Қиёфа

Холиёр САФАРОВ

Муаллиф ҳақида:

Холиёр Сафаров — 1983 йил 21 февралда таваллуд топган.

2005 йилда СамДУ ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Асарлари “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва бошқа нашрларда мунтазам эълон қилиб борилади. Ижод намуналари рус, турк, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.

Биринчи китоби — “Ой ботмаган кечалар” (2010 йил, ҳикоялар). Кейинчалик “Қанотсиз қушлар” (2015 йил, қисса ва ҳикоялар), “Номус ва ҳаёт” (2019 йил, қисса ва ҳикоялар), “Онамнинг ёлғонлари” (2024 йил, ҳикоялар) номли китоблари чоп этилган.

Айни дамда “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Илмий-оммабоп телефильмлар” муҳарририяти катта муҳаррири.

(ҳикоя)

У — дами баланд, пичоғи ёғ устида, бир номи улуғ ташкилотнинг раҳбари, депутат, фан доктори, аммо жуда ғалати одам. Эрталаб уйғониб, кўзларини очганида “Алҳамдулиллаҳ”, кечқурун уйқуга ётаётганида эса “Астағфируллоҳ” дейди… Кун давомида мажлисларда қатнашадими, минбарларда сўз айтадими, аудиторияда маъруза ўқийдими, тадбирларда бўладими, ҳамиша жўшиб, тўлқинланиб гапиради, аммо доим юз-қўлини ювар экан, кўзгуга боқади ва беихтиёр ўз аксига тикилиб қолиб, охирида башарасига туфлаб юборади… Уйида ҳам шундай.

Биққи, лўмбиллаган, бармоқларини тўлдириб тилла узук, бўйнига қалин занжир тақишни яхши кўрадиган, қўни-қўшнилар, дугоналарига қайси буюмни қаердан қанчага олганини мақтанишни, ярашмаса ҳам тор кийимлар кийишни ёқтирадиган аёли ҳар куни эрталаб бир хил вақтда уни нонуштага уйғотади.

— Раҳмат! Худо менга хотиндан солган… — дейди у.

Болалари бирин-кетин дастурхон атрофига йиғилишади. Ана, мактабни битириш арафасида турган ва ҳалигача бирор касб ёки ҳунарни аниқ мақсад қилмаган, соч ўстириб, чап кўзини ёпадиган қилиб силлиқ тарайдиган, ўй-хаёли виртуал ўйинлар бўлган ёлғиз, эрка ўғли оғрингандай чиқиб келди. Ота унинг қизарган ва ҳали уйқу лашкарлари, ҳомуза кўланкалари тарк этмаган қароқларига боқиб, бошини чайқади.

— Нега кечаси билан қўш ҳайдагандай ҳориб ётибсан?

Ўғил отанинг саволи мағзини чақолмади. Бошини бир томонга илкис чайқаб, кўзларини ёпиб турган сочларини йиғиштирган бўлди.

— Ассалому алайкум…

— Сен менинг бошимдаги тожимсан! — деди у алик ўрнига. — Унутма, сен салоҳиятли, ўзига ишонган довруқли йигит бўлишинг керак. Ҳали сени олдинда буюк ишлар кутяпти! Келажакда мамлакатнинг энг олди шахсларидан бири бўлиб, ҳаммага ибрат бўлишинг керак!

Ўғил эса гўёки чўпчак эшитаётгандек номаълум нуқтага ҳиссиз қараб ўтирарди, отаси “Эшит­япсанми?” дегандагина тасдиқ ўлароқ бош ирғаб қўйди. “Мен нима дейман, қўбизим нима дейди?” қабилидаги бу ланжликдан отанинг қони қайнаб кетди. Ичикиш билан катта қизига қаради. Унинг дарди оройиш. Қачон бўлса, ойнага қараб, ўзига маҳлиё бўлиб ўтиради. Юқори синфда ўқиса ҳам ҳалигача қўғирчоқ ўйнаб, айиқчасини қучоқлаб ухлайди, дабдурустдан сўраса, карра жадвалидан ҳам хато қилади, аммо дадасини ҳафтада бир марта ресторанларда овқатланишга ёки бирор кўнгилочар масканга боришга кўндира олиш қобилиятига эга. Ундан ҳам кўнгли тўлмай, доимо суйкалиб, пинжига тиқилиб ўтирадиган кенжа қизининг пешанасидан ўпиб қўйди.

