Қолган ишга қор ёғди
(Фельетон ўрнида)
Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тезкор топшириғига биноан 2023 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри аҳолисини қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар тўғрисида”ги 23-сонли қарори қабул қилиниб, унда пойтахтнинг саккизта маҳалласида замонавий иситиш қозони қуриш белгиланган эди. Кўп ўтмай Учтепа туманидаги маҳаллалардан бирида дастлабки иситиш қозони фойдаланишга топширилганини, тантанада Президентимиз қатнашганини телевизорда кўриб қувонган эдик. Чунки биз истиқомат қилаётган Миробод туманидаги Шароф Рашидов номли маҳалла ҳам қарорга киритилган ва рўйхатнинг бошида бўй кўрсатиб турарди.
Ўша кунлар мутахассислар келиб жой танлаганини, ҳадемай иш бошланишини маҳалла оқсоқолидан эшитиб, каттаю кичикнинг хурсанд бўлганини айтмайсизми?! Узоқ йиллардан бери иссиқлик қувватисиз қиш азобини тортиб келаётганидан қутуладиган бўлади-ю, севинмайдими, севинади-да! Афсуски, сувни кўрмай этик ечиб қўйибмиз. Лов этиб ёнган олов дарров ўчди-қолди. Биз эса яна ёза-ёз-у югур-югурга тушдик. Туман иссиқлик қуввати корхонаси, пойтахт ҳокимияти ва вазирликлар мутасаддилари биздан, биз улардан бездик.
Ўтган йил давомида “Hurriyat” ва “Жамият” газеталарида босилган танқидий мақолаларни соҳа раҳбарларининг қўлларига тутқазишимизга қарамай, бугунга қадар биронтаси қиё боқмади.
Хуллас, ҳукуматимизнинг қарорини етарлича бажара олмаётган идораларнинг масъуллари халқнинг дардига дармон бўлишни қачон ўрганишади? Аслида, Президентимизнинг “Одамлар раҳбарлар олдига эмас, раҳбарлар одамлар ҳузурига бориши шарт” деган оқилона гапига амал қилиб, бир соатгина вақтларини қизғанмаганларида, салкам уч минг кишилик маҳалла ўз ёғига қовурилиб, юрак ҳовучлаганча ўтган қишни электр иситкичлар билан ўтказмас, шу кеча-кундузда хонадонларидаги совуқдан-совуқ батареяларига дам-бадам кафт босиб турмаган ва қишнинг аёзли бир ойини шу аҳволда ўтказиб, биринчи қорни қалтираганча кутиб олмаган бўлармидилар…
Начора, чиқмаган жондан умид деганларидек, ёзу кузни ўтказган соҳа мутасаддилари бир ойдан бери эътирозларимизни эшитиб, эшитмаганликка олаётганликлари натижасида қолган ишга қор ҳам ёғиб бўлди.
* * *
Шароф Рашидов номи билан аталган маҳалла пойтахтнинг қоқ белида. Кўп қаватли уйлардан иборат бу маскан 1966 йилги ер силкинишидан сўнг, қайта қурилган. Иссиқлик қувватини Тошкент аэропорти яқинидаги Яккасарой тумани ҳудудида 1960 йилларда бунёд этилган иситиш қозонхонасидан олади. Кейинги ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида оралиқдаги бир-икки қаватли уйлар ўрнини юзлаб кўп қаватли бинолар эгаллади. Иссиқлик қуввати етказиб берувчи корхона эса ўша-ўша. Табиийки, у бугунги эҳтиёжни қондира олмайди. Бунинг устига, маҳалламиз энг охирги нуқта. Туман иссиқлик корхонасидагиларнинг кабинетдан чиқмай телефонда айтадиган важи ҳам битта: “Биз керакли миқдордаги иссиқликни уйгача етказиб беряпмиз, бошқасини билмаймиз. Эътирозингизни хизмат кўрсатувчи компанияга айтинг!” Компания эса: “Йўқ иссиқликни қаердан топиб бераман?” демоқда? Тўғри-да, қозонда бўлса, чўмичда чиқади. Йўқни йўндириб бўлмайди-ку. Шу боис неча йиллардан бери “бор отангга, бор онангга” қабилида иш тутилиб, азобни маҳалла аҳли тортиб келяпти. Қанийди, соҳанинг ҳолвани еб ўтирган казолари маҳаллага келиб, ҳақиқатни айтса. Йўқ, буни ҳеч қайси бири лозим кўрмайди. Далил учун аввалги қишлар машмашаларини қўя туриб, кечагисидан гапирайлик.
Қиш қишлигини қилиб, жойларда иссиқлик қуввати бутунлай сусайиб қолгани, трансформаторлар бардош беролмай бурқсиб тутагани, ёнгани, аҳолини довдиратиб қўйганини соҳа раҳбарлари ҳали унутмагандирлар. Бу ташвишдан астойдил азият чеккиб, соҳанинг катта-кичик идораларига соатлаб қўнғироқ қилганимиз, ёзма мурожаатларимизга раҳбар зоти қулоқ тутмагани ёдга тушиб, юрак эзилиб кетади. Ҳаттоки давлатимиз раҳбарининг виртуал қабулхонасига қилган мурожаатлар ҳам фойда бермади. Туман ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда иссиқлик қуввати корхонасига қилган тинимсиз қўнғироғлардан сўнг келган назариётчи ва амалиётчилар хонадонларимиздаги батареяларга қўл теккизиб, аҳвол танглиги сабабларини излашга киришдилар. Иссиқлик босими пастлиги ошкор бўлгач, қўшни маҳалладаги барча кўп қаватли уйларнинг иссиқлик тарқатувчи қурилмалари шайбасини қисқартириш орқали масалани ечиш мумкин деган қарорга келдилар. Икки ҳафта давом этган бу ишдан самара бўлмагач, назариётчилар ҳам, амалиётчилар ҳам ими-жимида ғойиб бўлишди. Биз эса…
Уй ичида қанчалик иссиқ кийинмайлик, совуқ заҳри болаларнинггина эмас, биз катталарнинг ҳам жонимиздан ўтди. Тинимсиз йўтал, иситма, қалтираш дорихонадан дорихонага зир югуртирди. Уй четидаги хонадонлар зах тортиб, девор ва шифтлар моғорлаб, сувоқларининг кўчиб тушиши дард устига чипқон бўлди. Аянчли бу аҳволни кўрган туман иссиқлик корхонаси ходимлари музей экспонатини томоша қилгандай бош чайқаганча чиқиб кетавердилар. Иссиқлик етарли бўлмаганлиги оқибатида рўй берган зарарни қоплаш у ёқда турсин, қайта ҳисоб-китоб қилиш учун тузилган, имзо ва муҳр қўйилган далолатномаларни ўз қўли билан қабул қилиб олган корхона директори жаноб М.Абдураҳимов тўрт йилдан буён истеъмол қилинмаган иссиқликни қайта ҳисоб-китоб қилиш ўрнига, худди биз жиноятчидек, дағдағали тўлов қоғозини юборишдан ҳузур қилаётганга ўхшайди. “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор?” деганлари шу-да. У ва унинг тепасида турган соҳа раҳбарлари бизнинг ҳолимизга тушсалар нима қиларканлар? Бошга тушганни кўз кўрар деб ўтираверармиканлар? Ўтириб бўптилар! Дарвоқе, маҳалламиздаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи компаниялар ризқ-насибадан айрилиб қолмаслик учун 40, 60 ва ҳатто 200 га яқин хонадонларга эга кўп қаватли уйларга озгина бўлса-да, илиқлик бахш этиш мақсадида қайтиб қозонга бориши керак бўлган сувни оқова тизимига оқизиб қўйганларидан, натижада юзлаб (балки минглаб) тонна сув исроф бўлганлиги учун кимдир жавоб бериши керак-ку ахир!
Ушбу масала бўйича Миробод тумани ҳокими қабулида бўлганимизда, бундай ноқонуний ишнинг асосий жавобгари Абдураҳимов мазкур саволга: “Компанияларни жаримага тортдик”, дейиш билан чекланди. Хўш, уч-тўрт компания уч миллион сўмдан тўлаган жаримаси билан муаммо ечилиб қолдими ёки иситиш учун миллионлаб сўм сарфланган ўша илиқ сув жойига қайтиб бордими? Йўқ, албатта! Унда бу қишда нима бўлади? Баҳор ва ёз ўтиб, бирон-бир иш қилинмагач, нима бўларди?! Ўтган қишни азоб билан ўтказганимиздан хабардор бўлган мутахассислардан бу йилги қишда ҳам аянчли “саргузаштлар”га тайёр туришимиз кераклигини эшитганимда, ушбу дил дардини ёзмасликнинг иложи бўлмади.
Энди мана бу мисолга эътибор беринг. Кечаги қишнинг айни қирчиллама палласида хонадонимга туман иссиқлик корхонаси ходими Бахтиёр исмли ёш йигит кириб келди.
Салом-аликдан сўнг, у канализацияга оқизиб қўйилган сув учун тузилган далолатномаларга маҳалла раиси қўл қўймаётганлигидан нолиб қолди.
— Шунинг учун келдингизми? — сўрадим ундан.
У бир даста қоғоз кўрсатиб, менга тикилди:
— Сиз имзолаб беролмайсизми?
— Йўқ! — дедим мен кесиб. — Бунга мен ваколатли эмасман.
Йигит столни айланиб ўтиб, батареяни ушлаб кўрди.
— Қўлингиз куймадими?
У индамади. Биз хайрлашдик.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 2024 йилнинг 15 январь числоси билан “VEOLIA ENERGY TASHKENT” МЧЖ ХК Бош директори А.Хаитметовнинг 36-09/4 рақамли хатини олиб, ёқа ушладим. Менга ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосарига йўлланган бу хат мантиқсиз ва саводсизларча ёзилган бўлиб, у қип-қизил ёлғон ва бўҳтондан иборат эди.
Биринчидан, мен бу МЧЖ ХКга ёзма мурожаат қилганим йўқ.
Иккинчидан, менинг хонадонимдаги иссиқлик 26 даражалигини ким аниқлади?
Учинчидан, МЧЖга ёзма (?) муносабат билдиришдан бош тортган эмишман.
Тўртинчидан, иссиқлик бўғини кўрсаткичлари меъёрида ишлаётганмиш.
Бешинчидан, Бахтиёр исмли ходим томонидан тузилган узуқ-юлуқ ва ҳеч нарсани англатмайдиган далолатномага ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир М.Абдураҳимов нимага асосланиб имзо чекди?! Ўзи билан ходимидан бошқа ҳеч ким қўл қўймаган бу далолатнома сохта ва асоссиз эканлигини наҳотки жаноб Хаитметов пайқамади? Ахир бу бориб турган кўзбўямачилик-ку!
Шаҳар ҳокими ўринбосари билан шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари хатнинг моҳиятига эътибор бермай, алданиб ўтиргани ўта бефарқликнинг аломати эмасми? Эҳтимол, улар ҳам қуйидагиларга ишониб, юқоридагиларни ёлғон жавоб билан хотиржам қилган бўлсалар, ажабмас.
Шу боис “Hurriyat” газетасининг шу йил 21 февраль сонида “Ким кимни алдаяпти?” номи билан Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “VEOLIA ENERGY TASHKENT” МЧЖ ХК мутасаддиларига очиқ хат йўллаб, маҳалламиз аҳолиси қишни кўп йиллардан бери иссиқликсиз ўтказиб келаётгани сабабларини кўрсатиб, кичик иситиш қозони қуриш турли баҳоналар билан пайсалга солиб келинаётгани, бу билан ҳукуматнинг тегишли қарори бажарилмаётгани хусусида аччиқроқ гапиришга мажбур бўлдим. Буни қарангки, айтиб ўтилган вазирлик ҳам, ҳокимият ҳам бугунга қадар на “ҳа” деди, на “йўқ”. Кейинроқ бу нуфузли идоралар вакиллари телефонда шундай жавоб бердилар: “Қурилиши керак бўлган иситиш қозони ускуналари чет мамлакатлардан сотиб олинади. Ҳозир маблағ йўқ. Имкон бўлганда аста-секин қурилади…” Ана, холос. Битта иситиш қозонини қуришга топилган пул иккинчисига топилмаса-я?! Демак, “ҳолва пиш, оғзимга туш” деганча, тиш тақиллатиб ўтираверарканмиз-да.
Шуми одамларнинг мурожаатига, газеталарнинг адолатли танқидига муносабат? Соҳа жиловини маҳкам тутиб турган мутасаддилардан кутилган натижа шу бўлса, бу ёғи нима бўлади?! Бу саволларга ким ва қачон жавоб беради? Қаҳратон қиш эса яна қиличини ёлонғочлаб келган бўлса?!
Нуриддин ОЧИЛОВ