Туркий исм — ўзлигим менинг

ёхуд асл миллий исмларга қачон қайтамиз?

Жияним қўнғироқ қилиб қолди:

— Аммажон, суюнчи беринг, ўғилли бўлдим.

— Қутлуғ бўлсин, муборак бўлсин! — хурсанд бўлиб кетдим хушхабардан. — Истиқболи нурли бўлсин, илоҳим…

— Раҳмат, аммажон, айтганингиз келсин. Исмини Умар қўймоқчиман, нима дейсиз?

— Умар яхши исм. Улуғ исм. Умаржон деса ҳам бўлади (ҳар қалай, қулоғимга шундай эшитилди).

— Йўқ, Умар эмас, “О” билан бошланади, Омар, яъни арабча ҳақиқий айтилишини қўймоқчиман. Ҳеч қандай “бек”, “жон” қўшимчалари керак эмас…

Ўйлаб қарасам, миллатимизга қўйилган исмларнинг тўқсон фоизини арабий ва форсий исмлар ташкил этар экан. Ҳар қалай, “жон”, “хон”, “бек” қўшимчалари билан уларни “ўзимизники” қилиб оламиз. Жиянимнинг фикридан кейин… Аслида, миллатга хос исм ҳам миллий қадрият саналади. Ўзлигини англаган миллат эгалари буни унутмаслиги керак.

Акайо, Генрих, Владимир, Жун-сан, Васо, Акшай, Сяомин… Бу исмларни эшитган заҳоти қайси миллат вакили эканлигини англаб етасиз, шундайми? Баъзи исмлар кўп миллатларда учрайди, масалан, Денис. Аммо уларнинг фамилиялари орқали бемалол миллатини ажрата оласиз. Мисол келтирадиган бўлсак, грузин миллатининг фамилиялари “дзе” ёки “швили” қўшимчалари билан айтилади: Махарашвили, Копадзе, Шеварнадзе, Беридзе… Арман миллатида “ян” қўшимчаси мавжуд. Рус миллати исм-шарифларида эса “вич” бор. Бу ўз даврида бизга ҳам “мерос” бўлиб ўтган.

Исмлари биз билан бир хил бўлган қўшни давлат Тожикистонда фамилиялар “зода” қўшимчаси билан юритилади: Қурбонзода, Раҳмонзода… Шу ўринда икки-уч йил аввал ижтимоий тармоқларда берилган хабарга кўра, ушбу давлатда туғиладиган чақалоқларга фақат тожик, яъни форсий исм қўйилиши ҳақида қарор чиққанини эшитгандим. Бу хабар қай даражада тўғри, билмадим, бироқ буни эшитиб хурсанд бўлганман. Чунки исм ҳар бир миллатнинг ўзлигини англатиб туриши керак.

Хорижда давлатимиз хизматида бўлган ўғлим қўнғироқ қилиб қолди. Салом-аликдан сўнг муддаога ўтди:

— Келинингиз шу кунларда кўпайишади. Фарзандимга туркий исм қўймоқчиман.

— Тўғри ўйлабсан, ўғлим, — хурсанд бўлдим фикридан. — Исм ҳам миллатни англатиб турувчи қадрият.

— Шундай, аяжон. Ўзингизга ёққан туркий исмлардан ёзиб юборинг…

Европада туғиладиган набирамга исм танлаш учун кутубхоналардан туркий исмлар китобини излай бошладим. Бахтга қарши, бундай китоб топа олмадим. Умумий исмлар китобида эса, асосан, арабий ва форсий исмлар жой олган. Шунга ҳам етти йил бўляпти. Ҳозир ҳам бундай китоб бор деб ўйламайман. Негаки, юртимизда туғилаётган чақалоқларга, асосан, арабий исмлар қўйилмоқда. Албатта, бу ислом динига эътиқод қилишимиз билан узвий боғлиқ. Мамлакатимиз аҳолисининг тўқсон фоизини мусулмонлар ташкил этади. Албатта динимизни яхши кўрамиз, эътиқод қиламиз, мусулмон эканимизга шукроналар келтирамиз. Бироқ бу эътиқод миллатимизга — ўзлигимизга тегишли бўлган қадим қадриятларимизга рахна солмаслиги керак.

Атрофимдаги баъзи воқеалардан ҳайратга тушаман. Нима эмиш, аллаким ислом динига эътиқоди кучайиб, ўз исмини арабий қилиб ўзгартирибди. Шу ўринда бир ҳақиқатга юзланишимиз шарт деб ўйлайман, яъни арабий исмлар ислом дини кириб келмасидан аввал, ўз тиллари билан айтганда, жоҳилият даврида ҳам худди шундай бўлган. Ислом дини кириб келганидан кейин, исломий исмлар жорий қилинганда, фарз қилинганда ҳам майли эди. Айтмоқчиманки, араб миллати қадим даврлардан буён аждодлари исмини ардоқлаб келмоқда.

Шундай экан, турк эли фарзандлари нима учун аждодларидан мерос туркий исмларни унутиши керак? Нима учун юртимиз эгалари ўзга миллат исмлари билан дунёга бўй кўрсатиши керак?! Нима учун Турон элида яшаб ўтган ота-боболаримиз, эна-момоларимиз исми четда қолмоқда, унутилмоқда? Кўксида Ватанига, миллатига муҳаббати собит инсон борки, буни ўйлаб кўриши лозим эмасми?

Туркия давлати кинорежиссёрлари томонидан тарихий воқеалар асосида суратга олинган “Чолиқуши” бадиий фильми барчамизга яхши таниш. Ёдингизда бўлса, шу фильмда қизлардан иборат синф ўқувчилари устозларига бир-бир ўзларини таништиради: Айше, Айше… яъни қизларнинг асосий қисмининг исми Айше бўлади. Ҳозирда эса турк фильмларидаги қаҳрамонларнинг исмлари деярли туркона: Чечак, Гулзор, Дунё, Осмон, Севги, Баҳор, Турон, Арслон… Қандай гўзал исмлар! Дарҳақиқат, қадим аждодларимиз табиат билан уйғунликда исм қўйишган. Қўшнимиз Қозоғистонда ҳам бизга нисбатан туркий исмларга кўпроқ эътибор қаратилишига гувоҳман.

Мақолани тайёрлаш жараёнида туркий исмлар берилган китобни топа олмагач, ижтимоий тармоқдан фойдаландим. Афсуски, ижтимоий тармоқда ҳам “туркча исмлар рўйхати қани?” деган сўроққа дуч келдим, яъни исмлар берилмаган. Ўзбекча исмлар маъноси деган бўлимда эса учта рукн бўлиб, биринчиси “Арабча”, иккинчиси “Бошқалар”, учинчиси “Форс-тожикча” дея белгиланибди. Эътибор қилган бўлсангиз, ўзбекча исмлар бўлимида “Ўзбекча” деган рукннинг ўзи йўқ. Бу қай даражада афсусланарли эканлигини англаб етгандирсиз?!

Мен журналист сифатида ватанпарварлик руҳидаги кўплаб тадбирларда иштирок этганман. Бироқ мана шу йиғинларнинг бирортасида ўғил-қизларимизга туркий исмлар қўйиш ҳақида сўз юритилганини эслай олмайман. Тўғрироғи, бу борада бирор маротаба фикр билдирилмаган, баҳс-мунозара бўлмаган.

Доноларимиз “Исмларда ҳикмат бор”, дейишади. Дарҳақиқат, қадим аждодларимиз шу ҳақиқатга қаттиқ амал қилишган. Янги туғилган чақалоққа исм қўйишга катта эътибор қаратилган. Янги меҳмонга катталар иштирокидаги маросим орқали исм танланган. Маъноси, жарангдорлиги инобатга олинган.

Ўзбекча исмларни излаш чоғида Отабек ва Кумуш исмларига дуч келдим. Қаранг, ўзбекнинг улуғ ёзувчиси Абдулла Қодирий ўзининг бетакрор асари “Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамонларига ўзбекча исмлар танлаган. Бу бежиз эмас, албатта. Миллат эрки дея кўкси куйиб ўтган, жадидчилик ҳаракатининг илғор вакилларидан бўлган ёзувчининг чин маънода ватанпарварлигидан далолат бу. Миллатпарвар инсон ўзгача бўлиши мумкин эмас.

Яқинда ҳамкасбларимдан бири набирасига Алп-Арслон дея исм қўйди. Туркийларга ҳос қанчалар чиройли исм! Умидим, тилагим — юртимизда мана шундай Алп-Арслон, Алп-Тегин, Ойбарчин ва Тўмарис каби туркий исмлар кўпайсин. Сизга неча юзлаб арабий ва форсий исмлар ичидан излаб-излаб топганим — ўзбекча исмлар рўйхатини илиндим.

Гулбаршин — ипак гули деган маънони англатади. Гулдек чиройли, нафис, кўзни қамаштирувчи ҳуснга эга.

Исмадиёр — Ватанига, халқига вафодор, жонини берувчи етук инсон.

Севарбек — юртини, элини, яқинларини севади.

Хушнур — хуш кайфият инсон, чеҳраси нурли.

Бобур — йўлбарс, арслон, улуғ, буюк. Шунингдек, тез гапирадиган одам маъноси бор.

Ботир — мард, жасур, қўрқмас.

Ёрқин — келажаги порлоқ, меҳр-шафқатли, мурувватли, кўнгли очиқ.

Жўрабек — дўстликни қадрловчи, жўраларнинг беги.

Лочин — лочиндек зийрак, довюрак, чаққон, тезкор.

Ойбек — беклар наслидан бўлган омадли, бахтли, ойдек порлоқ.

Отабек — шаҳзода, хонзода, беклар бошлиғи, етакчиси, сардори обрў-эътиборли, насл-насабли.

Тўлқин — ҳаётда яйраб, яшнаб, денгиз тўлқинидек жўшқин, тўлиб-тошиб юрсин деган маъно мужассам.

Улуғбек — буюк ҳукмрон, буюк султон ёки бекларнинг беги.

Ўктам — ғамхўр, меҳр-мурувватли ёки мағрур, виқорли, мустақил, эркин.

Ўткир — моҳир, ақлли, заковатли, ўткир. Доно, билимли, зеҳнли, зийрак.

Учқун — ҳаёти нурли, толеи порлоқ, иқболи баланд, саодатли ва омадли.

Файзбек — беклар авлодига мансуб, файз-баракали, омадли, саховатли.

Эркин — ҳур, озод, мустақил, ҳеч кимга тобе бўлмаган.

Элбек — элнинг бошлиғи, сардори, йўлбошчиси.

Ойбарчин — ой юзли, ой чеҳрали, иболи, ҳаёли, қалби пок.

Бинафша — кўркам, нафис, сулув.

Ёрқиной — ҳаёти нурли, меҳрибон дилкаш қиз.

Ифора — хушбўй, ёқимли ифорли, нафис ҳид таратувчи.

Камола — камолга эришган етук, зебо, кўркам, мукаммал.

Кумуш — кумушдек ёрқин, қадрли, оқ юзли оқбадан гўзал.

Наргиза — наргис (бўтагул)дек нозик, нафис, зебо, гўзал.

Юлдуз — юлдуздек ёруғ юзли, нурли, чиройли, латофатли. Толеи юлдуздек юксак ва иқболи порлоқ.

Дарҳақиқат, инсон ҳаётида унга қўйилган исмнинг ўрни жуда катта аҳамиятга эга дейишади. Қайда бўлсам, бошда дўппим деганларидек, фарзандларимиз, набираларимизга ўзлигимизга хос бўлган туркона — ўзбекона исмлардан қўйсак, бу ҳам миллатпарварлик ва ўзлигини англашдан далолат бўлгай!

Зулфия ЮНУСОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 8 =