Автомобилни “ўйинчоқ” деб билаётганлар
Ўтган йил давомида 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, кўнгилсизликлар оқибатида 2 мингдан ортиқ киши вафот этган
Ҳозирги кунда дунё шиддат билан ривожланиб, инсон ҳаёти тобора равнақ топиб, фаровонлашиб бормоқда. Соат сайин илм-фан ва турмушнинг барча соҳаларида ихтиролар, кашфиётлар, янгиланишларга дуч келамизки, бундай ғаройиб ҳодисалар кишини баъзан ҳайратлантирса, баъзан ажаблантиради.
Хусусан, техника, технологиялар, автомобилсозлик борасидаги ривожланиш ақлни шоширади. Бу борада автомобилсозлик саноати изчил ривожланиб бораётган мамлакатимиз — Янги Ўзбекистоннинг ҳам ўз ўрни, ўз улуши бор. Бугун юртимизда тайёрланган замонавий машиналар дунёнинг кўпгина мамлакатларини забт этиб бормоқдаки, бу барча ватанпарвар юртдошларимизга фахру ғурур бағишлайди.
Аслида, йўл ва кўчаларда автомобилларнинг кўпайгандан-кўпайиб бориши аҳоли турмушининг яхшиланиб, иқтисодий аҳволи тобора ўнгланиб бораётганидан далолат. Ўтган асрларда эшак, от-аравалар, фойтунлар улов вазифасини бажарган юртимизда тарихан қисқа даврда “Damas”, “Nexia”, “Spark”, “Lacetti”, “Cobalt”, “Tracker”, “BYD” сингари замонавий автомашиналар ишлаб чиқарилмоқда.
Имконияти мавжуд ҳар бир инсон замонавий, кўпгина қулайлик ва афзалликларга эга машинага эга бўлишни орзу қилади ва шунга ҳаракат қилади. Шубҳасиз, ҳозирги даврда кундалик ҳаётимизни автомобилсиз тасаввур қила олмаймиз. Бу фикрнинг тасдиғини эрталаб ва кечқурун – йўллардаги тиғиз пайтларда амалда яққол кўрамиз. Пойтахтимизнинг нақ марказида, катта йўл ёқасида жойлашган ишхонамиз деразасидан кузатиб, кўп қаторли йўлда машиналарнинг сувдек оқаётганига гувоҳ бўламиз. Бу, албатта, яхши. Аммо…
Ҳозирда кўпгина хонадонларда бир-иккитадан, баъзиларида уч-тўрттадан ҳам машиналар бор. Уларнинг борлиги, кўплиги яхши, албатта. Ҳаётимизнинг кўрки, файзи бўлган, узоғимизни яқин қилаётган ана шу машиналарни бошқариб бораётган ҳайдовчилар йўлларда, кўчаларда йўл қоидаларига, аввалдан ўрнатилган йўл белгиларига амал қилиб боришса, ҳеч қандай кўнгилсизликларга дуч келинмайди. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, дейилганидек, уларнинг орасида йўл қоидаларига амал қилмасдан автомашина бошқараётганлар ҳам оз эмас. Автоаварияларни содир этаётганлар орасида вояга етмаган ёшдаги “ҳайдовчи”лар ҳам учраб туриши жамоатчиликни ташвишга солади. Гап автомашиналарни ҳам, ўсмир, баъзан ҳатто бола ёшидан ўтмаган фарзандларни ҳам қаровсиз қолдирмаслик ҳақида бормоқда.
Афсуски, сабаблар қандай бўлишидан қатъи назар, йўлларда содир бўлаётган автоҳалокатлар туфайли жабрланаётганларнинг катта қисмини мактаб ўқувчилари ташкил қилаётгани ҳам кўнгилни хира қилади. Масалан, шу йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида “BYD” автомобили юқори тезликда келиб, тўққиз ёшли мактаб ўқувчисини уриб юборди. Оқибатда бегуноҳ қизалоқ касалхонага олиб борилган вақтда вафот этади.
