Ўгай она

Зокир баланд бўйли, келишган, меҳнаткаш, софдил йигит эди. Ота-онасининг қистови билан Робия исмли қизга уйланди. Бахтли ҳаёт кечириб, бир қувончига яна ўн қувонч қўшилиб, ширингина фарзандли бўлишди. Қизалоғига Сарвиноз деб исм қўйишди. Қизли бўлишгач, келиннинг қилиғи чиқа бошлади. Инжиқлик қилиб, турли баҳона ва важлар билан Зокирнинг жиғига тега бошлади. Бир куни Зокир ишдан чарчаб келганида Робия кечки таом ҳам тайёрламаган, уйларни ҳам саранжомламаган эди. Ўзи шундоғам чарчаб, боши оғриб турган Зокирнинг жаҳли чиқди. Аёлига қаттиқ гапириб юборди. Робия ҳам гина қилиб, аразлаб уйига кетиб қолди. Зокирнинг онаси кўп ўйлаб ўтирмади. Ажримга ариза ташлаб келди. Ҳаш-паш дегунча вақт ўтиб, суд бўлиб ўтди. Судда уларни ажратишди. Қизлари Сарвиноз ўртада қолди. Зокир қизи Сарвинозни четга чақириб: “Онанг билан қоласанми, қизим, мен биланми?” — деб сўради. Сарвиноз бу саволни кутмаган эди. Тўғриси, у ҳали кичкина бўлганлиги сабабли, бу гапларни тушуна олмас эди. Индамай мўлтираб, дадасига қараб тураверди. Онаси билан бувисиникида турганлиги сабабли, отасини жуда соғинган эди. “Онанг яхши аёл эмас. У сенга янги дада олиб келиши мумкин. Кейин янги дада билан қандай яшайсан? Агар сендан ким билан қолишни сўрасалар, мен билан қолишингни айтгин. Иккимиз ҳар куни боғни айланамиз. Сенга нима зарур бўлса, олиб бераман”. Зокир қизалоғи Сарвинознинг ўзи билан қолишини чин дилдан истарди. Шундай ҳам бўлди. Судда Сарвиноздан сўрашганида, отасини жудаям соғинган қизалоқ у билан қолишини айтди ва югуриб бориб, отасини қучоқлаб олди. Суд қарори асосида Сарвиноз отаси билан қолди. Даставвал Зокирнинг онаси келиб, таом тайёрлаб, уй ишларига кўмаклашиб турди. Кейин эса онасига ҳам ҳар кунги оворагарчиликлар малол кела бошлади. Кечқурун Зокирга яна уйланиш таклифини берди. Зокир унамади. Қизалоғининг ўгай она қўлида қолиб кетишини хоҳламади. Онаси қаттиқ туриб олди. Бироз кўз ёши ҳам қилди. Зокир: “Билганингизни қилинг”, — дея қизини боққа сайр қилдириш учун олиб чиқиб кетди. У ҳақиқатан ҳам қизини жуда яхши кўрар эди. Сарвинозни елкасига опичлаб, боғни айлантиришни яхши кўрарди. Зокирнинг гапи онасига ёқиб тушди. Маҳалладан қиз қидиришни бошлади. Қиз ҳам топила қолди. Қисқа фурсат ичида тўй ҳам бўлиб ўтди. Зай­наб бирин-кетин Зокирга икки фарзандни ҳадя қилди. Сарвиноз ҳам олти ёшни қаршилади. Зокир бош фарзанди Сарвинозни ўзгача яхши кўрарди. Бундан Зайнабнинг ғаши кела бошлади. Кечки таом тайёр бўлгач, нималарнидир баҳона қилиб, Сарвинозни кўчага чиқариб юбориш одатини чиқарди. Сарвиноз топширилган юмушларни бажариб, қайтиб келгунича кечки таом еб бўлинар эди. Дадаси уйидан, рўзғоридан кўнгли хотиржам бўлганлиги сабабли бемалол ишларини тугатиб, уйга кеч қайтарди. Сарвиноз эса бу маҳалда оч ҳолда ухлаб қоларди. Тунда ёстиғини қучоқлаб ётаркан, очлик хуруж қилиб, кўзига уйқу келмасди. Кўзларидан онасига бўлган соғинчи, очлик хуружи туфайли ёшлар қуйилиб келаверарди. Овози эшитилиб қолишидан қўрқиб, юзини ёстиғига босиб оларди. Дадасига айтай, деса, дадаси ўзи ишдан кеч қайтади, бунинг устига, жуда чарчаб келади. Нима қилади кайфиятини бузиб?.. Бир куни дадаси эртароқ ишдан қайтди. Сарвинознинг севинчи чексиз. Дадасининг тиззасига ўтириб олиб, дийдорига тўйди. Зокир қизини бағрига босиб, сездики, Сарвинознинг сочлари узоқ вақт ювилмаганидан пахмоқ бўлиб кетибди. Зокир хотинини койиган бўлди. Шундан сўнггина Зайнаб Сарвинознинг сочини ювишга киришди. Узун сочларини ювиш чоғида ғаши келиб, бошига бир мушт туширди. Сарвинознинг кўз ёшлари сув билан қўшилиб оқиб тушарди… Бир куни кечки таомланиш вақтида яна эски одати бўйича Зайнаб Сарвинозни кўчага, сув олиб келиш учун юборди. Ўзлари таомланиб ўтиришганида қўшниси Камол ака келиб қолди. Камол ака Зокирни кеча уйда