Ҳамкорлик, ташаббус ва эзгу лойиҳалар
Соҳибқирон Амир Темур миллатимиз тарихида алоҳида ўрин тутган, эъзозу эҳтиромларга сазовор буюк сиймодир. У яшаган даврни тарихимизнинг олтин даври деб атаймиз, ушбу даврда иккинчи Ренессанс жараёни рўй берди.
Мамлакатимиз мустақиллигидан кейин тарихимизни янгидан ўрганиш, унга янгича назар билан қараш каби улуғ маданий жараён бошланиб кетди. 1996 йил 14 мартда Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро Амир Темур жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Халқаро Амир Темур жамоат фонди илк бора ўша йили — Соҳибқирон бобомиз таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган бўлса, мана бугун “Халқаро Амир Темур жамоат фонди” номида фаолият олиб бормоқда.
Фонд бугунгача жуда кўп машаққатли даврни бошдан кечирди. Эркини энди қўлга киритган навниҳол Ватаннинг ўтмиш ҳақиқатларини тиклаш Фондга ҳам, олимларга ҳам осон бўлмади. Изланишлар натижасида тарихимизнинг янгидан-янги қатламлари очилиб бормоқда. Бу эса халқимизни янада хушнуд этмоқда.
Бугунги кунда Халқаро Амир Темур жамоат фонди Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан бевосита ҳамкорлик асосида, баҳамжиҳатликда фаолият олиб боради. Айниқса, Президентимиз томонидан 2024 йил 26 августда имзоланган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларимизнинг такомиллашуви ва янада юксалишига кўмак беради.
Мазкур ҳужжатга кўра, Олий Мажлис, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини қўшиб юбориш ва уларнинг негизида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоҳида бўлинмалари ташкил этилиши ҳамкорликдаги ишларимизни янада мустаҳкамлайди. Негаки, Жамоат фонди каби Халқаро Амир Темур жамоат фондининг ҳам ҳар бир вилоятда бўлими ишлаб турибди. Жойлардаги вакилларимизнинг таклиф ва ташаббуслари эса ҳамкорлигимизга янада мазмун-моҳият бахш этади.
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг беғараз кўмаги, эътибори туфайли маълум тадбирлар амалга оширилмоқда, илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Хусусан, ўтган йили Шарафуддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома” китоби нашр этилди. Бу китоб Соҳибқирон бобомиз ҳақида ёзилган китоблар ичида энг ишончли манбадир. Китоб тақдимотида кўп тарихчилар, ёзувчилар, олимлар, ҳарбийлар вакиллари иштирок этдилар. Амир Темур ҳаётига бағишланган “Соҳибқиронга эҳтиром” номли шеърлар, достонлар, публицистик мақолалар бўйича халқаро танлов ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ижодкорлари қатнашдилар. Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида халқаро конференциялар уюштирилди. Мактаб ўқувчилари орасида “Амир Темур — менинг бобом” номли иншолар танлови ҳам жуда жонли ва қизиқарли ўтди. “Амир Темур ва Темурийлар даври сиймолари” рукнида “Амир Темур солномаси”, “Султон Ҳусайн Мирзо”, “Соҳибқирон ёди”, “Иброҳим Султон”, “Амир Темур ва Темурийларнинг молия ва пул сиёсати” номли бир қанча Амир Темур даври ва ҳаётига оид қизиқарли китоблар нашр этилди. Режалар кўп.
Фонд бугунги кунда ҳам янги даврда янгича руҳият билан ишлашни давом эттирмоқда. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ҳали ўзбек тилида нашр этилмаган, Амир Темур ҳақида ёзилган илк тарихий китоб — Ғиёсуддин Али қаламига мансуб “Ҳиндистон юриши кундалиги” китоби форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашриётга топширилди. Шунингдек, “Амир Темур сабоқлари” номли китоб икки тилда — ўзбек ва инглиз тилларида босиб чиқариш учун нашрга берилган.
Буларнинг бари Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг кўмаги асосида амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг номи юқорида қайд этилган фармонидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, нодавлат ташкилотлар, фондларнинг иши янада самара бериши муқаррар.
Муҳаммад АЛИ,
Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.