Дил сўзлари. Ҳалоллик вакцинаси — энг катта куч

Улуғ адибимиз Саид Аҳмаднинг машҳур “Келинлар қўзғолони” спектакли ўз даврида шундай шуҳрат қозонган эдики, томошабин уни қайта-қайта кўриб, янги-янги қирраларини кашф қиларди. Ана шу асарда бир саҳна бор: ўғли қамалган аёл Фармонбибининг мелиса ўғлидан нажот сўраб онахонга мурожаат қилади. “Бошланишидан 5 минг рубль (ўша пайт жуда катта пул), ўғлим қамоқдан чиққанидан сўнг 10 минг сўм пул бераман”, дейди. Фармонбиби ўғилларини чақириб, бу гапни айтганида, уларнинг ҳаммаси бир овоздан: “Ойижон, нима буюрсангиз қиламиз, лекин бу ишни қилмаймиз”, дейишади.

 

Кўринишидан зиқна, ёғ тушса ялайдиган Фармонбиби, аслида, жуда ҳалол ва фарзандларини ҳам ҳалол луқма ейишга ўргатган аёлдир. Коррупцияга қарши курашиш мавзуидаги “Фармонбибининг ҳалоллик вакцинаси” номли мақолам “Халқ сўзи” газетасида чоп этилди ва кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Бугунги оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ҳақида кўплаб фикрлар, мулоҳазалар билдирилди. Мазкур мақола менга Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” республика танловида “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинациясида 1-ўрин ғолиблигини ҳам ҳадя этди.

Мавзу зўр, халқчил ва одамлар дилидаги дард ҳақида ёзилган бўлса, у эътироф этилишини мазкур танловда иштирок этиб англаб етдим. Танлов ҳақиқий маънода журналистни изланишга ундовчи куч эканини фақат мен эмас, бу йилги “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловида иштирок этган бошқа ғолиб ва совриндорлар фикрларидан ҳам билиб олиш қийин эмас.

Фахриддин БОЗОРОВ,

“Халқ сўзи” газетаси бўлим бошлиғи.

“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг

Босма ОАВ йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳиби.

 

Изланиш ва рағбат

Давлатимиз раҳбарининг “Мен журналистларни қўллаб-қувватлайман, уларнинг ортида мен турибман”, деган сўзлари биз учун мустаҳкам ишонч, рағбат вазифасини ўтайди. Бизни янада руҳлантириб, очиқлик, ошкораликни таъминлашимиз, воқеликларга холисона ёндашувимизда далда бўляпти, десак хато бўлмас.

Ижодий танловлар ҳақида гап кетганда эса доим миллий журналистика соҳасида ўзига хос мактаб яратган устоз ижодкорларнинг фаолияти кўз ўнгимизда гавдаланади. Журналистика уларнинг ҳаёт тарзи, умр мазмунига айланиб кетган. Биз эса уларга муносиб бўлишимиз даркор.

Энг муҳими, бугунгидек нуфузли ижодий танловлар миллий медиа соҳасини сифат жиҳатдан янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилаётгани қувонарли. Ўз навбатида яна улар биз-журналистларни, ижодкорларни кўпроқ изланишга, ўз устимизда тинимсиз ишлашга ундайди.

Назокат УСМОНОВА,

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бўлим мудири,

“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг

Интернет журналистикаси йўналиши бўйича

иккинчи ўрин соҳибаси.

 

Ғолиблар сафида…

“Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз”  шиори остида ташкиллаштирилган мазкур танловда ғолиблар сафида бўлишимни, очиғи, ўйламагандим. Бунга ҳатто умид ҳам қилмагандим. Чунки шундай нуфузли танловларда эътироф этилишим жуда қийин, биз каби ёш журналистларнинг танлов ғолиби бўлишига ҳали кўп қовун пишиғи бўлса керак деб юргандим. Ҳаяжондаман. Раҳмат. Бу чиндан ҳам мен учун байрам арафасида кутилмаган туҳфа бўлди.

“Нурафшон” телеканали ташкил топганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, шуни ишонч билан айта оламанки, салмоқли туркум кўрсатувлари мавжуд. Томошабинлар эътиборига тушаётгани ана шундан.

Шахсан мен «Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари” номинацияси бўйича айнан ўзимнинг муаллифлигимда тайёрланган бир нечта кўрсатувларни ушбу танловга тақдим этгандим. Уларда замонамиз қаҳрамонлари бўлган турли касб эгалари, қишлоқнинг меҳнаткаш танти инсонлари ҳақида ҳамда жадид боболаримиз ва бошқа бир қанча мавзулардаги кўрсатувлар тайёрлаб, томошабинлар эътиборига тақдим этиб келмоқдамиз.

Юқорида айтганимдек, кутилмаганда 1-ўрин олганимни эълон қилишди ва танлов ҳайъатининг бу холислигига тан бердим.

Халқимиз эътиборига тақдим этмоқчи бўлган энг сара кўрсатувларимиз хали олдинда деб биламан. Янги Ўзбекистонда ОАВ ходимларига яратиб берилаётган имкониятлар ижод аҳлини янада жўшқин меҳнат қилишга, изланишга ундайди. “Энг улуғ, энг азиз” сингари кўрик-танловлар катта аҳамиятга эга, албатта.

Хуллас, камтарона ижодий ишларим шундай юқори баҳоланганидан мамнунман. Бу эътироф — мен учун ҳали олдиндан берилган бўнак, рағбат эканлигини, ҳали яна кўпроқ ўқиб, изланишим жоизлигини ҳам яхши биламан.

Гулнора АТАДЖАНОВА,

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси

“Нурафшон ТВ” телеканали мухбири,

“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг

Телевидение йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳибаси.

 

Масъулият бор

Сўз ва фикр эркинлиги бугун ўз кучини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари доим сўз қадрини юксак тутувчи биз – журналистларни қўллаб-қувватлайди. Бундай юксак ишонч журналистга фақат ва фақат қанот беради. Демак, елкамизда масъулият бор. Шу катта вазифани, катта масъулиятни ҳамиша ҳис қилишимиз шарт.

Биласизми, ҳар бир ижодкор ўз фаолиятини таҳлил этади, холислик, ҳаққонийлик тарозисига солиб кўради. Шу маънода “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танлови оммавий ахборот соҳаси ходимларини ўз ижодига яна бир карра теран назар ташлаш, сарҳисоб этиш, изланишдан, олға интилишдан чарчамасликка даъват этаётгани билан аҳамиятлидир.

Танловда экология ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, ўзбек тилининг нуфузини ошириш, ёшлар маънавияти ва тарбиясини юксалтиришда миллий қадриятларимизнинг ўрни ҳамда ижтимоий мавзудаги танқидий-таҳлилий мақолаларим билан иштирок этдим. Ижодкор учун ютуқнинг катта-кичиги бўлмайди.

Бугунги ғолиблик эса менга ижодий изланишимда янада куч беради.  Қолаверса, соҳага қаратилаётган катта эътибор мамлакатимиздаги ижодкор зиёлиларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шароит ва имконият яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ҳам ана шу мақсад ва вазифаларга хизмат қилаётгани билан ғоят аҳамиятли деб ўйлайман.

Мен ҳали ёш журналистларданман. Олий ўқув юртини шу йил битирдим. Лекин республика миқёсидаги ана шундай нуфузли танловларда эътироф этилаётганим бу биринчи навбатда биз ёшларга эътибор, қўллаб-қувватлов туфайли бўлаётганини дилдан ҳис қилмоқдаман. Бу қадрли ишончни келажакда меҳнатим, тинимсиз изланишларим билан оқлашга ҳаракат қиламан.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири,

“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг

Босма ОАВ йўналиши бўйича иккинчи ўрин соҳиби.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 11 =