Олий таълимда янги марралар сари ташланган қадамлар
“Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”. Фикримни ушбу ўлмас ҳикматли ибора билан бошлашимга сабаб, буюк жадид бобомиз Абдулла Авлоний таълим-тарбия масаласида ҳеч қачон бефарқ бўлмаслигимизни қатъий уқтириб кетгандек гўё.
Дарҳақиқат, бугун ҳам, эртага ҳам тарбия масаласи инсоният тараққиётининг бош мезони бўлиб қолаверади, зеро, миллат ривожи — юрт равнақи, бугунги таълим-тарбияга чамбарчас боғлиқдир.
Бугун Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланиб улгурди, бу эса барчамизни бирдай қувонтириб, келажакка бўлган ишончимизни чин маънода оширмоқда.
Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида сўзламасликнинг иложи йўқ.
Доно халқимиз “ошинг ҳалол бўлса кўчада ич” дейди, нега олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирмаслигимиз керак? Менинг назаримда, ҳар бир соҳада бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, юксалишлар ҳақида қанча гапирсак, шунча кам. Чунки улар замирида “эртанги тараққиёт — янги истиқбол” ётибди. Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ортга қайтмас, шиддатли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини англаш, ҳар бир янгиланиш ва ўзгариш юксак тараққиётга тамал тоши сифатида қўйилаётганини кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш барча зиёлиларнинг шарафли бурчидир. Зеро, бугунги зиёлилар Учинчи Ренессанс жадидларидир.
Шу ўринда мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини тубдан замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирди. Зотан, бу борада Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, “ортда қолишга ёки оқсашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ, халқ розилиги йўлида барча имкониятларимизни ишга солсак, бу ҳам адолатдан бўлади”. Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзига хос аҳамиятга эгадир, унда ўзаро узвийлик мужассамдир. Бу борада узвийликнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси” соҳадаги янги ислоҳотлар учун “компас” вазифасини бажариб бермоқда.
Олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳаёти ва мисолида тўхталадиган бўлсам, қарийб 100 йилга яқин тарихга эга университет нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ҳамда жаҳон иқтисодиётининг турли соҳаларида фаолият юритаётган юқори салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаб келмоқда. Университетни тамомлаган битирувчилар Марказий Осиё ва дунё миқёсида давлат ва нодавлат ташкилотларида турли даражадаги лавозимларда фаолият юритиб келаётгани ҳам, ушбу университетнинг нуфузи юқори эканлигини кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 февралда қабул қилинган “Иқтисодиёт соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига Тошкент молия институти ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтини қўшиш асосида қайта ташкил этилди.
Университетда 14 та факультет ҳамда 38 та таълим йўналиши мавжуд бўлиб, ҳозирда жами 45 мингга яқин талабага сифатли таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Университет қошидаги 2 та академик лицей ва 6 та техникумда профессионал таълим берилмоқда.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2500 га яқин профессор-ўқитувчилар фаолият юритиб, уларнинг илмий салоҳияти 60 фоизни ташкил этади. Бу борада ёш олимларни қўллаб-қувватлашга, уларни ҳар томонлама рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва илмий салоҳиятни ошириш юзасидан тегишли “Йўл харита” ишлаб чиқилган бўлиб, истиқболда 100 фоизга олиб чиқиш кўзда тутилган. Қувонарли ҳолат шуки, ёш олимлар ва тадқиқотчилар нуфузли хорижий ОТМлари билан илмий тадқиқот ишларини олиб бориш масаласида юқори даражада ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган, бу ўз навбатида олиб борилаётган илмий ишларнинг савиясини янада оширишга ва илмий натижаларни амалиётга кенг жорий қилиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалаларида қўл келмоқда. Университет ахборот-ресурс маркази фондида маҳаллий, хорижий ва замонавий адабиётлар жамланган.
Университетда ҳозирда барча таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича халқаро рейтинглардаги “ТОП-300” таликка кирувчи университетларнинг ўқув режалари ва фан дастурлари асосида янги малака талаблари, ўқув режалар ва фан силлабуслари ишлаб чиқилган. Испаниянинг Барселона университети, Буюк Британиянинг Лондон иқтисодиёт мактаби ҳамда Манчестер университети, Испаниянинг Валенсия университети ва Буюк Британиянинг Суррей университети кабилар шулар жумласидандир.
Университетда Буюк Британия, Австрия, Индонезия, Россия ҳамда Беларусь давлатлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилган. Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университети чет мамлакатларнинг 250 дан ортиқ олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик битимлари асосида иш олиб бормоқда.
Университетда илмий-амалий лаборатория ва инновацион тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда, 3 та йўналишдаги инновацион марказлар, илмий-амалий лабораториялар фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан, Нобель мукофоти соҳиби, профессор Рае Квон Чунг раҳбарлигидаги “Янги иқлим инновациялари маркази”, “Microsoft” компанияси билан ҳамкорликдаги ўқув-илмий лаборатория ва бошқалар шулар жумласидандир.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, университетда ўқув жараёнлари тўлиқ халқаро стандартлар асосида, таълимнинг кредит-модуль тизимида ташкил этилган. Ҳар бир таълим йўналишида инглиз тилида дарс жараёнларини олиб боришга ихтисослашган гуруҳлар мавжуд. Университетнинг 5 та таълим йўналиши халқаро аккредитациядан ўтказилганлиги жуда катта ютуқларимиздан бири ҳисобланади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети миллий ва халқаро рейтингларда юқори ўринларни қайд этиб келмоқда, хусусан, университет “QS Stars” рейтингида 5 юлдуз олган Марказий Осиёда иккинчи ва Ўзбекистонда биринчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. “QS WUR Asia” рейтингида Осиё қитъасида 401-ўринни, Марказий Осиё ОТМлари орасида 23-ўринни, Ўзбекистон ОТМлари орасида 3-ўринни қайд этган.
