Имон овози

(Муҳаррир қайдлари)

Эркин Аъзамнинг беш томлигига кирган асарларнинг кўпини ўз вақтида — эълон қилиниши биланоқ ўқиганман. Улар бизнинг ёшлигимизни романтика ва исён руҳига, осмоний орзуларга тўлдирган.

Энди муҳаррир сифатида (аслида, беш томликдаги “муҳаррир” деган билдириш ниҳоятда нисбий) бу асарларни адибнинг ўзи кўп такрорлайдиган армонгами, ўкинчгами ўхшаб кетадиган сўзлар манзарасида ўқиб чиқдим: “Бизни белгили рамкалардан салгина ҳам четга чиққани қўйишмасди, ёзишда эркинлик йўқ эди…” Гап шўро мафкурасининг адабиёт устидан ҳукмфармолиги, соцреализм ҳақида бораётганини сезган бўлсангиз керак.

Бу сўзлар туфайли негадир оташнафас Чўлпоннинг “бир хил, бир хил, бир хил…” деган зорланиши ҳам хаёлдан кўп ўтди. Чўлпон айтган замонлардан бир муддат ўтиб, шўро ҳам ўша “бир хил, бир хил”ни такрорлагандек. Мана, шоир-ёзувчининг йўли: ўрта мактаб, адабиёт факультети, газета-журнал ёки филолог-ўқитувчилик, ё шунга ўхшаш бир касбу кор, мансаб… “У даврлар адабиётшунослиги ҳам якранг, мафкурага мувофиқ асарларни кўкларга кўтарар эди” деймиз-у, бугунгиси ҳам моҳият-эътибори билан ҳали тўлиқ янгиланмагандек: ёзувчи “зарбулмасал тили билан фалон демоқчи бўлган”, “ёмоннинг ёмонлигини фош қилган”, “замоннинг нобоплигини билгич даҳо бўлган”, “ўхшатишлари оригинал”, “фалон-фалон сўзларни қўллаган”, “тарбиявий аҳамияти беқиёс” ва ҳоказо ва ҳоказо. У шоир-ёзувчининг номи ўрнига бунисиникини қўйсангиз ҳам ўхшаб кетаверадигандек. Адабиётимиз ҳам, адабиётшунослигимиз ҳам анча-мунча қаламкашлар мисолида жанг тугаб, чанглар босилгандан кейин милтиқ кўтариб майдонга югуриб чиққан жангчига ўхшайди. Дарвоқе… шундай қилмай ҳам кўрсин-чи!

Хуллас, бирмунча ўқиб-ўрганишлардан кейин менинг хаёлимда “бир хил, бир хил”га нисбатан заиф эътироз туғилган. Чунки ўша арузий шакл ва ишқий-тасаввуфий мазмун бир хиллиги ичида ҳам Навоий — Навоий, Бобур — Бобур бўлган. Худо бутун қилиб берган бўлса, умумият ичида йўқолиб кетмайди, дурри ятимдек ярқираб тураверади — кўрадиган кўз, пешвоз чиқадиган талабгор бўлса бас.

Қўлингиздаги томликлар мутолааси ҳам Эркин Аъзам кўп-кўп такрорлайдиган ўша “белгили рамкалар” ҳақидаги гапга эътироз уйғотди. Эътирознинг маъноси шуки, у асарларда муаллиф “айтолмадим” деб ўйлаган ҳақиқатлар турли йўллар билан айтилган. Сўзда айтолмаганини бадиий асар қурилмасининг бош­­қа унсурларига кўчирган.

Ёзувчи соцреализм талаб қилган улкан қурилишлар-у, бемисл ғалабаларни эмас, шонли тарихга дахлдор эврилишларни ҳам эмас, худди беназир Паустовскийга ўхшаб аҳамиятсиз кўринган, ҳатто қизиқарсиз бўлиб туюлган воқеаларни адабиётга айлантирди. Кўпинча асосий муддао асар марказидан узоқлаштириброқ қўйилганга ўхшайди. Мана, “Зина­поя”ни олайлик (1971). Тасвирланган воқеага кўра ҳукм қилсак, ҳикоя ошкор этилмасликка маҳкум муҳаббат ҳақида деб ўйлайсиз. Лекин менга қолса, уни урушга, шўрога лаънат ҳикояси деган бўлардим. Чунки асар қаҳрамони — Раҳмон ака урушда ҳар лаҳзалик ўлим таҳликаси ичида яшаган, урушдан кейин эса немисга асир тушгани учун унга душмандай, хоиндай қаралган. Уруш ҳам, одамга шўроча-мафкуравий муносабат ҳам қаҳрамонимиз ҳаётини заҳру заққумга айлантирган. Аммо бу гаплар ҳикояда бир-икки жумлада, ишора тарзида айтиб кетилади.

Ёки: “уй ўзингники бўлмагандан кейин…” дея ўкинган Ҳаким-Баҳром-Неъмат тўрт тарафдан туртки еб айтолмаган қўшиқни (“Қўшиқ айтилади!”, 1973) “Нима, бу ҳовли-жой ўзимники-да!” деб ўзига ҳақ берган кўккўз янгалар Лена ва Марина (“Ступка”, 2008) “овозини баралла қўйиб” куйлаб юборади. Қаранг-а!..

“Боғбололик Кўкалдош” ҳикоясида (1982) ҳам бир ишора бор: ўртоғи Нажмиддин муаллифга Кўкалдош ҳақида “барибир ёзмайсиз” дейди. “Ёзмайсиз, чунки у пахтадан мўл ҳосил етиштирмаган, севгиси ҳам китоблардагига ўхшамайди…” Мана шу сўзларда тарду аксми, тажоҳули орифонами — хуллас, махфийлик усулида адибнинг ижодий принципи таъкидлангандек. Чунки “ўртоғи” писанда қилгунига қадар ҳам Эркин Аъзамнинг қаҳрамонлари “пахтадан мўл ҳосил” етиштирган зарбдорлар бўлмаган. Хўш, унда у қаҳрамон ким эди?

Эркин Аъзам десак, хаёлимизга аввалбош­лаб “Отойининг туғилган йили” келади. Кўпчилигимиз истабми-истамайми қарийб кўникиб бўлган ҳаёт йўриғи ва шу йўриқда юришни истамаган, уни бузмоққа чоғланган қаҳрамон қиссаси. Ўша шартаки йигит қўрққанимиздан ичимизда сақлаб келган норозилигу инкорларимизни ҳаракатга келтиргани учун ҳам унга мафтун бўлгандирмиз. Ҳа, Асқар Шодибек ўғли — миллий адабиётимизда бутунлай янгича қаҳрамон. Бу қаҳрамонга дастлаб “Кечирасиз, ўртоқ муаллим”да дуч келамиз. Асқар худдики институтга келмасдан олдин — мактабдаёқ даққи тутумлар билан, сўзи ва амали бошқа-бошқа бўлган одамлар билан келиша олмаган. Беҳуда қистаб-тергайверишларга тоқат қилолмаган. Тўғри-да, одамзод азал корхонасида эркин руҳиятли мавжудот қилиб яратилмаганми?! Хуллас, Асқар мактаб бола чоғидаёқ беадаб бўлиб кўринишдан қўрқмайди, “Кечирасиз, ўртоқ муаллим…” дейишга журъат топади. “Отойининг туғилган йили” ўша “Кечирасиз…”нинг давомидай, буниси унисига қораламами, машқми бўлган бўлса, ажабмас. Асқар ва унга ўхшаганлар атроф-муҳитда аллатавр номақбуллик, ҳақсизликлар борлигини, одам бошқачароқ яшаши лозимлигини англаб-ҳис эта бошлайди. Эркин Аъзам қиссада шу авлоднинг норозилиги, раддияси, талаби, тоза тийнати, одамдай яшашга бўлган соғинчини жамлади. У “Кечирасиз, ўртоқ муаллим”да (1968), кейинроқ “Отойининг туғилган йили”да (1977) — бугунги таълим ислоҳотларидан йилларча илгари жамиятнинг мактаб-маорифдай муҳим соҳасидаги аянч ҳолларни, одамнинг айниганини кўрди-билди, англади, ёзди. Адабиётимизда “Отойи…”га қадар ҳам яхши-ёмонни анг­лаб етган, курашчан йигит-қизлар бор эди, бироқ улар “рамкага тортилган” ҳалим-ҳазим, бироз зерикарли идеал образлар эди.

Шартаки Асқар қиссаси адибга катта шуҳрат келтирди-ю, лекин мен Эркин Аъзам дунёсининг умумий руҳи бошқа асарларда воқеланган, деган бўлардим. Кейинги йиллардаги суҳбатларида адибнинг ўзи бир-икки ўринда “ўзим ҳозир Асқардай болани ишга олмасдим” дейди. Бу билан ўша “умумий руҳнинг бошқалиги” адибнинг ўз сўзлари билан тасдиқлангандек бўлади.

Тўғри, Эркин Аъзам асарларининг барида “Отойи…”да бўлгани каби ғайриинсоний муҳитга, ҳақсизликка, ноинсоний муносабатга, догмаларга, нораво тартиб ва қилмишларга қаттиқ раддия бор. Исён руҳи адибнинг кўпгина қаҳрамонларига бегона эмас. Ҳатто фурсати келадики, ройиш-ювош Элчиев ҳам ҳеч ким кутмаган ишга қўл уради; риё ва муттаҳамлик қурбонига айланганини сезиб қолган Бакирнинг одам ўлдиришига сал қолади… Аммо адибнинг кейинги деярли барча асарларида раддия-инкор, кураш, исён жараёни кўпроқ ботинда кечади, қаҳрамон руҳиятида маломатийлик кучая боради. “Отойи…”дан бошқа асарларда “мурод-мақсадига етган қаҳрамон”ни деярли учратмаймиз. Ҳа, адабиётимиздаги мурод-мақсадига етмаган қаҳрамон образи Эркин Аъзамнинг кашфи бўлди дейиш мумкин. Бу мурод адиб асарларида турли кўринишларда келади: оддийгина — овозни бемалол қўйиб қўшиқ айтишдан тортиб, Париж саёҳатига қадар; Янги йилни ўз уйида ўтказишдан тортиб, умрида атиги бир марта санаторийда дам олишгача… Асар марказига айнан ўша — қаҳрамоннинг каттами-кичикми бир мурод-муддаоси қўйилади, кўп савдолар рўй беради, қаҳрамон жон-жаҳди билан ҳаракат қилади, лекин муддаога ета олмайди. Бу қаҳрамонлар сочидан-тирноғигача реал-ҳаётий, ўзимизга ўхшаган оддий кишилар. Адиб шўро адабиётида урф бўлгани сингари воқеа-сюжет, қаҳрамон, рамз, мушоҳада кабилар воситасида эмас, тугун-ечимнинг худди биз айтган модели орқали гоҳ хусусий ижтимоий-сиёсий тузум, гоҳ умуман инсонлик ҳаётининг моҳиятига ишора қилаётгандек. Ахир бу дунёда ким мурод-мақсадига том етибди?.. Ўшандай якун топган асарлар эртак дейилмасмиди?..

