Жамиятда шахснинг тарихий талқини

Сиёсий фанлар доктори, профессор Тўлқин Алимардоновнинг “Шароф Рашидов” китобини ўқиб
1980 йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ижтимоий онг ўзгарган, зиёли қатлам вакиллари орасида собиқ иттифоқнинг тоталитар тизимига нисбатан норозилик кайфияти шаклланиб улгурган даврлар эди. Биз, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультети талабалари ҳам ижтимоий-сиёсий эврилиш шабадаларидан эндигина баҳраманд бўлиш арафасида турган авлод эдик. Чунки биз яшаб турган Талабалар шаҳарчаси, таъбир жоиз бўлса, “марказий штаб” вазифасини ўтар, ётоқхоналарда адабий баҳс-мунозаралар, мушоиралар, шоир-ёзувчилар билан учрашувлар, ўзбек тилининг мақомини кўтариш масаласига бағишланган йиғинлар тез-тез ўтказиб турилар эди. Шоир-ёзувчилар, журналистлар билан бўлган учрашувлар, уларнинг янги чоп этилган тўпламларига дастхат ёздириб олган даврларимиз ҳозиргача ўзининг илиқ бир таассуроти билан қалбимизда муҳрланиб қолган. Чунки чекка қишлоқларда фақат ўз орзу-хаёллари билан юрган, ижод аҳлини фақат расмлардагина кўрган, азим шаҳарнинг шовқин-суронли муҳитига эндигина кўника бошлаган биз талабалар учун “тирик ижодкорлар”ни кўриш, улар билан бир даврада мулоқотда бўлиш, айниқса, дастхатлари битилган китобларини ўз қўлларидан олиш жуда катта шараф эди.
Яширмайман, мен “дунёда ягона, қудратли ва адолатли” бўлган советлар диёрида туғилганимдан фахрланиб яшаганман. Коммунистик партия ва унинг раҳнамоларининг сохта ўгит ва ғоялари болаликдан онгимизга шу қадар кучли сингдирилган эканки, бошқача ҳаёт бўлишини тасаввур ҳам қилолмаганмиз…
ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) тарих факультетининг талабаси бўлган Тўлқин Алимардонов билан ўша “уйғониш даврлари”да танишганман. У билан илк танишган кунларимданоқ менда ўзгача таассурот қолдирган. Унда кўпгина тенгдошларимда кўрмаган шижоатни кўрганман. Нигоҳлари ўткир, фикрлари теран, гаплари кескин, сохта мулозаматдан холи, қарашларида муросасиз йигит бўлиб туюлган эди. Мана, орадан салкам қирқ йил ўтяптики, у ҳамон ўша-ўша…
Университет таълимидан сўнг у аспирантурада ўқиди. Мен матбуот соҳасида ишладим. Тўлқин Алимардоновнинг жамият, шахс ҳақидаги фикрлари, муайян жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги қарашлари ўша даврлардаёқ мени лол қолдирган, очиғи, таажжубга соларди. Чунки “озод ва ҳур” советлар мафкураси билан озиқланган миямга унинг фикрлари баъзан ғайритабиий туюлар эди.
Тўлқин Алимардоновнинг номзодлик илмий иши Шароф Рашидовнинг қўриқ ерларни ўзлаштириш билан боғлиқ мавзуда эди. Шароф Рашидов раҳбарлик қилган даврдаги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳақида кўп гапирар, табиийки, унинг аксарият фикрлари биз кўп эшитиб, кўникиб қолган қолипдаги “озод ва адолатли советлар мамлакати”нинг мафкурасига унчалик мос тушмас эди.
Бир куни Шароф Рашидов ҳақида қўшимча фактлар ва маълумотлар олиш мақсадида бир олимнинг уйига бордик. Тўлқин илмий иши шу мавзуда эканини айтиб, у кишидан илмий ишни қай тартибда ёзиш, қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида маслаҳат сўради. Бизнинг ташрифимиз катта домлани унчалик қувонтирмагандай туюлди менга. Сабаби, жуда бепарво ҳолда ўтирди ва бу мавзуни йиғиштириб қўйишни маслаҳат берди. Шу билан бирга Шароф Рашидовнинг шахси ва сиёсий фаолияти ҳақида бироз номарғуб гапларни ҳам айтиб ўтди. Ҳафсаламиз пир бўлиб қайтдик. Бироқ кўп вақт ўтмай, у кишининг гаплари ўз исботини топгандай бўлди. Ўзбекистон осмонини қора булутлар қоплай бошлади. Миллий қадриятлар, дин, урф-одатлар эскилик сарқити сифатида талқин қилина бошлади. Айниқса, Наврўз байрамига бўлган муносабат кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак.
