Маънавият олами — жасорат майдони

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” деб номланган китоби кўп йилдан бери иш столимда туради. Ваҳоланки, ишхонамдаги адабий-сиёсий китобларнинг умумий сони аллақачон мингтадан ошиб кетган. Чунки туман маънавият тарғибот бўлимининг раҳбари ишлайдиган маскан бундан бўлакча бўлишини мен тасаввур қилолмайман.

Нимасини яширамиз, айниқса, ке­йинги йиллари хонадонлардан, ҳатто китоб дўконларидан китоблар узоқлашиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Энг муҳими, бундай манзара жаҳоннинг энг тараққий этган мамлакатларида ҳам содир бўлмоқда. Масалан, кўпгина ривожланган давлатлардаги бошланғич синф ўқувчилари қалам-ручка билан ёзишнинг ўрнига компьютернинг босма ҳарфларини теришни афзал билмоқда. Хўш, ана шундай кўникмалар билан суяги қотган ўсмир китоб ўқишга вақтини сарфлайдими? Ё компьютер китобнинг ўрнини босадими? Шундай мазмундаги баҳслар мамлакатимизда, айниқса, ёшлар ўртасида ҳам давом этаётганлиги учун ўз фикримни айтаман: электрон технологиялар қанчалик ривожланмасин, компьютер ҳеч қачон китобнинг ўрнини босолмайди. Ваколатли мутахассисларнинг таъкидлашларича, айни бир асарни компьютердагига қараганда китоб нусхасини ўқувчи яхши ўзлаштирар экан.

Демак, бу компьютер ҳеч қачон китобнинг ўрнини босолмайди деганидир. Аммо мазкур мулоҳазани таъкидлаш билан кун сайин ҳаётимизга чуқур кириб бораётган компьютер имкониятларини, айниқса, унинг ҳайратомуз қулайликларини инкор этмоқчи эмасман. Лекин инсониятнинг ўн минг йиллик амалиёти — муқовага, жилдга жамланган китобни мутолаа қилиб, ҳузур топиш, дилга роҳат бериш, кўнгилни парваришлаб, маънавий етук­ликка етишиш саодати бизнинг кундалик ҳаётимиздан чиқиб кетмаслиги керак деб ҳисоблайман, холос.

Чунки инсоният тарихи — эзгулик тарихи дегани. Агар эзгу амаллар бўлмаганида, маънавий ёруғликка ҳар лаҳзада таҳдид қилиб турган қора кучлар — ёвузлик аллақачон оламни забт этиб, дунёни хонавайрон қилар эди.

Тўғри, тарих илми ёвузликларни ҳам ўз саҳифаларида батафсил тас­вирлайди. Бундай тафсилотлар кўнг­лимизни ёвузликка, зулмга қарши қайрайди. Ана шу тариқа одамда ёруғликка, яъни юксак маънавиятга интилиш туйғулари парвариш топади. Китоблар эса маънавият илмининг асосий манбаидир.

“Маънавият” тушунчаси баъзи бировлар ўйлайдигандек мавҳум, хаёлий тушунча эмас, балки муайян ҳаётга, аҳволга, ҳаттоки шакл ва мазмунга эга бўлган моддий тушунчадир.

Аммо қуёш оламга баравар нур сочгани билан айни бир жойда гул билан тикан баравар ўсади. Гул димоғни чоғ қилиб, ёруғ туйғуларга, гўзал орзуларга қанот берса, тикан товонга санчилиб, одамга азият етказади. Иборали қилиб айтганда, олам гулларга бурканиши, ҳеч бўлмаганда, тиканнинг азиятларидан омон қолмоқ учун нима қилмоқ керак? Чунки тикан ҳам қуёшнинг нуридан баҳраманд бўлиб ўсади ва бизнинг товонимизга санчилиб, жонимизни зирқиратади.

Нажот — юксак маънавият мақомига эришишда! Ота-боболаримиз мамлакатимиз яхлитлиги, халқларимизнинг мустақиллигини кўп орзу қилдилар, унга кўз тикиб оламдан ўтиб кетдилар.