Аслида, ҳар қандай шоир-ёзувчининг битта бош қаҳрамони (ўша образ асарда ҳар доим бош қаҳрамон бўлиши шарт эмас) бўлади. Кўп эҳтимол билан муаллифнинг ботинида яшаб келган, ҳаётда реаллаша олмаган эгизини ифода этади: бизнингча, Эркин Аъзам бош қаҳрамони — борлиқни ўта ҳассослик билан қабул қиладиган, ўз-ўзини тинимсиз тафтиш этгувчи, нозикмизож, шоиртабиат бир кимса. Кўнгил одами. Бир қисса муқаддимасида айтилган гаплар ўша бош қаҳрамон тузилмасини бир қадар муайянлаштиради: “Қадим-ўтган замонда эмас, узоқ-олис томонда ҳам эмас, мана шу кеча-кундузда, мана шу шаҳри шовқинда бир йигит яшар эди. У болалигидан бошлаб учмоқни, учувчи бўлмоқни орзу қилар эди. Аммо шароит тақозоси билан ниятига етолмади. Ерда қолиб кетди…” У кичкинтой Комил бўладими, баралла қўшиқ айтишу чимзорда ағанашдек ғалати истак асирига айланган Баҳром ёки Жалил Норбоевич бўладими, ювошгина Элчиев ёхуд оддий автобусчи Бакир бўладими, бўйидан баланд орзуси чил-чил синган Асад артист ёинким Арбоб Қулов бўладими… — ҳамма-ҳаммаси шундай: туйғу одами, орзу одами.

Албатта, йиллар ўтиши билан адиб асарларида хронотоп кенгайди, сюжетлар ўткир тортиб, ифода тиғизлашди, ижтимоий борлиққа оид бадиий ҳақиқатлар чуқурлашди, илк ҳикоялардаги лиризм бора-бора ўткир киноя соясига ўтди; адиб асарлари бир сўзини қимирлатиб бўлмаслик қадар мукаммаллик касб этди. Аммо қаҳрамон руҳи ўша-ўша. Ҳаётга ниҳоятда баланд руҳ билан кириб келган-у, лекин муҳитми, атрофидагиларми, ўзими сабаб руҳи сўнган, ўзини тўлиқ намоён қилолмаган одам. У ўзини, кечмишини, одамларни тинимсиз сарҳисоб қилади, изтироб тортади, пушаймон чекади. Аммо барибир дунёга некбинлик билан қарайди, тийнати тоза, бир бандасига етгулик нуқсон-камчиликлари ҳам бор. У орзуларини кўмиб, ноилож чекинган, ҳаётнинг ночорроқ, рангсизроқ кўринишларига кўнишга, баъзан эса узоқ муддат ўзини алдаб яшашга мажбур бўлган. У қаҳрамон бора-бора ўзининг кўнганига кўнмайди, хотиралардан куч олмоқчи бўлади, чорасизлигига чора излайди.

Ўша қаҳрамонлар ўзидаги заифликни, инсоний ноқисликларни билади; нокас одамлару диққинафас муҳитни ич-ичдан рад қилади… ва кун келадики, кучи-иродаси етган даражада, қўлидан келганча бирор-бир шаклда унга қаршилик қилади: Элчиев ўз жонига қасд қилади, Бакир автобусда одамни босиб кетмоқчи бўлади, бир ўлиб-тирилган Ёзувчи орзусидаги китобни ёзишга киришади, Арбоб Қулов боғча барпо қилиш билан куйган кўнгил алангасини босмоқчи бўлади… Яна бири милтиқ ўқлаб, Каттаконни отади. Яна бири мачитга қатнай бошлайди… Балки… балки, ўша қаҳрамонларнинг ҳаммаси бўғилган овозларини Асад артистда жамлаб ўтов ичида мастона ҳайқириб қўшиқ айтган, кейин ўкириб-ўкириб йиғлаган бўлса ҳам ажабмас… Улар менга бирда — маломатий Нехлюдовни, бирда — ҳаммасига қўл силтаб, Қуръон ва “Далойил” мутолаасига берилган Юсуфбек ҳожини эслатади.

Ҳа, аслида, Эркин Аъзам бадиий дунёсининг моҳиятини орзу ва унинг армонга, ички раддия ва унинг рўёбга айланиши ташкил қилади. Бу марказ кўзга шоён ташланиб турмайди, катта-кичик эпизодлар, тасвирлар, ички монологлар билан ўралиб ётади.

Хуллас, Эркин Аъзам ойга чиққан, тоғни толқон қилгич ёки дарёларни тескари бургувчи баҳодирлар ўрнига — эскиргандек бўлиб туюладиган ахлоқий мезонлар билан яшаётган, ўзига саволлари кўп, ҳиссиётлари чуқур одамларни қаҳрамон қилиб олади. Абдулла Ориповнинг “номаълум одам”ини эслатадиган ўша қаҳрамонлар қиссасини ўқисангиз, юрагингиз алланечук бўлиб кетади. Урушларда қон кечган бояги Раҳмон ака ҳақидаги ҳикояни олайлик. Киройи бир воқеа йўқ. Лекин ҳаёт эзғилаб ташлаган одамнинг гуноҳга ўхшаган ёруғ муҳаббати, изтироблари, болаларча беғубор сийрати бор. Бир одам бошқалар барбод қилган ёшлигининг ўчини олмоқчидек… Аслида наср­­ми, назмми, бошқами — бори адабиётнинг вазифаси юракни “алланечук қилиш” эмасми? Ҳаётдаги некбин ўзгаришларнинг бун­ёдкори аслида ўша — бағридаги эзгулик бошланғичи адабиёт туфайли ҳаракатга келган юрак эмасми?..

Эркин Аъзам ва унинг бош қаҳрамони нимани ёмон кўради? Ёлғонни, риё ва сохтакорликни. Ёмон кўради дейиш кам, ёлғоннинг ҳар қандай кўринишига тоқат қилолмайди.

Эркин Аъзам ва унинг бош қаҳрамони нимани соғинади? Ибтидоий тозалик ва соддаликни. Унингча, ҳаётнинг энг улуғвор гўзалликлари сутчи хотиннинг беғараз меҳрибонлигида (“Ёзувчининг боғи”), зеб-зийнатли халтачага солинган оддий наъматакда (“Ҳулўл”), сочлари оқарган собиқ жангчининг пинҳоний муҳаббатида (“Зинапоя”) ва шу каби ҳаётнинг биз назарга илмаган сонсиз воқелик­ларида кўмилиб ётади… Ўқувчи ҳам адиб ва қаҳрамонга қўшилиб оддий, аммо ҳаёт жавҳарини ташкил қилган нарса-ҳодисаларни соғинганини ҳис қилади. Ҳа, одам барибир фитрий беғуборликни соғинаверар экан… негаки, у азал-абаддан тийнати тоза, жаннат фуқароси қилиб яратилган.

Дарвоқе… дунёда ёмон, ҳатто ёвуз одамлар бор; ғаюрлар бор, ғанимлар бор… Эркин Аъзам ўз асарларида улар ҳақида ҳам ёзган. У ўша одамлар ҳақида нима дейди? Тўғриси, адибнинг бу борада кўп-кўп такрорлайдиган, ёзганларида ҳам учраб қоладиган жумла аввалига мени ҳайрон қолдирган: “Ўзи инсоф берсин…” Нима, ўзбекнинг катта ёзувчиси ўзи яратаётган адабиётнинг кучига, одамлик жамиятидаги бошқа воситаларга ишонмайдими? Некбин эмасми у? Кейинчалик англадимки, бу жумлада имоннинг овози бор. Ҳаммаси Ўзидан. Ўзи инсоф бермаса, жуда қийин: на адабиёт, на мактаб, на жамият, хуллас ҳеч ким одамни ўзгартира олмайди…

