Анахита

Ҳумоюн АКБАР

Муаллиф ҳақида:

Ҳумоюн АКБАР — 1964 йили Андижон вилояти Бўстон туманида туғилган.

1980-1985 йилларда Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ), 1997-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси Халқаро муносабатлар ва давлатлараро алоқалар факультетида таълим олган.

Шоирнинг “Юракдаги рангин камалак” (1997), “Унутилган гул” (1998), “Дилхирож” (1999), “Кўнглим гули” (2005), “Ёшлик бекати” (2008), “Туйғулар рақси” (2010), “Интиҳосиз наволар” (2012), “Гулбонг” (2022) сингари ўндан ортиқ шеърий китоблари чоп этилган.

Муаллиф таржимасида Александр Пушкиннинг “Тумор”, Перси Биши Шеллининг “Ғарб шамоли”, Жеймс Жойснинг “Шеърлар” (инглиз тилидан), Давид Самойловнинг “Тўлқин ва тош” шеърий китоблари, Антон Чеховнинг “Кучук етаклаган хоним” қисса ва ҳикоялар китоби, С.Гессен ҳамда Л.Модзалевскийнинг “Пушкин гурунглари” суҳбат-китоби, Виктор Шкловскийнинг “Лев Толстой” номли биографик романи, Юрий Нагибиннинг “Тиниқ кўллар” — ўсмирлар учун қисса ва ҳикоялар китоби нашр этилган. Шунингдек, Ли Бо, Ду Фу, Жон Мильтон, Артюр Рембо, Лев Толстой, Ҳерман Ҳессе, Редьярд Киплинг, Томас Элиот, Константин Бальмонт, Роберт Рождественский, Велимир Хлебников, Расул Ҳамзатов сингари жаҳон адабиёти намояндалари асарларидан намуналар таржима қилиб, матбуотда эълон қилган.

Ёзувчининг қатор ҳикоялари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Hurriyat”, “Маърифат” сингари марказий нашрларда эълон қилинган. Ёзувчи шу кунларда яқин ва узоқ тарихимиз ҳақида ҳикоя қилувчи “Анахита” романини ёзиб якунлади.

Эътиборингизга ушбу романдан парча эълон қилинмоқда.

(Романдан парча)

ХЎРСИНИҚ

Ажойиб кунларнинг бирида руҳим баланд, ғайратим жўшиб, қишлоққа одатдагидан эртароқ қайтдим. Маҳаллага муюлишда, сойнинг катта кўпригидан ўтгач, кўча бошидаги ҳовлилардан бирининг дарвозаси четига бир уюм қаттиқ ўтин тўкилибди. Чамамда, икки-уч арава бор. Эндигина май яримлаганда, баҳор кунлари бўла туриб, одамлар қаттиқ ўтин ташвишига тушганига ажабландим. Одатда, қиш-қировга тайёргарлик кўриш учун кеч куз ёмғирлари бошланганда ўтин-чўп йиғиларди, кўча четларига бир-икки машина кўмир ағдариларди.

Бир уюм ўтин: қуриган олма, нок, ўрик каби мевали дарахтларнинг чакалак шохлари қалашиб ётибди. Албатта, мендек шоху новдаларни синчиклаб назардан ўтказиб юрувчига у хазинадек кўринди. Аввал кўз қиримни ташладим-у, қуриган барглар, тиканак шохлар орасидан кимдир менга тикилиб турганини ҳис қилдим. Синчиклаб қарасам, чинданам, қадди-қомати келишган сулув — хипчабел, сочлари узун гўзал тирсагига таяниб, иягини кафтига тираб, ёнбошлагандай оёқларини узатиб, йўлдан ўтганларни томоша қилиб ётибди. Қуриган ўрик ғўласи: одатда, ғадир-будур бўладиган пўстининг текислиги, чиройли шакли, ҳатто қурчлиги ҳайратга солди. Ёғочни чамалаб, ундан яратилажак ҳайкални тасаввур қилдим: жуда гўзал эди. Қиз ўзини кимдир кўриб қолишига, мана шу қинғир-қийшиқ қаттиқ ўтинлар чангалидан қутқариб олишига ишонгандек эди.

