Хиёбонми, биёбон?

ёхуд Фарғона шаҳри марказидаги дилни хира қилувчи ҳолат

Маълумки, кейинги йилларда йирик шаҳарлар ва вилоят марказларида яшил ҳудудлар барпо қилиш, улар майдонини кенгайтириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас.

Боиси транспорт ҳаракати тиғизлиги, аҳоли сонининг кун сайин ортиб бораётгани, шунингдек, фуқароларнинг тоза ҳаводан нафас олишини, хиёбон ва ҳордиқ масканларида маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш бугун долзарб масалага айланди.

Айни жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад ҳам бу борадаги эзгу ишлар бардавомлиги ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Аммо…

Фарғона шаҳрининг қоқ марказида жойлашган хиёбоннинг абгор манзарасини кўрганда ҳар қандай инсоннинг кайфияти бузилиши аниқ. Буни қарангки, бир ёнида АТ “Халқ банки” вилоят филиали, бир тарафида Фарғона давлат университети стадиони, шундоқ ёнгинасида “Палма”, “Пингвин” каби ширинлик ва музқаймоқ савдо нуқталари жойлашган бу хиёбон айни пайтда жуда кўримсиз ҳолга келиб қолган. Қуриган ва қуриётган дарахтлар, ахлат ва чиқиндилар уюми, бузилиб, нураб бораётган ҳайкалчалар ва бинолар худди бирор табиий офатдан кейинги ҳолатга ўхшайди.

Бу маскан ижтимоий объектлар, таълим даргоҳлари яқинида бўлгани учун, анчайин серқатнов ҳудуддан ўтган ҳар бир йўловчининг мазкур аянчли манзарага ҳар куни кўзи тушади. Ўз навбатида Фарғона шаҳрига республикамизнинг турли жойларидан ташриф буюраётган меҳмонлар, шунингдек, “водий гавҳари” дея ном олган Фарғонага оқиб келаётган хорижлик сайёҳлар бу ҳолатга қандай баҳо беради?!

Таассуф билан шуни таъкидлаш керакки, масъуллар томонидан бу жойларни обод қилиш, тозалаш, ниҳолларни яшнатиш борасида жиддий саъй-ҳаракат нишонаси кўринмайди. Ваҳоланки, бир-икки йил аввал бу ердаги дарахт ва гулларнинг ноёб турлари кўзни қувнатарди, соя-салқин ҳудуд ёшлар ва шаҳар аҳолисининг севимли мас­кани эди. Бугун эса…

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 5 =