— Дада, кеча сизни кута-кута ухлаб қопман… — деди у эркаланиб, бошини хиёл эгиб. У шунчалар ёқимтой эдики, отанинг меҳри ийиб, бошини силаганча яна ўпиб қўйди.

— Мен жуда кеч келдим-да, асалим…

— Сизни жуда кў-ўп кутдим… — қизчанинг лаблари баттар чўччайиб, узун киприклари пирпиради.

— Биласан-ку, қизим, ишим жуда кўп.

— Кечаям сафарда эдингизми? — сўради хотини чой узатаётиб.

— Ҳа, — бош ирғади у. — вилоятга бордик. Еб-ичиш ҳам, иш ҳам зўр бўлди. Тавба, эрталабдан қовоғим учяпти.

— Хотинларга ўхшаб иримкашлик қилманг, — деди аёли ва ўзини қизиқтирган саволни берди. — Авваллари вилоятларга бормасдингиз-ку?

— Комиссия таркибига қўшиб қўйишибди… — у асал қўшилган чойни хўриллатиб ичаркан, бепарво қўл силкиди. — Ай-э, одамларнинг аҳволини ўрганамиз-да. Уларга нима керак, нимага муҳтожлиги бор, шуларни кўриб, таҳлил қиламиз. Халқнинг розилиги учун ҳаракат қиламиз.

— Халқнинг розилиги? — аёл эрига синовчан назар солди. — Хулосангиз қандай?

У “Президент” сариёғи сурилган нонни оғзига тиқаркан: “Бу кимнинг нима сўрашига боғлиқ”, — деди кавшаниб.

— Дадаси, ўзи аҳвол анча яхшиланиб қолди-а?

Аёл эрининг кўзларига тикилди. У жавоб беришдан олдин дастурхон тўла ноз-неъматга, ўзининг олдидаги ёнғоқ-майиз, болалари қўл узатишга эриниб турган колбаса, сариёғ, шоколадга, хотини тотиниб ўтирган қаймоқ ва бошқа ширинликларга қаради.

— Ҳа, шундай. Сен кўпроқ шукур қилавер…

Аёл лабини бурди. У эса болаларига қаради.

— Бўлинглар, ҳозир машина келади.

— Бизлар тайёр.

Хизмат машинаси болаларни мактабга ташлаб келгунича у кийиниб, тайёргарлик кўриб турди. Унинг ўнлаб костюм-шими, кўйлаги, бўйинбоғи, ҳатто туфлиси борки, борадиган жойига, учрашадиган одамларига қараб танланади. Ҳозир ҳам тепакал ва дўнгпешоналигини яшириш учун бошининг ён томон сочлари билан олдини ёпди ва махсус сепки билан қотирди. Хушбўй атир сепди ва яна ойнага узоқ вақт тикилиб қолди. Гўё бошқа одамга айланди. Кўзгудаги қиёфасига қараб туриб, яна беихтиёр туфлаб юборди…

— Дадаси, нега доим шундай қиласиз?

Фавқулодда берилган бу савол уни бир зумга гангитди. Аёлига қараб турди-да: “Сабабини билмаганинг яхши”, деб туфлисини кийди.

— Болаларингиз ҳам доим менга шу саволни беради…

У жойида тўхтаб қолди ва аёлининг кўзларига қаради.

— Сен ҳам мендай ишласанг ва ойнада кўзларингга кўпроқ тикилиб турсанг биласан, — деди ва чиқиб, машинага ўтирди.

Аёл ҳеч нарсага тушунмай елка қисганича жим бўлиб, остонада туриб қолди. Эшикни ёпаркан, беихтиёр кўзгу ёнига келди ва ўзига сер солди. Йиллар ўтгани сайин секин-аста ажинлари ҳам қуюқлашган, ёноқлари чўккан, кўзлари маъюс тортган. Унинг қорачиқлари ўйнади ва ўтган умри, хатолари, ёлғонлари, ҳийла-найранглари, кибру ҳавоси қоришиб кетди. Ногоҳ юраги сим этди ва кафти билан кўзларини ёпиб олди…

Бу пайтда эр машинанинг орқа ўриндиғида аёлига ҳозир айтган гапларини хаёл суриб кетарди. У илк марта мактаб ёшида, отасининг чўнтагидан яширинча пул олиб, сўроққа тутилганида қўрққанидан: “Ўлай агар, олганим йўқ”, деб қасам ичиб юборган ва шу билан осонгина қутулиб кетган, аммо ўша куни кечқурун юзини арта-арта ойнага қараганида, кўзлари уни таъқиб этиб, ғойибдан “Виждонсиз!” деган бир овоз эшитилгандек бўлганди. Оқибатда у бунга дош беролмай, айёр нигоҳларини бошқа томонга буриб кетган ва айбдор одам ўзининг кўзига тик қарай олмаслигини англаб етган эди. Аммо бу азалий ҳақиқатни тез унутди. Кунлар ўтгани, балоғатга етгани сайин таранг вазиятларда ёлғон ишлатиш, айбни бировларга ағдариш орқали вазиятдан чиқиб кетиш, муносабат билдириш ва эътироф этиш керак вақтида эса тилёғламалик қилиш, кўпиртириб мақташ аъмолига айланди. У ҳатто бўлажак турмуш ўртоғи билан танишганида ҳам: “Умримда сиздай гўзал ва андишали, узун киприклари кўзларига ҳаё пардасидай ёпилиб турган солиҳа қизни кўрмаган эдим…” деганди. Унинг фикр ва қарашларни шамол эсган томонга йўналтириш маҳорати шу қадар ривожланган эдики, оғзидан тизимчага тизилгандай тизилиб чиқаётган ва унга анқайиб қараб ўтирган кишиларнинг шуурига қуйилаётган сўзлар жозибасидан ўзи ҳам завқ оларди…

У ҳар куни ишга келиши билан дастлаб хонасига киритиб қўйилган матбуот нашрларини варақларди. Котибаси киритган қайноқ қаҳвани ича-ича интернет, ижтимоий тармоқлардаги янгиликларни кўриб, куннинг мазмун-моҳиятини белгилаб оларди. Ҳатто у кейинги пайтларда нутқида тимсоллар, таққослар келтиришни ҳам одат қилди. Ипдай эшилиб, чийралиб, турланиб, тусланиб келаётган сўзларига ўзининг-да маҳлиёлиги ортиб борар, олқишлардан маст бўлиб, сўзининг жозибасини янада оширарди.

Бир куни яқинда ишга келган ходимини хонасига чақириб, тайёрлаган ҳисоботидаги камчиликларни тушунтираётган эди, хос телефони жиринглаб қолди. Ходимга “жим” ишорасини қилиб, гўшакни олди ва “Тақсирим” деб аввалига қуюқ сўрашди, сўнг: “Сиз айтсангиз, биз ҳаммасини есть қиламиз, устоз! Сиз борки, биз шундай бахтиёр бўлиб юрибмиз-да. Ҳурматингиз чексиз, тақсирим, бошимизга омон бўлинг!” деб шу қадар усталик билан ҳар бир сўзга зарбоф тўн кийгизиб жавоб бердики, уларнинг суҳбатига соме бўлиб ўтирган ходимнинг аъзойи бадани қизиб кетди. Суҳбат тугагач, у бўйинбоғини секин бўшатиб, мийиғида жилмайди, бош ирғаб қўйди. Уни кузатиб турган ходимига “Қалай?” дегандек кўз остидан боқди. Бундай тилёғламаликка ўрганмаган йигит:

— Уялмайсизми? — деди ва қоғозларини ҳам олмасдан чиқиб кетди.