Ёзувчилар уюшмасида бўладиган адабий кечаларга, янги нашр этилган асарлар тақдимотларига ҳамда турли тадбирларга имкон қадар қатнашиб турар эдик. Бир куни Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” (“Бобур”) романи муҳокамасига бағишланган йиғилишда қатнашиб қолдик. “Босқинчи ва золим шоҳ Бобур”ни идеаллаштирганликда айблаб Пиримқул Қодировга қанчалик даражада сиёсий айб ёпиштиришга бўлган ҳаракат ҳозиргача кўз ўнгимдан кетмайди. Ўшанда профессор Умарали Норматов қаттиқ ҳаяжон ва изтироб билан ушбу йиғилишдан 30-йилларнинг ҳиди келаётганини очиқ-ойдин айтган эди. Шундан сўнг Пиримқул Қодировнинг “Шарқ юлдузи” журналида бериб борилаётган “Авлодлар довони” (“Ҳумоюн ва Акбар”) романи чоп этилишдан тўхтатилган.
Миллат арбобларининг шахсияти, ижтимоий, сиёсий, илмий ва ижодий фаолиятларига қаратилган мафкуравий ҳужумлар марҳум Шароф Рашидовнинг ҳам номига ўзининг қора кўланкасини ташламасдан ўтмади… Ўша вақтдаги “Марказ” томонидан уюштирилгин бу саҳна Ўзбекистон КП МКнинг хатига асосан 1986 йил 22 майда №617-сонли “Шароф Рашидов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш” ҳақида қарор қабул қилинади…
Юқорида айтиб ўтганимиздек, биз маслаҳат сўраб борган олимнинг айтганлари ўз тасдиғини топган эди. Ш.Рашидов номи қораланди. Т.Алимардоновнинг номзодлик илмий иши ҳам бошқа мавзуга ўзгартирилди. “Рашидовчилик” деган кампаниябозлик вужудга келди. Матбуотда Рашидовнинг “айби ва нуқсонлари”ни кимўзарга ошкор қилиш авжига чиқди. Кутилмаган бу ўзгаришлар оммани эсанкиратиб қўйди. Жамиятда ишончсизлик муҳити юзага келиб, одамлар кимга ва нимага ишонишларини билмай қолишди.
Шахслар ва омма ўртасида жипслик бўлмаган жойда бошбошдоқлик, ишончсизлик, адолат тамойилларидан чекиниш, ҳақиқатни кўра олмаслик ёки тан олмаслик кайфияти шаклланади. Омманинг тарқоқлиги, муайян ғоя ва эзгу мақсад йўлида уюша олмаслик, сиёсий онгнинг пастлиги, халқни эргаштира олиш қобилиятига эга бўлган шахслар тақдирига бефарқлик, ундай шахсларни қўллаб-қувватлаш салоҳиятининг етишмаслиги ҳам жамиятда адолатсизлик ва парокандаликнинг илдиз отишига сабаб бўлади.
Муаллиф “Шароф Рашидов” китобида Шароф Рашидов шахси ва сиёсий фаолияти доирасида шахс ва омма ўртасидаги мавжуд муносабатнинг мувофиқ ва зиддиятли қирраларини илмий нуқтаи назардан таҳлил қилади. Воқеа-ҳодисаларга муносабат билдирар экан, аввало, давр ва муайян сиёсий вазият тақозосидан келиб чиқиб фикр билдиради.
Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий таназзули сабабларини фақат марказдан ахтармай, балки ички бошқарув тизимида ҳам муҳит аянчли аҳволга келиб қолганлигини эътироф этишимиз лозим деб уқтиради.
Чунки миллатдан шахслар етишиб чиқмас экан, жамиятда оломонча кайфият барқарор мафкурага айланиши мумкин, оқибатда оломон ўз ичидан етишиб чиққан йўлбошчиларни ўзларининг биқиқ орзу-мақсадларига хизмат қилдиришга ундаши ёки уларни умуман маҳв этиш даражасигача бориши мумкин деган фикрларни баён қилади.
“Шароф Рашидов” китоби ўтган асрнинг иккинчи ярмида мамлакатимизда қўриқ ерларни ўзлаштириш билан боғлиқ масалаларга, хусусан, чўл ҳудудларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишларнинг беқиёс кўлами ҳақида, шунингдек, Москванинг бу ишларга қай тарзда муносабатда бўлганлиги тўғрисида илмий нуқтаи назардан, холисона баҳо берганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
“…Унинг узоқни кўзлаган раҳбарлик шижоати шундаки, марказнинг пахта хомашёсига бўлган беқиёс эҳтиёжини қалқон қилиб, марказ манфаатларини Ўзбекистон равнақи — ўзбек халқининг манфаатларига хизмат қилдирди. Бунинг учун моҳир сиёсатчилик қобилияти ҳам зарур эди, албатта. Чунки ҳукмронлар олдига “Биз пахта берадиган бўлсак, сиз бизга фалон-фалон нарсаларни беринглар”, деган тўғридан-тўғри талаб билан чиқишнинг ўзи сиёсий тажрибасизликдан бошқа нарса эмас эди. Шунинг учун ҳам Ш.Рашидов съезд ва шунга ўхшаш олий йиғинлардан унумли фойдаланган, марказ раҳбарлари олдида Ўзбекистонда пахта етиштиришнинг эркин истиқболлари ҳақида маъруза қилган. Юқорида айтилган буюк давлатчилик сиёсати намояндаларининг иштаҳасини қитиқлагач эса, бунинг учун янги ерларни ўзлаштириш лозимлиги, кўплаб техника ва технологиядан марказнинг ёрдам бериши лозимлигини қистириб ўтар, сўнгра залдаги Ўзбекистон депутатлари Ш.Рашидовнинг фикрини тасдиқловчи, тўғрироғи, ана шу фикрларни янада мустаҳкамловчи чиқишлар қилишарди”. (Т.Алимардонов. “Шароф Рашидов” Н.Ҳамраев билан суҳбат. 67-бет).
Шароф Рашидов Ўзбекистон манфаати учун марказ билан қанчалик дипломатик йўлни тутган бўлмасин, иттифоқдош республикаларга нисбатан, жумладан, Ўзбекистонга ҳам марказнинг қарашлари мустамлакачилик сиёсатилигича қолаверган. Омма ўзининг устидан ўрнатилган ялтироқ сиёсатнинг, яъни “инсонпарварлик” ғояларига содиқлигича ҳаёт кечирган. Ш.Рашидов билан халқ ўртасида ҳамфикр бўлиб, ягона мақсад сари интилиш йўллари кўринмас пардалар билан тўсиб қўйилган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки тоталитар тузумнинг узоқ йиллик сиёсий-мафкуравий босими барча иттифоқдош республикалар сингари Ўзбекистонда ҳам оломон психологиясини шакллантириб улгурган эди. Бундай муҳитда омма ўзининг чинакам раҳнамоларини қўллаб-қувватлашга, мустамлакачилик сиёсатига қарши турган кучлар билан бир сафда бўлишга журъат тополмаган.
Муаллиф ўзининг барча тарихий-илмий монографияларида шахс ва жамиятнинг ўзаро муносабати, жамиятда инсон омилининг ўрни, тараққиёт ёки таназзулнинг туб илдизлари ҳақида аниқ, илмий хулосалар асосида фикр юритади. Муаллифнинг фикрига кўра, жамият тараққиётида алоҳида шахсларнинг ўрни улкан бир механизм даражасида бўлиб, нечоғлиқ катта аҳамият касб этиши аниқ факт ва далиллар асосида баён қилинади.
