Париждаги вазифа аниқ эди!

Олимпиячиларимиз вазифани шараф билан бажаришди!
Ҳаммамизга маълумки, куни кеча Париж олимпиадасида юртимиз донғини дунёга таратган спорт делегациямиз Тошкент халқаро аэропортида кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш ва спорт турларида салоҳиятини намойиш этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганини таъкидлаб, олимпиячиларимизни унутилмас ғалабалари билан табриклади. Олимпиячилар номидан сўзга чиққан икки карра Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўстматов, Париж олимпиадаси ғолиби Диёра Келдиёрова спортчиларимизни қўллаб-қувватлаб турган Президентимизга миннатдорлик билдириб, келгуси мусобақаларда юксак ғалабаларга эришишга ваъда берди.
Олимпиячиларимиз ота-оналари номидан сўзга чиққан икки карра Олимпия чемпиони Баҳодир Жалоловнинг онаси Сабоҳат Ёқубова, Париж олимпиадаси ғолиби Улуғбек Рашитовнинг онаси Оксана Даниленко фарзандларини, спортчиларимизни қўллаб-қувватлаган Президентимизга, халқимизга самимий дил сўзларини изҳор этди. Бокс жамоамиз бош мураббийи Тўлқин Қиличев олимпиячиларимиз эришган оламшумул ғалабаларга тўхталиб, “Бизни шундай тантаналар билан кутиб олганингиздан хурсандмиз. Бундай эътибор ва ғамхўрлик келажакда янада юксак ғалабаларга эришишимизга қувват бўлади”, – дея дил сўзларини якунлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид ғолибларга бағишланган шеърини ўқиди. Тадбир сўнгида Ватанни, мардликни мадҳ этувчи қўшиқлар янгради.
Олимпиада ғолиблари ва совриндорларига Президентимиз совғалари – автомобиль, хонадон калитлари, пул мукофотлари топширилди.
Дарҳақиқат, Париж олимпиадасида спортчиларимиз 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритишиб, умумжамоа ҳисобида 206 давлат вакиллари ўртасида 13-ўринни эгаллади. Юртимиз тарихида янги зарҳал саҳифани очган олимпиадада вакилларимиз биринчи марта умумжамоа ҳисобида 13-ўринга кўтарилди, биринчи марта ўзбек қизи Олимпия чемпиони бўлди, биринчи марта ўзбегимнинг уч нафар фарзанди икки карра Олимпия чемпиони деган унвон билан шарафланди.
Биз олимпиаданинг муросасиз кечган мусобақаларида халқимизга олам-олам завқ-шавқ бағишлаган барча спортчиларимизни, уларни тайёрлаган мураббийларни, шу соҳага масъул мутасаддиларни залворли ғалабалари билан чин дилдан табриклаймиз, дунё миқёсида Ўзбекистонимиз шарафини улуғлаганлари учун уларга самимий миннатдорлигимизни изҳор этсак арзийди. Залворли ғалаба барчамизга муборак бўлсин!
Дунё миқёсида давлатнинг салоҳияти спортчиларининг ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси ҳисобланмиш олимпиадада қўлга киритган медаллари сони ва салмоғига қараб белгиланади. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев Токио-2019 олимпиадасида иштирок этган спорт делегацияси вакиллари билан учрашувда сўзлаган нутқида келгуси олимпиадада эришилиши лозим бўлган маррани аниқ белгилаб берган эдилар: “Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги олимпиадага 100 дан зиёд лицензияни қўлга киритиш ва медаллар бўйича етакчи 15 та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятларимиз бор”.
Албатта, олимпиада лицензияларини қўлга киритиш осон эмас. Уч йил давом этган кескин курашлардан сўнг спортчиларимиз 75 та лицензияга эга бўлишди. Гап сонда эмас, сифатда. Олимпиячиларимиз муросасиз курашларда Президентимиз томонидан олдиларига қўйилган вазифани ошиғи билан бажаришди, медаллар бўйича жаҳонда етакчи 13 мамлакат қаторидан жой олишди. Собиқ иттифоқ мамлакатлари бўйича эса биринчи ўринни қайд этди.
Ўзбек қизи — олимпия чемпиони!
Халқимиз бу тарихий ғалабани узоқ йиллар кутди. Биламизки, қадимий олимпиада эрамиздан аввалги 776 йилдан то милодий 394 йилгача ҳар тўрт йилда Грециянинг Олимпия шаҳрида ўтказилган. Замонавий олимпиада эса 1896 йилдан ҳар тўрт йилда ўтказиб келинмоқда. Юртимиз спортчилари мустақил жамоа сифатида 1996 йилги Атланта олимпиадасидан қатнаша бошлади. Ўтган олимпиадаларда ўзбек қизи медаль олиш тугул, ҳатто кўпчилигида қатнашмади.
Мустабид тузум даврида ўзбек қизини мамлакат терма жамоасига чақиришмасди, спорт майдонларига шуғулланишга келсалар, чиқиштиришмасди. Ўзбекистонимиз мустақилликка эришгандан кейингина ўзбек қизларининг спорт билан шуғулланишлари ва халқаро мусобақаларда қатнашишлари учун кенг имконият эшиклари очилди. Тўмарис, Барчиной момоларимиз авлоди бўлган қизларимиз нуфузли мусобақаларда ҳам ғалаба қозонишга қодир эканликларини исботлай бошлашди. Ниҳоят, Париж олимпиадасининг дзюдо бўйича 52 кг вазн тоифасида ўзбек қизи Диёра Келдиёрова Олимпия чемпиони бўлди ва ўз номини, мамлакатимиз номини олимпиада тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёздириб қўйди. Бу ғалаба қизларимизга Мустақиллик берган неъматлар тантанасидир! Шукурки, энди юртимизда ўзбек қизларининг камолга етишига, шонли ғалабаларга эришишига жон койитадиган фидойи бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Диёрани оламшумул ғалабаси билан кураш тугаганидаёқ телефон орқали табриклагани, эзгу тилакларини билдирганлари бунинг ёрқин исботидир!
Чорак аср илгари биров 1998 йил 13 июль куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани Пўлатчи маҳалласидаги оддий ўзбек оиласида туғилган Диёра (отаси Бахтиёр ака пахта тозалаш заводида ишчи, онаси Дилором опа боғчада тарбиячи) келажакда Олимпия чемпиони бўлади, деса, ҳеч ким ишонмасди. Ҳатто озғингина қизалоқнинг спортчи бўлишини кўз олдига келтира олмасди.
Бироқ бунга бувиси Гулсара момо ишонди. Ўзи набирасини тарбиялади, спорт ўйинларига қизиқтирди, шуғуллантирди (шунинг учун Диёра “Бувисининг қизи” номини олган). Олти ёшида Жумадаги болалар ва ўсмирлар мактабига етаклаб борди, дзюдо тўгараги мураббийи Хуршида Холиқовага топширди. Мураббийга Диёранинг машғулотлар пайтидаги тиришқоқлиги ёқди ва мусобақаларга қатнаштира бошлади. 2015 йили Диёра ёшлар ўртасида Ўзбекистон биринчилигида ғолиб чиққанини бувиси кўрмади…
Диёра бувисининг руҳини шод қилиш учун дзюдо билан янада қаттиқроқ шуғулланди, катталар ўртасида Ўзбекистон, Осиё чемпиони бўлди, Осиё ўйинларида ғолиб чиқди, жаҳон чемпионати, “Улкан тож” мусобақаларида совринли ўринларни эгаллади. Дзюдочилар орзуси бўлган “Улкан тож”ни ҳам қўлга киритди. Унинг спортда эришаётган муваффақиятлари муносиб баҳоланди: “Келажак бунёдкори” медали, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланди.
Ғалабанинг ғалабадан фарқи бор. Диёранинг Париж олимпиадасидаги рақиблари Олимпия чемпионлари, олимпиада ва жаҳон чемпионати совриндорлари эди. Яъни шу вазнда улардан бошқа зўри дунёда йўқ. Кескин ўтган жангларда Диёра ажойиб усуллар ишлатиб барча рақибларидан устун келди, миллий курашимиздан озиқ олган ўзбек дзюдо мактаби жаҳонда ўз ўрнига эга эканлигини исботлади. Шу боис Диёранинг ғалабаси дунё аҳлида ҳайрат уйғотди. Барча Диёрани самимий қутлади. Биринчилардан бўлиб хорижликлардан табриклаганлар орасида Япониядаги шаҳар ҳокими (ҳолбуки, унинг номдор юртдоши ҳам Диёрага ютқазганди), Англия элчиси ва бошқа арбоблар ҳам бор. Халқаро Олимпия қўмитаси расмийлари эса Лозаннадаги Олимпия музейига қўйиш учун Диёранинг финалда кийган кимоносини олишди. Ҳурмат-эҳтиромлар давом этади, мақолалар ёзилади, асарлар яратилади. Диёра Келдиёрованинг ғалабаси ана шундай эъзозларга, ардоқларга арзийдиган БУЮК ҒАЛАБА!
Қўш ғолиблик қувончи
Америкалик сузувчи Майкл Фелпс 23 карра Олимпия чемпиони ҳисобланади, яна унинг 3 та кумуш, 2 та бронза медали ҳам бор. Санайверсак, номдор олимпиячилар кўп. Париж олимпиадасида франциялик сузувчи Леон Маршан 4 карра Олимпия чемпиони бўлган, қўшимчасига битта бронза медалини ҳам қўлга киритган. Биз ўзбек фарзандининг икки карра Олимпия чемпиони бўлишини 24 йил кутдик. Халқимизнинг бу орзуси шу йили Париж олимпиадасида ушалди.
(Кимдир Доғистондан келган легионер спортчи Артур Таймазов эркин кураш бўйича мамлакатимиз номидан уч карра Олимпия чемпиони бўлган дея луқма ташлар. Халқаро Олимпия қўмитаси қайта текширувда Таймазов таҳлил учун топширган қонида тақиқланган моддалар бўлгани (яъни допинг қоидаларини бузгани) учун 2008 ва 2012 йилги олимпиадалардаги чемпионлигини бекор қилди ва ундан олимпиада олтин медалларини қайтариб олди. Таймазовда фақат 2004 йилги Афина олимпиадасидаги чемпионлиги қолган).
Барчамиз Ўзбекистон фарзандининг Париж олимпиадасида икки карра Олимпия чемпиони бўлишини ишонч билан кута бошладик. Токио олимпиадасида чемпион бўлган Улуғбек Рашитов таэквондонинг 68 кг вазнида даянга кўтарилди. Рақибларини бирин-кетин мағлубиятга учратди ва Улуғбек Рашитов Париж олимпиадаси чемпиони — икки карра Олимпия чемпиони бўлди!
Кўпчилик бокс мухлислари 51 кг вазнда рингга кўтарилган Ҳасанбой Дўстматовнинг ҳар бир жангини ҳаяжон билан кузатиб боришди. Ҳасанбой 2016 йилги Рио олимпиадасида чемпион бўлганди. Орадан саккиз йил ўтган бўлишига қарамай, у рингда жанговар ҳаракат қилди ва рақибларини катта устунлик билан енгди. Ҳасанбой Дўстматов ҳам Париж олимпиадаси чемпиони — икки карра Олимпия чемпионлигини қўлга киритди.
Ҳеч биримиз оғир вазнли боксчимиз Баҳодир Жалоловнинг ғалабасига шубҳа қилмагандик. У Токио олимпиадасида чемпион бўлганидан кейин ўтган йиллар давомида қатнашган барча мусобақаларида ғолиб чиққанди. Бу шонли анъанани Парижда ҳам давом эттирди. Баҳодир Жалолов ҳам Париж олимпиадаси чемпиони — икки карра Олимпия чемпиони бўлди!
Президентимиз икки карра Олимпия чемпиони бўлган бу спортчиларимизни ҳам телефон орқали табриклади ва уларга бундан кейинги нуфузли мусобақаларда ҳам ғалабали анъаналарини давом эттиришларини тилади. Ишончимиз комил, бу унутилмас ғалабалар ўзбек фарзандлари эришадиган катта муваффақиятларнинг бошланиши. Уч карра, беш карра Олимпия чемпионлиги нима бўпти, ҳали ўзбек фарзандлари дунё аҳлини лол қолдириб, кўп бора Олимпия чемпионлари бўлажак!
Олимпиада совриндорлари элда азиз!
Ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси ҳисобланадиган олимпиадада дунёдаги зўрларнинг зўри, кучлиларнинг кучлиси, эпчилларнинг эпчили бўлган иродаси мустаҳкам спортчилар медаллар учун курашади. Муросасиз курашларда олимпиада медалини олиш осон эмас. Тўғри, ҳар бир олимпиада медали умрга татийдиган қувончли лаҳзаларни ҳадя этади. Лекин ҳар бир медаль ортида спортчининг узоқ йиллик машаққатли меҳнатлари, ҳаяжон-изтироблари бор. Шу боис олимпиада совриндорлари элда азиз. Келинг, ҳурмат-эҳтиром билан Париж олимпиадасида совриндор бўлган спортчиларимизни номма-ном эслайлик.
Боксчиларимиздан Абдумалик Халоков (57 кг вазн тоифасида), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (71 кг) ва Лазизбек Муллажонов (92 кг) Парижда Олимпия чемпиони унвонига сазовор бўлишди. Юртимиз шаънини, ўзбек бокс мактаби номини улуғлаган чемпионларимизга Ҳасанбой Дўстматов, Баҳодир Жалоловнинг ғалабали йўлини давом эттиришига тилакдошмиз. Эркин курашнинг 74 кг вазн тоифасида Разамбек Жамолов (асли доғистонлик) медаллар жамғармамизга олимпиада олтин медали билан ҳиссасини қўшди. Бу олтин медаль жамғармамизда ҳеч қачон жамолини йўқотмайди, деган умиддамиз.
Оғир атлетиканинг 102 кг вазн тоифасида Акбар Жўраев ва таэквондонинг 67 кг вазн тоифасида Светлана Осипова Париж олимпиадаси кумуш медали совриндорлари! Биз Токио олимпиадаси чемпиони Акбар Жўраевдан фақат ғалаба кутгандик. Унга бироз омад етишмади. Аммо Акбарнинг келгуси олимпиадада икки карра Олимпия чемпионлари қаторидан ўрин олишига ишонамиз. Светлананинг ҳар бир жангини ҳаяжон билан кузатдик, қўллаб-қувватлаб турдик дейишимиз кам, гўё у билан бирга жанг қилдик. Бироқ, кумуш билан қаноатландик. Истагимиз, келгуси мусобақаларда Светлананинг кумуши олтинга айлансин, дилларимизга янада ойдин нурлар таратсин.
Дзюдонинг 100 кг вазн тоифасида Музаффарбек Тўрабоев, энг оғир вазнида Алишер Юсупов ва эркин курашнинг 57 кг вазн тоифасида Ғуломжон Абдуллаев, олимпиада медалини олиш учун охиригача курашганингиз учун ташаккур! Асабий кечган курашларда иродангизга таяндингиз ва ҳақли равишда бронза медали совриндори бўлдингиз. Сизнинг олимпиада бронза медали учун жон-жаҳдингиз билан курашганингиз ҳамон кўз олдимизда. Айниқса, Алишернинг япониялик басавлат Тацури Саитони татамига қандай ағдарганини унутиб бўладими?!
Муҳтарам олимпиада совриндорлари! Олимпиада тугади, вақти келиб ҳаммаси унутилади, дея ўйламанг. Сиз қўлга киритган олимпиада медаллари юртимиз, спортимиз тарихидан, халқимиз қалбидан абадий жой олди. Энди бу медаллар сизни халқимизга эслатиб тураверади.
Ким юрт учун медаль олса — мендурман ўшал!
Ҳозир олимпиада ҳавоси билан нафас олаётганимиз учун атоқли шоиримиз Мақсуд Шайхзоданинг машҳур мисрасини бироз ўзгартирдик. Чунки спортчи олимпиадада, аввало, юрти шаъни, ўзининг спортчилик ори учун майдонга тушади. Бундай эзгу эътиқодга содиқ спортчилар эса, албатта, олимпиада медалига сазовор бўладилар.
…Олимпиада баҳсларида жамоавий спорт турлари кўп. Айтайлик, футбол, волейбол, баскетбол, гандбол, сув полоси… Пляж волейболи учун икки нафар маҳоратли волейболчини топиш осонроқ. Стритбол (баскетбол 3х3) учун уч нафар эпчил баскетболчини жалб этиш кифоя. Ўйлаймизки, келгуси олимпиада баҳсларида она Ватанимиз вакиллари ана шундай жамоавий спорт турларида ҳам юксак натижаларга эриша оладилар. Бунинг учун эса Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар кам эмас. Фақат уларни тайёрлаш, тарбиялашга янада эътибор қаратиш зарур бўлади.
Париж олимпиадаси ҳам тарих саҳифасидан жой олди. Энди олимпиадага тайёргарлик ишларини, эришилган натижаларни холис таҳлил қилиш, келажак режаларини янада баландроқ олишимизга шубҳа йўқ.
Эндиги вазифа — “Лос-Анжелес-2028” олимпиадасига тайёргарлик ишларини жадаллаштиришдир. Негаки, бўлғуси олимпиадада Париж олимпиадасидан қуйироқ натижа кўрсата олмаймиз, тўғрироғи, бунга ҳаққимиз йўқ. Ҳозирдан жамоавий спорт турларида ҳам кўпроқ олимпиада лицензиялари олишга эътиборимизни қаратайлик. Чунки олимпиада юртимизга қўша-қўша медаллар тақдим қилиб, Ўзбекистонимизнинг салоҳиятини дунёга намойиш этадиган ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасидир!
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.