“AYUBA” айбли экан…

ёхуд истеъмолчи ҳуқуқи қачон ҳимояда бўлади?
Бир улуғ донишманддан: “Сиз нимадан қўрқасиз?” дея сўраганларида: “Худодан қўрқмагандан қўрқаман”, деган экан. Бугуннинг долзарб мавзуси учун биттагина ширкат маҳсулотини мисол келтирмоқчимиз.
Адашмасам, рўза ҳайити арафаси эди, Ангор буюм бозорида айланиб юрсам, бир дўстимни учратдим. Сўрашгандан сўнг дардини айтиб қолди: “Кенжа укамиз оиласини олиб ишлаш учун хорижга кетган. Ишни ташлаб кўчага чиқолмасам, яхши ҳам шанба-якшанба бор. Бечора энамнинг бир ўзлари. “Юринг, шаҳарга олиб кетаман”, десам, “Етти авлодинг ўтган бу ҳовли нима бўлади? Бу уйнинг чироғини ким ёқади?” — деб саволларга кўмиб ташлайдилар. Яхшиям, туғишгандан зиёд қўшнилари бор.
Бугун энамни зиёрат қилай деб чиққандим, рўзадорлар, намоз ўқийдилар. Каттароқ бир термос, яхшироқ тефаль-чойнак олай деб киргандим. Болалар, келинингиз машинада, кутилмаганда қор бошлаганини қаранг”, — дейди безовталаниб. Хуллас, дўстимиз онаизорига бир дунё нарса харид қилгач, хайрлашдик.
… Нафақа пулини олиб, туман марказидаги дўконлардан бирига кирдим, дўстимнинг гапи ёдимга тушди. Мен ҳам ўша тефаль-чойнакдан 2 дона харид қилдим. Бирини қишлоқдошимнинг туғилган кунига, бирини уйга. Икки кундан кейин меҳмон келиб қолди. “Чой олиб келинглар”, десам, “Газ тугаган, ўчоқда қайнатаяпмиз, ҳозир”, дейди. “Тефалга қўйинглар”, десам, оёққа зўрға турган хотиним ёвқараш қилиб қолди. Эртасига меҳмонларни кузатгач, дастурхонга чиройли чойнакни келтириб қўйди.
— Кеча тефалга чой қўйгин, деб дўқ қилганингиз-дўқ қилган. Бир маза қилинг, дўстингиз ҳам, онаси ҳам бу зорманда тефалга “раҳмат” айтаётгандир…
— Нега дарҳол айтмадинг?
— Кайфиятингизни бузмай, бир кун сўрасангиз, куйиб қолди, демоқчийдим…
Дўкондорга бориб дўқ қилган бўлдим:
— Шундай матоҳни сотишга уялмайсизларми? Куйиндими-ей, чириндиними-ей ҳиди келади. Ёки бирор заҳарли нарсаси борми ичида? Пулимни қайтариб беринг, — дея нобоп тефални пештахтага қўйдим.
— Ака, қайтариб ҳам олмайман, алмаштириб ҳам беролмайман. Менинг тефаль ишлаб чиқарадиган заводим йўқ. Зўр бўлсангиз, заводига бориб арзингизни айтинг! Маиший хизмат буюмларини келтириб беришади, мен бор-йўғи сотувчи-хизматкорман.
Бошимга бир челак муздай сув қуйилгандай бўлди, индамай дўкондан чиқиб кетдим…
Шу йил майнинг ўрталарида Тошкентга бордим. Такси кутиб тургандим, Янгийўл туманининг “Чаманзор” маҳалласида яшовчи бир киракаш: “Мен ҳам ўша ёққа кетаётгандим, мининг”, деб қолди.
— Узоқ йўл, роса эзилгандирсиз, бир-икки пиёла аччиққина чой ичсангиз, чарчоғингиз чиқиб кетади. Мани-чи, анақа, ўтин-кўмир билан ишлайдиган самоварим бор эди, палакат тешилиб қолди. Ҳовлида тураман, самоварнинг чойи бошқача бўлади-да. Устага олиб борсам: “Энди буни ташлаб юборинг, ямаб бўлмайди, дода”, дейди. Ярим асрлик қадрдоним-ку, қанақа қилиб ташлайман, ҳозир бунақасини ҳеч қаттан топиб бўлмайди, эсдаликка олиб қўйибман. Бизнинг маҳаллага ҳали табиий газ ўтмаган, баллонга ташиб ёқамиз. Болалар қумғонни ўчоққа қўйиб чой қайнатишга эринишади. Яқинда мақташганида, чиройли тефаль-чойнак олгандим, унда қайнатилган сувни ҳам, чойни ҳам оғзингизга ололмайсиз.
— “Ayuba” эмасми?” — деб гапини бўлдим.
— Сиз қаттан биласиз, ока, худди ўша! Вой-эй, сасиган мол терисиними, куйган резинаними ҳиди келади. Падарига лаънат, шунча пулга куйиб қолдим. Энди нима дейсиз, элим барака топсин, ман ишлаб чиққан нарсадан халқим ёлчисин, деган тадбиркор қолмади, ока!
Шўрлик киракашнинг дийдиёси билан Янгийўлга етиб борганимизни билмай қолибмиз.
Насиба экан, эртасига Чорсуда тушлик қилдик. Жойлашиб ўтирмасимиздан пучуққина жувон келди: “Нима буюрасизлар?” “Биринчи навбатда, икки чойнак аччиқ кўк чой”, дедик. Бир зумда келтирди. Чойни сузиб қайтармоқчи бўлгандик, минг афсуски, ўша қўланса ҳид иштаҳани бўғиб қўйди. Бошқа дамлаб келгани ҳам худди шундай. Хуллас, муздек олча суви ичишдан бошқа иложимиз қолмади… Емакхонадан чиқишда “самовар”га назар солдик, ўша машҳур “Ayuba”! Ҳамроҳим ғашимга тегиб хиргойи қила бошлади: “Сурхонларда ўт ёқсам, Тошкентларда тутуни, қадамингга гуллар сочилсин…”
Яна бу матоҳ қутисининг ҳашаматлилигини аймайсизми? “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”, деган ёрлиғи ҳам бор. Манзили, телефон рақамлари ёзилган. Агар маҳсулот иллатли бўлса, бунақа маълумотларни бермасди, деган хаёлларга ҳам борасан, киши. Хўш, бунда корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатининг кафолати учун мамлакатдаги тегишли идоралар текширувдан ўтказиб махсус ёрлиқ (лицензия ёки сертификат) беришади-ку? Қолаверса, жаҳон ва республика давлат андозаси (стандарти), истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи номи улуғ идоралар, нуфузли маҳкамалар қаерга қарашади? Ҳар бир шаҳар, туман, вилоятлар марказларида юқоридаги нуфузли қўмита ва агентликларнинг маҳкамалари мавжуд, ўзлари нима иш қилишларини ҳам билишмаса керак. Ривожланган мамлакатларда маиший техника буюмлари сифати ва яроқлилик муддати махсус лабораторияларда йиллаб синовдан ўтказилгач, истеъмолчиларга етказишга ёки сотувга чиқаришга рухсат берилади. Ёки бундай тартиб бизда йўлга қўйилмаганми? Жаноб “тадбиркор”лар ишлаб чиқараётган маиший хизмат буюмлари, саноат маҳсулотлари сифат ва синови шўринг қурғур истеъмолчи — оддий халқ маҳрига юкланганми?!
Биргина бу эмас, бугун “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”, деган ёрлиқ остида ички бозорлар орқали бечора истеъмолчига “тортиқ” этилаётган (болалар ўйинчоқлари, велосипедчалар, шланкалар, челак, турли сиғимдаги сув сақлагич идиш (канистр) лар, тоғоралар, чўмичлар, косачалар) пласмасса ва полиэтилен буюмлар бир ойга ҳам бормасдан чиқиндига айланади. Бунга ўзим йиллар давомида кўп бор гувоҳ бўлганман. Сабаби ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқда бундай кичик корхоналар, мини фабрикалар тиқилиб кетган, назорат эса мутлақо йўқ ҳисобида. Тегишли давлат идоралари ходимлари “Лайли, ҳар кимнинг ўз майли”, шиори билан умргузаронлик қилишмоқда. Сен менга тегма, мен сенга, ҳалигини унутмасанг бўлди қабилида.
Каттароқ бир савдо ширкати ходими: “Фалон фирма, ширкат ёки компания маҳсулоти деган ёрлиқни маҳсулотга ёпиштириш қийин иш эмас. Яширин цехлар, фабрикалар, корхоналар тиқилиб кетган. Ака, тиббий дори-дармонларни қалбакилаштирдик-ку, ёрлиқ нимаси?!”, деган гапни айтиб қолди. Афсуски, бу нарсани ҳам рад этиб бўлмайди. Қўлбола маҳсулотни яширин ишлаб чиқарувчи виждонсиз каззоблар, муттаҳамлар ҳамиша бўлган ва бўлади ҳам. Лекин республикамиздаги “Ayuba” сингари кўплаб нуфузли ширкатлар ўз маҳсулоти ва имижини қонуний ҳимоя қилиши лозим эмасми?! Керак бўлса, бундай халқи, миллати, давлатига хиёнат қилаётган “тадбиркорлар” қонун олдида жавоб бериши шарт ва зарур!
АЛҚИССА, республикадаги тегишли мутасаддилар узоқ йиллик мудроқ уйқудан уйғониши вақти аллақачон келмадими?! Халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти, болаларимиз келажаги, давлатимизнинг халқаро нуфузи учун ички бозорларни, барча савдо дўкон ва шохобчаларни яроқлилик муддати бўлмаган, сифатсиз маҳсулотлардан, Худодан қўрқмайдиган қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар”дан буткул тозалашимиз Ватан олдидаги фарзимиз ва қарзимиздир. Бу фақатгина менинг истагим эмас: истеъмолчи ва давр талаби! Қолаверса, жонажон Ўзбекистонимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида етарлича қонуний асослар яратилган. Фақатгина мавжуд фармонлар, қарорлар, қонунлар бўйича тизимли иш олиб борилса бўлгани, муаммо бўлмасди. Мамлакатда истеъмолчилар ҳуқуқлари давлат миқёсида ўта қатъий ҳимоя қилинмас экан, охир-оқибатда биз тараққиётга эмас, таназзулга юз тутмаслигимизга ҳеч ким кафолат беролмайди.
Сафар ОМОН