Одамни сақланг, дўстлар!

Инсонларнинг Аллоҳ таолога севиклиси одамларга кўп манфаат етказадиганидир.

Ҳадиси шарифдан.

Ўзбекистон халқ артисти, хушовоз хонанда Нуриддин Ҳамроқулов ижро этган “Оламни сақланг, дўстлар, одамни сақланг, дўстлар!” деган қўшиғи янграганида дилимизда ажиб ҳислар уйғонади. Одамни сақлаш кимнинг қўлида? Албатта, одамнинг ихтиёрида. Яъни ҳаммамиз бир-биримизни сақлашимиз, эҳтиёт қилишимиз керак.

Дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўрсак, инсон умри унча узоқ эмас. Ана шу умр давомида қанчадан-қанча асабни жунбишга келтириш, ҳаяжон, тўлқинланиш мужассам. Ота-она фарзанди учун қанча изтироб, азият чекади. Ўғил-қиз эса ота-онасини вақтида авайламагани учун кейинчалик афсус чекиб юради.

“Эсиз, ҳозир ота-онам ҳаёт бўлганида, ҳар куни ҳузурларига бориб тиз чўкардим, қўлларини ўпардим”, дейди ўғил вақт ўтиб кетганидан кейин армон билан.

Катта бир амалдор биз — журналистларнинг устози Зиёд Есенбоевга шундай деган экан: “Эҳ, афсус, Зиёд ака, мен онам билан расмга ҳам тушмаган эканман!” Бу гапни Зиёд аканинг оилавий портретини кўрган дамда айтибди. Мен бу гапни эшитганимда, атай Жиззахга бориб, ота-онам билан расмга тушганимни эслайман. Уларнинг расмларини гиламга ишлатганимдан ҳамон хурсанд бўламан. Ҳозир ҳам укаларим, сингилларим билан туғилиб ўсган ҳовлида тўпланганимизда, падари бузрукворим, волидаи муҳтарамам бу йиғинда сурат орқали иштирок этгандек бўлишади. Худди шу воқеа эсласангиз, севимли ёзувчимиз Ўткир Хошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарида ҳам бор. Оналарга бағишланган бетакрор асарда онаизори ўғлига қараб: “Ўғлим, кел, бир суратга тушайлик”, дейди. Аммо ўғил “Нимага?”, дейди ва иши кўплигини айтади. Кейин эса… кеч бўлади. Она оламдан ўтади. Асар қаҳрамони ўзини қанча койимасин, афсус чекмасин, унинг онаси билан тушган расми йўқ. Сўнгги пушаймон — ўзингга душман.

Касалликнинг 99 фоизи асабдан дейишади. Баъзан арзимаган майда-чуйда учун асабвайронлик рўй беришини кузатиш мумкин. Бир одамнинг эртадан-кечгача бошидан кечирган воқеаларини ипга тизган маржондек қўйиб чиқсангиз, қанчадан-қанча беҳуда жон куйдирилганини тасаввур этишингиз қийин эмас.

Хўш, инсон умуман жон койитмасдан яшаши керакми? У ҳолда ҳаёт мобайнида ҳамма нарсага лоқайд қараган, иссиқни ҳам, совуқни ҳам бефарқ қабул қилган бўлмаймизми? Самарали натижага эришиш учун жон койитиш, ўзни қийнаш керак, деган гап қаерда қолди? Бу борада ҳамма гап олтин ўрталиқни йўқотмасдан яшашда. Сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз, жон койитишингиз яхшилик йўлига хизмат қилиши керак. Сизнинг куйиб-пишиб фикр билдиришингиз асабни ўйнашга эмас, балки масала ечимига йўналтирилса, натижада руҳан енгил тортишингиз мумкин.

Инсоннинг онгу шуурида қандай ният ҳукм суриши муҳимдир. Юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар ижобий натижа бериши, ўз Ватанимиз янада гуллаб-яшнаши учун ҳар бир юртдошимиз ҳиссаси салмоқли бўлиши лозим.

Аввало, шуни унутмайликки, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон жамиятимизнинг бебаҳо бойлигидир. Шу боис Ўзбекистон аҳолиси ҳар сафар навбатдаги миллион довонини забт этганда, қалбимиз ғурурга тўлади. Зотан, Ватанимизда ҳаётнинг бош мақсади — “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!”

Хўш, бугун биз яшаётган замон ва макон ривожланишнинг қайси босқичида? Ҳозир давр глобаллашув палласида эканини айтишади. Бу дегани — инсоният яшаётган сайёранинг бир бурчагидаги ўзгариш бошқа жойларга ҳам таъсирини кўрсатишини англатади. Шундай нозик замонда фақат Ўзбекистонда эмас, балки бутун Марказий Осиё минтақасида осойишталик ҳудуди учун саъй-ҳаракат қилинаётгани айни муддао. Ана шу ният рўёбида Ўзбекистонимизнинг ҳал қилувчи роль ўйнаётгани кўнгилларга таскин бахш этади. Юртимизга эзгу ниятлар билан ташриф буюраётган хорижий давлат раҳбарларининг юз-кўзига қаранг: улар Ўзбекистон заминига ва одамларига ҳавас билан назар ташлашади. Бундан дилимизда ажиб ғурур, фахр уйғонади, ҳамиша бизнинг Ватан бутун дунёнинг ҳавасини келтираверсин!

Ўзбекистонимизнинг ойдин оқшомлари ажиб бир ҳолатда кўзга ташланишини кузатганмисиз? Ахир шундай гўзал ва осойишта манзарани дунёнинг не-не жойларида энтикиб орзу қилишади. Бу оромбахш ҳаётимизга асло кўз тегмасин!

Ўзбекнинг миллатига хос хусусиятлари бугунги турмушимизга қанчалар мос-монанд. Ёши улуғ инсонларнинг эзгу каломлари ёшлар учун эзгу ҳикмат, қадрият сифатида қабул қилинади. Саксонинчи довондан ўтган отахоннинг фарзандларига айтган гаплари нақадар мазмунга бой: “Болаларим, шундай замонни қадрланглар, Ўзбекистон жаннатмонанд юрт” деганида “Дуоларингиз ижобати бу!” деб юборганимизни билмай қоламиз.

…Ҳаётда кутилмаган воқеалар бўлиб туради. Хоразмлик Мўмин Полвонов 60 ёшга тўлмасдан вафот этганлиги ҳақида хабар келди. Бирга ўқиган курсдошлар дўстимизнинг хонадонига бориб таъзия билдирдик. Қайтаётганимизда марҳумнинг аёли: “Бир илтимосим бор”, деб қолди. Нима гап экан, десак, “Энди сизлар ўзларингизни эҳтиёт қилингизлар”, деб ўтинди. Ҳа, ўзликни асраш ҳар бир инсоннинг бурчи бўлиши керак.

“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, иллат излаганга иллатдир дунё” деган қанотли сўзни кўп эшитгансиз. Одамнинг дил тубидаги ниятда гап кўп. Жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан илҳомланиб яшаётган инсонда яратувчилик туйғуси жўш уради. Доим тирноқ орасидан кир қидирадиган одамнинг ҳаётида тушкун кайфият ҳукмрон бўлади. Абдурауф Фитратнинг мана бу гапига эътибор қилинг-а: “Ҳалим гап оламнинг осойишталиги учун зарурдир”. Ҳа, нуқул айюҳаннос солган билан иш битмайди.

Баъзилар “Мустақилликка эришиб, нима кўрдик, илгари яхши эмасмиди?” деб қолади. Атрофимизга яхшилаб назар солайлик, кейинги йилларда рўй берган ўзгаришлар акс этган рад қилиб бўлмайдиган кўрсаткичлар бор. Масалан, оилада туғилган болаларни боғчага қамраб олиш охирги етти йилда 27 фоиздан 74 фоизга етди. Ўрта мактабни битирган ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш улуши 42 фоизга етганлиги янги Ўзбекистоннинг кўзга яққол ташланиб турган жиҳатлари эмасми?!

Шу йил Франция пойтахтида ёзги Олимпиада ўйинларида юртимиз спортчилари эришган рекордлар Ўзбекистон халқларини бирлаштиришда янги кашфиёт бўлди. Бу ҳақда дунё бўйича турли таърифлар айтилди. Мен бу ўринда Олимпиадада Ўзбекистон эришган натижани бошқа ракурсдан баҳоламоқчиман. Олимпиада ўйинлари давом этаётган кунларда Ватанимиз боксчиларидан бирйўла бештаси яримфиналга йўлланма олган пайт эди. Дунёнинг манаман деган экспертлари даврасига тушиб қолдим. “Хўш, энди нима бўлади? Беш спортчидан нечтаси финалга ўтади ва улардан нечтаси финалда олтин олади?” деган савол ўртага ташланганида, ҳамма ўз башоратини айта бошлади. “Агар яримфиналда бизнинг боксчилар рақиби билан тенг курашса, ҳакамлар ғалабани бизга бермайди”. Ие, бизнинг вакиллар ғалаба қозонмайдими? Бу саволга шундай жавоб бўлди: “Ғалаба бўлишининг битта шарти бор, бунинг учун ўзбек атлетлари яққол устунлик қилиши керак, ўшанда ҳакамлар ғалабани бизга беришдан бошқа йўл тополмайди”. Худди шундай бўлди, яримфиналда ҳам, финалда ҳам бизнинг вакилларимиз яққол устунлик қилишди. Бу учрашувларни маҳалладошлар, улфатлар, ёру биродарлар жамоа бўлиб томоша қилишди.

Миллатимиз оламаро қозонилган ғалабадан кучга тўлиб, чексиз хурсандчилик кайфиятини ҳис қилди. Демак, “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган шиор амалда намоён бўлди. Ғалаба қўлга киритилган кунлари одамларимиз ўз хизмат жойларида руҳланиб меҳнат қилдилар, ўзбекистонлик эканликларидан фахрга тўлдилар. Шундай умумхалқ кўтаринкилиги, айтинг, тарихимизда қачон бўлган?! Ўзбекистонда нимаики ислоҳот жорий этилмасин, ҳаммаси инсон ҳаётини яхшилашга қаратилади. Аслида, одам боласининг бу дунёда яшашидан мақсад яхшилик, ўзгалар ҳаётига мазмун бахш этишдир. Шунинг учун оилада ҳам, хизмат жойида ҳам, жамоатчилик даврасида ҳам инсонга наф келтириш олий саодатдир.

Баъзан юқорида айтганимиздек, арзимайдиган масала юзасидан катта жанжаллар, асаббузарлик келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун бир масалани муҳокама қилишдан олдин “Тўхта, шунга шунчами?” дея босиқ-вазмин мулоҳаза юритган афзал. Ватанимизда, оиламиздаги ижобий ўзгаришлар ҳақида ўйласак, беҳуда асабийлашишдан ўзимизни асраймиз.

Хўш, бевосита инсонни асраш, эъзозлаш нималарда намоён бўлади? Ҳамкасбингиз ёки ён қўшнингиз эл-улусга наф келтирувчи ишга қўл урди. Шунда уни қўллаб-қувватлаш, руҳлантириш тўғри бўлади. Арғамчига қил қувват деган гап бор. Агар эзгулик қўллаб-қувватланса, барака ёғилади. Ҳаётнинг бу қонунини ҳамиша ёдда тутайлик. Бу ўринда ҳар бир ҳаракат, интилиш Ватан равнақига қанчалик ҳисса қўшишини англаш мезон ҳисобланади.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

“Халқ сўзи” газетаси

бош муҳаррири ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =