждодлар руҳидан бир ҳол.

Халқим, дуоларинг ижобат доим,

Бошингдан кетмагай хуршиди иқбол.

Руҳ мангу, тупроққа айланади тан,

Ватан боқий эрур, азиздир Ватан!

АЛПОМИШНИНГ ҚЎШИҒИ

Кўнглим мамлакатин султони, моҳим,

Султон бўлармиди ултони, моҳим?

Орият қалбларнинг бўстони, моҳим,

Не бордир Ватандан азиз, Барчиним!

 

Одамми севмаса Қўнғиротини,

Қизғонса ёридан ишқ — баётини.

Бахшида этмоқ-чун бор ҳаётини,

Не бордир Ватандан азиз, Барчиним!

 

Йўлидан қайтмайди марднинг боласи,

Юракка кўмилар дарду ноласи,

Қачон ғолиб бўлган одам оласи,

Не бордир Ватандан азиз, Барчиним!

 

Қалдирғоч синглим-эй, баҳодир синглим,

Муҳаббат кўксимга ҳаводир, синглим,

Олсам, элдан олдим хавотир, синглим,

Не бордир Ватандан азиз, Барчиним!

 

Ҳар кимга битта дўст — Қоражон даркор,

Ҳар кимга тоза ишқ, соф иймон даркор,

Қўнғирот элига учгил, Бойчибор,

Не бордир Ватандан азиз, Барчиним!

 

Ё, Ҳақ де, Ёдгорим, пирлар қўллагай,

Дуолар покиза — нурлар қўллагай,

Шул чаман, шул адир, қирлар қўллагай,

Не бордир Ватандан азиз, Барчиним!

МАНГУ СЎЗ

Бир куни тинади тошқин дарё ҳам,

Бир кун эсмай қолар шошқин сабо ҳам.

 

Кун келар азамат тоғлар ҳам қулар,

Яшил-яшил боғлар сарғаяр, сўлар.

 

Жамики мавжудот донг қотади, донг,

Шарқ қолиб, ғарб ёқдан мўралагач тонг.

 

Йўқ, асраб қололмас на оҳ, на кўзёш,

Сўнади, ўчади порлаган қуёш.

 

Мисли пок кўнгилдан боқиб турган кўз —

Фақат сўз ўлмайди, мангу қолар Сўз.

 

МЕН БИР СЎЗГА ХАРИДОР…

Куйган юрагимга май

Қизғалдоқ жомидан қуй.

Ҳаётнинг оппоқ тонгу

Тийра оқшомидан қуй.

Бирам тотли тип-тиниқ

Сувга қиёс бу изҳор

Чанқоқ, ташна кўнглимга

Ширин каломидан қуй.

 

Нур бўлади дил охир,

Нурдан бўлса истиқбол.

Исминг маним тилимда

Исминг шаккар, исминг бол.

Такрор-такрор айтаман,

Ҳар айтганда минг иқбол.

Қадаҳ маним юрагим,

Бахту инъомидан қуй.

 

Ҳаво ёғса, заминнинг

Хушбўй гулдан саломи,

Қуёш боқса, оламга

Иссиқ нурдан саломи,

Дилдорига дилимнинг

Мудом дилдан саломи,

Мен бир сўзга харидор,

Қайноқ саломидан қуй.

 

Эҳром ўраб олганми,

Қара, қара тоғларга,

Кўзёшлари сел бўлган,

Сел бўлган бу чоғларга.

Термуламан яшнаган,

Гуркираган боғларга,

Берай оламга ашъор,

Қуйгил, илҳомидан қуй.

Куйган юрагимга май

Қизғалдоқ жомидан қуй…

 

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ

Сўз — қуёш, фалакка қадалган туғдир,

Ўтган кун бугунга бергайдир иршод.

Қодирий ўлмаган, қабри ҳам йўқдир,

Ҳар ўзбек қалбида яшайди ул зот.

 

ОҚ НИЯТ

Шоир дўстларимга

Дил доим тип-тиниқ, болбулоқ бўлсин,

Қор каби совуқмас, қордай оқ бўлсин,

Виждон уйғоқ бўлсин, виждон соғ бўлсин,

Ўзин ёр, пирларни мададкор этсин.

 

Ҳаёт деганлари шоёни неъмат,

Неъматдир тану жон бўлса саломат,

Яшасак, ҳақ йўлда, айлаб иқомат,

Иймонни кўнгилда барқарор этсин.

 

Ёр дея жонидан кечар ошиқ бўл,

Малаклар тилида мангу қўшиқ бўл,

Сир бўлгин, ва лекин кўнгли очиқ бўл,

Тупроқдай мулойим, хокисор этсин.

Ўзликка интилиб, ўзга келган биз,

Сўз ичра тўлғониб, сўзга келган биз,

Бирга келганмизми, ўзга келган биз,

Сўзимиз дилларни навбаҳор этсин.

 

Ватан, миллат деган муборак боғда

Булбул бўл, сайрагин ҳар сўлу соғда,

Авайлаб, эъзозлаб кўзу қароғда,

Эл биздан ҳамиша ифтихор этсин.

ОНА ҚИЗИМ

Тангрим берган баҳри анвор,

Кўзимдирсан, она қизим.

Зикри бисёр, шукри бисёр,

Сўзимдирсан, она қизим.

 

Дунё деган эски работ,

Гаҳи вайрон, гаҳи обод,

Худойимдан зўр мукофот —

Рўзимдирсан, она қизим.

 

Мен бир шамол каби эсдим,

Чаман кездим, саҳро кездим,

Бугун Мажнунлигим сездим,

Ўзимдирсан, она қизим.

 

Елдай елган йиллар маним,

Бошимда оқ гуллар маним,

Дилга элтар йўллар маним,

Изимдирсан, она қизим.

 

Иймон билан жон соғ, болам,

Шу бор, бахт беадоқ, болам,

Ҳаққа етганим — чоғ, болам,

Юзимдирсан, она қизим.

 

УМР АСЛИ…

                                                 Мансурга

Умр асли божу хирождир, Мансур,

Гоҳ жанда кулоҳдир, гоҳ тождир, Мансур.

 

Қай кўнгил талпинса нуру зиёга,

Оқибат манзили сирождир, Мансур.

 

Дил йиғлар, юпатай десам илож йўқ,

Дилимга йиғламоқ илождир, Мансур.

 

Мурод гулларини сўлдирар ёлғон,

Рост демоқ ҳамиша меърождир, Мансур.

 

Сув ҳаёт бўлгани каби балиққа,

Ҳар одам иймонга муҳтождир, Мансур.

 

Ҳаллож бўлолмайди ҳамма мансурлар

Ҳаққа чин ошиқлар Ҳаллождир, Мансур.

 

ЁМҒИРЖОНИМ

 

Сен кимларнинг кўзларидан оқмоқдасан?

Кўзларингни кўргим келди, ёмғиржоним.

Ё заминга шу йўсинда боқмоқдасан,

Кўзларингни кўргим келди, ёмғиржоним.

 

Тўлқинларда ўйнатади дарё, мана,

Сен билмайсан сандиқдаги Тоҳир — жоним.

Армонларим юрагимни қийнар яна,

Кўзларингни кўргим келди, ёмғиржоним.

 

Сирлари кўп бу дунёнинг поён билмас,

Ёниб турган дилга малҳам чоғир, жоним.

Аммо менинг телба кўнглим нечун тўлмас,

Кўзларингни кўргим келди, ёмғиржоним.

 

Ўзгарсанг-чи, соддагинам, кўнглим қурғур,

Қара, бунда ҳамма олғир, моҳир, жоним.

Алдовларни тингламоққа фурсат йўқдир,

Кўзларингни кўргим келди, ёмғиржоним.

 

Бу ростдан ҳам кўз ёшмидир, кўз ёшмикин,

Бир жаннатий ифорлари анқир, жоним.

Жоним маним оташларда талошмикин,

Кўзларингни кўргим келди, ёмғиржоним.

 

Англаганим бир ишқ билан гўзал дунё,

Чақирганда келгин ёки чақир, жоним.

Ҳар томчиси битта дарё, азим дарё,

Кўзларингни кўргим келди, ёмғиржоним.

 

ОНАМНИНГ ДУОЛАРИ

“Онамнинг дуоси мени асрайди…”

Қўшиқдан.

Оғам дея атадим мен қаламни,

Юрагимда кўкарган ғам-аламни,

Қарғишлари урар бўлса санамнинг,

Омон сақлар дуолари онамнинг.

 

Йиғлайверсам, йиғиларим оҳ бўлса,

Оҳдан унган соғинчим паноҳ бўлса,

Ҳар қадамим минг битта гуноҳ бўлса,

Мени оқлар дуолари онамнинг.

 

Дўсту ғаним юрагимга отса тош,

Нима қилмоқ билолмасам, қотса бош,

Дил кўзидан дарё-дарё оқса ёш,

Кўнглим чоғлар дуолари онамнинг.

 

Ўйим тушар жужуқлигим — боғимга,

Қўшни қизнинг сочин тортган чоғимга,

Соғинч тўла риштани қишлоғимга

Маҳкам боғлар дуолари онамнинг.

 

Мен изладим ёруғгина оламлар,

Бир-бирини тушунолган одамлар,

Ерни муштлаб қарғайверсин санамлар,

Доим сақлар дуолари онамнинг.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 7 =