Агар беш юз йиллик тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Соҳибқирон Амир Темур замонидан бери халқимизнинг боши ғавғодан чиқмаганлигини кўрасиз. Амир Темур буюк давлатга асос солди. Миллатимизни оламга танитди. Аммо Соҳибқирон оламдан ўтгач, тахт учун бўлган аёвсиз урушлар бу улкан давлатни парчалаб юборди. Ҳар қандай парчаланиш, бўлиниш эса миллат учун, халқ учун тиклаб бўлмайдиган талафот келтириши сир эмас. Ана шунинг учун ҳам ташқаридаги ғанимларимиз 150 йил илгари бу мамлакатни забт этишди. Собиқ Шўро мафкураси эса мустамлакачиликни чўққига чиқарди.

Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринганлар. Бу бежизга эмас-да. Қайсики эл ўзлигидан, тарихидан, тилидан, умум қилиб айтганда, маънавиятидан мосуво қилинса, ундай эл билан курашиб ўтиришга ҳожат қолмайди. Бундай эл – эллигини йўқотади. Жисми жонидаги ёвқур боболар қони жўш урмай қолади. Халқона айтганда еталатма бир қавмга айланиб қолади. Мана нима учун керак бизга – маънавият!

Мустақилликдан илгари 150 йиллик тарихнинг ҳар бир саҳифасида бу фикрларнинг исботини топмоқ мумкин. Қаранг-а, мустабидлик шу даражага етдики, миллат ўз динидан, тилидан, маънавиятидан, қадриятларидан жудо қилинди.

Халқимизда “Қўйни ўзининг ёғига қовурадилар” деган қанотли ибора бор. Иш шу даражага бориб етдики, миллатимизнинг вакиллари миллатни, қадриятни, демакки, унинг келажагини барбод қилдилар. Энг ёмони, тарихга қора чизиқ тортилди. Ваҳоланки, тарихий хотирасиз келажак йўқ. Бу ҳақиқатни мустамлакачилар ҳам яхши билганлари учун бир неча минг йиллик тарихимизни нафақат тилимиздан, ҳатто дилимиздан ҳам чиқариб ташлашга бир қадар эришдилар. Қаранг, бир шоир 1917 йилдаги Октябрь инқилобидан илгари туғилганлигига афсусланиб, мана бундай шеър ёзган эди: “Мен бир қаро тунда туғилдим, туғилдим-у, шу он бўғилдим”. Энг муҳими, бу сатрлар юз миллионлаб одамларнинг миясига қуйилди.

Камина сизга тарихий даҳшатлардан игнанинг учидайгина мисол келтирдим. Демоқчиманки, миллатимиз тарихини, демакки, унинг шону шавкатини оёқ ости қилишга сафарбар этилган юртдошларимизнинг бирови ҳам ўзларини маърифатсиз, маънавияти суст одамлар деб ҳисобламас, уларнинг аксарияти миллатнинг байроғи, унинг илғор вакиллари деб эълон қилинган ва бу фикр ҳеч кимда заррача бўлсин шубҳа уйғотмас эди.

Бундай кўнгилсиз тафсилотларни таъкидлашдан мақсад шуки, Ўзбекис­тон Мустақиллигининг пойдевори мус­таҳкам, барқарорлиги абадий бўлишини таъминламоқ учун бу муаззам салтанатнинг бир қарашда кўзга кўринмайдиган офатларини ҳам яхши билишимиз, соғлом, ҳушёр ақл билан англамоғимиз керак.

Чунки маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий ҳаракатлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.

Зотан, бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни, албатта, кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.

Энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юртга ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда.

Мамлакатимиздаги тинчлик, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликнинг таянч нуқталаридан бири бўлган соғлом маънавиятимизни дахлсиз асраш учун биз — Ўзбекистон фуқароларидан нима талаб қилинади?

Ҳозирги кунда маънавиятимизни асраш учун юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзлигини англаши, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқурроқ ўзлаштириши, бугунги тез ўзгараётган ҳаёт воқеаларига онгли қараб, мустақил фикрлаши ва диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшаши зарур.

Ўтган 32 йил мобайнида мустақиллигимиз катта синов йўлини босиб ўтди. Айниқса, ўтган асрнинг 90-йиллари жуда қийин кечди. Собиқ Шўролар Иттифоқининг иқтисодий сиёсати марказга қарамлик асосига қурилган, 6 миллион тонналик пахта етиштирамиз деб, далаларимиздан ғалла деярли чиқиб кетган эди. Марказий таъминот тўхтагач, бошқа нарсани қўйиб туринг, ун танқислиги катта таҳдидга айланди. Энг ёмони, эҳтиёжни қоп­лайдиган миқдорда ғалла етиштирмоқ учун на уруғлик, на бошқа нарса бор эди. Бир йилнинг ўзида 300 минг гектар майдон шахсий томорқа хўжаликларига ажратилди. Ва қисқа вақт ичида мамлакатимизда давлат секторидаги 6 млн гектар суғориладиган, 500 минг гектар лалми майдонларга буғдой экилиши таъминланди. Абгор бўлган, яъни марказий таъминот асосига қурилган хўжалик тизимини тиклаб, 1,5 млн гектар майдонда буғдой етиштириш, аслида, мислсиз қаҳрамонлик эди. Шунинг учун ҳам тарихан жуда қисқа муддат ичида ғалла мустақиллигига эришилдики, бу қаҳрамонликни Мустақилликка қўйилган ҳайкал билан қиёслаш мумкин.

Яна бир ҳақиқат! Ўтган йилларда бошланган жаҳон иқтисодий инқирози энг тараққий этган мамлакатларни ҳам ўз исканжасига олди: миллионлаб одамлар иш жойларидан ажралди. Бу уларнинг иқтисодини танг аҳволга олиб келди. Билиб қўйингки, ишсизнинг қулоғига гап кирмайди, қолаверса, истиқоматчилари оч мамлакатда тинчлик ҳам хавф остида қолади. Бунинг тасдиғини кўплаб давлатлар мисолида кўриб турибмиз.

Расмий ахборот манбаларининг маълумотларига қараганда, Европа давлатларида автомашина харид қилиш камайиб кетди. Бу — муайян мамлакат истиқоматчиларининг иқтисодий аҳволини аниқ белгилаб берадиган мутлоқ барометрдир. Аммо Ўзбекистонда автомашиналар харид қилиш олдинги йилларга қараганда икки баробарга ортган. Топгани дастурхонидан ортмайдиган одам миллионлаб пулини автомашина харид қилиш учун сарфламайди.

Агар мамлакатимизда маънавият тамойиллари барқарор бўлмаганида, ўшандагидай ва ҳозиргидай юксак иқтисодий натижаларга эришмас эди. Шунинг учун ҳам ҳурматли Юртбошимиз маънавият оламини жасорат майдонига қиёсладилар ва бу ўхшатиш айни ҳақиқатдир.

Ер юзидаги барча ўлмас обидалар, инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган жамики улуғ кашфиётлар ва ихтиролар, мумтоз адабиёт ва санъат дурдоналари, мардлик ва қаҳрамонлик намуналари одамзоднинг ақл-тафаккури, салоҳияти, маънавий жасорати маҳсулидир. Шунинг учун ҳам “бу ёруғ оламда жасорат нима?” деган саволга ҳеч иккиланмасдан: “Жасорат — бу маънавий жасорат”, деб жавоб берса бўлади.

Зотан, бундай юксак баҳога сазовор бўлишнинг ўзи ҳам маънавият аҳллари учун буюк мукофотдир: айтинг, шундай жасорат учун ўзни фидо қилмаслик мумкинми?

…Ўтган 7-8 йил давомида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларга қараб шундай хулоса қилиш мумкин: Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ишончли сиёсат Ўзбекистонни Янги Ўзбекистонга айлантирмоқда. Дунё юртимизни янгидан кашф этмоқда. Бу нафақат спортда, балки санъат, қишлоқ хўжалиги-ю, жамики тармоқларда бўй кўрсатмоқда.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Денов туман Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =