Инсоф кўчада ётмас экан…

— Маҳалла марказидаги мактабда бугун соат 11:00да мажлис бор экан, бормадингизми? — мени кўчада кўрганидан ҳайрон бўлиб сўради ҳамқиш­лоқлардан бири.

Бехабар эдим. Нима масала кўрилишини сўрадим.

— Шу, йўл масаласи-да. Кечаги гапдан хабарингиз бордир? Можаро йириклашиб, қуйи қишлоқ “Камаз”чилари ҳокимиятга бориб арз қилишибди. Бугунги йиғилишда ҳоким шахсан ўзи иштирок этиб, муаммони ҳал қилармиш…

Ҳа, кечаги можародан бироз хабардор эдим. Қишлоғимизга қўшни, уч километрлар қуйидаги Чимбой  қишлоғида яшовчи тўрт-беш юк машинаси ҳайдовчилари етти қишлоқни боғловчи ягона автойўл тармоғини ярмидан тошлар билан беркитиб: “Бизнинг “Камаз”лар шу йўлдан юрмаса, сизлар — юқори тўрт қишлоқ аҳли ҳам бу йўлдан ўтмайсизлар!” — дея шарт қўйишибди. Кимдир тошларни чеккага ирғитиб ўтиб кетган, кимдир йўлтўсарларнинг ёқасидан олган… Йўқ жойдан муаммо. Мажлисга бормадим. Ёш ўтавергач, баҳс-мунозара, тортишувлар малол келавераркан. Бормадим-у, можаро ечимини ўйлаб ҳамон бошим қотади. Нима бўларкин? Ахир бу йўл таъмири учун мазкур қишлоқлар аҳолиси озмунча тер тўкдими, елиб югурдими?

Китоб туманидаги “Макрид жума озиқ-овқат ва деҳқончилик бозори”дан Хонақа қишлоқ мактабигача 6 км масофа бор. Тоғ томондаги Ҳасантепа қишлоғигача яна 2 км. Қишлоқ аҳлини бир-бири, шунингдек, “катта олам” билан боғловчи ягона автотранспорт йўли илк бора асфальтланганига қирқ беш йиллар бўлиб қолди. Собиқ иттифоқ даврида Ҳасантепа тоғ қишлоғи атрофида мармар тош конлари очилиб, “Қашқадарёмармар” давлат корхонасига қарашли юк машиналари тош олиб ўтар, ташкилот раҳбарияти йўл таъмирига бироз эътибор бериб турарди. Иттифоқ инқирозга юз тутгач, ташкилот салоҳиятига ҳам путур етиб, ўз ўрнини аста-секин хусусий тадбиркорларга бўшатиб бера бошлади. Бугунги кунда Ҳасантепа қишлоғи теварагидаги тош конларида йигирмага яқин тадбиркорлар фаолият юритади. Уларга тегишли ўта оғир юк ташишга мўлжалланган, юки билан 80, ҳатто 100 тоннага етадиган янги русумдаги оғир юкли автомашиналарнинг туну кун қатнови натижасида йўлимиз ғоят абгор ҳолатга келди. Ўтган йиллар мобайнида келган бир неча кучли сел тошқинлари йўлнинг тадбиркорлардан қолган қисмини ҳам бузиб, ҳатто трактор юра олмайдиган ҳолатга келтирди. Қишлоқлар аҳли сел тошқинлари келтирган қум-шағалдан қўлбола йўл барпо этиб, машиналарини “эмаклатиб” юргиза бошладилар. Бир неча йилдан буён мазкур йўлни таъмирлатиш, имкон топилса, қайта асфальтлаш қасдида тўрт томонга жар солиб наъра тортган, не-не дасти узун, белида белбоғи бор “катта”лар ҳеч иш чиқара олмай қўлларини ювиб қўлтиққа урдилар. Йўл бузилишининг бош сабабчилари, тошдан бойлик орттиришда бир-бири билан рақобатга киришган айрим ноинсоф тадбиркорлар эса, халқни алдаб қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш, фурсат ютишдан бошқасига ярамадилар. Бу қишлоқларга йўли тушган меҳмон зоти борки, қайта йўламасликни кўнглига тугиб, тезроқ жуфтакни ростларди. Йўлимиз тақдири ўта ночор, аросатда қолган бир пайтда, аввало, Яратганнинг иродаси, қолаверса, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш, туб ислоҳотлар туфайли “Ташаббусли бюджет”нинг ташкил этилиши юқорида номлари зикр этилган қишлоқлар аҳли учун айни муддао бўлди.

Биринчи мавсумда Чиркай, Қурама, Чимбой қишлоқлари аро ўтган 2,5 км масофадаги йўл таъмири ютиб олиниб, ёз фаслида асфальтланди. Йўлнинг Чилжувут ва Хонақа қишлоқларидан ўтган қисми иккинчи мавсумда ютиб олинди.  Ўтган йил декабрь ойининг сўнгги кунларида эса, асфальт ётқизилди. Айтишга осон, аммо бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Фақат маҳаллий аҳоли эмас, рўзғор ташвишида хорижда меҳнат қилаётган қишлоқдошлар ҳам йўл таъмирига ўз сармоясини аямадилар. Шу ўринда Алихонтўра Соғунийнинг “Агар ўзбеклар бошқа ишларга ҳам ошга келгандек бирлашиб йиғила олганларида эди, дунёда бундан қудратли миллат бўлмас эди” деган сўзларини келтириш ўринлидир. Ҳа, ўзбек халқи бошқа ишларга ҳам бирлаша оларкан. Буни “Ташаббус­ли бюджет”да бош қўшган “Макрид” МФЙ аҳлининг аҳиллигида кўриш мумкин эди.

Фақат бу аҳиллик жондан ўтганда содир бўлиши-ю, иш битгач, барча қийинчиликлар тезда унут бўлиб, ишни барбод этгувчилар ҳам пайдо бўлиши  кишини бироз ўйга толдиради…

Халқ бирдамлиги натижаси ўлароқ вужудга келган, эни 4,5 м қалинлиги 4-6 см, узунлиги 5,0 км атрофидаги йўл барпо этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ.

Тадбиркорларнинг баҳайбат машиналари ҳам тақдирга тан бериб, айланма йўллар орқали, тоғ оралаб ўз ишларини давом эттираётганда, ўз ичимиздан ола чиқиб қолгани ғалати ҳол бўлди. Маълум бўлишича, янги йўлдан тош ортмоқлаб қатнамоқ қасдида халқ билан беллашаётган “Камаз” ҳайдовчиларида саккиз нафар машина бор экан. Улар мактабда ўтган мажлисда ҳам туман раҳбарияти, маҳалла фаоллари, қолаверса, халқ илтимосини назарга илмай, қўпол муомала ва жаҳлга эрк бериб мажлисни тарк этишибди. Ўз манфаати йўлида бир ярим мингдан зиёд  хонадон аҳли фойдаланадиган йўлни яна олти ойга қолмай яроқсиз ҳолга келтириш инсофдан бўлмас. Элни ранжитиб, нафратини, қарғишини олганнинг ишида, рўзғорида барака бўлмайди. Шундай экан, не машаққатлар эвазига таъмирланган йўлимиздан ҳадди-меъёримизни билиб, имкон қадар узоқроқ фойдаланишга нима етсин. Кўпчиликнинг фикри шу: Қашқадарё вилоят ва Китоб туман ИИБ ЙҲХБ томонидан ушбу янги таъмирланган йўлдан оғир юк ташийдиган (айтайлик, 20 тоннадан зиёд) автоуловларнинг қатновини тақиқлайдиган белги қўйилишидан ўзга чора йўқ. Чунки айрим ноинсофларни яхши гап билан инсофга чақиришнинг иложи йўқ экан. Шундай экан, ҳар бир неъматнинг қадрига етишни ҳам ўрганишимиз керак. 50-100 тонналик юкли автолар билан бу йўлни ҳам абгор қилиб ташлаш инсофданми? Ахир тошли, ҳаракатланиш бироз мушкул бўлса ҳам, юк машиналари учун айланма йўллар мавжуд-ку?!

Аброр АСРОРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 3 =