Узоқ йиллар давомида эрки ўзида бўлмаган қавмнинг онгида қуллик психологияси шаклланиб, оломонча фикрлаш тарзи етакчи мафкура кўринишида ўзини намоён қилади. Улкан механизмнинг юзага чиқа олмаслигига эса оломоннинг халқ бўлиб уюша олмаганлиги, шахслар фаолиятига бўлган эҳтиёжнинг йўқлиги, миллий қадрият ва анъаналарга варварларча муносабат сабаб бўлиши мумкин.
Жамиятда халқ манфаатлари ва қадр-қимматини ҳимоя қиладиган механизм кучли бўлса, ўша тузумда юксалиш бўлади. Юксак тараққиёт сари интилиш омиллари шаклланади ҳамда фаровон турмуш барпо бўлади. Бундай шароитнинг юзага келиши эса миллатни, халқни ўзига эргаштира оладиган, зеҳнияти кучли, адолатни турмуш тарзига айлантира олиш қобилиятига эга шахсларнинг вужудга келиши билан белгиланади.
Миллат ўзини ўзи англаган бўлса (аслида, ўзлигини англаган жамоа миллат мақомига эга бўлади) бундай шахсларни ўзлари кўтаради. Агар миллат пароканда бўлса, қадимий қадрият ва анъаналаридан маҳрум қилиниб, мутеликка гирифтор бўлади. Ундай миллат орасидан шахс даражасига кўтарилган инсонларнинг чиқиши қийин кечади, деган хулосага келади.
Иқтидорли сиёсатшунос олим Тўлқин Алимардоновнинг “Шароф Рашидов” китобида тарихий илдизи кўҳна ўтмишга бориб тақалган, камолот бобида жаҳонга дарс берган, тақдир тақозосига кўра бир муддат (сал кам бир ярим аср) ўз эрки ўзида бўлмаган миллат ва бу миллатни эркин ва мустақил бошқариш ҳуқуқи ўзида бўлмаган, юксак сиёсий онги ва миллатига бўлган меҳри, виждон амри билан бошқарган шахс ҳақида аниқ далил ва манбалар асосида маълумотлар берилган.
Юқорида эслаганимиздек, бир вақтлар Тўлқин Алимардоновга бу мавзудан бутунлай воз кечиши кераклиги ҳақида маслаҳат берганлар ҳам бор эди. Сабаби, Шароф Рашидов номи ва унинг сиёсий фаолияти тарих саҳифасидан буткул ўчириб юборилишига улар ишонишган. Ўзбекистон КП МКнинг 1991 йил 14 сентябрда бўлиб ўтган фавқулодда ХХIII съезди бу борадаги ғайри фикрларга зарба бериш йўлидаги биринчи қадам бўлди… Ўзбекистон Компартиясининг ХХI съезди 3-резолюциясининг 2-банди, яъни марказкомнинг ҳисоботи маърузаси бўйича республиканинг собиқ биринчи котиби Шароф Рашидов хусусидаги айбнома бекор қилинди.
Юрт мустақилликка эришди. Миллатнинг асрий орзу-ниятлари рўёбга чиқди. Лекин бу — жамиятдаги барча қатламнинг онгида кескин ўзгариш юз берди дегани эмас эди. Айниқса, ўтмиш тарихга, шахслар фаолиятига баҳо беришда турли хил қарашлар юзага келди. Бу ҳолат, албатта, табиий ҳол деб қаралиши керак. Тарих солномаларидан маълумки, ўтиш даври ҳеч қачон ўз-ўзидан, силлиқ кечган эмас. Фикрлар хилма-хиллигининг пайдо бўлиши қарама-қаршиликларнинг ҳам юзага келишига туртки бўлиши табиий. Тарихнинг эврилиш нуқталарида шахс билан омма орасидаги тафовут яна бир бор ўзини намоён қилмасдан иложи йўқ. Чунки, асосан, шахсларнинг ақл-идроки, саъй-ҳаракати ва тинимсиз изланиш ва меҳнатлари эвазига келган ўзгариш ва янгиликларга омманинг тезда кўникиб кетиши қийин кечган.