Шунда у музлаб қолди… Гўё юзига тарсаки урилгандек бўлди. Бир муддат қимир этмай, ходими чиқиб кетган эшикка тикилиб тургач, ўрнидан турди ва остонадаги кўзгу қаршисига бориб, ўзига рўйирост разм солди, аммо осилган қовоқлари остидан қаҳрли боқиб турган нигоҳларига дош беролмади ва яна ойнадаги аксига қараб туфлаб юборди. Пастлаб оқиб кетаётган тупугини кузата туриб, “ёш, тирмизак” ходимининг “бетамиз ва бетгачопар”лигини қабул қила олмай, кўзгудаги аксига бир мушт туширди. Кўзгу чил-чил синиб, ерга дувва тўкилди, зарралари атрофга сочилди. Кўзига ҳам кирган экан, чимиллаб оғриқ бера бошлади. Қўлини юзига босган эди, илиқ нимадир ёпишди. Бир кўзини аранг очиб қаради ва мушт урган қўли тилиниб, қон оқаётганини кўрди, аммо кўзидаги симиллаган оғриқдан ўтириб қолди… Нимадир тушиб кетди, деган хаёлда югуриб хонага кирган котиба қиз бу аҳволни кўриб, қўрқиб кетди ва нариги хонага югурди…

Бирдан ходимлар йиғилиб, унинг қўлини боғлаб, қонни тўхтатгандек бўлишди, аммо у кўзини очолмасди. “Тез ёрдам” чақиришди.

— Улар қачон келади? Кутиб ўтирамизми? — деб бирови қўлтиғидан кирди. — Юринг, ўзим глазнойга олиб бораман.

Пастга тушгунларича “Тез ёрдам” машинаси етиб келди…

Унинг кўзига кирган ойна синиқларини жарроҳлик йўли билан олиб ташлашди. Энди у бир кўзи боғланган ҳолда шифохонада ётар экан, бирор нарса ейишни истамас, ҳатто аёли, болаларини қабул қилмас, ходимларини эса кўрарга кўзи йўқ эди. Аҳволини билиш учун кўзгуга қарашга юраги дов бермасди…

У бир ойча шифохонада ётди. Кўзидаги боғичлар ечилди, ачишиш йўқолди, аммо энди тинимсиз боши оғрийдиган бўлиб қолди. Шифокорлар бир йилгача қоғозга қараш, компьютерда ишлашни тақиқлади. Соғлиғи туфайли лавозимдан олиниб, бўлимга ўтказилди. Ҳаёт тарзига қўшилиб, энди унинг айтадиган сўзлари, одатлари ҳам ўзгарди. Хизмат машинаси олиб қўйилган, ҳамкасблар ўртасида аввалги ҳурмат-иззат йўқ, оқибат кўтарилган. Уйда аёли, ҳатто болалари ҳам ўзгариб қолгандек, қизлари ҳам аввалгидек эркалик қилмаётгандек, мактабига малолланиб пиёда бораётгандек, олдига чой-нонини иддао билан қўяётгандек эди… Унинг кўзлари қанчалик хиралашган бўлса, атрофида юз бераётган воқеликлар ҳам шунчалик қора пардага ўралаётган эди.

Одамзод — вазиятнинг қули… Ҳозир у ҳар куни университетга бориб, талабаларга сабоқ беради, ишга борса ҳам хонасида кўмилиб ўтиради, ҳеч қаерга чиқмайди, бировга қўшилмайди. Аввалига эгардан тушгиси келмай, мажлисларда олдинги қаторда ўтирарди, бора-бора орқароққа сурилди, кейин иккала қулоғига ҳам пахта тиқиб оладиган одат чиқарди. Ҳозир кўча-кўйда ҳам шундай юрибди… Кечқурун уйга қайтганида юз-қўлини юваётиб, беихтиёр кўзгуга боқади ва ўз аксига тикилиб туриб, яна башарасига туфлаб юборади…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 7 =