“Оммавий Ахборот Воситаларида миллий контент яратиш масъулияти”
Нурафшон шаҳрида иш бошлаган республика медиафоруми ана шу мавзуга бағишланди
Жорий йилнинг 30-31 июль – 1 август кунлари Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Оммавий ахборот воситаларида миллий контент яратиш масъулияти” мавзусида республика медиафоруми ўтказилиши белгиланган эди. Кеча Нурафшон шаҳрида ушбу медиа анжуман ўз ишини бошлади.
“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилаётган мазкур тадбирда республикамизнинг барча ҳудудларидан юз нафарга яқин ОАВ вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари, шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлигининг масъул ходимлари қатнашмоқда.
Медиафорумнинг очилишида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов ушбу медиафорум Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 26 июнь куни матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўлланган байрам табригида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилгани, бугун ахборот майдонини сифатли ва рақобатбардош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани, юртимиз ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиш долзарб аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
Анжуманнинг илк кунида “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири А.Мелибоевнинг “Босма ОАВда миллий контент яратиш масъулияти”, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Х.Худойбердиевнинг “Ижтимоий тармоқлар учун миллий контент тайёрлаш ва яратиш масалалари”, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Абубакр Ўрозовнинг “Интернет нашрларида миллий контент яратишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Медиафорум қатнашчилари Тошкент вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланмиш Нурафшон шаҳрида кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, аҳолига яратилаётган қулайликлар, ислоҳотлар самаралари, жумладан, Нурафшонда яқинда фойдаланишга топширилган “Медиа ходимлари ва ижодкорлар боғи”, ақлли шаҳарда барпо этилган маъмурий ва турар-жой бинолари, янги ўқув юртлари каби объектлар билан яқиндан танишиш имкониятларига эга бўлдилар. Шунингдек, Нурафшон шаҳрида бунёд этилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлигини бориб кўришди. Ушбу ёдгорлик Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган ўғиллари, садоқатли келинлари хотирасига барпо этилган. Иккинчи жаҳон урушида беш нафар ўғлидан жудо бўлган Зулфия ая Зокирова Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаб ўтган. Ўз ҳаёти давомида том маънода матонат кўрсатган аянинг умри келгуси авлодлар учун намуна мактабидир.
Медиа-тур давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими маъмурий биноси, ходим ва ижодкорлар учун яратилган шароитлар, 10 000 га яқин китобга эга кутубхона фаолияти, Уюшманинг вилоят бўлими қошида ташкил этилган “Нурафшон зиёси” – ёш журналистлар тўгараги фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имконияти бўлди.
Медиафорум иштирокчилари билан Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Вилоят раҳбари анжуман қатнашчиларининг кўплаб саволларига жавоб берди.
Иштирокчилар учун Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда етакчи бўлган, мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та йирик корхонадан бири – Олмалиқ кон-металлургия комбинатига пресс-тур ташкил этилади. Республикамиз иқтисодиётининг асосий драйверларидан бири бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинатида мис, молибден, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ишлари олиб борилмоқда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибига 6 та кончилик корхонаси, 5 та бойитиш фабрикаси, мис эритиш ва рух заводлари, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, марказий таъмирлаш-механика заводи, оҳак заводи, саноат темирйўл транспорт бошқармаси, автомобиль ва технологик транспорт бошқармалари, истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармаси, шунингдек, 20 дан ортиқ ёрдамчи цехлар ва лабораториялар киради. Комбинатда 35 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилиб келмоқда. Йилига 148 минг тоннадан ортиқ мис катоди, 90 минг тонна рух металли, шунингдек, олтин ва кумуш каби қимматбаҳо металлар, молибден, вольфрам, рений, селен, теллур ва кадмий каби ноёб металлар ишлаб чиқарилади. ОКМК 17 хил маҳсулотни 16 та хорижий давлатга экспорт қилади.
Форум доирасида Тошкент вилоятининг Паркент туманига ҳам ташриф уюштирилиши режалаштирилган. Паркент тумани ўзининг туризм салоҳияти билан вилоятда алоҳида ажралиб туради. Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда туманга 300 минг нафарга яқин туристлар ташриф буюрган бўлса, 2023 йили Паркент туманида 50 мингга яқин хорижий ва 900 мингга яқин маҳаллий сайёҳлар меҳмон бўлди. Тумандаги Кумушкон ва Чашма қишлоқларига расман “туризм қишлоғи” мақоми берилган. Кумушкон ва Чашма қишлоқлари табиати, тоза ҳавоси, яшаш тарзи, маданий мерос объекти ва зиёратгоҳлари билан минглаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Жорий йил туманда туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда сайёҳларга қулайлик яратиш бўйича кенг кўламли ободончилик ишлари ва туризм объектларини ташкил этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Тумандаги гастрономик туризм, экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми қаторига бу йилдан экстремал туризм қўшилди. Жумладан, Ҳисорак қишлоғида “Жампинг”, яъни баландликдан арқонда сакраш экстремал туризми ташкил этилди. Яна Самсарак қишлоғида ҳаво шарида сайр қилиш йўлга қўйилди.
Медиафорум иштирокчилари тумандаги “Заркент ота” зиёратгоҳида бўладилар. Шунингдек, “Физика-қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институтига ҳам ташриф уюштирилади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ахборот хизмати.