Шароф Рашидовнинг шахси ва сиёсий фаолиятига баҳо беришда ҳам шу ҳолат кўзга ташланади. Тўлқин Алимардоновнинг фикрича, Ш.Рашидов ҳақидаги фикрларни тўрт гуруҳга ажратиш мумкин:
Биринчиси: Ш.Рашидов ҳаётлик давридаги асосли-асоссиз мақтовлар. Бундай мақтовлар унинг адабий ва сиёсий фаолиятига ҳам тааллуқли бўлган.
Иккинчиси: Ш.Рашидов шахси қоралангандан кейинги асосли-асоссиз танқидлар. Бу гуруҳ “жабрдийдалар” ва “кампаниябозлик” тарафдорларининг кимўзарга чиқишлари билан изоҳланади.
Учинчиси: Ш.Рашидов фаолиятига аниқ баҳо беришга иккиланганлар, яъни эҳтиёткорлар. Бу гуруҳдагилар учун Ш.Рашидовнинг фаолияти ўта “мураккаб”. Яхши томонларини айтай деса, кечаги тоталитар тузум ва коммунистик партия билан боғлиқ жиҳатлари бор. Камчиликларини айтай деса, унинг шахси ва сиёсий фаолияти мамлакат Президенти томонидан оқланган…
Тўртинчиси: Ш.Рашидовнинг шахси, сиёсий ва адабий фаолиятига ҳаққоний, холисона баҳо берганлар.
2017 йилда “Шароф Рашидов юбилейининг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қароридан сўнг тарихий ҳақиқат бор бўй-басти билан ўзлигини намоён қилди. Ўтган барча буюк алломаларимиз, илм-фан, маданият дарғалари, сиёсий арбоблар қаторида Шароф Рашидовнинг ҳам фаолиятига чинакамига холисона баҳо берилди.
Шу ўринда ишонч билан айтиш мумкинки, “Шароф Рашидов” китоби узоқ илмий изланишлар ва тинимсиз меҳнатнинг маҳсули ўлароқ юзага келган асар. Ҳатто ҳали нашр этилмаган ушбу китоб сабаб муаллифига қанчалик таъна, маломатлар бўлганидан ҳам хабаримиз бор. Бу билан муаллифни “жабрдийда” қилиб кўрсатиш фикридан йироқмиз. Фақат Тўлқин Алимардоновдаги ўзига бўлган ишончни, шижоатни таъкидлаб қўймоқчиман, холос.
Китоб 2017 йилгача қанча эшиклардан кириб чиқмади, не-не зотларнинг қўлидан ўтмади дейсиз. Муаллифига ҳамма “хайрихоҳ”, лекин нашр этишга келганда ҳамма сукутда бўлди. Сабаби, яна ўша эҳтиёткорлик…
“Шароф Рашидов” китобининг бугунги кундаги аҳамияти шундаки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқларида кўп бор тилга олинадиган ёшлар келажагига бевосита дахлдор жиҳатлари борлигида. Чунки келажагимиз эгалари бўлган бугунги ёшлар ўтмишни билмасдан, аждодлари бошидан кечирган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлмасдан келажакни қуриб бўлмаслиги Президентимиз нутқларида бот-бот тилга олинади. Ёшларимиз ўтмиш воқеликларига холисона, ақл-идрок билан муносабатда бўлиб, ота-боболарининг шижоатидан руҳланиб, уларнинг қилган хато ва камчиликларидан тўғри хулоса чиқариб яшашлари учун ҳам бу каби китобларнинг аҳамияти беқиёс.
Тўлқин Алимардоновнинг узоқ йиллик илмий изланишлари, холис ният билан ўз олдига қўйган мақсади, яқин ўтмиш тарих солномаларини илмий нуқтаи назардан, ҳаққоний акс эттириш орзуси мазкур асарда тўлақонли тасдиғини топган деб айта олиш мумкин.
Ишонаманки, “Шароф Рашидов” китобининг ютуқ ва камчиликлари, яқин ўтмиш тарихимизни акс эттиришдаги аҳамияти ҳақида тарихчилар, адиблар, сиёсатшунослар, файласуф зиёлилар, кенг китобхонлар оммаси фикр-мулоҳазаларини билдирадилар.
Юсуф ЗИЁД,
“Насаф” нашриёт-матбаа
ижодий уйи муҳаррири, шоир.