Ўйнаб эмас, ўйлаб иш қилинг!

Телефонда антиқа дастур бор экан. Олд камерани ёқиб, “фильтр”ни ишга туширсангиз, у сизни Одри Хепбёрн каби сулувга айлантириб қўяркан. “Энди билдингми, биз буни қанча вақтдан бери ишлатиб юрибмиз”, дегувчилар шошилмасин. Гап буни мен билиш-билмаслигимда эмас, гап бошқа ёқда.

Фейсбукда бир аёл  (унинг неваралари бор) яқинда ўзи билан боғлиқ бир воқеа ҳақида пост қилибди. Тармоқдаги ўз саҳифасига бир-биридан гўзал (фильтрланган) расмларни жойлаганидан сўнг, унга SMS ёзғучиларнинг сони кўпайиб кетибди. Аёл гўзаллик шайдоларининг бир нечалари билан дўстона муносабат ўрнатиб, улар билан ёзма мулоқот қилиб келибди. Баъзан уларнинг ҳаммасига жавоб ёзишга вақт тополмас, “жентельмен”ларнинг ҳар бири у билан соатлаб тармоқда суҳбатлашишни истар экан.

Нима бўлибди-ю, бир ўспириннинг қайсидир гуруҳда “личкангизга ёзганимга уч кун бўлди, илтимос қараб юборинг”, деган ёзувига кўзи тушибди. Аёл “шахсий”га қараса, чиндан ҳам ўқилмаган хабар бор экан. Жавоб ёзибди. Бирон ойча ёзишиб юришгач, бола “видеочақирув орқали гаплашайлик” деб илтимос қилибди. Аёл эътироз билдирмабди, лекин ўзаро суҳбат чоғида кўринишни ўзгартирадиган ўша дастурдан фойдаланибди. Улар деярли ҳар кун суҳбат қуришар, аксарият ҳолларда бу суҳбатлар телефонда кўришиб, сўзлашиш билан кечарди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ ўша бола ўзига салкам тенгдош тасаввур қилиб юрган аёлга боғланиб қолади. Илк танишган пайтдан то шу кунга қадар аёл ҳам унга бор гапни гапирмаган, ўзини ёш қиз деб таништириб, у билан ҳазиллашиб келган.

Минг афсуски, реал ҳаётда мавжуд бўлмаган қиёфани – сиймони ёқтириб қолганди ўша йигитча. Экраннинг нариги тарафида турган “қиз” эса аслида бир кампир эди.

Ҳалиги йигитча энди у билан жиддий гаплаша бошлайди. Уни севиб қолганини, уйланиш нияти борлигини айтади. Шунда аёл қандай катта хатога йўл қўйганини тушуниб етади. Илло, энди ҳеч нарсани ўзгартира олмас, пушаймонликдан ҳам ҳеч бир фойда йўқ эди. Ўзи қўрққан иш бўлди. Ҳақиқатни айтганида, йигитчанинг қалби чилпарчин бўлди. У телефонни ўчириб қўйди ва ҳеч қачон қайтиб алоқага чиқмади. Аёл узр сўраш ва далда бериш учун бир неча карра боғланишга ҳаракат қилиб кўрди, фойдаси бўлмади. Боғланолмади.

Орадан бир неча кун ўтиб, нотаниш хотин унга телефон қилади. Билсаки, у ўша боланинг онаси.

Аввалига у ҳам бу аёлни расмдаги қиз деб ўйлади. Ўғли уни севиб қолганини, йўқ демаса, Фарғонадан Тошкентга совчи бўлиб бориб, келин қилишини айтди. Қаҳрамонимиз бор гапни айтса ҳам йигитнинг онаси ишонмайди. Ўғлининг аҳволи ёмонлигини, кундан-кун ранги сўлиб бораётганини айтиб, ундан тобора хавотир олаётганини билдириб йиғлайди. Бир марта ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган экан. Бошқа чора қолмаганди: икки аёл Тошкентда кўришадилар. Лекин бу билан масала ечилиб қолмайди. Билиб-билмай бир йигитнинг қалби билан ўйнашиб қолган аёл энди нима қиларини билмай, тармоқ аҳлидан маслаҳат сўраяпти.

Тўғри, ҳамманинг ҳам ёш кўрингиси келади. Лекин, бу иш билан бошқаларнинг туйғуларини, ҳисларини топтаб қўйиш адолатдан бўлмайди-да. Бунинг ҳам уволи бор. Хулоса ўзингиздан…

Ҳамзабек ТУРДИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =