Халқни тинглаш, англаш, қўллаш вақти…
Кейинги пайтларда халқимиз ҳаётининг муҳим соҳаларига масъул бўлган раҳбар шахсларнинг ҳамма кўриб, кузатиб турган минбарлардан, интернет тармоқлари орқали айтиб юборган айрим фикр, хулосалари юзасидан ижтимоий тармоқлар кузатувчиларининг қизғин, кескин, норозилик кайфиятидаги, баъзан кинояга ўралган баҳсу мулоҳазалари гуриллаб чиқиши, анча муддат давом этиши одатий тусга кириб қолаётгандек. Тўғри, ҳаёт баҳсу мунозараларсиз бўлмайди. Баъзан тўғри йўл ёки ечим хилма-хил мулоҳазаларни биргалашиб муҳокама қилиш натижасида топилади. Ҳар ким ўз таклифини илми, тажрибаси, ҳаёт ҳақиқатлари билан ҳимоя қилади. Ҳа, табиат ва ижтимоий ҳаёт қонун-қоидаларига тескари айтилган ҳар қандай гап сўзловчисини… жуда юмшоқ қилиб айтганда, хижолатга қўйиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда катта мунозараларга сабаб бўлган, энг эътиборлиси, зиммасига халқ тақдири билан боғлиқ катта масъулият юкланган ва шу сабабли нонни катта тишласа ҳам, сўзларни етмиш саралаб гапириши шарт бўлган айрим шахслар оғзининг бир бурчагидан чиқиб кетаётган ғалати фикрлар…
“Интернет фойдаланувчилари халқ эмас”.
“Тошкентда яшаётган бўлса, 5 кишидан иборат оилага яшаши учун 2,5 млн ойлик етади. Буни иқтисодчи ҳисоблаб чиққан…”
“Оддий ҳайдовчи сифатида айтмоқчиман, биз болаларимизни ҳар куни боғчага ёки мактабга олиб борамиз. Агарда бола ойнаси қоп-қора машинанинг ичида ўтирса, бу унинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Бола атрофини унинг бор ранглари билан кўргани маъқул”.
“Вилоятлардан келадиган машиналарни Тошкент шаҳрига навбат-график асосида киритиш керак. Пойтахтимизга келмоқчи бўлганлар пул тўласин, шунда тирбандликнинг олдини олган бўламиз”.
“Нима учун биз “тунги клубларни” очиб қўямиз, нима учун назорат қилмаймиз? Нима учун хуфиёна фоҳишахоналарни тугатмаймиз? Бизда уларни ёпиш имконияти бор, нима учун ёпмаймиз? Чунки у ерда биз жиноятчини аниқлаймиз…”
Ички ишлар соҳаси вакилининг бу гапи эсингиздан чиқмагандир?
“…ижтимоий тармоқдаги муносабат билан ҳақиқатан кўча-кўйдаги, маҳаллалардаги, бозорлардаги аҳолининг фикри бутунлай бир-бирига тескари. Ижтимоий тармоқлар халқ дегани эмас”…
Шу фикрларнинг айтгувчиларини эслатиш шарт эмас, чунки ойлаб, йиллаб ижтимоий тармоқларда “тренд”да бўлган, меҳнату меҳнаткашни назар-писанд қилмагандай айтилган бу каби гаплар ва уларнинг эгалари номлари минг-минглаб қалбларга тикандай санчилиб, ўйилиб ёзилиб қолган.
Ижтимоий тармоқлардаги айни “ғаройиб” фикрларга билдирилган муносабатлар ўнлаб саҳифаларга сиғмайди. “Сиз баландда, биз пастдамиз”, — дегандек, курсиларида ўтириб олиб халқ тирикчилигини, нимани кўп еб қўяётганини, дангасалигидан хорижга иш излаб кетганини ўз қаричларида ўлчаётганларга жавобан айтилган, айтилаётган фикр-мулоҳазалардан илонлар эмас, эчкемарлар-да пўст ташлаши мумкин. Фақат улар “Айтилган сўз — отилган ўқ” шиоридан зинҳор қайтмайдилар, гарчи ўша ўқ ўзларига қайтиб келаётган бўлса ҳам!
Беихтиёр шу каби чалама-чатти (узр-ку-я) гапларни айтаётган айрим мансабдорларнинг, депутатларнинг бугунги мақомигача бўлган фаолият йўлини тасаввур қиласан, дилдан тилга саволлар тошиб келади:
Сиз, ҳурматли депутат, депутатлик мандатини қўлга киритгунингизча аҳоли билан, сайловчиларингиз билан бўлган учрашувларда жону дилингиз билан: “Мен халқнинг вакилиман, сизлар билан ҳукумат ўртасидаги кўприкман. Сизларнинг овозингизман, ҳар бир ҳақли талабингиз амалга ошиши учун курашаман. Менга ҳар бирингиз қадрли, ҳар бирингизнинг тақдирингиз муҳим” қабилидаги гапларни айтмаганмидингиз?
Ҳурматли айрим вазиру айрим ҳоким жаноблари, Юртбошимиз сизга мана шу лавозимни ишониб топшираётган пайтда, ҳаммага эшиттириб: “Ишончингизни оқлайман. Халқимга хизмат қиламан” деганингизга гувоҳ бўлганмиз-ку!
Халқни тинглаш, англаш, қўллаш вақти фақат… элнинг дангал мақолида айтилганидек, “ишингиз битиб, эшагингиз лойдан ўтиб олгунча эдими?”
Савол малол келяптими, оғир ботяптими? Ўзингизга нисбатан ноҳақлик деб биласизми бу саволни? Унда, гапларингиз, ваъдаларингиз билан мос келмаётган палағда фикр-мулоҳазаларингиз, ишларингизни рост деб қабул қилайликми ё ёлғон?!
Муҳтарама УЛУҒОВА