Чамалаб кўрсам, бўйим баробар. Майли, амаллаб олиб кетишга қарор қилдим. Табиат мўъжизасини ташлаб кетишни кўзим қиймади. Минг бир истиҳола қилиб, эшигига ўтин тўкилган катта ҳовлининг ёғоч дарвозасига илинган тақани қоқдим. Бироз ўтгач, аста-аста босилган қадам саслари эшитилиб, ичкаридан елкасига чопон ташлаган қария чиқиб келди.

— Ассалому алайкум, ёшулли, бардаммисиз?

— Ва алайкум ассалом, Худога шукур, барака топ. Кел, улим, уйга кир, бир пиёла чойим бор, — деди ёшулли қаттиқроқ гапир дегандек қулоғига ишора қилиб.

— Раҳмат, ёшулли, илтимосим бор. Шу қаттиқ ўтин сизга тегишлими? — сўрадим ўтин уюми томонга ишора қилиб.

— Ҳа, меники, нима дейсан? — деди қария кутилмаган саволдан ажабланиб.

— Анави ўрик ёғочини сўраб келдим, — дедим ва ғўланинг четига қўл теккизиб кўрсатдим.

Ахир ёшуллига шу пўсти буришган ўрик танасидан ҳайкал ясайман, унда сулув қизнинг тимсолини кўрдим, деб айтолмайман-ку! Айтганда ҳам ёши саксонни қоралаган қария тушунармиди?! У янада таажжубланиб сўради:

— Бу ўтин-ку, нетасан? Катта боғни янгилашди, ўша ёққа бор, бундақа ўриклар қалашиб ётибди. Истаганча олавер.

— Ёшулли, менга худди шу керак-да.

— Уни ёқиб, чўғини сандалга соламан. Ўрик ўтин даво бўлади.

— Сандалга солишга сизга бундан кўпроқ ўрик келтириб бераман, — дедим бақириб.

Ёшулли юзимга анграйиб тикилди, аммо “йигитнинг сазаси ўлгунча…” деган хаёлга бордими, суриштириб ўтирмай рози бўла қолди:

— Майли, ўғлим. Ҳов, анави тўрткўчадан ўнгга бурилиб, қўшни маҳалланинг охирига борсанг, эски боғни бузишган. Ўтин дегани олам-жаҳонга сиғмайди, ҳўлу қуруқ аралаш ҳар қанча ўрик топилади.

— Раҳмат, ёшулли. Шу ўрикни бир четга ола турайлик.

— Яхшиси, жойида қолсин. Ажратиб қўйсанг, яна сенга ўхшаган бирортаси кўтариб кетади.

— Раҳмат, ёшулли, — қувониб кетдим мен. — Тез бориб келаман.

Ёшулли арзимаган бир ғўла деб мени овора қилгиси келмадими, ўйлаб-ўйламай, бузилган боғ томонга йўл кўрсатганидан хижолат чекдими, ортимдан бақириб қолди:

— Овора бўлма, улим, майли, олиб кетавер. Нима, ўтин буюм бўлармиди?!

Ёшуллининг гапини эшитмаганга олиб, чопиб катта йўлга чиқдим. Йўловчи юк машинасини тутиб, эски боғ томонга шошдим. Орадан кўп ўтмай бир арава ўрик ўтин келтириб ташладим. Ёшулли мамнун бўлди-ю, аммо ниятимни тушунмай бошини сарак-сарак қилди. Кейин ҳунарманд бўлса керак, деган хаёлга бордими, ортиқ суриштирмади.

— Майли, ўғлим. Шуни хоҳлабсанми, олақол, — деди ёшулли мамнун. Чунки мен келтирган ўрик билан ўзининг ўриги орасида оз-кўплигидан бошқа фарқ кўрмади.

“Табиатнинг ёниб кул бўлган мўъжизалари қанча? — ўрикни олиб қайтарканман, устанинг ўгитини эсладим. — Ҳозир кўрмай қолганимда бу нозанинни ёқиб кул қилишарди. Сандалга солиб, оёқларини иситарди. Ҳар қандай дарахтда ҳикмат бор. Дурадгор устуну тўсин, синчга яроқли ёғочни чамалайди, ҳайкалтарош тимсолларни ажратади. Нарсаларнинг ташқи кўриниши кўз билан, унинг ички, ботин гўзаллиги қалб билан кўрилади. Бу қанчалар муҳим. Табиат яратгани ҳақиқий бўлади…”

Мен ўрик ғўласини авайлаб кўтариб борарканман, кўчада дуч келган таниш-билишлар ҳайрон, мен эса яратилажак асаримнинг қиёфасини тасаввуримда тиклашга уринардим.

“Эски созгарлар ёғочдан соз ясаш билан бирга мусиқа чалишнинг, ҳатто куй басталашнинг уддасидан чиқишган, дейишади, — яна устанинг гаплари ёдимга тушди. — Сўз сеҳрини, шеър илмини, ўз ҳунарининг тарихини билишган. Усталар шогирдларга соз ясашга яроқли ёнғоқ, тут ёки ўрик ғўласини танлаб, уларни сувга тўйинтириб, сояда қуритишгача сабоқ берганлар”.

Сознинг пардаси балиқ терисидан олинганига ҳайронман. Ундан шундай нозик наволар тараладики, мабодо балиққа тил битса, овози қандай бўларди?

Созларга бежиз юрак пардаси қопланмайди.

Мактабда ўқиб юрган кезларим уста Наби устахонасига чақириб деди:

— Қирқида қўлига соз олган қулоғини қиёматда бурар.

Бу гапнинг маъносини англолмадим. Шунда уста соддагина қилиб тушунтирди:

— Ўғлим, бу деганим: ёшликда ҳунар ўрганиб қол, кейин кеч бўлади. Ҳар куни мактабдан кейин устахонамга кел, соз ясашни ўргатаман.

У менинг зийраклигимни пайқадими, ўз тарбиясига олиб, бор ҳунарини ўргатди. Уста йўлини тутиб созгар бўлмасам-да, унинг сабоқлари бесамар кетмади. Бу ноёб ҳунар ҳайкалтарошлигимга замин эди, ёғочдан ҳайкал ишлашга мойиллигим сабаби шундан. Албатта, ҳиссиз тошдан эмас, жонли, туйғуга бой ёғочдан яралган ҳайкал инсон кўнглига яқинроқдир.

— Худо ҳар дарахтга ҳикмат бериб қўйибди, — такрорларди Наби уста сергак, эҳтиёт бўлиб оғоч чопаркан.

— Дарахтга-я? — ҳайратланиб сўрардим ўсмирлигимда.

— Ниҳоллар ўзи суйган тупроқда кўкаради. Амударё бўйидаги туронғи бошқа тупроқни суймайди. Дарёдан узоқ кетмайди. Гужумга ўхшаш саҳройилар чидамли, уларни боболаримиз бежиз темир дарахт демаган. Иссиқ-совуққа, бўрону дўлга чидайди. Табиат қаҳрига парво қилмайди: шохи синса, танаси эгилса ҳам қуримайди, аҳволига қараб раҳминг келади. Ҳаёт бунчалик ширин бўлмаса, деб ўйлайсан. Агар гужум водийда, сув ёқасида туғилганда борми, ундан сулуви бўлмасди.

— Нега саксовуллар чўлда ўсади? — ҳайратланиб сўрардим.

— Саксовулми, қара, беўхшов, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўравериб, қадди эгик чолга ўхшайди. Саксовул бўлмаса, даштлар кимсасиз, яланғоч кўринади. Аммо унинг томири теран. Қарамон — пишиқ дарахт. Урганчда қадимда Қарамон деган қишлоқ бўларди, ҳозирги ёшлар уни Қаҳрамон дейишади. Хоразмшоҳлар даврида қарамон ниҳолларини қирқ-эллик йиллаб, меваси бўлмаса ҳам боғдай парвариш қилишган. Минг йилдан буён Хива иморатларининг қаддини ўшалар тик тутиб турибди-да, қаҳрамон қарамонлар, — деди уста бир гал завқи келганда ва қизиқ воқеани эслаб кетди:

— Хивалик усталар орасида бир гап юради. Қадимда бозорда арава ясаб сотадиган саррож  ўтган экан. У араванинг катта ғилдирагидаги икки-уч қарич жойини қарамон оғочидан ишлаб, қолганига арзонроқ теракми, толми ё бошқа ёғочни улаб, сўнгра ҳаммасини бир хил тусга киритиб, бозорга олиб чиқиб, сотаётганда ғилдиракнинг қарамондан ясалган жойини қўли билан маҳкам тутиб: “Мана, пишиқ-пухта, қарамондан ишланган”, — деб атрофига жар соларкан. Аравани сотиб бўлгунча ғилдиракнинг тутган жойидан қўлини олмас экан. Ўша саррож шу қилиғи билан харидорларни алдамаяпман, деб ўзини оқларкан. Албатта, бу ҳазил…

Устанинг гурунгларида ўтмиш афсоналарини ҳақиқатдай, аждодларнинг содда донишмандлигини, бир маромда аллаловчи оҳангда айтилган олис ҳикматларини қадимги қўшиқдай тинглардим.

— Туронғининг танасини юмшоқ деб менсимай юрардик, дуруст экан, — деган эди бир гал уста. — Тобистонда айримлари шокила-шокила гуллайди. Гўзал туронғилар ўзига оро бергандек. Кузга бориб уларнинг барги олтиндай қизғиш тусга кириб товланганини кўрсанг борми, армонинг қолмайди. Аммо ёнғоқ тошдай метин, ёрилмайди, оғочининг ҳарорати одам тафтига яқин келади. Ўрик бошқача, ундан соз ясаганингда ҳиди димоғингни қитиқлайди. Нок ҳам хушбўй, танаси тиниқ, бир текис, камкўз бўлади. Чинорга келсак, улкан, ёнғоқ сингари баргини кафтдай ёзиб, осмондан ёмғир тилайди. Оқ қайин-чи, мажнунтолнинг қариндоши — силлиқ сочини тараб соҳилга чиқиб, тушини сувга айтаётган сулув… У бизнинг саратонларга чидамайди. Қиндан чиққан қиличдай тераклар шамолда синиб кетармикан, деб хавотирга тушасан-у, синмайди, лекин қурилишдан бошқасига ярамайди. Тез ўсиб, тез кесилади, яна илдизидан бош кўтараверади. Иморат қилсанг, синч бўлади-ю, соз чиқмайди. Ҳар қалай, буям буюм. Аммо тутга раҳмим келади. Бечора заҳматкаш… Ҳар баҳорда каллакланиб, юрагида қасос ўти ёнган, осмонга ўқрайиб дағдаға қилган дарғазаб одамдай мушт тугади. Ҳаёти турган-битгани азоб. Ундан ясалган сознинг оҳанги чеккан ғам-аламининг акс-садосими, билмадим. Бечоранинг пўстидан қоғоз, баргидан ипак яралади. Новдалари тўғри, текис бўлганидан рўзғорда қўл келади, томорқага човара қилинади, сават тўқилади. Ҳеч нарсага ярамай қолганда ёқиб уйни иситишади. Қаҳатчилик йиллари эл-улуснинг тут пишиғига етиб боргани омон қолган. Оқ тут, қора тут — меваси минг дардга даво! Шўрлик меҳнат тагида эзилиб адо бўлган қулнинг ўзи! Чеккан заҳматининг роҳатини бегоналар кўради, ўғлим. Дарахтлар одамларга ўхшайди, ўйлаб қарасанг, феъл-атвори ҳар хил…

Устанинг ҳикматларини тинглаб кўнглимда табиатга меҳр уйғонган. Дов-дарахт борки, қуёшга интилади, фаслма-фасл либосини ўзгартиради. Одамзод сингари нур, ёмғир, шамолни ҳис этади. Ҳар бирининг ўз шакл-шамойили, ҳусни, меваси, тақдири бор.

Ўрик ўтинни уйга келтиргач, устахонадаги хонтахтага қулай жойлаб қўйдим-да, енг шимариб ишга киришиб кетдим. Дарахт пўстлоғини кўчириб, бир-икки бутоғини олиб ташлаб, хомтараш қилгандим, тасаввуримдаги қиз бирдан кўриниш берди. Шошилмай, бошидан бошлаб чамалаб оёғининг учигача, яна озгина ортиғи билан ўлчаб олгач, қолганини арралаб ташладим.

— Мана, ниҳоят, иккимиз ёлғиз қолдик, малагим, — дедим унга узоқ тикилиб.

Салкам бўйим баравар ўрик танасида шаддод, эрка қизнинг тийнати сезилгани ўзи мўъжиза. Аввал унинг бир томонга тушиб турган силлиқ сочларини тароқ урар ҳолга келтирдим. Қиличдай қайрилма қош, шаҳло кўз, узун киприклар, ғунча лабларни қаламда чизиб чиққач, аста йўна бошладим:

— Энди чидайсан, малагим! Гўзаллик қурбонлик талаб қилади.

Қиз ҳайкалининг бош қисмини аниқ ажратиб олиб дастлабки ишловни бергач, кажовни маҳкам тутиб, бўйнидан бошлаб аста елка, қўл ва оёқларини мўлжаллаб, ортиқча ёғочни олиб ташладим. Қизнинг ойдай жамоли, қадди-қомати, қўлларини ёрқин тасаввур этдим. Бироз захирасини эътиборга олмаганда, қиз ҳайкалининг дастлабки, силлиқланмаган қиёфаси деярли тайёр бўлди. Аммо асосий ишлар ҳали олдинда эди. Оғоч яхши қуригани учун ишловга тайёрлайман деб ортиқча ташвиш чекмадим.

Ҳаммаси бир маромда кетарди. Хаёлимдаги малак чеҳраси яққол намоён бўлгани, қолаверса, табиат дарахтнинг ўзига сарвқомат қиз қаддини ато қилгани учун илҳомланиб ишладим. Шошганимдан ҳайкал суратини қоғозга қоралаш хаёлимдан кўтарилибди. Ишни жойида тўхтатиб, қиз тимсолини қоғозга қораладим. Биринчи, иккинчи… учинчи намуналар пайдо бўлди. Турли томондан кўринишларини чизиб чиқдим. Уларни таққослаб, энг чиройлисини ажратгач, ишга жадал киришдим. Қанчалар завқиёб лаҳзалар…

Ўзимни афсонавий Қибрис шоҳи Пигмалион сингари ҳис этардим. Шоҳ қиз ҳайкалини фил суягидан ясаган. Суякка қараганда ўрик танаси юмшоқ, одамнинг ранги-рўйидек, кўнгилга яқин. Айни лаҳзаларда мамлакат шоҳи бўлмасам-да, ундан кўра қудратли эдим. Пигмалион иккимизни ягона мақсад — покиза, кўнгил орзусидаги қиз ҳайкалини яратиш бирлаштирарди. Унга жон ато этилиши эса, рамзий ҳодиса. Агар ҳайкал юксак санъат мўъжизаси даражасида яратилса, тирилади, у одамлар орасида яшашга ҳақли. Гўзалликка ташналик туйғуси қалбимга куч, ишонч бағишлади.

Қиз чиройли, ҳуркак, оҳу сингари, айни дамда ўзининг гўзаллигини яхши билувчи, мағрур яралди! Атрофидагиларга бепарво, ошиқларини назар-писанд қилмайди, бошқа гўзалларни эса, кўзга илмайди… Бу тенгсиз гўзаллик тантанаси, ҳайратлар маржони…

Мен ишлар эканман, қўлимда кажовни тутганча ўрикдай ширин, ҳароратли паривашнинг жамолига ошиқона, завқланиб тикилиб қолардим, ҳайкални якунлаш эса, ортга суриларди. Ҳар куни оқшомда уйга қайтгач, иш бошлашдан аввал ҳайкалга узоқ термилиб ўтирар, хаёлимдаги паривашнинг нигоҳи, юз бичимлари қанчалар аниқ, маъноли акс этаётганидан лол бўлиб боқардим. Дунёга гўзаллик даҳосини ҳадя этиш қанчалар сурурли кечарди. Шу тобда қиз тимсоли мен аввал чизган, ишлаган сурат ва ҳайкалларимдан кўра нафисроқ, назокатлироқ туюлар, руҳланиб, кутганимдан зиёда асар яралишини олдиндан ҳис қилардим. Таъби нозик қиз узун сочлари, қўллари, кўкраклари, оёқлари қандай бўлишини ўзи айтиб тургандай, мен инон-ихтиёримни унга топширдим, қизнинг елкаларига тирсаклари, қўлларига бармоқлари мутаносиб, бир бутун, қадди-қомати келишган париваш бўлиб туғилди.

Мен кўча четида, ёғоч дарвоза қаршисига ағдариб кетилган бир уюм қуруқ ўтинни эслаб, беихтиёр такрорладим:

— Бу овулларда сен сингари не-не гўзаллар ёниб, кул бўлгандир, эҳ…

Қиз ҳайкали бошида икки ой парвона бўлдим, ҳар куни шаҳардан шошиб қайтиб, устахонамга ошиқардим, унинг ҳар нуқтасига қайта-қайта ишлов берар, нозик қўлларини, сарвқоматини ўзгача меҳру сеҳр ила сайқаллардим. Ниҳоят, қиз чеҳрасини, кўз-қошларини, лабларини яна бир назардан ўтказиб, жилвирда жилоладим, силлиқлаб безак бердим. Ниҳоят, диққатталаб қош-кўзлари, ёноқлари, сочларига боқиб кўнглим тўлгач, унга ошиқона боқдим. Ажиб ҳайрат оғушида қолганда қандайдир сас қулоғимга чалинди — қизнинг сандалнасим нафаси юзимга урилди.

Қиз оғир хўрсинди…

— Уйғотиб юбордимми? — дедим беихтиёр.

Бирдан ҳайрату завқ оғушидан чиқиб, ҳушимга келдим.

Ўз ҳуснидан масрур париваш менга бегонага қарагандай бепарво нигоҳ ташлаб турарди. Энди у ўз яратувчисини тан олмас, ошиқларини эса, оёқ учида кўрсатарди.

Аммо… Қиз нега хўрсинди?

ТАНИШ ЧЕҲРА

Саҳар пайти уйғониб кетдим. Кечаги йўл азоби, оқшом гурунгларидан қаттиқ чарчаганимдан ёнбошлабман-у, тош қотибман. Чўлнинг тоза ҳавосида уч-тўрт соат ухласанг, кифоя. Ажойиб кайфиятда уйғониб, қизарган уфққа қарадим-у, қуёш чамбарини кўриб ҳайратга тушдим. Тонг қалъасини кўздан кечиргим келди. Қуёш қум барханлари узра кўтарилиш арафасида бўлса-да, олам чароғон эди. Олисларда сузиб ўтаётган оқ булут парчалари тонгги нурларда товланди.

Қуёш чамбари шитоб юксала бошлади. Барханлар қизғиш-сариқ рангларда жилоланди. Олов чамбарга тикилиб боқиб, хаёлимдан қуёшга йўлбарсларгина тик қарайди, деган фикр нурланди. Одамлар эса, тонготар, кунботарларда офтобга тик боқади. Мен оқшомларда алвон уфқлардан завқланиб, “Эртага кун яхши бўларкан”, дея кўнглимни кўтаришга одатланганман.

Ҳамроҳларимни безовта қилмай, қалъа атрофини айланиб чиққач, барханлар тўлқинида сузгандай кунчиқар тарафга одимладим. Шифокорнинг ўлими ҳақидаги нохуш воқеани эслаб, қаёққа кетаётганимни чамалаб қўйдим.

Олтин тус олаётган қум зарралари кўзларимни қамаштирди. Тонготар маросимида оламга ранглар сочилади. Зарафшон дунё! Бу заминда қандай одамлар яшаган экан-а? Уларнинг юз-кўзлари, орзу-армонлари қандай, дўсту душмани ким бўлган? Негадир шу лаҳзаларда барчасини тасаввур қилишни истадим.

Сув бўйига интилган, аммо саркаш дарё ташлаб кетган ёки тошқинда вайрон бўлган қалъалар…

Душман босиб келганда истеҳком девори устига чиқиб қилич ўйнатган суворийлар, босқинчилар устидан ўқ ёғдирган камончи қизлар…

Йигитлар мард, жангу жадалларда чиниққан, аёллар сулув, эркли, чавандоз, тирандоз бўлишган.

Улар маъбудалардан мадад тилаб, бўлиқ яйловларга чорвасини ёйганлар, дарёдан балиқ тутиб, тўқайларда кийик овлаб, давру даврон сурганлар…

Қалъа атрофида, қумтепалар остида қанча карвонларнинг излари қолгандир, карвонсаройлар кўмилиб ётгандир. Саройга яқин кўчаларнинг икки четидаги расталарда бозор аҳли шовқин солиб, савдо-сотиқни авжига чиқарганлар. Кулолларнинг бозори чаққон бўлгани шубҳасиз. Ахир энг қадимий касб эгалари бўлмиш кулоллардан ҳайкалтарошлар етишиб чиққандир. Далаларда деҳқонлар пешона теридан унган яшил экинлар, кенгликларда эмин-эркин ёйилган қўйлар суруви, отлар уюри…

Шамол уйғониб, аввалига барханлар бошини силаб елди, сўнгра аста-секин кучая бошлади. Бирдан кўнглимни ваҳима босиб, ортимга қайтишни ўйлардим-у, беихтиёр олға интилдим.

Вақт шамоли қумтепаларни уммон сингари тўлқинлар шаклига солибди. Салқин тонг ҳавосини чанг-тўзон қоплай олмади, шамол ербағирлаб эсарди. Ғаройиб хаёллардан паришон одимлаб борарканман, беихтиёр турган жойимда тошдек қотдим. Тонг шамоли тарамлаган катта бархан устида тўрт-беш дона танга офтобда ярақларди. Кўзларим қамашди. Тангалар эндигина шу ердан ўтган йўлчининг киссасидан тушиб қолгандай, юзида заррача ғубор йўқ, топ-тоза…

“Наҳотки, олтин бўлса, — ўйладим кўзларимга ишонмай, — шамол очди, шекилли…”

Тангаларни бирма-бир авайлаб териб олдим-да, кафтимга ёйиб қарадим — олтин! Чўл шамолининг марҳамати… Кўзга кўринмас, дарё-ю саҳроларни тўлқинлантирувчи, оламга барака киритувчи, беқарорлиги барқарор шамоллар маъбудаси Вайунинг илоҳий туҳфасими?! Ажабо!

Тангаларни кафтимга олиб қуёшга кўзкўзладим. Олтин!

Бу тангалар бир замонлар турнақатор карвонда лўкиллаб бораётган туя ўркачига илинган хуржуннинг сўтилган еридан тўкилиб қолгандир, дея тахмин қилдим ҳаяжонимни босолмай ёки биронта бой қалъадан ташқарига олиб чиқиб, ерга кўмган хазинадир, ёки қароқчилар, ёки…

Юрагим кўксимни ёргудек дукиллаб ура бошлади.

Шамол қумтепаларни бир тарафга сурганда икки-уч қарич чуқурдаги қатламлар очилиб қолади. Бу, албатта, шамол эсишига, барханлар жойига боғлиқ… Тўлқинсимон шамоллар… Беором шамоллар…

Турфа тахминлар қуюнида пайдо бўлган хаёлот гирдоби мени асрлар қаърига тортиб кетди. Қум устида яна қанча хаёл суриб ўтирганимни сезмабман. Шамол пасайиб, чанг-тўзон босилиб, саҳро офтоби елкамга чўғ босгандагина ўзимга келиб, ортимга ўгирилдим. Шу тобда топган тангаларимни Исидорга кўрсатиб, мақтангим келди. Аммо қалъадан олисда эдим. Шу ерга бирон белги қўйиш ниятида яқин-атрофимга синчиклаб кўз ташладим. Албатта, бу атрофни кўздан кечириш лозим. Балки тузуккина хазина чиқар?.. Икки-уч қадам нарида шамол ёпган чанг пардаси ортида нимадир бўртиб кўринди. Белги бўларлик эди у.

Барханлар устида тош бўлмасди, бўлса чўкиб қоларди, деб ўйладим-у, дўппайган юмалоқ нарсанинг устини қоплаган қумни сидирдим. Енгил шамолда тўзон кўтарилди. Қум пардаси сурилиб, қиз чеҳраси кўринди. Ҳайкал! Бунча гўзал бўлмаса… Латофатли. Чамаси, бу одам бўйи баробар ишланган катта ҳайкалнинг бош қисми эди. Маъбудага ўхшайди.

— Бошинг тошдан экан, маъбудам. Аср ошиб, шу кунгача келибсанми, бошинг тошдан-да! — дея қувончдан қичқирдим-у, ўзимнинг овозимдан чўчиб тушдим.

Ҳақиқатан, бу тош ҳайкал эди.

Атрофимга қарадим, ҳеч зоғ кўринмади. Пешонамга танғиган дуррачани ечиб, маъбуданинг манглайига ёпишган қум зарраларини оҳиста, авайлаб артдим. Қиз чеҳраси янада очилди. Чиройли, истараси иссиқ… Мен уни қаердадир кўргандекман, кўнглимга яқин, танишдек туюлди. Наҳотки, бу болалигимдан буён хаёлимда яшаган, йилдан йил ойдай тўлишган ўша фаришта бўлса?! Ҳа, бу ўша, бахшилар куйлаган паризоданинг ўзгинаси. У менинг маликам!

Аллоҳ бор экан-да, кўнглимга солган экан-да!..

Ўнгимми-тушимми, дея кўзларимга ишонмай, яна маъбудага тикилдим.

Олисдан келган овоздан чўчиб тушганимда орадан аллақанча вақт ўтган, қалъа томонда Исидор икки қўлини силкитиб, имлаб чақирарди.

— Ҳайкалтарош, қалъага қайт…

Мен хазина топган жойимга қум уйиб, белги қўйгач, саҳродаги карвондан ажралиб чиққан йўлчидай, ёки адашган саҳройидай, ёки даштма-дашт сандирақлаб юриб, олтин топган гадодай паришонхаёл алпозда асрлар қаъридан ортга — қароргоҳга қараб чопдим.

— Исидор, — дедим ҳансираб деярли қалъага етиб борганимда. — Нималар топдим, қаранг…

Исидор чап қўлимдаги олтин тангалар, ўнг қўлимдаги қиз ҳайкалини кўриб анграйиб қолди. Ўзига келгач, елкамга қоқиб, қувониб, қичқириб тарихчиларни чорлади:

— Ўртоқлар, жаноблар, буни қаранг, ноёб хазина! Мана биз нима учун келганмиз!

Археологлар Исидор иккимизни қуршаб олиб, эрталабки салом-аликни унутиб, бирдан ғала-ғовур кўтаришди. Ҳамма ўз билганини айтар, бири бошқасининг гапига қулоқ солишни хоҳламасди. Кимдир ҳайкал, кимдир танга ҳақида сўзларди:

— Адашмасам, бу тангалар милоддан аввалги, аниқроғи, зардуштийлар даврига тегишли, — деди экспедиция бошлиғи Симонов битта тангани айлантириб икки томонини кўздан кечиргач. — Бронза даври. Хоразмшоҳлар зарб этган чавандоз рамзи туширилган тангаларга ўхшамайди. Қадимда бу йўлдан Хитой, Миср, Шом томонларга карвонлар қатнаган…

— Бу эрамизнинг бошларида ишланган ҳайкал, — деди кекса археолог.

— Йўқ, бронза даври, эрамиздан аввалги учинчи асрга тегишли, — деди яна кимдир.

— Яхшилаб ўрганиш керак, ҳайкал тангадан кўра қадимийроқ. Ўша тепалик атрофини қазиб кўрамиз. Янги топилма, бунга аниқлик киритадиган қўшимча далиллар чиқади. Кўнглим сезиб турибди.

— Ҳайкалнинг тана қисми шу яқинда бўлиши керак. Бу маъбуда Анахита.

— Олтин тангалар хоразмшоҳлар давлатида зарб қилинмаган, демак, четдан келган савдогарга тегишли…

Баҳс-мунозаралар қизигандан-қизиди. Археологлар икки гуруҳга бўлиниб, қалъадаги ишларини тўхтатмай, янги жойда қўшимча тадқиқот ўтказиш тараддудини кўра бошлади. Ўроз тенги бир-иккита ёш археологлар нонушта қилишни унутиб, мен келган томонга қараб чопишди.

— Барханнинг тепасига қум уйиб қўйганман, — деб қичқирдим уларнинг ортидан.

— Қўявер, улар изма-из бориб топади, — деди Ўроз бепарво.

Дарвешнинг хотиржамлигига қойилман, ўшаларга қўшилиб чопмади-я.

— Аммо айримларнинг омади бор, саҳро уларнинг қадамига сочқи сочади, — деди Исидор менга ишора қилиб. — Яхшиям сени олиб келганим, ҳайкалтарош.

— Рост, — деди Вадим Серафимович. — Ўн йиллаб қум кечиб, бир танга тополмай кетганлар қанча, буни омад деса бўлади.

Биз ҳозиргача топилган хум, кўза, коса, мис тақинчоқлар, тангалар, маъбуда ҳайкалчаларини олиб, одатдаги расмий ҳужжатларни тўлдириб бергач, зудлик билан шаҳарга қайтмоқчи бўлиб тургандик. Аммо мен белгилаган жойни бир қур назардан ўтказиш, қолаверса, кутубхона борлигига ишонч ҳосил қилиш илинжида, биронта қўлёзма чиқиб қолармикин, деган умидда яна бир кун қалъада қолишга қарор қилдик ва албатта, бугун тонгда менга шамол ҳадя этган топилмаларни олиб кетишни келишиб олдик…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 18 =