Ғалати қилиқларимиз ҳақида
Ҳа, бу қилиқ, бундан бошқа нарса эмас. Ҳар йили шундай воқеа қайтарилади: деҳқон куяди. Бу йил пиёз эккан фермерми, томорқачими — бари куйди. Пиёз пул эмас, пўчоқ бўлди. Шўри қуригандан оддий одамларнинг шўри қуриди, карсони синди.
Айни кунларда тарвуз эккан мардум борки, фиғони кўкка ўрламоқда. Тошкентда йўл бўйлари, бозорлардаги тарвуз расталарини бир айланинг, бир қучоқ келадиган тарвузни 10 минг, 15 минг, деб ўтирибди. Устига буларнинг кўпи олибсотарлар. Демак, деҳқон бечора кўтарасига беш-олти мингдан бераётир. Кечирасиз-у, бу пулга 0,5лик сув беради ҳозир. Шу ҳолат унинг косасини оқартиришига ишонасизми?! Бунга сабаб нима? Катта эҳтимол билан сабаб шуки, бизда айни пишиқчилик пайти чегараларни ёпиб оламиз. Майли, пиёзу тарвуз-қовун пайкалда чириб-ириб кетсин, чегара постлардан қовун-тарвуз “карвон”ларини чиқармаймиз. Аммо бу чеклов ҳаммагами, баъзи бир агрофирма, тайёрлов идораси ниқобидаги учарларнинг кунига ўнлаб “Камаз”лари чегарани кесиб ўтмаётир, ҳаммага келган тўй, полизни биргаликда чиритамиз, куйсак бирга куямиз, деган гапга ким ишонади? Бу, бизнинг ўзига хос қилиғимиз бўлади, оғайнилар.
Шундай пайтда одам ўйлайди, мамлакатда ер ҳам, одам ҳам рўйхатда туради, ким қайси ерда нима экади, ички бозорга қанча, масалан, пиёз кетади, ортиқчасини қайси чет бозорга сотишимиз мумкин, бунинг учун кимлар билан музокара қилишимиз керак, деган масалаларни ўйлайдиган ташкилот борми ўзи? Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва яна номини айтишга одамнинг тили айланмайдиган шу масалаларга масъул бўлган стратегик ва прогнозлаш қурумлари (идоралари — Таҳр.) нима қилади, одам тушунмайди.
Мақсад нима ўзи, одамларнинг турмушини ўнглашми ёки шундоғам чатнаб турган косасини уриб синдиришми?!
Ҳукумат мамлакатда етиштирилган ҳосилни реализация қилиш бўйича ўйлаб кўрадиган вақт эса аллақачон келган. Бу — жиддий масала!
Манба: platforma.uz