Келинг, шу ўринда статистик маълумотларга назар ташлайлик. Биргина ўтган йилнинг ўзида 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Кўнгилсизликлар оқибатида 2 мингдан ортиқ киши вафот этган.
Ҳар бир инсон яхши ният қилиб, янги машина олади. Улардан фақатгина қоидаларга амал қилиб, ҳаракатланиш талаб қилинади, холос. Афсуски, бунга айрим ўзига бино қўйган, мол-давлатига маҳлиё бўлган кимсалар амал қилишмайди. “Пул бўлса, чангалда шўрва” дегандек, автомобиль бошқариш ҳуқуқини берадиган ҳужжатни ташкил этилган ихтисослашган амалий курсларда ўқимасдан, ҳеч қандай синов-имтиҳондан ўтмасдан “сотиб олаётганлар” борлиги ҳам сир эмас. Ёки урчиётган муаммолардан бири, айрим “янги бой”лар ҳали мактабда ўқиётган фарзандларига қимматбаҳо машиналар олиб беришади. Эрка, тантиқ фарзанд эса ўртоқлари, синфдошлари билан кўчада тезликни ҳаддан зиёд ошириб, йўл қоидаларини бузади. Кўряпсизми, бир эътиборсизлик орқасидан иккинчи жиноят келиб чиқмоқда…
Айрим ҳолларда ҳали ўзини босиб ололмаган ёш йигитлар ўртасида норасмий пойгалар уюштириш оқибатида оғир йўл ҳаракати ҳодисалари содир бўлади. Бунга ижтимоий тармоқлардаги маълумотларда кунда-кунора дуч келяпмиз. Масалан, Навоий вилоятида икки нафар ёш йигит иккита “BYD” машинасини бошқариб, ўзларича пойга ўйнашган. Улардан бири пиёда йўлагидан ўтаётган ўқувчи – қизалоқни уриб юборади. Ҳаётда ҳали ҳеч нарсага эришиб улгурмаган, орзу-ниятлари мўл бўлган ёш қиз босар-тусарини билмаган “ҳайдовчи” сабаб бу ёруғ дунёни тарк этди. Бу аянчли ҳолат кенг жамоатчиликнинг ҳам жиддий эътирозига сабаб бўлди. Ахир қизалоқнинг ота-онаси, яқинлари қанчалар оғир аҳволда қолгандир?
Афсуски, баъзилар спиртли ичимлик ичиб автомобиль бошқаришади. Бунинг натижасида кўплаб авариялар содир бўлади. Ҳозирги кунда ҳар бир қоидабузарлик учун муайян жарима белгиланган. Шу жумладан, ичкиликка ҳам маъмурий қамоқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача жазо қўлланилади.
Йўллардаги ўлим билан якунланаётган кўнгилсиз ҳодисалар ва аварияларни оддий ҳолат деб, уларга бефарқ қараб бўлмайди. Замоннинг ўзи уларга ғоят жиддий эътибор қаратишни, ҳар бир нохуш ҳолат бўйича жиноятга йўл қўйган ҳар бир шахс қонуний жазоланишини тақозо этади. Чунки ўртада энг мўътабар зот, яъни инсоннинг тақдири, ҳаёти турибди.
Ҳайдовчиларнинг энг асосий камчиликларидан яна бири йўлларда хавфсизлик камарларини тақишдаги қонун-қоидаларга амал қилмасликдир. Улар орасида хавфсизлик камарларидан асосан тезликни аниқловчи камераларга яқинлашганда фойдаланиш одат тусига кирган. Бундай қилиш, албатта, нотўғри. Сабаби, жорий этилган чора-тадбирларнинг барчаси ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг ҳаёти, хавфсизлиги учун, уларнинг ўз мўлжаллаган манзилларига соғ-саломат, тўрт мучаси соғ ҳолда етиб олишларига қаратилган. Шуни унутмасак бўлгани!
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