Тарбияда танаффус бўлмайди!

— Оддий мактабда мусиқа фанидан дарс берадиган ўқитувчи бизнинг мусиқага иқтидорли ўқувчилар учун ихтисослашган мактабимизга келиб, ўқувчиларидан бирининг қобилиятини синаб кўришимизни астойдил илтимос қилди. Маслаҳатимизга кўра, қабул имтиҳонларига ўша ўқувчисини олиб келди. Бола, келинг, исмини шартли равишда Тоҳир дейлик, имтиҳонлардан яхши ўтди, мактабнинг 5-синфига қабул қилинди, — дея ҳикоясини бошлади эркак муаллим. — Тоҳир ғижжак, скрипка чалишга қизиқаркан. Бу созлар мутахассислигим бўлгани учун, у билан индивидуал дарслар ўтиш менинг зиммамга тушди. Ўқувчимнинг хаёли паришонроқ, диққатини жамлаши қийинроқ бўлса ҳам, мусиқа бўйича дарсларни яхши ўзлаштирар, вазифаларниям қониқарли бажариб келарди. Лекин бошқа фанлар ўқитувчиларининг деярли ҳаммаси шикоят қилишарди: “Дарсларга қизиқмайди Тоҳир”. “Вазифаларни бажармайди”. “Синфдошлари билан уришади”. “Ётоқхонада ҳеч ким у билан битта хонада туришни хоҳламайди”.
Тоҳир менинг гапларимга қулоқ соларди-ю, лекин кутилмаганда ишкал чиқариб қўяверарди. Маслаҳат билан мактабга тажрибали руҳшунос таклиф қилдик, у бола билан анча гаплашганидан кейин: “Муаммоларнинг илдизи кўпроқ ўқувчининг онаси билан боғлиққа ўхшайди”, — деди. Онасини чақирдик, маълум бўлдики, аёл эридан ажрашган, Тоҳирни ёшлигидан ўзи боқиб келаркан. Ҳамма нарсадан норози, асабий… Ҳатто бирор ойдан буён учрашмаган бўлсалар-да, онаю бола тузукроқ кўришиб гаплашмадилар ҳам. “Аввало, онани тарбиялаш керак. Лекин бу жуда қийин иш. Ўқувчингиз билан суҳбатдан билдимки, онаси ҳаётдаги барча кўргиликлари учун қасдини боласидан олган. Энди сизлар унга сабр-тоқат билан меҳр, тарбия ҳам беришларинг керак”, — руҳшуноснинг бизга маслаҳати шу бўлди.
Бу гаплардан кейин кўпчилик ўқитувчиларнинг Тоҳирга муносабати ўзгарди. Синф раҳбари йўлини топиб тушунтирган бўлса керак, синфдошлари ҳам ундан шикоят қилмайдиган бўлиб қолдилар. Энг муҳими, ўқувчимнинг ўзида ҳам яхши томонга ўзгаришлар бўлаётганини сезиб, кўра бошладик. Ўзаро гапларда муаллимлар ҳазиллашиб мени “Тоҳирнинг дадаси” дейишарди. Чиндан ҳам, у эрталаб ишга келганимда, ўқувчилардан биринчи бўлиб кутиб олар, дарсдан бўш пайтларида ҳам олдимга кўп келар, кечки пайт кузатиб қўярди, унга меҳрим тушиб қолганди.
Ўқув йили тугаб борар, ёзги таътил олдидан деярли ҳамма болалар юзида тез кунда жонажон оиласи, ота-онаси бағрига боришларидан хурсандлиги шундоқ кўриниб турарди. Фақат Тоҳирда бундай кайфият йўқ эди. Cабабини тушунсам-да… аммо оқибати бунчалар аянчли бўлиши хаёлимгаям келмаганди.
Таътилга чиқиб кетдик. Бирор ойлар ўтгандан кейин мактабимизнинг қоровули кечқурун телефон қилиб қолди: “Бугун сизни Тоҳир деган ўқувчингиз сўраб келди. “Билмайсанми, ҳозир ҳамма дам олишда”, дедим. Турди, турди, кейин кетди”.
Кейинги ҳафтада мудҳиш хабар келди: “Тоҳир ўзини ўзи…”
Бу воқеанинг юз берганига кўп бўлгани йўқ. Тоҳир сўнгги марта мени излаб келиб, учратмай кетганидан ҳалиям изтиробдаман, — деди муаллим.
Балки, ҳаёт қийинчиликлари бемеҳр, жаҳлдор қилиб қўйган онадан, атрофидагилардан дўст топмаган бола таътил пайтида яна ёлғизланиб, умидсизланиб, дунё кўзига тор кўринганда, мусиқа муаллимининг меҳрини, эркак муаллимнинг маънавий паноҳини соғиниб, қўмсаб, таянч излаб келгандир…
…Бешинчи синфда ўқирдик. Дарсларга хоҳлаганда келадиган, ёлғиз онанинг ёлғиз ўғли бўлган бир синфдошимизни математика ўқитувчимиз Ҳакимов доскага чиқариб:
— Бешга бешни қўшса, неччи бўлади? — деб савол бердилар.
