Китобдан ханжарнинг фарқи

ёки мутолаа маданияти ҳақида

Анчадан бери шеър машқ қилаётган қиз қораламалар билан тўлдирган бир нечта дафтарларини ўзи устоз деб билган бир шоирга олиб борди. Устоз уларни ўқиди, таҳрир қилди, саралади, қарабсизки, нақ юзтача шеър тайёр. Китоб чиқараман деб нашриётма-нашриёт югурган қиз ахийри биттасида тўхтади. “Маблағ тўланса, бир ҳафтада босиб берамиз”, дейишди.

Белгиланган муддатдан аввалроқ хушхабар келди, қиз дугонаси билан иккита катта сумкани кўтариб нашриётга жўнади. Нашриёт ходими ихчамгина ўроғлиқ картон қоғознинг бир четини очди. Қиз ажабланиб: “Бори шуми?” деди. Китобча юпқагина эди, дарров варақлади, топширган шеърлари бариси жой-жойида. Ҳафсаласи пир бўлиб дугонасига қаради, у елка қисди. Уйларига қайтаркан, йўл-йўлакай фақат бир гапни такрорларди:

— Қўлга илинадиган китоб бўлмабди-да, мен қизларимизга кўрсатиб мақтанмоқчийдим…

* * *

Бир куни китоб дўконига кирдим.

Ҳамма ёқ китоб, ҳар хил ёшдаги, турли касбдаги кишилар ўзига керагини танлаб олаверади. Одатдагидек, бадиий асарлар бўлимига ўтдим.

Китоблар лиқ тўла жавон ёнига бориб, биттасини қўлимга олдим. Нима ҳақда ёзилган экан, деб қизиқдим. Аксарияти маиший мавзулар экан, қайтиб жойига қўйдим. Китобларни кўраётган иккита қизнинг гаплари қулоғимга чалинди:

— Қара, юзидаги расм чиройли экан, олайлик, эртанги туғилган кунда гулга қўшиб берамиз.

— Китоб обкелибди, деб энсаси қотмайдими, ишқилиб?

— Ёнига яна бирор нарса олармиз. Ичига ручка билан ёзмаймиз-да, шунда бу чиройли китобни у ҳам кимгадир совға қилади…

*  *  *

Йўл-йўлакай келаяпман-у, яқинда Япониядан қайтган жиянимнинг айтганлари ёдимга тушади. Японлар кўча транспортида ишга кетаётиб ҳам, бирор жойдан қайтаётиб ҳам фақат нимадир ўқиб ўтиришаркан. Ўзаро гаплашиш йўқ, деразадан ташқарига қараш йўқ, фақат тиззаларида китоб.

“Улар вақтни бекор ўтказишмас экан”, деди жияним.

Ўйлаб қаралса, вақт — бизга инъом этилган энг ноёб неъмат, фойдали юмушга сарф этилмаса, беҳуда кетади, асло ортга қайтмайди. Кўпинча кузатаман, ўзларини санъатда юлдуз деб ҳисоблайдиган айрим ёшлар тележурналистнинг “Охирги марта қайси китобларни ўқидингиз?” деган саволига “Китоб ўқишга улгурмаяпман, вақт тиғиз”, деб жавоб беришади.

Ёшлар китоб ўқишсин деган мақсадда бугунги кунда қанчалаб кўрик-танловлар ўтказиляпти, юз минглаб нусҳада китоблар нашр этилмоқда, аммо натижа кам…

Ўша куни кўнглимдан кечганларни қоғозга туширдим:

 

Сўнгги русумдаги янги телефон

Соҳибига доим ҳамроҳ, ҳам азиз.

Уй тўрида китоб тахланган жавон,

Неча йиллардирки ўқилмас, эсиз.

Дўкондан дид билан танланган эди,

Сарлавҳа антиқа, муқова ёрқин.

Ўйладимки… улар улкан жавонни

Безаш учунгина олинганмикин?..

Ҳеч бири ҳеч қачон варақланмайди,

Телефон-чи, тез-тез алмаштирилар.

Жавон тўла китоб, қарамас ҳеч ким,

Ҳатто чанги артиб қўйилмас бир бор.

Аслида, ҳар янги асар — мўъжиза,

У қалбларга илму дурлар сочади.

Ким нени йўқотса, нени изласа,

Барисини китобдан топади!

Бир вақтлар оддий бир ҳайдовчининг кўп китоб ўқигани туфайли раҳбар бўлиб кетгани ҳақидаги воқеани менга отам гапириб берганди. Анча йиллар муқаддам бир хўжалик раиси бўлган. Унинг ажойиб одати бор экан. Йўл-йўлакай дўконлардан янги чиққан китоблар харид қилиб машина орқасига қўявераркан. Раисни олиб юрадиган шофёр хўжайини мажлисга кириб кетгач, ўзи сингари шофёрлар билан қарта ўйнаб ўтирганини ниҳоят кўриб қолган раис шофёрига китоблардан бирини тутқазибди ва: “Қарта ўйнагунча шуни ўқиб ўтир, дунёдан хабаринг бўлади”, дебди.

Ўшандан сўнг шофёр мутолаага қизиқиб кетиб, бўш қолди дегунча қўлига китоб оладиган бўлибди. Дунёга, ҳаётга қарашлари ўзгарибди. Раис кексайгач, шофёрини ўзига ёрдамчи қилиб олибди. Нафақага чиққанидан сўнг шу ёрдамчи унинг ўрнига раис қилиб тайинланибди.

Китоб ўқишнинг фойдалари шу даражада кўпки, буни фақат доимо мутолаа қилиб турадиган кишилар ҳис этадилар. Битмас-туганмас завқ олаётган китобхон мутолаа пайтларида турмушнинг барча икир-чикирларини унутади, яйрайди, китобдаги сўзлар куч-қудрати ва ҳарорати кўнглига кўчади, кўнгли ўсади, тозаради, янада янги орзу-умидлар билан тўлади. Сўз бойлиги ортади, фикрини аниқ ва лўнда ифодалашга одатланади.

Оиламизнинг дўсти — Арнасойнинг далаю даштида яшайдиган Абдукарим акамиз китобга жуда ўч эди. Янги китоблар дарагини эшитса, қоғозга ёзиб олиб, атайлаб пойтахтга келарди, бир сумка китоб билан уйига қайтарди. Унсуной янгамизнинг айтишича, жамиятда неки янгилик бўлса ёки ҳукумат томонидан чиқарилган бирор қарор ё фармон мазмунини ён-атрофдагилар Абдукарим акадан сўрашаркан, бу киши уларга содда тилда тушунтириб бераркан. Тўй-маъракаларда ҳам қизиқ воқеаларни бинойидек сўзлаб, ҳаммани оғзига қаратаркан.

Китоб ўқишга қизиқишим отам туғилган кунимда “Ўзбек халқ эртаклари”ни совға қилганларидан кейин бошланган. Педагог бўлганлари учунми, ўзлари кўп ўқирдилар, мен ўқиётган китобларни қўлларига олиб, мазмунини билишга уринардилар. Бир марта Мопассаннинг “Дўндиқ қиз” ҳикоялар тўпламини кутубхонадан олиб ўқиётганимда кўриб қолдилар. “Бу сенинг ёшингга мос эмас”, дедилар. Отамнинг қистови билан китобни қайтариб топширганман. “Китоб онгни ўзгартиришга қодир”, дейишади. Болаликда мен учун тақиқланган китобларни анча йиллардан кейин ўқигач, отамдан ич-ичдан миннатдор бўлганман.

Ёшлик пайтларимда Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини, кейинчалик “Кичкина шаҳзода”ни ўзим тушунганимча ўқигандим. Кейинчалик эса шу китобларни роса излаганман. Ўрхон Камолнинг “Эрк”, Соҳиб Жамолнинг “Гули сиёҳ”, Драйзернинг “Женни Герхарт”, ўзимизнинг таниқли ёзувчиларимизнинг машҳур асарлари… Хуллас, санайверсам рўйхати узун, уларни анча йиллар илгари ўқиганлигим туфайли, соғиниб, яна қайтадан ўқигим келганда топилмаган.

Яхши китоб расталарда кўп турмайди. Дарров харидори чиқиб, қўлма-қўл ўқилади. Ҳамма даврларда ҳам шундай бўлган. Бобокалонларимиз қишнинг узун кечаларида сандал атрофида ўтириб, кўҳна китобларни ўқишган. Бутун оила жамулжам бўлиб эшитишган, совуқ қотган вужудлари китобларнинг сеҳру ҳароратидан илиб, кўнгиллари ёришган. Ёш-ялангларга ибрат, катталарнинг ақлу шуурига мадад бўлган бу китоблар…

Бир ривоят эшитгандим. Оқил подшо ўтган экан. Фуқароларининг бири унга арз қилиб, уйидан чиройли ўткир ханжари ва боболаридан мерос қолган китоби йўқолганини айтибди. Шунда подшо ҳаммага эълон қилибди:

— Ханжарни топганга минг тилло, китобни топганга икки юз тилло мукофот бор.

Буни эшитганлар: “Наҳотки подшомиз ақлли ва зиёли бўла туриб, китобдан ханжарни устун қўйса?” дея ажабланишибди. Подшо бу саволга аниқлик киритибди:

— Ханжарни олган одам уни ёмонлик йўлида ишлатиши мумкин, уни тезроқ қайтиб олмоқ лозим. Китоб кимнинг қўлига тушмасин, фақат маърифат улашади, бундан кўнглим тўқ.

Кишилар ўз подшоларининг ақл-заковатига яна бир карра таҳсин айтишибди.

Дунё руҳшуносларининг аниқлашича, кўплаб китоблар инсон руҳиятидаги айрим носозликларни даволаб юбораркан. Уларнинг айтишларича, мумтоз асарлар китобхонга анчагина фойдали фикрлар беради, уни баъзи хатолардан хулоса чиқаришга ўргатади.

Саргузашт асарлар диққатни тўплаш ва мантиққа асосланиш хислатларини ривожлантиради. Бундай асарлардаги чигал сюжетлар ўқувчини ғамгинликдан ва оғир муаммолардан чалғитади. Руҳий нотинч бўлган пайтларда саргузашт воқеаларни ўқиш тавсия этилади.

Депрессия ҳолатларида кўпроқ шеърлар ўқиш керак экан. Инсультдан кейинги тикланиш даврида шифокорлар беморларга шеър ўқишни қўшимча муолажа сифатида тавсия этадилар.

Неврологлар китоб ўқиш мияни машқ қилдиришнинг ўзига хос усули деб ҳисоблашади. Чунки янги ахборот қабул қилинганда миянинг қисқа ва узоқ вақтли хотира учун жавобгар соҳалари орасида янги алоқалар шаклланади. Ўқиш жараёнида ҳис-ҳаяжон қўзғатувчи тизим ишга тушади. Янги китоб ўқигандан сўнг руҳий фаоллик ошиб, бу тушкун ҳолатдаги кишилар учун соғайиш реабилитацияси вазифасини бажаради.

Манбаларга кўра, қадимда китоблар жуда қимматга баҳоланиб, кишилар ўртасида уларнинг қадр-қиймати баланд бўлган. Баъзан битта китобни қон-қариндошларнинг ҳаммаси навбат билан ўқиганлар. Китобларни йўқотмаслик шарт бўлган. Ҳатто ўн саккизинчи асргача кўплаб кутубхоналарда нодир китоблар ўғирланмаслиги учун занжирга боғлаб қўйиларкан.

Кумуш-олтин тақинчоқларимизни заррин қутичалар ичида жавонларнинг энг юқорисига қўйиб авайлаймиз. Китобларга ҳам худди шундай муносабатда бўлишимиз керакмикин… Негаки тақинчоқлар билан ясаниб қувонишимиз нари борса бир ҳафтагача чўзилар. Лекин ўқиган китобларимиз завқи-шодлиги бизни узоқ йиллар тарк этмайди. Шу завқу шодликни фарзандлару набиралар кўнглига ҳам кўчирайлик.

“Битта китоб ўқийдиган бола ўнта китоб ўқимайдиган болага раҳбардир”, деган эдилар давлат раҳбари. Аслида бу гап мазмунида китобхон ёш авлод шаклланиб, сафи кенгайишига умид ва ишора бор.

Минг афсуски, бугун жуда кўпчилик саводхонлик, маърифат белгиси сифатида газета-журналлар, китобларни эмас, қўлларидаги шапалоқдек телефонларини тушунадиган бўлиб қолишган. “Газета нима учун, мана шу телефонда ҳамма нарса бор-ку”, — дейишади. Ҳатто айрим катта-кичик раҳбарларнинг аҳволи ҳам шу. Телефон ҳеч қачон китобнинг, газета-журналларнинг ўрнини боса олмайди. Буни тушунмаган одам очиғи… китоб ҳам, матбуот ҳам ўқимайди. Минг афсус!

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + seven =