Университетда жами 10 дан ортиқ талабалар турар-жойларида талабалар вақтларини мазмунли ўтказишлари учун “Караоке” клуби, киберспорт хоналари ҳамда касб-ҳунар тўгараклари, алоҳида сузиш ҳавзаси, спорт мажмуалари ташкил этилган. Талабалар ўз иқтидорларини юзага чиқаришлари учун университетда турли маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Университетда “фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси” узлуксизлигини таъминлаш юзасидан соҳа ишлаб чиқариш ташкилотларида кафедра филиаллари ташкил этилган бўлиб, талабалар бевосита ўз мутахассисликлари бўйича турли тижорат банклари, молия ташкилотлари, суғурта компаниялари, бюджет ташкилотларида, кўплаб корхона ва ташкилотларда “5+1” шаклида амалий машғулотлар олиб боришади. Яна бир янги қувонарли тажриба қўлланмоқдаки, битирувчи талабаларнинг Битирув малакавий ишлари ҳимоялари ҳам 100 фоиз амалиёт жойларида ташкил этилмоқда, бу эса ўз навбатида истеъмолчилар учун кадр танлаш, талабалар учун эса ишга жойлашиш имкониятини бермоқда. Мазкур тажриба ўзини оқламоқда ва “назария-амалиёт” уйғунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Университет битирувчиларига мамлакатимизнинг иқтисодиёт ва бошқа соҳаларида талаб юқори эканлиги сабабидан битирувчиларнинг иш билан таъминланиш кўрсаткичи ўртача 98 фоизни ташкил этмоқда.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаларга кенг қамровли таълим, юқори малакали профессор-ўқитувчилар, амалий тажриба, халқаро алмашинув дастурлари, замонавий инфратузилма, тадбирлар ва клублар, илмий изланишлар, кампус ҳаёти, молиявий ёрдам каби имкониятлар тақдим этиши унинг нафақат маҳаллий ОТМлари орасида, балки халқаро даражада ҳам нуфузини ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, талабалар ўз устида ишлашлари учун Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (Association of Chartered Certified Accountants — АССА) билан ҳамкорликда АССА томонидан аккредитациядан ўтказилган “International institute of finance and accounting” инновацион илмий-ўқув стартап маркази, IT-парк ҳамкорлигида “Digital finance” инкубация ва акселерация маркази фаолияти йўлга қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, университет илм-фан, таълим ва инновацияларни ривожлантириш орқали иқтисодиёт ва инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ва келажак етакчиларини тайёрлашни ўзининг устувор мақсади деб билади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат таълим йўналишлари дунёда тан олиниб, университет халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтган олий таълим даргоҳларидан бири бўлганлигини қувонч билан эътироф этишимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030 стратегияси тўғрисида”ги фармонида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, Президентнинг 2024 йил 7 февралдаги “Иқтисодиёт соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам илмий фаолиятни жаҳон стандартлари асосида ташкил этиш, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада ошириш, илғор хорижий тажрибага эга илмий-педагогик кадрларни кенг жалб этиш каби масалалар устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад — таълим дастурларини халқаро талаб ва стандартларга мослаштириш, илғор хорижий тажрибаларни мамлакатимиз таълим тизимига жорий этиш ҳамда шу асосда бозор талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборатдир.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида юқорида келтирилган вазифалар ижросини таъминлаш, бугунги маҳаллий ва хорижий меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар тайёрлашда сифатли ва халқаро стандартларга мос таълим бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Амалий саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, университетнинг 5 та бакалавриат таълим йўналиши: молия, банк иши ва аудит, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, иқтисодиёт ва суғурта иши Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (IAAR (HAAP)) томонидан ишлаб чиқилган стандартларга мувофиқ халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди. Халқаро аккредитация агентлигининг сертификатини олиш бу — университетнинг таълим сифати даражаси бўйича халқаро миқёсда эътироф этилишидир. Эндиликда ТДИУ бакалавр дипломини олган битирувчи шу дипломи билан Европа мамлакатларидаги исталган ОТМ магистратурасида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Агентлик экспертлари бевосита аккредитацияга жалб этилган таълим йўналишларида таълим олаётган талабалар ва дарс машғулотларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар билан таълим жараёнини ташкил этиш ва унинг сифати юзасидан суҳбатлар уюштирган. Шунингдек, халқаро экспертлар университетнинг аккредитациядан ўтаётган таълим йўналишларини тамомлаган собиқ битирувчилари билан ҳам интервьюлар ўтказган. Корхона ва ташкилотларга ташриф буюриб, бевосита иш берувчилар билан халқаро экспертлар ўртасида бўлиб ўтган мулоқотлар натижалари таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Халқаро экспертлар Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори тарзда баҳолаб, ушбу ислоҳотлар кун сайин ўз самарасини бераётгани ва халқаро майдонда юртимизнинг нуфузи ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтишди. Бунинг яққол далили сифатида, университет таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтганлиги, таълим соҳасини модернизациялаш, таълим жараёнини янги технологиялар асосида ташкил этиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, таълим тизимини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол натижаси эканлигига алоҳида урғу берилди.
Олиб борилаётган барча ислоҳотлар, шунингдек, таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан ўтганлиги мазкур таълим йўналишларининг халқаро миқёсда тан олиниши ҳамда таълим сифатининг янги босқичга кўтарилганлигининг яққол исботидир, десак, муболаға бўлмайди. Олий таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни юксак марраларга олиб чиқиш йўлида қўйилган илғор қадамлардир.
Тўлқин ТЕШАБАЕВ,
ТДИУ ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор.