Мактаб — маънавият маскани
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба-ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ва интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, тарбия ўз моҳият-эътибори билан миллий, умуминсоний ва гуманистик мазмунга эгадир. Ҳар бир жамият ўз олдига етук, ҳар томонлама камол топган, ўзида бутун ижобий, олижаноб фазилатларни бирлаштирган авлодни тарбиялашни орзу қилади. Тарбияси оғир, маънавияти қашшоқ ёки маънавиятдан маҳрум бўлган одамдан бирор эзгулик кутиш мумкин эмас. Чунки у яхшилик ва эзгулик ҳақида умуман ўйламайди. Атрофга ва ҳатто ота-онаси, қариндош-уруғлари тақдирига ҳам бефарқ, лоқайд ҳолда яшайди. Тарбияли, маънавиятли инсон бугунги кун ва келажак ҳақида фикр юритади, шунингдек, келгуси ҳаёт ва турмушнинг равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга интилади.
Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, икки дунё саодатига эришиши, юртининг тараққиётига ҳисса қўшиши ва шу Ватанга муносиб бир фарзанд бўлишини таълим-тарбиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Буни биз қушнинг икки қаноти бўлмаса, осмонга кўтарилиб, кўкларга парвоз қила олмаганига қиёсласак бўлади. Шунинг учун таълим-тарбиянинг бир-бири билан узвий боғлиқлигига ва фарзандни камол топтиришда икки нарсани уйғунликда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Инсонда одоб ва тарбия бўлмаса, таълим олиш масаласи жуда қийин. Агар илм бўлса-ю, одоб-тарбия бўлмаса, у дунёда энг хавфли ва хатарли инсонга айланади. Чунки бундай кимсалар инсонлар бошига турли кулфат ва балоларни келтириши мумкин. Шунинг учун ҳам энг аввало тарбияга катта эътибор қаратилади. Агар ота-она ёшлигиданоқ ўша фарзандларининг тарбияси билан машғул бўлиб, яратилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланса, таълим-тарбия беришда мураббийларга ўз вақтида кўмаклашса, улар ўз юртига муносиб, аждодларига ҳақиқий ворис бўлишади. Ҳозирги ахборот дунёси билан бир-бирига қоришиб кетган “глобаллашув” деб аталган даврда фарзандларимизга яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олишни ўргатиш, аввало, ота-она ва мактабдаги устоз педагоглар олдида турган энг муҳим вазифадир.
Ана шу вазифани уддалаш учун Ангрен шаҳрида таълим соҳасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мактабгача ва мактаб таълими тизимида педагог ходимларимиз ва болажонларимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида тегишли дастурлар асосида 18 та ММТБ ташкилотларида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда.
Ангрен шаҳрида 42 та таълим муассасаси фаолият юритади. Яъни 39 та умумтаълим мактаби, 1 та махсус мактаб, 2 та мактаб-интернат ва 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби бор. 181 та мактабгача таълим ташкилоти (38 та давлат, 4 та нодавлат, 3 та ДХШ ва 136 та оилавий МТТ) мавжуд.
Ангрен шаҳридаги 42 та мактабнинг 18 тасида (42,8 фоиз) ўқиш жараёни 2 сменада ташкил этилган. Шунингдек, 6 та мактабда (4,6 фоиз) навбатлилик коэффициенти — 1,5 дан юқори.
Таълим сифати паст бўлган мактаблар сони 2023-2024 ўқув йилида мавжуд эмас.
2022-2023 ўқув йилида олтин медаль олган битирувчилар сони 61 нафар (5,1 фоиз) бўлса, 2023-2024 ўқув йилида 94 нафар (6,7 фоиз), кумуш медаль олган битирувчилар сони эса 2022-2023 ўқув йилида 1 нафар (0,08 фоиз) бўлса, 2023-2024 ўқув йилида 94 нафарга етди.
2023-2024 ўқув йилида Ангрен шаҳрида 3024 нафар ўқувчи (шундан 163 нафари имтиёзли, 2833 нафари оддий шаҳодатнома ва 28 нафари сертификат олган) 9-синфни, 1396 нафар ўқувчи (шундан 7 нафари кумуш, 94 нафари олтин медаль, 1295 нафари оддий аттестат олган) 11-синфни битирди.
Фан олимпиадаси республика босқичига 2022-2023 ўқув йилида 5 нафар ўқувчи йўлланма олган бўлса, 2023-2024 ўқув йилида 7 нафар ўқувчи йўлланмани қўлга киритган.
Ангрен шаҳар умумий ўрта таълим мактабларида 1000 доллардан ойлик оладиган ўқитувчилар сони 8 нафарга (7-мактабда 2 нафар, 16-мактабда 1 нафар, 20-мактабда 1 нафар, 21-мактабда 2 нафар, 33-мактабда 1 нафар ва 35-мактабда 1 нафар ўқитувчи) етди.
2020-2021 ўқув йилида 1 та (50 фоиз) мактаб (13-мактаб), 2022-2023 ўқув йилида 7 та (77,8 фоиз) мактаб (11, 12, 15, 24, 25, 27, 37-мактаблар) замонавий мактаб мақомини олган бўлса, 2023-2024 ўқув йилида 12 та (100 фоиз) мактаб (4, 6, 7, 8, 14, 17, 20, 29, 33, 34, 39, 43-мактаблар) шундай мақомга сазовор бўлди.
Ангрен шаҳридаги мактабларда ўқитиш 3 тилда (ўзбек, рус, тожик) олиб борилади. Шундан 22990 нафар ўқувчи ўзбек тилида, 5526 нафар ўқувчи рус тилида, 3017 нафар ўқувчи тожик тилида таълим олмоқда.
Ангрен шаҳар мактабгача ва мактаб таълими тизимида ҳозирги кунда 2148 нафар (1676 (78 фоиз) нафари аёллар) ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Шундан 1970 нафари (91,7 фоиз) олий маълумотли, 92 нафари (4,2 фоиз) тугалланмаган олий, 86 нафари (3,9 фоиз) ўрта махсус маълумотли педагог ходимлардан иборат.
Жами педагог ходимларнинг 282 нафари (13,1 фоиз) олий тоифали, 452 нафари (21 фоиз) биринчи тоифали, 540 нафари (25,1 фоиз) иккинчи тоифали, 696 нафари (32,4 фоиз) мутахассис ва 178 нафари (8,3 фоиз) ўрта махсус маълумотлилардан иборат.
2023-2024 ўқув йилида олий тоифадаги педагоглар сони 13,1 фоиздан 15,6 фоизга (+2,5), биринчи тоифадагилар сони эса 25,1 фоиздан 29,3 фоизга (+4,2) ошди.
Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қабул қилинганлиги рейтинги қуйидагича: 2023 йилда Ангрен шаҳрида 1191 нафар ўқувчи мактабни битириб, шундан 813 нафари (68,3 фоиз) талабаликка тавсия этилди.
Шаҳардаги 2 та мактаб “қизил”, 11 та мактаб “сариқ”, 29 та мактаб “яшил” тоифали ҳисобланади.
Шаҳарда 1642 та фан ва спорт тўгараклари, 39 та умумий ўрта таълим мактабида театр жамоалари, 4 та умумий ўрта таълим мактабида хор жамоалари ташкил этилган.
2023 йилнинг 5-7 декабрь кунлари Наманган вилояти Давлатобод туманида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида бўлиб ўтган “Ҳуқуқий-маърифий билимдон” республика кўрик-танловида Ангрен шаҳридаги 39-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Самира Мерзахметова 1-ўринни қўлга киритди.
Ангрен шаҳридаги 13-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Нозимахон Рустамова эса 2024 йил Зулфия номидаги Давлат мукофотининг ҳудудий босқичларида ғолиб чиқиб, республика босқичида тенгдошлари билан беллашиш бахтига муяссар бўлди.
2024 йил 25 апрель куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев “Телефонсиз мактаб” лойиҳасини фаол қўллаб-қувватлагани учун Ангрен шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабига 300 миллион сўм пул мукофотини топширди.
2 май куни эса Паркент туманида “Яшил макон” кўрик-танловининг вилоят босқичида Ангрен шаҳридаги 7-мактабнинг “Экозамин” жамоаси 1-ўринни олиб, республика босқичига йўл олди.
3 май куни Юқори Чирчиқ туманида бўлиб ўтган “Турон” мактаб театри танловининг вилоят босқичида Ангрен шаҳридаги 13-мактаб жамоаси 2-ўринни эгаллади.
43-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси 5 ташаббус доирасида ўтказилган китобхонлик фестивалида “Энг китобхон мактаб” танловида вилоятда фахрли 1-ўринни эгаллади.
Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Ангрен шаҳридаги барча таълим масканларида 2024-2025 ўқув йилида ҳам янада юксакроқ натижага эришиш мақсадида синфларни кўргазмали қуроллар билан жиҳозлаш, ўқувчиларни керакли ўқув адабиётлари билан таъминлаш ишлари ҳозирдан бошлаб юборилган.
Фарзанд — умримизнинг мазмуни, улар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгалари эканлиги, шунингдек, уларни асраб-авайлаб, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг, ҳар бир устознинг муқаддас бурчи эканлигини теран анлаган ҳолда, янги ўқув йилида ҳам педагогларимиз ота-оналар билан ҳамжиҳатликда ўқувчиларга пухта таълим-тарбия беришда давом этади. Зеро, вояга етмаган фарзандларимиз тарбиясига оилада ҳам эътиборли бўлсак, мактабда, мактабдан ташқари, кўчада нима ишлар билан шуғулланиб юрганликларини, атрофида қандай дўстлари борлигини билиб назоратга олсак, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлиш сингари одоб-ахлоқ хислатларини сингдириб бориш орқали уларни тарбияласак, юртимиз келажаги ишончли қўлларда бўлади.
Сарвар НУРИДДИНОВ,
Ангрен шаҳар Мактабгача ва
мактаб таълими бўлими бошлиғи.