Бизнинг Яйра опамиз
Болалик ва ёшлик хотираларим сандиғидан ўрин олган азиз сиймолардан бири Яйра Саъдуллаева яқинда табаррук 90 ёшни қарши олди. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси. Яйра опанинг ўзбек матбуотида салмоқли ўрни бўлиб, катта тажрибага эга бўлган куюнчак устоздир.
Яйра Саъдуллаеванинг қаламига мансуб “Ҳаётнинг бир варағи”, “Келинчак”, “Олтин бахтим”, “Она қалби”, “Том бошида тоғора”, “Катта ҳовли”, “Нурли ва нурсиз осмон” каби китоблар ўз ўқувчиларига эга. Ушбу китобларда ўтган аср ва бугунги даврда ёзувчи босиб ўтган сермазмун ҳаёт йўли ранг-баранг ҳикоялар, гўзал хотиралар, нодир кечинмалар, маънодор ва ҳикматли хулосалар содда ва самимий тарзда баён қилинган.
Яйра опанинг турмуш ўртоғи Абдуолим Каримов фалсафа фани бўйича катта олим эди. Фарзандлари ҳам журналистика соҳасининг фидойилари, жумладан, ҳозирги пайтда Яшнар Мўминова “Фермер” журналида, Юлдузхон Каримова Ўзбекистон радиосида, Ҳамза Каримов эса режиссёр сифатида фаолият юритмоқда.
Оҳирги марта Яйра Саъдуллаевани йўқлаб Тошкентнинг Чилонзор маҳалласидаги хонадонига борганимда, аяни одатдагидай мутолаа қилаётган ҳолда учратдим. Яйра опа улуғвор ёшига қарамасдан, тиниқ ва равон нутқи, соғлом ва теран фикр-мулоҳазалари билан юрагимга илиқлик олиб кирдилар. Илк сўровим ҳам айнан китобхонлик мавзусидан бошланганди.
— Мен ҳар куни китоб ўқийман. Бугун Қурбон Эшматовнинг “Қадрдон қайрағоч” китобини такроран ўқиб чиқдим. Энди Исажон Султоннинг “Навоий” асарини ўқимоқчиман. Мумтоз адабиётни севаман. Кундалик нашрларниям ўқиб, ахборот дастурларини мунтазам кузатиб бораман. Теледастурларни, айниқса, ахборот дастурларини оила даврасида таҳлил қиламиз. Ёшимиздан қатъи назар, ҳаёт билан ҳамнафас бўлишимиз муҳим. Фарзандларим ва невараларимниям доим мутолаага, ўқиб-ўрганишга жалб қиламан. Инсон китоб ўқисагина, онги ошади, тафаккури бойийди. Илм олиш, ўқиб-изланиш ҳаммага бирдай фойда келтиради. Шундай эмасми? Ҳозирги кўплаб қалами ўткир ёзувчиларимизнинг миллий ва тарихий асарларини кўриб қувонаман, издошларимиз сони ортаверсин, — деганди Яйра опа.
Китоб ўқимай қўйган замондошларимиз, ижтимоий тармоқларга муккасидан шўнғиган ёшларимиз, телефонга бутун вужуди билан ёпишиб қолган болажонлар ҳақида, бу ёмон одатларнинг яхши-ёмон жиҳатлари борасида куюниб гапирдилар.
— Кичик неварам Имонанинг китобсеварлиги саломлашиш одобидан, ҳозиржавоблигидан ҳам сезилиб қолади. Унинг янги китобга ташналигини кўриб қувонаман. Ўзи ҳар бир боланинг китобсевар бўлишига оиладаги муҳит сабаб бўлади. Ота-онанинг ўзлари китоб ўқимаса, болада ҳам қизиқиш уйғонмайди-да. Мана, менинг шахсий кутубхонам бойиса бойиди, озаймади. Адабий-бадиий нашрларни ҳам сонма-сон эринмай ўқиб бораман. Муаллифларнинг ижодига холис муносабатимни кўпинча қўнғироқ орқали бўлса-да билдираман, — дедилар Яйра опа кулимсираб.
Чорак аср болаларнинг севимли нашри “Ғунча” журналига бош муҳаррирлик қилган Яйра Саъдуллаева журналнинг ўша даврдаги нусхаси 840 мингдан ошиб кетганлигини айтганида, беихтиёр бугунги обуна жараёни, аҳвол кўз олдимга келди. Тўғри, нашрларнинг деярли барчаси электрон шаклда, исталган тилда ўқирманларга етиб бормоқда. Аудиоасарлар ва маърузалар, аудиоэртаклару турфа каналлардаги болажонлар ақлий ривожи учун фаолият юритаётган ижтимоий тармоқлар ҳамда болаларга мўлжалланган каналларнинг адоғи йўқ. Турли тилларда керакли маълумотларни топиш мумкин. Лекин барибир шунча қулайликни бир жойга жамлаганда, китоб мутолаасига етмайди. Бола китобни ўзи ўқиши, ўқиб туриб уқиши керак-да. Мутолаа завқи барибир бошқача бўлади.
Эсимда, болаликда “Ғунча” журналига ёппасига обуна бўлар ва ҳафтанинг сўнгги кунлари мактабимизда бадиий ўқишни йўлга қўярдик. Ўқиган эртак ва ҳикояларимизни бирма-бир муаллимга айтиб баҳо олардик. Бугунги ўрта ва кекса авлодга мансуб ёзувчи ва шоирларнинг ҳам илк ижодий машқлари ана шу журналда чоп этилган. Китобхонлик ва вақтли матбуотга ташналик ҳар бир хонадонни забт этганди. Кутубхона ва кутубхоначилар ҳамиша гавжум ва машғул бўлишган. Ҳозир ҳам мактабларда китобхонлик тарғиботи кучайган, аммо оилаларда анча пассив. Яйра опа шу ёшда ҳам китобхон. Истаса, жимгина телевизор кўриб ўтирсалар ҳам бўларди, аммо ўрганган кўнгил: мутолаадан ажиб лаззат топади.
Опа 62 ёшигача болаларнинг севимли нашри “Ғунча” журналига муҳаррирлик қилиб, зиммасидаги вазифани ҳамиша сидқидилдан адо этишга уринди. Ишдан бўшатишлари учун ўз ихтиёри билан ариза ёзиб кирганида, масъул раҳбарлар, бирор киши хафа қилдими, дея шошиб қолишган экан. Яйра опа бадиий ижод билан шуғулланмоқчи эканликларини айтади ва бир қатор бадиий асарларини ёзиб, китоб ҳолида чоп эттиради.
Яйра Саъдуллаева устозлари Мирзакалон Исмоилий, Музайяна Алавия, Тўхтасин Жалолов, Маҳмуд Муродовлар номини ҳурмат билан эслайди. Улар билан ёнма-ён ишлаган, ҳаёт ва ижод фалсафасини ўрганган. Мустабид тузумда устозлари руҳий азоблар гирдобидан ўзларини мағрур олиб чиқа олганларига ич-ичидан таҳсинлар айтади.
— Таҳририятимизга эл ардоғидаги шоира Зулфияхоним, Шуҳрат домла, Тўхтасин Жалолов, Пўлат Мўминлар тез-тез келиб туришарди, — дея хотирлайди опа. — Зулфия опанинг камтарлиги бизга ҳамиша ибрат бўлган. Ижодий учрашувларга “Она қаерда бўлса, бола ҳам ўша ерда” деганча бизларни етаклаб борарди. Жудаям содда кийинардилар, мулойим табассуми сира ёдимдан чиқмайди. Музайяна Алавия ҳам худди шундай содда, камтарин эди. Зотан, инсоннинг сийратини ҳам, сувратини ҳам камтарлик ва табиийлик безайди. Устозлик мақомига етган инсон ҳар жиҳатдан шогирдларига ибрат бўлиши керак. Шоир Пўлат Мўмин бир куни тўсатдан хонамга кириб келганларида, тўрдаги курсимдан ирғиб турганман. Устознинг ёнида тўрда ўтиришга ийманардик. У кишини жойимга ўтиришга таклиф қилсам, кўнмаган. Шу-шу бўлди-ю, тўрдаги курсимга ўша вақтлардаги машҳур Олимпиада рамзи бўлган айиқчани қўйиб қўядиган бўлдим…
Яйра опа ҳам табиатан камтар, мулоҳазали эканликларидан биз талабаликда уйларига тез-тез бориб турар, муаммоларимизни тортинмай айтардик. Тўнғич қизи Яшнар билан бир курсда ўқирдим.
— Ойим ва дадамнинг бирор марта ўзаро тортишганини эслолмайман, — деди Яшнар. — Аммо бир марта аразлашиб қолишганини гаплашмай қўйганларидан сезиб қолганман. Бу араз ҳам атиги бир кунгина давом этган. Ота-онам бирор марта бўлсин, бизга бақириб гапиришмаган. Хато қилсак, босиқлик билан тушунтиришган. Ҳаммамиз катта ҳаётга қадам қўйганимизда дуч келганимиз шафқатсизликлар олдида эсанкираб қолганимиз рост. Демак, ҳаётда ана шундай шафқатсизликлар ҳам бўларкан-да, деганмиз. Доим осойишталик ҳукмрон бўлган хонадонимизда ҳурматсизлик кўрмай улғайдик ахир. Уйимиздан меҳмонлар аримасди. Кўпроқ таниқли кишилар, санъаткорлар келишарди, биз уларнинг дилтортар суҳбатларини тинглаб улғайдик ва ўзимизга етарлича ҳаёт сабоқларини олдик. Дадамизнинг вафоти ойимизни қаттиқ қайғуга солди. Яқинларини йўқотиш азобини енгиш учун ижодга янаям қаттиқроқ шўнғиган ойим оғир мусибатни қалами кучи билан енгиб ўтди…
Биз Яшнар билан талабалик йилларимизни тез-тез ёдга оламиз. Яйра опа ҳаммамизнинг куюнчак онамиз эдилар, ҳар биримизни сўраб, йўқлаб турар, дам-бадам меҳмонга чақирарди. 1990 йили. Битирув йилимиз курсдошлар билан Яйра опанинг хонадонида меҳмондамиз. Ўшанда Яйра опа ўз қўллари билан биз учун сомса, Абдуолим домла палов пиширганлар. Ҳазил-ҳузул авжида эди. Хонадоннинг кичик қизи Юлдузой пианинода “Отмагай тонг”ни чалди. Ҳаммамиз жўровоз бўлдик. Сўнг “Майсаранинг иши”даги “Васиқаси бор энди…”ни бошладик. Меҳрибон, Туйғуной, Гулчеҳра, Муҳаммаднозим, Баҳодир акалар қийқириб-қийқириб хиргойи қиламиз. Навбат Минҳожиддин акага етди. “…Боғчаларда қизил гуллар терганда мен, дедим сен-сен…”
Мўъжазгина меҳмонхонани Минҳожиддин аканинг жарангли, айни пайтда мунгли овози тутди… Биз, ичимизда илҳом қайнаган бир гуруҳ бўлажак журналистлар ажиб хаёлга ғарқ бўлдик. Минҳожиддин ака ора-чора овозини созлаб, йўталиб, дард билан куйларди. Яйра опа билан Абдуолим домла ҳам эшик ёнига келиб ўйга толган эдилар… Улар бизнинг маънавий отамиз ва онамиз эдилар. Орадан йиллар ўтиб, турмуш ташвишларига андармон бўлиб, уларни аввалгидек йўқлай олмасак-да, юзидан самимият балқиб турадиган меҳрибон Яйра опанинг бизга берган эътиборларини сира унутмадик.
Яйра Саъдуллаева халқимизга яхши таниш санъаткорлар Саъдуллаев ва Саъдиевлар учун доно маслаҳатгўй, меҳрибон опа бўлдилар доим. Оилани ҳар нарсадан муқаддас билган ёзувчининг “Катта ҳовли” китобида ҳам оиланинг муқаддаслиги, қавму қариндошларнинг меҳру оқибати, фарзандлар эҳтироми ҳақида сўз боради. Ушбу китобда санъаткорлар оиласидан етишиб чиққан истеъдодли инсонларнинг ҳавасдан то камолотгача бўлган даврлари, муваффақиятлари ҳақида мириқиб ўқийсиз. Яйра опанинг укаси Ғайрат Убайдуллаев вафот этгунига қадар Ўзбекистон телерадиосида режиссёрлик қилган, жудаям ҳалол, покиза қалбли инсон бўлган. Шу боис республика миқёсида ўтказиладиган асосий тадбирларда режиссёрлик қилишни, асосан, унга юклашган. Ғайрат аканинг меҳнаткашлиги, камтарлиги Яйра опанинг ўғли Ҳамзада мужассам.
Яйра Саъдуллаева ғайрати ичига сиғмаган ёшлик чоғларида, “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасида ишлаб юрган кезларида кўнгилли бўлиб Мирзачўлни ўзлаштиришга борган. Аянинг ҳикоя қилишича, маҳкумлар бригадасида ҳам бригадир бўлиб ишлаганлар. У синчалак каби ўз ишига пухта, қатъиятли эди. Ишнинг оғир-енгилини танламасди. Тез орада атрофидагиларнинг ҳурматини қозонди, маҳкумлар билан бирга меҳнат қилишдан асло чўчимади, чарчамади, қалбида ёшлик олови алангаланди. У ердан қайтгач, “Гулхан” журналига бош муҳаррир этиб тайинланди. Кенгликлардан, бардошли қишлоқ аҳли ёнидан келган Яйра опа учун бу даргоҳ торлик қиларди гўё. Таҳририятга такрор ишга қайтганида Мирзачўлда орттирган ҳаётий тажрибалари қўл келди. Меҳнат инсонни ҳар томонлама тоблашига амин бўлди. Мирзачўлдаги таассуротлари жамланган “Ҳаётнинг бир варағи” китобини ҳамон қўлига олгунча ширин хотиралар гирдобига ғарқ бўлишини энтикиб сўзлайди. Шаҳарга қайтганида унга ўша вақтда ишланган “Синчалак” фильмида бош ролни ўйнашни таклиф қилишган. Ҳатто пробадан ҳам ўтган, аммо опанинг ўзи кинода ўйнашни истамаган экан. Тақдир эса уни матбуотга, бадиий ижодга боғлади…
Абдуолим ака Каримов Москвада, кейинчалик Украинада ҳам таҳсил олиб, фалсафа фани бўйича олим бўлиб қайтганлар ва узоқ йиллар Тошкент Маданият институтида талабаларга фалсафа фанидан сабоқ берган. Яйра опа билан уч нафар фарзандни тарбиялаб, элга қўшди. Бир-бирларини боқишларидан англаган бу азиз сиймоларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари ва меҳнатлари барчага ибрат бўлгулик.
— Менинг чорак асрлик болалар журналидаги фаолиятим ва ютуқларим ортида турмуш ўртоғимнинг далдаси турарди, — дея эътироф этади Яйра опа. — Унга орқа қилиб хотиржам ишлабман, қатор ижодий ютуқларга эришибман. “Раҳнамолар” йўқолаётган пайтда болалар журнали ҳам ҳавода муаллақ қолаётгандай эди. “Фарзандини севган юрт матбуотини қаровсиз қолдирмас”, деганди турмуш ўртоғим ўшанда. Айтганидек бўлди ҳам. “Ғунча” журнали истиқлол йилларида ҳам ўз мавқеини йўқотмади. Ҳозир ҳам жуда кам нусхада бўлса-да, болажонлар қалбини забт этиб келмоқда…
Тўқсон ёш… Не-не тарихни ортда қолдириб бораётган қарийб бир асрга тенг умр. Ҳа, ҳеч муболағасиз Яйра Саъдуллаева миллий матбуотимизда ва адабиётимизда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлган забардаст устунлардан бири сифатида ҳам бизга яхшилик ва самимиятдан сабоқ бериб келаверади. Ёзувчи ўзи ёзган “Катта ҳовлининг кайвониси”гина эмас, миллионлаб қалбларнинг азиз меҳмони, меҳрибон онаси ҳамдир.
Нигора ШОФАЙЗИЕВА