кўрганлиги учун, бугун ҳам уйда, деб тахмин қилиб чиққан эди. Камол ака Сарвинознинг йўқлигини кўриб, таажжубланди. Ташқарида Сарвинозни излади. Сарвиноз бир челак сувни қорли йўлакда оёғи сирпаниб, амаллаб олиб келаётган эди. Камол аканинг жаҳли чиқди. Сарвинознинг қўлидан челакни олиб, уйга ўзи кўтариб кирди. Уйда ҳаммалари овқатланиб бўлишган, дас­турхон йиғилган эди. Камол ака Сарвиноздан “Овқатланасанми?” деб сўради. Сарвиноз эса совуқдан музлаб қолган қўлчаларини куфкуфлаб иситар, кўзларидан ёш оқарди. Томоғига йиғи келиб турганлиги учун гапира олмади. Камол ака Зайнабни роса койиди. Зокирнинг Зайнабга уйланишига сабаб ҳам Сарвиноз эканлигини, Сарвинозни парваришлаш учун уйланганини эслатиб қўйди. Зайнабнинг жаҳли чиқди. Лекин секингина узр сўради. Ичидан эрига айтиб қўйишидан қўрқди. Эртаси куни Камол ака яна келди. Камол ака кириб келиши билан Сарвиноз овқатланиб турган жойида қайт қилиб юборди. Сабаби, Зайнаб “мана овқатлантириш”, дея бир лаган шавлани Сарвинозга мажбурлаб едирганди. “Бошқа емайман, тўйдим”, деса ҳам, овқатлантириш шундай бўлади деб, ўзи қошиқ билан бир лаган шавланинг ҳаммасини едирганди. Сарвинознинг тун бўйи ошқозони оғриб чиқди. Кичик жуссасига бу дард ортиқча эди. Кейин боши ҳам бироз оғрийдиган бўлиб қолди. Сочини ювганидаги мушт зарбасиданмикан ёки кўз ёшлари ила уйқусиз тунлари туфайлимикан, Аллоҳга аён эди. Бир куни Зайнаб арқонни топа олмай қолди. Арқон унга болаларини чанада учириш учун керак эди. Зайнаб Сарвинозга ёпиша кетди. “Сен биласан арқоннинг қаердалигини! Топасан, топмасанг уйга қўймайман!” — деди жазаваси тутиб. Зайнаб билардики, бугун эри Зокир уйга келмайди. Сабаби, ишда навбатчиликда қолади. Сарвиноз кечгача совуқда кўчаларни айланиб, арқон қидирди. Арқоннинг тезроқ топилишини, тезроқ иссиқ уйга кириб, исинишини истади. Оёқлари музлаб қолди. Қишда эрта қоронғи тушади. Ҳозир ҳам арқон топилмасдан кеч кириб, атрофни зулмат қоплай бошлади. Сарвиноз қўрқиб, секингина уйга кирди. Оёғидаги музлаб қолган калишини ечиб улгурмасидан Зайнаб бақириб, арқон топилмагунча уйга кирмаслигини айтиб, ўшқирди. Сарвиноз лаб­лари титраб, ортга қайтди. У кўчага чиқиб, қўрққанидан ва совуқ еганидан қалтираб, у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Кўчада итларнинг ҳуриши кучая бошлади. Сарвиноз қўрқиб, ёзда овқатланишга ўтирадиган супа ёнига келди. “Арқон қани экан-а? — дея совуқдан кўкариб кетган лаблари билан пичирлади. — Топила қолса нима қиларкин-а?..” Сарвиноз секин супа тагига чўккалаб кирди. Унга шу ер бироз иссиқроқдек туюлди. Сарвиноз супанинг тагида исиниш учун кириб, барибир уйга киришига ўгай онаси йўл қўймаслигини билиб, онасини эслаб, хўрлиги келиб роса йиғлади. Кўзларидан оққан ёшлари совуқдан музлаб қолар эди. Сарвиноз супанинг тагида чўккалаб, ухлаб қолганини ҳам билмай қолди. Ярим кечаси тўлин ой чиққан чоғда Сарвиноз уйғониб кетди. Атрофни ой шуъласи ёритиб турар эди. Совқотиб уйғониб кетган қизалоқ кўзларини уқалаб, атрофга аланглади. Супанинг тагида ухлаб қолганини билиб, қўрқиб кетди. Дарров ёдига арқон излаётгани тушди. Супанинг тагида, шундоққина ёнида арқон ётарди. Ё Аллоҳим, қудратингдан!

Не сирки, кундузи топа олмаган арқон ёнгинасида экан. Сарвиноз арқонни олиб, чопқиллаганича ўгай онасининг ёнига югурди.

* * *

…Мана, неча кундирки, Зайнаб тўшакка михланиб қолди. Балки, қарилик аломатидир. Оёқлари зирқираб оғрийди. Бошининг оғришидан тунлари ухлай олмайди. Чоли Зокир отанинг қазо қилганига ҳам анча йиллар бўлди. Зайнабнинг ўғиллари уйлангач, онасини кам йўқлайдиган бўлишган. Ёнида эса ҳар куни иссиқ ва тансиқ таомлари билан парвона бўладиган Сарвиноз онасига овқат едиради, оёқларини уқалаб қўяди.

Гулсуной ЖАМОЛОВА.

Ангрен шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + fifteen =