Меҳрли манзиллар тафти

Бир даврада ёш журналист дўстим Отабек Исроилов: “Раҳматилла Шералиев исмига монанд тилла инсон”, деб қолди. Бу фикрни қабул қилолмадим. Ахир бу исм Раҳматуллоҳ, яъни Аллоҳнинг раҳмати, Аллоҳнинг марҳамати деган маънони англатади. Самовий маънони ер тагидан чиқадиган маъданга менгзаш тўғримикан? Лекин гап бу ҳақда эмас, Раҳматилла Шералиевнинг менга кучли таъсир қилган китоби ҳақида ёзмоқчиман.

“Меҳр манзиллари”. Ёруғ, илиқ ном. Бу ном билан керак бўлса, катта бир достон ёзиш ёки шеърий тўпламни номлаш мумкин. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Раҳматилла Шералиев шоир эмас, журналист. Журналист бўлганда ҳам ёзгани мудроқ дилларни уйғотувчи журналист. У турли йилларда ёзилган бадиий публицистик мақолаларини бир китобга жамлаб, ана шундай ном берибди. Унга кирган мақолалар эса назмий асарлардан сира кам эмас. Негаки, етмиш ёш масъулиятини оқлаб келаётган журналистнинг ҳаётий ва ижодий захираси катта. Раҳматилла акадаги камтарлик, очиқ кўнгиллилик, хушмуомалалик ва бағрикенглик у кишини таниганлар қалбида доим ёруғ таассурот қолдиради.

Китоб Чингиз Айтматов ҳақидаги гўзал хотиралардан бошланади. Улуғ адибнинг талаба Раҳматиллага қарата айтган “Кўзинг ҳамиша очиқ бўлсин”, деган насиҳати бутун китобни ушлаб турган устундай таассурот қолдиради.

Мутолаа давомида нуроний журналистнинг ҳаёт давомида ана шу насиҳатга амал қилганини ва натижада кам бўлмаганини кўришимиз мумкин. Чунки 176 саҳифалик китобда Чингиз Айтматов, Турсуной Содиқова, Аҳмаджон Мелибоев, Аҳмад Исмоилов, Неъмат Аминов, Маҳмуд Тоир, Зарифжон Муҳаммаджонов, Фарида Усмонова, Фахриддин Умаров, Шарифа Салимова, Олимжон Ҳакимов, Малик Эгам, Ҳамид Норқул, Жибак Аҳатова ҳақида ҳали ҳеч қаерда ёзилмаган ҳикояларни, воқеаларни ўқишингиз мумкин.

Китоб мазмун жиҳатидан уч қисмга бўлинган. Биринчи қисм ўзбек адабиётида муносиб ўрин эгаллаган адиб ва шоирларга, иккинчи қисм “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлаган журналистлар фаолиятига, учинчи қисм эса муаллифнинг онаси Меҳри аяга бағишланган. Ана шу учинчи қисмдаги “Меҳр манзиллари” мақоласининг ўзини мустақил бир китоб, бир ажойиб асар, она ҳақидаги публицистик достон дейиш мумкин.

Бугун устоз табаррук ёшда. Бу ёшдаги машҳурларнинг аксари ўз хато ва камчиликларини тан олишга, ёшлар орасида тазарру қилишга ботинмайди. Улуғлар ҳақида ёзар экан, айримлар “Улар орасида биз бор эдик, кўриб қўйинг, биз кимлар билан ошно бўлганмиз”, деган иддаога берилиши мумкин. Лекин ушбу китобда бу ҳолат кузатилмайди. Муаллиф воқеаларга холис ёндашади, кўрганини ёзади. Агар воқеалар ривожида ўзининг иштироки бўлса, буни ҳам яширмайди. Кўрганини ва англаганини ёзади. Бу орқали ўқувчига ўйлаб кўриш учун имкон беради, тафаккурга ундайди. Аслида, китобдаги ҳар бир мақолани ўқиш жараёнида беихтиёр ўйга толганингизни билмай қоласиз. Хусусан, ўзим сўнгги саҳифадаги муаллиф сўнгсўзини ўқигач, нафис мажлислардан одатий шовқин-суронли ҳаётга бирдан мослаша олмадим.

“Меҳр манзиллари” босиб ўтилган йўллар хулосасини тақдим қилади. Беихтиёр муаллиф етган манзилларга сиз ҳам боришни истайсиз. Бунинг учун эса йўлни босиб ўтиш лозим. Аслида, бу китобни якунланган асар деб бўлмайди. Агар муаллиф ушбу китобнинг кайфиятини сақлаб қолиб, навбатдаги жилдларини ҳам тақдим этса, ўқувчиларга манзур бўлишига шубҳа йўқ.

Отабек БАКИРОВ,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 12 =