Заҳматкаш олим

Ҳар бир миллат тарихида шундай улуғ сиймолар борки, уларнинг фаолияти ва ижоди ўз халқининг дунё ҳамжамиятидан ўрин олишига сабаб бўлади. Улуғ подшоҳ, буюк олим ва адиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур ана шундай жаҳоний сиймолардан биридир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганиш — илмий йўналиши ва соҳаси қандай бўлмасин, ҳар бир ўзбек зиёлиси учун фарз саналади. Чунки Бобурнинг подшоҳлик шавкати, бадиий ва илмий асарлари нафақат Шарқ маданияти, балки дунё тамаддунининг ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Бу ҳолат ўз навбатида Бобур ҳаёти ва ижодий фаолияти билан шуғулланган олимларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қўймаган.

Профессор Ҳамидулла Болтабоев адабиётшунос сифатида миллий адабиётимизнинг ҳар бир жабҳасини синчиклаб ўрганишни ўз вазифаси деб билган олимдир. Унинг бобуршунослик илмига кириб келиши бевосита Бобур халқаро жамоат фонди фаолияти билан боғлиқ. Бобур фонди ўзининг ўттиз йилдан ортиқ илмий-амалий фаолияти давомида профессор Ҳамидулла Болтабоев билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Бобур халқаро илмий экспедицияси ўз сафарлари давомида кўплаб нодир манбаларни қўлга киритди. Қўлга киритилган манбаларнинг кўпчилиги олим Ҳамидулла Болтабоев томонидан ҳамиша катта қизиқиш билан ўрганиб чиқилган. 1990 йилларнинг бошида илмий экспедиция Афғонистон ва Эронга сафари натижасида икки муҳим манбани қўлга киритди. Улардан бири инглиз олими Уильям Эрскиннинг Забиҳуллоҳ Мансурий таржимасидаги форс тилида битилган “Эрон ва Бобур” (Теҳрон, 2001, 14-нашри) китобидир. Қарийб минг саҳифани ташкил этувчи ушбу манбани ўрганган олим Бобурнинг болалиги ҳақидаги янги маълумотларни ўзбек бобуршунослигига олиб кирди. Асарнинг бир қисми ўзбек тилига таржима қилиниб, олим муаллифлигидаги “Хорижда бобуршунослик” китобига киритилди. Илмий экспедиция Афғонистонда қўлга киритган иккинчи манба Зайниддин Тойибодийнинг “Насабнома”си бўлиб, бу китобда Амир Темурнинг пири, “Темур тузуклари”да 17 марта тилга олинган буюк аллома фаолиятини ўрганиб, “Амир Темурнинг пири” (“Туркистон” газетаси, 1987) мақоласини эълон қилган. Забардаст олим, мана, қарийб 30 йил давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолияти ва ижоди билан боғлиқ бир неча манбаларни тадқиқ этиб келмоқдаки, улар Ватанимизда бобуршунослик фани ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

1990 йилларнинг бошланишида “Бобурнома”да акс этмаган воқеалар” номли мақола ёзиб, бу мўътабар асарга кирмай қолган Бобурнинг деярли 19 йиллик фаолиятини акс эттирган манбаларни аниқлаб чиқди. Кейинги йилларда уларнинг ҳар бири ҳақида мақола ёзиб, “Бобурнома”да акс этмаган, бироқ улуғ шоир фаолияти билан боғлиқ бўлган воқеаларни аниқлади. Бу жиҳатдан олим Хондамирнинг “Ҳабибу-с-сияр” асари ҳақидаги мақоласида улуғ тарихчи томонидан Бобур ҳақида битилган тарқоқ маълумотларни бир тизимга солиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бевосита темурийлар сулоласининг давомчиси сифатида Амир Темур ва темурийларнинг давлатчилик тарихи ва маданий сиёсатини давом эттирган салтанат соҳиби эканини далиллади. Маълумки, бу асарда нафақат Бобур фаолияти, балки XV аср адабий муҳитига тааллуқли Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро каби сиймоларга тегишли маълумотлар ҳам мавжуд. Ушбу манба ҳақида олимнинг 2016 йилда “Гулистон” журналининг 1-сонида эълон қилинган “Бағрингдаги дурни билмайсан, тупроқ” мақоласи эътиборга моликдир.

Қомусий асар ҳисобланган “Бобурнома” таркибида юздан ортиқ адабий-илмий сиймолар тилга олинган. Улар орасида 30 дан ортиқ Андижон фарзандлари бор. Улар ҳақида Ҳамидулла Болтабоевнинг “Бобурнома”да Андижонийлар” туркум мақолалари эътиборимизни тортади. Бу мақолалар ўз даврида илмий анжуманларда маъруза қилиниши билан бирга “Бобур энциклопедияси”нинг 1- ва 2-нашрларидан ўрин олган. Шу мазмунда Ҳ.Болтабоев “Бобур ва Андижон адабий муҳити” асарида илгари номаълум бўлган XI-XVI асрларда яшаган ўнлаб адиб ва олимларни илмга олиб кирганини ҳам унутиб бўлмайди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳонгашта олим ва адиб саналади. У ҳақда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида яратилган юзлаб бадиий ва илмий асарларни Бобур фонди жамлаб, Андижондаги “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва жаҳон маданияти” музейига олиб келган. Уларнинг деярли учдан икки қисми Бобур ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ илмий асарлардир. Бундай асарлар орасида У.Эрскин, А.Бевериж, Ж.Неру, Л.П.Шарма, С.Берк каби олим ва давлат арбобларининг эътирофлари, мақола ва тадқиқотлари бор. Ҳамидулла Болтабоев шулардан 13 тасини жамлаб, айримларини таржима қилиб, зарур изоҳ ва шарҳлар билан “Хорижда бобуршунослик” китоби (2008)ни яратди. Ушбу китоб ўзбек ва хориж олимлари томонидан эътироф эътилиб, бу ҳақда тақризлар эълон қилинди. Олим айни йўналишдаги фаолиятини давом эттириб, “Россияда бобуршунослик”, “Англияда бобуршунослик”, “Ҳиндистонда бобуршунослик”, “Эронда бобуршунослик” каби бир қанча мақолалар ёзган. Ушбу мақолалар “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”нинг 1- (2014) ва 2- (2017) нашрларида ўз аксини топган. Шу ўринда қайд этиш лозимки, энциклопедиянинг ушбу нашрларида Ҳамидулла Болтабоевнинг 50 дан ортиқ мақолалари жой олган.

Илмий экспедиция томонидан аниқланган У.Текстоннинг тадқиқотларини ўрганиб чиқиб, инглиз олими томонидан “Бобурнома”нинг амалга оширилган таржимаси илмий жиҳатдан барча инглиз тилидаги таржималардан юқори туришини асослади, ушбу таржимани аслият билан солиштириб чиқишни маслаҳат бериб, ушбу мавзуни ўзининг шогирдларидан бирига топширди. 2023 йилда “Бобурнома”нинг итальян тилига таржимаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан Италияда Федерико Пасторе таржимасида нашр этилди. Ушбу нашрга сўзбоши ёзган Франко Кардинининг: “Бобурнома”ни ўқишга жазм қилган европалик китобхон ундан бош кўтаролмай қолиши шубҳасиз. Шу аснода инсонпарвар папа Пий-Энеа Сильвио Пикколоминининг “Изоҳлар”и, император Леопольд Габсбургнинг автобиографик мулоҳазалари беихтиёр хаёлга келади; баъзан ўқувчи ўзини Монтенни, баъзан эса Марко Аоло ёки Буюк Фридрих ёхуд Мелвиллни мутолаа қилаётгандек ҳис этади” каби фикрлари ўзбек бобуршунослари томонидан истифода этилиши зарур эканини таъкидлаб, телевидение ва халқаро анжуманларда чиқиш қилди. Хорижда бобуршунослик соҳасидаги фаолиятининг бошланиш даврида ўзбек олимлари ичида биринчилардан бўлиб, япон олими Эйжи Мано билан учрашди (Киото, 1999), “Бобурнома”нинг япон тилига таржимасининг профессор Хисао Кўматсу кўмагида Бобур фондига олиб келинишига ёрдам берди.

Илм аҳлига маълумки, шу вақтга қадар мамлакатимизда алоҳида сиймога бағишланган энциклопедиялар яратилмаган эди. Бобур халқаро жамоат фондининг ташаббуси билан амалга оширилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедиясининг 1-, 2-нашрлари Ўзбекистонда қомусий китоблар тайёрлаш тажрибасида биринчилардан ҳисобланади. Ушбу энциклопедиянинг 1- ва 2-нашрларини амалга оширишда фаол иштирок этган олимга фонд раёсати томонидан ишонч билдирилиб, Бобур энциклопедиясининг 3-нашри учун бош муҳаррир вазифаси топширилган. Айни фаолиятга жиддий киришган олим ўз атрофига 20 га яқин мутахассисларни жамлаган ҳолда “Бобур энциклопедияси 3-нашри ва унинг инглиз ҳамда рус тилларидаги таржимаси” мавзусидаги илмий-амалий грантни қўлга киритишга эришди. Бу йўналишда ишлар давом этмоқда. 3-нашр аввалги нашрларга нисбатан қарийб 200 бет ортгани ҳолда 150 дан ортиқ янги мақолалар билан тўлдирилмоқда. Жаҳон стандартлари асосида шакллантирилиши назарда тутилган ушбу қомусий нашрнинг инглиз ва рус тилларига таржима этилиши ҳам кўзда тутилган.

Андижон шаҳри нафақат Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ватани, шу кунларда жаҳон бобуршунослигининг маркази бўлиб турибди. Фонд томонидан уюштирилган 30 дан ортиқ илмий экспедициялар доирасида минглаб китоблар келтирилган, уларнинг аксарияти ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди. Бугунги кунда қутлуғ ёшини қаршилаётган профессор Ҳамидулла Болтабоевга эса узоқ умр, илм-фан йўлидаги заҳматли меҳнатларида эса муваффақиятлар доимий ҳамроҳ бўлсин.

Зокиржон МАШРАБОВ,

Бобур халқаро жамоат фонди раиси, профессор,

Дилрабо ҚОЗОҚБОЕВА,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори, ЎзМУ доценти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + eleven =