Наҳотки “Маданият”да маданиятшунослик ўқитилмаса?

Бугунги глобаллашув шароитида инсоният ҳаётининг муҳим, ажралмас қисми бўлган маданият соҳасининг ижтимоий ўрни тобора кучайиб бораверади. Шу боис Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маданият соҳасидаги олий таълимни янада такомиллаштириш мақсадида 2012 йили санъат ва маданият олий ўқув юртлари бирлаштирилиб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ташкил этилиши, 2017 йилда эса мазкур институтнинг Фарғона филиали очилгани, 2018 йил 28 ноябрда Президент қарори билан “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси” тасдиқланганлиги бу борада ислоҳотлар изчил давом этаётганидан далолат беради.

Шунга қарамасдан, маданият соҳасида баъзи муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқдаки, қуйида улардан бири ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Айни пайтда санъат ва маданият олий ўқув юртларини маданиятшунослик йўналиши бўйича тамомлаётган кадрлар мутахассислигига оид фаолият билан шуғуллана олмаётганлиги, содда қилиб айтганда, ўз соҳаси бўйича ишга жойлаша олмаётганлиги кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Улар ўз соҳаси бўйича ишлаш мақсадида маданият йўналишидаги барча муассасаларга мурожаат қилишса-да, ўзларига мос иш топа олмаганликлари учун кўпинча бошқа соҳаларда фаолиятини давом эттиришга, имкониятлари борлари эса иккинчи мутахассислик бўйича бошқа олий ўқув юртларида ўқишга мажбур бўлмоқдалар.

Бунинг боиси, республикамиздаги саноқли олий ўқув юртларидагина маданиятшунослик қўшимча фан сифатида ўқув дастурига киритилган. Устига-устак, бу фанга ажратилган дарс соатлари ҳам жуда кам. Айтиш жоизки, санъат ва маданиятнинг таянч нуқтаси бўлмиш Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг бакалавр босқичида таҳсил олаётган талабаларга маданиятшунослик фани деярли ўқитилмайди. Унинг ўрнига маданият тарихи фани қўйилган бўлса-да, бунга ҳам етарлича соат ажратилмаган. Ҳолбуки, маданиятшунослик фани Маданият вазирлиги тизимидаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқитилиши зарур. Бу ҳолатни таҳлил қилиш жараёнида айтиш лозимки, маданият тарихи фани маданиятшунослик тизимидаги фан ҳисобланса-да, айнан маданиятшунослик фанининг мазмун-моҳиятини очиб бера олмайди.

Шу ўринда маданиятшунослик фани ҳамда унинг вазифалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Маданиятшунос сўзи “маданият” ва “шунос” (билимдон, олим) сўзларининг қўшилишидан келиб чиққан бўлиб, маданиятшунос — бу маданиятни ўрганувчи, таҳлил қилувчи ва унинг турли жиҳатларини тадқиқ қилувчи мутахассисни англатади. Маданиятшунослар жамиятнинг маданий ҳаёти, қадриятлари, анъаналари, санъати, фалсафаси, дини ва бошқа маданий элементларини илмий жиҳатдан ўрганадилар ва таҳлил қиладилар.

Маданиятшунослик фани доирасида маданиятшунослар турли халқлар ва даврлар маданиятини солиштириб, уларнинг умумий ва ўзига хос хусусиятларини аниқлашга ҳаракат қиладилар. Бу соҳа ижтимоий фанлар, санъатшунослик, фалсафа, антропология ва тарих билан ўзаро боғлиқ.

Маданиятшунослик қуйидаги вазифаларни бажаради:

— маданий жараёнларни, маданиятнинг ривожланиш қонуниятларини, унинг жамиятдаги роли ва таъсирини таҳлил қилади;

— маданиятлараро мулоқот, турли маданиятлар ўртасидаги муносабатлар ва уларнинг бир-бирига таъсирини ўрганади;

— ўтмишдаги маданий ёдгорликлар, санъат асарлари ва бошқа маданий меросни сақлаш, тадқиқ қилиш ва уларни кейинги авлодларга етказиш йўлларини қидиради.

Маданиятшунослик фанининг мақсади — маданиятни кенг қамровли ва тизимли ўрганиш орқали жамият ва инсониятнинг маданий ривожланишига ҳисса қўшишдир.

Ушбу фаннинг мақсад ва вазифалари ҳамда жамиятдаги ролини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳар бир маданият ва санъат муассасасида маданиятшунослик фани асосий фан сифатида ўқитилишини тақозо этади. Маданиятшунос ўз вазифасини тўлиқ бажариши, жамиятнинг маданий қатламини, яъни миллий маданиятни сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиши учун етук кадр сифатида шаклланиши лозим. Бунинг учун эса таълимнинг энг қуйи нуқтасидан юқорисигача маданиятшунослик фанини ўқиб-ўрганиш талаб этилади. Аммо республикамиздаги барча ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларида маданиятшунослик фани ўқитилмайди. Оқибатда санъат ва маданият институтлари томонидан тайёрлаб чиқарилаётган маданиятшунос мутахассис кадрлар иш тополмай сарсон бўлишади.

Бу муаммонинг ечими, бизнингча, қуйидагича бўлиши керак:

— мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча мусиқа ва санъат мактабларида санъат тарихи фани соатларини кўпайтириш ҳамда ушбу фандан ўқувчиларга сабоқ бериш учун маданиятшуносларни таклиф қилиш;

— маданият ва санъатга ихтисослаштирилган барча мактабларда маданиятшунослик фанини биринчи фан сифатида камида бир йил ўқитиш ва шу соҳадаги барча олий ўқув юртларида, жумладан, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ҳам маданиятшунослик фанини асосий фан сифатида ўқитишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Юқоридаги тавсияларни амалга ошириш натижасида республика миқёсида миллий маданиятимизни ривожлантириш борасида қуйидаги ютуқларга эришилади:

  1. Маданият ва санъат йўналишида тайёрланаётган кадрлар маданият назарияси ва амалиёти бўйича чуқур билимга эга бўлади.
  2. Педагогик фаолият билан шуғулланувчи кадрлар келажакда ўз соҳасининг чуқур билимдони бўлишларига эришилади.
  3. Маданият ва санъат соҳасидаги ихтисослаштирилган мактабларда маданиятшунослик фани ўқитилмагани боис, у ердаги ўқувчилар маданиятнинг асл моҳиятини англамаган ҳолда таълим олмоқдалар. Агар бу фаннинг асосий фан сифатида ўқитилиши йўлга қўйилса, ўқувчиларнинг қизиқиши ортади.
  4. Маданиятшунослар ўз соҳалари бўйича фаолият олиб боришлари учун энг муҳим жиҳатлардан бири — янги иш ўринлари яратилади.

Хуллас, мамлакатимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг узвийлигини таъминлашга эришиш учун мазкур соҳадаги барча ходимларни жамиятда ибрат сифатида кўрсатишнинг асосий омили — маданиятшунослик фанининг чуқур ўқитилиши ва ўзлаштирилиши билан белгиланади. Зеро, ўз миллий маданиятини сақлаб қолган ва унинг бардавомлигини таъминлаган давлат ҳеч қачон инқирозга юз тутмайди.

Алишер ШУКУРОВ,

Маданиятшунослик ва номоддий

маданий мерос илмий тадқиқот

институти илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − six =