Сокин дарё тошганда…

 Кўпинча газеталарни кўздан кечирганда “ўз касбининг фидойиси”, “шу касб учун умрини бағишлаган” деган сўзларга дуч келаман. Тўғриси, инсон ўз касбини севмаса, ардоқламаса, “бу кўчага адашиб кириб қолгандай” ишлайди. Кўпинча умрини бесамар ўтказаётганини ўша шўрлик сезади ё умуман билмай бу дунёдан ўтиб кетади. Ҳақиқатни англаб етганида, кеч бўлади. Бу, аслида, аччиқ бўлса-да, очиқ ҳақиқат.

Таниқли журналист, адиб Ҳусан Эрматовнинг яқиндагина босмадан чиққан “Сокин дарё мавжлари” китобини ўқиб чиққач, ана шундай хаёлларга ҳам бордим. Бунинг барчасига иним Эрматов сабабчи. Ўз касбини севмоқ шунчалар бўлар-да, деган хулосага ҳам келдим. Аслида, китоб орқали сокин дарёнинг бир неча жойда “тошган”ига дуч келдим. Иккилансангиз, ишонмасангиз, китобни сиз ҳам мутолаа қилинг. Балки, қарашларимиз тўғри келиб қолар.

Касбга садоқат, ўз касби бугуни ва эртасини ўйлаганда, “сокинлик билан хайрлашиб”, маънавий бурчни бажармоқ мақсадида катта ижодкорнинг “ўзанидан тошиб чиқиб кетган”ини кўрарсиз. Бу китобга устоз Аҳмаджон Мелибоевдан ошириб баҳо бериб бўлмайди. Аҳмаджон ака бор гапни айтиб қўя қолган. Шундай бўлса-да, ниманидир айтгим, ёзгим келди. Тўпламни ўқиб чиқсангиз, жуда кўп саволларга дуч келасиз. Айримларига жавоб ҳам берилган. “Матбуотнинг умри тугади”, “Газета кимга керак?” дейдиганларга ҳам дуч келаяпмиз. “Сокин дарё мавжлари”да шундай гапларга жавоб бор.

“Жавоб шундай: матбуот керак эмас, деб бонг ураётганлар ҳақиқатдан қўрқувчилардир!”

Тўпламда: “Хабарингиз борми? Маърифатли жамиятларда газеталарга обуна тезкор равишда кўпаймоқда. Япония, Жанубий Корея, Туркия каби мамлакатларда газеталарга оммавий қайтиш бошланди.

Ишончим комилки, бу жамиятнинг маърифатлилик даражаси билан боғлиқ ҳолат. Бунда давлатнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Демак, газеталарга жаноза ўқишга тайёргарликни тўхтатиб туришга тўғри келади”, деган фикрлар кўпчиликни ўйлантириши, мушоҳадага чорлаши турган гап.

Хуллас, тўпламдаги асосий материаллар газетачилик, журналистиканинг бугуни ва эртаси ташвишларини ўз ўйи, ташвиши, дарди деб билган ижодкорнинг баъзан сал юмшоқроқ, айрим ҳолларда кескин хулосаларига дуч келасиз. Беихтиёр ўз касби қайғуси билан яшайдиган Ҳусан Эрматовлар сафи, ҳамжиҳатлиги кучайиши, кенгайиши керак, деган фикрга келасиз.

Жипслашган сафимиз кенг, кучли бўлганда, муаллиф ёзганидек: “Журналистикамизнинг эртаси қандай бўлади? Босма нашрлар яна қанча яшайди? Босма нашрларни сақлаб қолиш керакми? Уларнинг бу аҳволга келишига нималар сабаб бўлди?.. Саволларки, жавоби оғир, ечими мураккаб, ечимда бир қадар талаб­лар борки, ўзимизга боғлиқ эмас… Начора!” деган сатрлар ёзилмасмиди… Тағин билмадим.

Тўпламда Эрматовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси, сиё­сатшунос Қудратилла Рафиқов билан қилган залворли юки бор суҳбатидаги кўплаб сатрларни остига чизиб ўқиш керак. Суҳбатнинг “Тафаккур мустабидлиги — жисмоний қулликдан аянчлироқдир”, деган сарлавҳанинг ўзиёқ ўқувчини ҳушёр торттиради, ўйлашга мажбур этади.

Тўпламдаги машҳур санъаткор Ортиқ Отажонов хотирасига бағишланган “Ҳалол ҳофиз эди” номли эссени ўқиш орқали санъатшунос Эрматовга ҳам дуч келгандай бўлдим. Очиғи, Ҳусанбойнинг чин санъатни яхши билишидан яқиндагина хабардор бўлгандим. Ортиқ акани билганлар эссени ўқигач, уни қайтадан кашф қилишади, танишади. Суворалар ҳақидаги ўзига хос қарашларга дуч келишади. Бундай эссени ёзиш учун фақат қаҳрамонни билишнинг, яхши кўришнинг ўзи етмайди. Катта санъатнинг сирли, сеҳрли кучини ўргангандан ке­йингина шундай ёзиш мумкин.

Муаллиф ҳофизга “Сиз ҳам Ортиқ Отажонов мактабини очишингиз керак”, деган гапни айтади. Ўшанда катта санъаткор бир нияти борлигини, яъни Ўзбекистон радиосининг “Олтин фонди”да сақланаётган асарларнинг хато-камчиликларини бартараф этиб, ўзбек санъатининг мусаффолигига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш, бу ишга виждон амри билан киришиб, биринчи навбатда фарзандлари ва шогирдлари ижроларини нуқсонлардан тозаламоқчи эканлигини билдиради. Минг афсус, ҳофиз армонли орзусига эриша олмади. Бу ёруғ ­дунёни тарк этди. Эрматов шу ерда “Сўнгги пайтларда мени бир савол кўп қийнайди: машҳур ҳофизимизнинг ўша эзгу мақсадини кимдир амалга оширармикан?” деган саволни ўртага ташлайди.

Мавриди келгани учун шу саволга жавоб берсам. Радиодаги “Олтин фонд” ноёб хазина. Шу хазина кучини билган раҳматли Убай Бурҳон нафақага чиққач, қарилик гаштини ҳам четга суриб, ишга киришди. Убай акадан сўнг кексаликни тан олмасдан Жавлон ака ҳеч қандай маошсиз “Бисмилло” деб ишга киришганди. Иккисига ҳам (Аллоҳ раҳмат қилсин) катта ишни охирига етказиш насиб этмади. Ҳозирда ўзбек санъатининг билимдон фидойиларидан бири Нуриддин Аминжонов устозлар ишини давом эттираяпти. Унга Ортиқ Отажонов, Убай Бурҳон, Жавлон Тошхўжаевлар руҳи олдида ёруғ юз билан жавоб бериш насиб этсин. Акамиз дадил. Вақти бўш бўлиши биланоқ, фондга қараб йўл олади…

Ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифалар ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг энсаси қотиши бор гап. Қаерга бориб яхши таом егани, ё бўлмаса, яқинига қимматбаҳо машина совға қилгани билан мақтанган артистларга кўзи тушган ақли жойида бўлган ҳар қандай киши “Нима бўпти?”, “Кимга қизиғи бор?”, “Отарчи бола, ҳаммаям сенга ўхшаб бир кунда 2-3 минглаб доллар топмайди”, дейишлари мумкин. Лекин тармоқда юксак масъулият билан ёзилган, бамаъни чиқишлар борлиги ҳам ҳақиқат. Китобга сўзбоши ёзган устоз Аҳмаджон Мелибоев “Тўп­ламда яна бир эътиборли “янгилик” бор”, деб алоҳида таъкидлайди. Эрматовнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларига ўз муносабатини билдиради. Энди тўпламдаги “Мантиқий масала…” номли мулоҳазадан парча: “Шаҳарда қўшимча қурилиш қилишнинг мана бу томонларини (катта қувурларда янгидан сув тортилиши, газ қувурини янгилаш, канализация тармоғини тортиш назарда тутилган) кимдир ўйлаяптими? Ҳеч кўринмаяпти-да! Пойтахтдаги автотранспорт воситалари учун тураргоҳларни айтавериб, ёзавериб қўллар қаварди, фойда йўқ. Ўрнига фақат ер сотилади, савдо дўкони қурамиз, бир-биридан сифатсиз кўп қаватли уй қурамиз, тезроқ ва тезроқ бойишимиз, пул топишимиз керак, бизга бошқа нарсанинг қизиғи йўқ! Мана бугуннинг баҳоси!”

Бу сатрларни ёзиш ташқаридан қараганда осон туюлиши мумкиндир. Одамлар дарди, ташвишини чўчимасдан қоғозга тушириш, уни эълон қилиш ортидаги масъулиятни ҳамма ҳам тасаввур қилавермайди. Кимларнингдир оёғини босиб қўйиш мумкин. Ундан кейинги ташвишли кунлар… Бу жамият эртасини ўйлаган ҳақиқий журналистнинг, виждони уйғоқ қалб эгасининг ҳайқириғи эмасми? Бундай сатр­лар ижтимоий тармоқдаги Ҳусан Эрматовнинг ҳақиқатларидан бири, холос… Китобда бундай ҳақиқатларнинг бир нечасига дуч келасиз. Аслида, ҳақ гапни айтмоқ, ёзмоқ ҳақиқий журналистнинг бурчи. Бу бурчни ўзини журналистман, деганларнинг қўпчилиги қандай бажараяпти? Ҳа, Эрматовнинг тўпламида бундай саволлар жуда кўп. Энг асосийси, керакли саволлар…

Мақола сўнгида бир воқеа. Ўзбек журналистикасида Зиёвуддин Ортиқхўжаев деган ижодкор номи бор. Кўплар унга Зиё ака деб мурожаат қилишарди. Акамизнинг машинкага айтиб турган “Қамоқдаги муҳаббат” қиссаси туфайли у даврларда жуда машҳур бўлган “Ёш ленинчи” газетасининг ҳар бир сони бир неча минг нусхага ортганини ўша даврда газета бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган Аҳрор Аҳмедов кўп давраларда гапириб юради. Ортиқхўжаев кучли журналист эди. Минг афсус, сал дангасаликми, улфатсеварлигими, ё бўлмаса, ўзига ортиқча талабчанлик билан ёндашмаганиданми, акамиз кам ёзди.

Соппа-соғ юрган Зиё ака бирданига касалликка чалиниб қолди. Ташхис даҳшатли: саратон! Дўстлар тўпланиб кўргани бордик. Ака ўта дадил инсон эди. Ҳеч нарса бўлмагандай кутиб олди. Кўришдик, суҳбатлашдик. Аҳмедов бир тахлам газетани қўлига тутқазиб: “Бекордан-бекорга ўламан, деб қўрқитмай ўқинг”, деб ҳазиллашгандай бўлди. Газеталарни қўлга олгач, варақлагандан сўнг Зиё ака бирданига ўзгариб қолди. Қарасак, йиғлаяпти. Овоздан айрилгандай, икки кўзидан чиққан ёшлар газета саҳифаларига томаяпти. Кузатиб туриб, бўларимиз бўлди. Жимликни ҳам ўзи бузди: “Шунчалик эътиборларингиз учун катта раҳмат. Лекин мени тушунган арбоб укамга (у Аҳмедовни шундай атарди) газета учун минг бора раҳмат…”

Бу бутун ҳаётини журналистикага, газетчиликка бағишлаган инсоннинг газета ҳидига тўймаётгани, умр поёнидаги сўнгги сўзлари эканлигини қайдан билибмиз? Тез орада қадрдонимиз билан хайрлашдик. Уни билганлар учун Ҳасанбой қишлоғи ҳувиллаб қолганди…

Тўпламни ўқиб тугатгач, Зиё акамизни нега эсладим, деган хаёлга ҳам бордим. Ўйлаб қарасам, ўша куни раҳматли акамиз биз билан бирга, умрини бахшида этган қадрдон газетаси билан кўзда ёш ила хайрлашган экан.

Хуллас, Ҳусан Эрматовнинг бу тўплами умрини газетага боғлаган, нафақага чиққан бўлса-да, газетасидан узилмай умргузаронлик қилаётган журналистлар учунгина эмас, бошқа соҳаларда бўлса-да, ҳозирда кундалик иш фаолиятини эрталабдан газета ўқиш билан бош­лайдиганлар, адади камайиб кетгани учун ўз севимли газетасини вақтида олмаётганлар ва газета ўқиш ниятидан қайтмайдиганлар учун катта бир совға. Муносиб ушбу совға муборак бўлсин!

Анвар АБДУВАЛИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =