Мурожаат нега рад этилди?

Пасурхи — қадимий ва тарихий ном. Бироқ у ердаги “Фидокор” кўчаси нега “Фидокор” бўлгани ва бу ном қандай пайдо бўлгани, ушбу маҳалла билан қандай боғлиқлик томони борлигини қишлоқ аҳли ҳам, кўча номини ўзгартиришга қарши маҳкама мутасаддилари ҳам билишадими?
Асли Сурхон фарзанди, ўзбек ва қардош тожик адабиётининг таниқли намояндаси, Тожикистон халқ ёзувчиси, моҳир таржимон, икки халқ адабиёти, маданий муҳити ҳамкорлигига улкан ҳисса қўшган адиб Саттор Турсун ўзбек ва тожик халқи ва адабиёти ўқувчилари учун ҳам қадрли, яқин инсон эди. Қолаверса, унинг Ўзбекистонда, Бойсунда туғилиб, шу юртда таълим олгани, бугунги ўзбек адабиётининг Эркин Аъзам, Усмон Азим каби забардаст вакиллари билан бир ариқдан сув ичиб, катта адабиётга қадам қўйгани Саттор Турсун нафақат адиб, балки шахс сифатида ҳам биз учун бегона эмаслигини англатади.
Адиб Бойсуннинг Пасурхи қишлоғида таваллуд топган. Шу қишлоқдаги 5-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олган. Адибнинг ўзи эътироф этишича, у болалик ва ўсмирлик даврларини Бойсунсой қирғоқларида, ўз тенгқурлари Эркин Аъзам, Усмон Азим ва бошқа дўстлари, яқинлари билан деярли бир кўчада ўтказган.
Саттор Турсун ўзининг илк “Чўққилар сукути” қиссаси билан ўзининг навқирон ёшидаёқ нафақат ўзбек китобхонлари, балки ўзбек мунаққидлари назарига тушган ижодкор ҳам эди. Хусусан, унинг бу асарини ўқиган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ёш истеъдод эгасига алоҳида мактуб йўллаб, жумладан, Саттор Турсун асари, ижоди ҳақида шундай фикрлар билдирган: “Мен Чингиз Айтматов ва Распутин қиссаларини ўқиб, жаҳон уруши ҳақида бу даражада бошқа ҳеч ким ёзолмаса керак деб ўйлагандим. Аммо Сиз асарингизда янги қирраларни кашф этдингиз”.
Бугунги кунда адибнинг асарлари дунёнинг ўттиздан ортиқ тилларига таржима қилинган, унинг таржимасида кўплаб дунё адабиёти дурдоналари ва ўзбек ёзувчиларининг асарларидан тожик китобхонлари ҳам баҳраманд бўлишган. Адибнинг дунё адабиёти, халқлар дўстлиги ва тинчликка қўшган ҳиссаси эътиборга олиниб, 2000 йилда “Йил одами — 2000” халқаро титул номинанти сифатида эътироф этилган.
Албатта, бойсунликлар ушбу мўъжаз макондан дунё эътирофидаги машҳурлар, таниқли адиблар, шоир ва академик олимлар, санъаткорлар етишиб чиққанидан ҳамиша фахрланиб келганлар. Жумладан, Саттор Турсун учун ҳам. Шу маънода улар таниқли ҳамюртлари, адабиёт, фан, маданият ва санъат йўлида катта хизматлар қилиб ўтган биродарлари вафотидан кейин ҳам қадр топишлари, уларнинг номлари ўчиб кетмаслиги ҳақида мудом қайғуриб келишади. Масалан, Бойсун халқи бугунгача Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг номини абадийлаштириш ҳақида қайғурилмаётганидан афсусдалар. Арзимайдими бетакрор адиб Шукур Холмирзаев эътиборга? Нега бугунгача таниқли адиб туғилиб ўсган юртида, ҳеч бўлмаса, кичик бир кўча унинг номи билан аталмаяпти? Ваҳоланки, Шукур Холмирзаевнинг ўзбек адабиёти, айниқса, ўзбек ҳикоячилиги ривожига қўшган ҳиссасининг ўзиёқ бундан юксакроқ ҳурматга, эътибор ва эътирофга лойиқ эди.
Гап шундаки, 2023 йилда катта адиб Саттор Турсун ҳам оламдан ўтгач, марҳумнинг маъракаларидан сўнг қишлоқ оқсоқоллари йиғилиб маслаҳат қилишди. Адибнинг икки қардош халқ дўстлиги, адабиёти ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашда кўрсатган хизматларини эътиборга олиб, унинг номини ўзи туғилиб ўсган қишлоқдаги кўчага қўйишларини илтимос қилиб, тегишли давлат идораларига мурожаат йўллашди.
Ҳар ҳолда, қишлоқ аҳли мурожаатлари тезда инобатга олиниб, “юқори”дан яхши хабар келишидан умидвор эдилар. Ахир шу қишлоқда туғилиб ўсган Саттор Турсундек таниқли инсон ҳурмати учун унинг номини бир кичик қишлоқ кўчасидан қизғанишмаса керак деган фикр бор эди-да мурожаатчиларда.
Бироқ кутилмаганда қишлоқ аҳлининг яхши ниятда қилган мурожаатлари катта-катта идораларнинг темир эшикларига урилиб, бир парчагина иловаси билан қайтиб келавердики, алҳол, бу қоғозбозлик бир йилдан ошиб, бугунгача ҳам давом этмоқда.
Бойсуннинг Пасурхи маҳалласи оқсоқоллари илтимосига биноан, уларнинг мурожаатлари эътиборга олинмаслиги сабаблари моҳиятини ўрганишга ҳаракат қилдик. Аниқланишича, мурожаатчиларга тумандан ўтиб вилоят, республика даражасидаги тегишли идоралардан бир жумласи ҳам ўзгартирилмаган бир хил жавоблар келган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Ш.Сувонов имзоси билан келган жавоб хатида: “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-12-моддаларининг бандларига мувофиқ “Фидокор” кўчасининг номини Саттор Турсун номи билан қайта номлаш бўйича таклиф номувофиқ деб ҳисобланган…”
Энди Ш.Сувонов имзоси билан келган жавоб хатида илова қилинган ва алоҳида рангда кўрсатилган ушбу қонуннинг айнан 5-12-моддаларининг бошқарма бошлиғи ишора қилган бандларига эътибор қиламиз. “Географик объектларнинг номларини ўзгартиришга доир талаблар” деб номланувчи моддада “географик объектнинг белгиланган мақсади жиддий тарзда ўзгарганда”, “айрим географик объектларнинг тарихий номларини тиклаш зарур бўлганда” жой номлари ўзгартирилишига йўл қўйилиши кўрсатилган.
Айтайлик, Пасурхи — қадимий ва тарихий ном. Бироқ у ердаги “Фидокор” кўчаси нега “Фидокор” бўлгани ва бу ном қандай пайдо бўлгани, ушбу маҳалла билан қандай боғлиқлик томони борлигини қишлоқ аҳли ҳам, кўча номини ўзгартиришга қарши маҳкама мутасаддилари ҳам билишадими? Қолаверса, кўчага ушбу номни қўйишдан олдин маҳаллий аҳоли билан ҳеч ким маслаҳатлашмаган, фикр сўрамаган. Ушбу ном тумандаги аксарият кўчаларда бўлганидек, географик объектларни номлаш ва қайта номлаш комиссияси томонидан мажбуран “ёпиштириб” қўйилган, холос. Умуман, республиканинг бошқа ҳудудларида бўлганидек, Бойсунда ҳам кўчаларни қайта номлаш кампанияси давомида ўйламай-нетмай шунақа номлар қўйилганки, кўриб энсангиз қотиши турган гап. Ҳатто туман марказида баъзи кўчаларга бир ном етмаганидек, иккита ном қўйилган ҳолатлар ҳам учрайди. “Фидокор” номига келадиган бўлсак, шу ном вилоятдаги бир қанча кўчаларга қўйилган. Шундан келиб чиқиб, Пасурхи маҳалласидан ўтувчи кўчага берилган “Фидокор” номи қишлоқнинг тарихи, кеча ва бугунига умуман алоқаси бўлмагани сабабли, уни Саттор Турсун номи билан қайта номлаш қонунга зид бўлмасди. Қолаверса, баҳонада тарихийликка мутлақо алоқаси бўлмаган ном ҳам барҳам топган бўларди.
Энди таъкидланган қонуннинг 12-моддасига қайтамиз. Унда географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалалари бўйича комиссияларнинг асосий вазифалари кўрсатилган. Жумладан, комиссия аъзолари халқимизнинг тарихий-маданий қадриятлари ва мероси билан боғлиқ географик объектларнинг номлари асоссиз ўзгартирилишининг олдини олиш, ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш чоғида маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мавқеини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, мурожаатчиларга юборилган жавобларда илова қилинган қонуннинг ушбу бандлари айнан давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан алоҳида рангда ажратиб кўрсатилгани учун ҳам қонуннинг ушбу модда ва бандларига эътиборни қаратдик. Очиғи, биз айнан мутахассислар даъво қилиб турган 12-моддада қайд этилган “Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий қадриятлари ҳамда мероси билан боғлиқ географик объектларнинг номлари муҳофаза қилинишини таъминлаш, асоссиз ўзгартирилишининг олдини олиш”га қаратилган эътирозни юзага келтирадиган вазият пасурхиликлар мурожаатида мавжуд эканлигини кўрмадик. Яъни юқорида эслатганимизга кўра “Фидокор” номи кўчанинг ҳам, қишлоқнинг ҳам тарихийлиги билан боғлиқ бўлмаган ва расмиятчилик учун “Кўчанинг номи борми? Бор” қабилида қўйилганга ўхшайди.
Мурожаат 12-модданинг кейинги бандини ҳам моҳиятан инкор қилмаяпти. Чунки Пасурхи маҳалласи аҳолисининг қишлоқ кўчасига таниқли адиб ва икки қардош халқ дўстлиги, биродарлигини ҳамиша тараннум қилиб келган Саттор Турсун номини бериш таклифи — бу маҳаллийчилик деб баҳоланадиган ҳолат эмас асло. Чунки қардош биродар халқнинг улуғ ёзувчисига қилинаётган ҳурмат ва эътибор, аслида, тожик ва ўзбек халқининг неча минг йиллик дўстлик ва биродарлик ришталарининг мустаҳкамлиги ва бардавомлигининг нозик бир кўринишики, бу ҳолни маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчиликка йўйиш ҳеч бир тошу тарозида турмайдиган гап. Яна ҳам аниқроғи, қонимизда ҳали ҳам қўзғалиб турадиган тўрачилик-бюрократиянинг бир кўриниши, холос. Қолаверса, Саттор Турсун фақат Пасурхи аҳлининг эмас, бутун Бойсун элининг фарзанди. У ҳаёти давомида Бойсунни ўзининг туғилган гўшаси, кичик Ватани сифатида қадрлаб, эъзозлаб келди. У ҳамиша Бойсундан илҳомланди: аксарият қаҳрамонларининг характерлари, асарларидаги ўзига хос тасвирлар киндик қони тўкилган маскан табиати, одамлари, Бойсуннинг бетакрор рангларини эслатади кишига.
Таниқли адибнинг ҳамқишлоқлари бугунгача ҳам республиканинг турли маҳкамаларига бу ҳақда мурожаат қилишдан тўхтамаяптилар. Улар ҳануз яхши хабар илинжида муштоқ бўлиб кутяптилар. Икки қардош халқнинг бир фарзанди бўлган элдошларининг табаррук оёқ излари қолган кўча унинг номи билан аталишига бўлган ишонч эса сўнгани йўқ.
Шу ўринда Бойсун аҳли, Пасурхи маҳлласи оқсоқоллари бу борада Сурхондарё вилояти ҳокими, сенатор Улуғбек Қосимовнинг ушбу масалага эътибор қаратишига ишонади. Негаки, вилоят раҳбари маънавият соҳасига ҳам жиддий муносабатда бўлмоқда. Зеро, ўзи туғулиб вояга етган кичкина бир кўчага икки буюк халқ – ўзбек ва тожик элининг таниқли адиби номининг берилиши – адолатли, хайрли бир иш бўлар эди.
Даврон ОРИПОВ,
журналист.