Бу асарларда яна бир эрка қаҳрамон бор: Жийдали! Жийдали — Эркин Аъзамнинг рўйи заминда мавжуд сўлим Доғистони, сеҳр-жодуга тўла уйдирма Макондосидир. Адиб худди Жийдали ҳангомаларининг сирли ровийсига ўхшайди. Ўқиган сари қадимий асотирлар замонидаги инончу тутумлар билан яшаётган жийдалиликларни, қуёшнинг ботишини яширадиган тоғ-тошли афсунгар маконни кўргингиз келаверади. Улкан дунёнинг энг чеккаси каби туюладиган, булоқдай чуқур ва тиниқ Жийдали гоҳо беҳад мутараққий дунё билан уйғунлашмоқ, боғланмоқ ҳам истайди. Нозиккўнгил Парижу довруқдор Ростислав Сусаневич билан; уммон ортидаги Кубадек Озодлик оролию уммон ўртасидаги Гонолулудек чин орол билан… Лекин унинг қони оламшумулларнинг қонига қўшилмайди, у ҳамма нарсани мураккаблаштириб юборган дунёга юзини терс буриб, ўзининг азалий йўриғида яшашда давом этади…

Агар шундай дейиш мумкин бўлса, Эркин Аъзам прозасини “кечинма, хотира прозаси; ишора прозаси; руҳият прозаси” деган бўлардим. Адиб асарларини кўнгилга ниҳоятда яқин этган дастаклардан бири лирик ибтидо бўлса, ундаги ижтимоий мазмунни кучайтирган жиҳат ишоравийликдир — биргина шунчаки ҳангомадек ривоят қилинган “Аралашқўрғон” ёки “Адашган: Маэстро Жийдалига келмоқчи”да, “Ёзувчининг боғи”да қанча ишора бор! Руҳият прозаси дедик; сабабки, Эркин Аъзамнинг нафақат бадиий, балки адабий-танқидий, публицистик асарларини ҳам ўқиганингизда, кучли бир психолог-руҳиятшунос ичингизни, хаёлларингизни титкилаётганга ўхшайди. Кўзгу қаршисида қолгандек бўлаверасиз, ўз-ўзингизга фош бўлишдан қўрқиб турасиз.

Эркин Аъзам кўпинча шунчаки бир воқеани ҳикоя қилаётганга ўхшайди. Кучли драматик ёинки фожеий вулқонни кутаверасиз, кутаверасиз… Аммо портлаш содир бўлмайди. Беккетча “Годони кутиш”дагидек. Ўткир сюжетлар, “гул — маъшуқ, булбул — ошиқ, баҳор — ёшлик” типидаги математик кўчимлар Эркин Аъзамга хос эмас. Адиб асарлари ғоянинг ўткир ҳидига, адабий пардозга ўрганган ўқувчи ёки адабиётшунос диққатини балки тортмас. Менга эса шундай туюладики, сюжетнинг ўша моделида адиб яшаган ва ёки умуман тарихнинг ҳар ерида учраши мумкин бўлган жамиятларнинг, умуман, ҳаётнинг аччиқ бир ҳақиқати муҳрлангандек: кутасиз, кутасиз, ҳеч нима содир бўлмайди…

Виссарион Белинскийнинг “Евгений Онегин” ҳақида бир гапи бор: “Гарчи унинг қаҳрамонлари ичида биронта тарихий шахс бўлмаса ҳам, бу сўзнинг тўла маъноси-ла тарихий поэмадир”, дейди у. Мунаққидга кўра, “Пушкингача рус поэзияси жуда деганда Европа созининг эсли ва зеҳнли шогирди эди”, “Евгений Онегин”да Пушкин уйғонган ижтимоий онгнинг вакили бўлиб майдонга чиқди, асл рус руҳини адабиётда илк марта ифода этди. Муқояса том эмасдир-у, бироқ Эркин Аъзамнинг асарларида ҳам тарихнинг шоён белгилари йўқ. У, асосан, инсонни инсон қиладиган қалб, туйғу, ўз-ўзини тафтиш, иқрор, инкор, исён, орзу, ўкинч, армонни ёзди. Мафкурабоп шов-шувли мавзу-ғояларга берилмади, мафкуранинг “эсли ва зеҳнли шогирди” бўлишни истамади. “Мени ёз” деганда ҳам ёзмасликка журъати етди: бу — Худо берган истеъдоднинг инсон изну ихтиёридан ташқари кучидир. Ҳув бошда эслатилган “белгили рамкалар”да ёзмади — шуниси билан адиб асарлари залворли тарихий асарлардир.

Эркин Аъзамнинг бадиий бўлмаган — адабий-танқидий, публицистик битиклари, фиқраю суҳбатлари ҳам худди ҳикоями-қиссадай тўхтовсиз ўқилади. Ишонмасангиз, кўп жилдликнинг илк китобини очиб, “Нов бошида икки момокалоним”ни ўқинг; фиқраларни, суҳбатларни ўқинг… Адибнинг беш томлик “Хамса”сини хатм қилиб, ўйладимки, Эркин Аъзам ёзувчи бўлмаганда, зўр адабиётшунос ё тилшунос бўларди. Ёзувчи бўлмаганда, зўр жамиятшунос ё психолог бўларди. Олим бўлса — академик бўларди. Худо унга бутун қилиб берган, ҳар не нарса-ҳодисанинг моҳиятини кўрадиган ўткир кўз берган. Адибнинг турли давралардаги оғзаки суҳбатлари, йўл-йўлакайдек айтилган гапларининг ўзида қанча адабиёт бор, қанча илм бор!

Адабиётни ҳаётининг бир рукни деб билган мендек одам — такрорласам айб эмасдир? — замонавий “Хамса”ни ўқиб, индамай кетиши мумкинми? Йўқ, албатта. Тўғриси, дафтару қоғозларга, китоб ҳошияларига белгиланган ёзувлар, иқтибослар, мулоҳазалар жуда-жуда кўп эди. Лекин уларни “Муҳаррир қайдлари” ҳолида яхлитлашга, узоқ фурсатларки, журъат етмади. Иқрорман, ҳайиқдим. Ўзбекистон халқ ёзувчиси. Кинолари халқаро мукофотлар олган, китоблари кибор Оврупода чиққан. Ҳикоя, қисса, роман, драма, киноасарлар, адабий-танқидий мақолалар, суҳбатлар, фиқралар… — архивда қолиб кетганлари, йиртиб ташланганлари демаса, Эркин Аъзамнинг қарийб ҳамма ёзганларини ўқидим, “Тафаккур”да адиб қўлида ишладим. Амин бўлдимки, Эркин Аъзам — миллий мадҳиямиз муаллифи Абдулла Орипов Чингиз Айтматов ҳақида айтганидек, “габарити жуда катта” Ёзувчи ва Шахс экан. Ёзганлари ва аъмоли уйғун, ўзганинг эркинлигини ҳам ўзиники қадар қадрлайдиган Инсон экан. Бундай одамлар, бундай асарлар ҳақида столга шартта ўтириб, шартта ёзиб ташлаб бўлмайди…

“Муҳаррир қайдлари” адабиётшунос ҳамкасблар ёки китобхон дўстларнинг таҳлил-хулосаларига, ҳатто адибнинг ўзи ўйлаган, айтмоқчи бўлганларига, эҳтимол, мувофиқ-мақбул келмас. Начора, адабиётнинг қонун-қоидаси шу. “Китоб ёзиб бўлингандан кейин унинг бош­­қа ҳаёти бошланади, у ўз муаллифи тасарруфидан чиқиб кетади”, дейишади. Китобни ҳар ким ўзича ўқийди. Диди, савияси, ҳаётий тажрибалари, ҳатто лаҳзалик кайфиятига кўра қабул қилади. Мен ҳам Эркин Аъзамнинг ёзганларига ўзимни қўшиб ўқидим, унинг адабий макону замонларини хаёлан тўлдириб ўқидим. Азиз китобхон дўстим, Эркин Аъзамнинг кўп томлиги — сизу биз учун чин байрам. Чунки дунё кутубхонасида ўзингизни қўшиб ўқийдиган асарлар жуда ҳам кўп эмас.

Нодира ОФОҚ,

филология фанлари

 доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − two =