Жавоб бўлмади. Домла унақасига, бунақасига айлантириб сўрадилар, тўғри жавоб йўқ. Шунда устозимиздан:
— Чўнтагингда бешта ёнғоқ бор эди. Ўртоғинг билан ёнғоқ ўйнаб, бешта ёнғоқ ютиб олдинг, нечта бўлади? — деган савол чиқиши билан, ҳалиги синфдошимиз:
— Ўнта! — деди овози ўқдай чиқиб ва шу заҳоти юзига домланинг шапалоғи тушди:
— Ҳа, уятсиз! Ўзингнинг фойдангга бўлса, калланг жуда тез, тўғри ишлайди! Фойда кўрмайдиган бўлсанг, аҳмоқ бўлиб оласан-a?!
Бу воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Бошқалар, балки, ўқитувчининг бу ишини айблар. Ҳакимов домла, аслида, жуда оғир-босиқ, эл ҳурматидаги инсон эдилар. Менинг назаримда, айни ўша ҳолатда ўша тарсаки ва айтилган гапнинг тарбиявий аҳамияти катта эди, шунинг учун ҳам ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак.
…Кейинги йилларда мактаб ўқувчилари билан ўқитувчилари орасида (баъзан ота-оналар ҳам фаол иштирокчига айланадилар) келишмовчиликлар оқибатида уларнинг гап талашиши, сўкишиши, бир-бирини ҳақоратлаши, қўлу оёқлар ишга тушиб, зўравонлик қилишлар ижтимоий тармоқларда шов-шувга айланиб, муҳокамалар қизиб, вақт ўтиши билан сўниши оддий ҳолат бўлиб қолди. Шу сатрларни ёзиш асносида ўзим кўргану эшитганларимни эслаб чиқдим: бунақа нохуш ҳолатларнинг аксарияти ўқувчи билан аёл ўқитувчилар ўртасида юз берган. Бундан истисно бир ҳолат кўз олдимдан кетмайди: унда ўқувчи қиз муаллим томонга шиддат билан ўдағайлаб келяпти, кўзойнакли эркак ўқитувчи бир оғиз сўз ҳам айтмай, жойида тош қотиб турибди…
Марғилонда мактабнинг 8-синфида ўқиётганимизда, педагогика институтининг физика факультети битирувчилари амалиётга келиб, бизга дарс ўтишди. Менинг доим вазифаларни бажариб келишим, қизиқувчанлигим, кўп савол беришимни эслаб қолдими, хуллас, амалиётни якунлаб кетганларидан кейин талаба йигит менга хат ёзибди. “Яхши ўқияпсизларми, доим шундай интилувчан бўлинг”, деган маънода. Ҳамма фанларни, ҳамма ўқитувчиларни яхши кўрганим учун жуда қувониб кетдим. У пайтда мактубга жавоб ёзиш ҳозирги кундаги телефон қўнғироғига “лаббай” дейишдек гап эди. Хатга яраша жавоб ёздим. Бир оз муддат ўтгандан кейин иккита аёл ўқитувчимиз кутилмаганда мени дарсдан кейин олиб қолишди. Уларнинг қўлида хатжилди очилган хат бор эди.
— Қара, сен хат ёзишиб юрган студент йигитнинг оиласи бор экан. Энди нима қиласан? — деди муаллимамиз.
Олти ёшдан мактабга борганман, ўша пайтда 14 ёшдаги қиз… Нима жавоб берганим ҳам, ўзимни қандай тутганим ҳам эсда йўқ. “Нима учун менга келган хатни очиб ўқидиларинг?” деб сўрашга билиму журъат қайда? Ўқитувчиларимнинг юқоридаги саволи тагмаъносини йиллар ўтиб англаганим сайин… ҳурматли муаллималаримни тушунгим келади, аммо…
Ярам янгиланди: кичкина қизим биринчи синфга борганда, мен ота-оналар мажлисида “Синфнинг пардаси бор экан, уни янгиламай, тўпланган пулга болалар ўқийдиган китоблар олайлик”, — деганим учун муаллима қизимга кунда бақирадиган бўлди; бешинчи синфдалигида узайтирилган гуруҳнинг ёшгина муаллимасига: “Болалар шуғулланаётган синфда шашлик ер экансизлар, шуни болаларнинг олдида еманглар”, — деган илтимосимга “Хоҳласа, қизингиз ҳам олиб келиб еяверсин”, — деган жавоб олдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай ўша муаллиманинг шошилинч чақирган ота-оналар мажлисига бора олмаганим учун қиш кунида қизимни бир ҳафта давомида мактабнинг биринчи қавати йўлагини ювишга буюрибди. Мен буни қизимнинг битта бармоғи кўкариб кетганини кўрганимдан кейин сабабини суриштириб билдим. Муаллимага телефон қилдим: “Қиш кунида ёш болага совуқ сувда йўлакларни ювдирманг!”
Эртасига қизим мактабдан қочиб келди, китобжилдини олдимга ташлади: “Нимага ўқитувчимга телефон қилдингиз? Ҳамма болаларнинг олдида мени мактабдан уйга гап ташийдиган чақимчи, деб дарснинг охиригача тик турғазиб қўйди…”
Бошқалар нима дейди, билмайман, аммо айни мана шу каби ҳолатларда эркак ўқитувчилар ўқувчиларига бунақа тошюраклик билан муносабатда бўлганини кўрмаганман.
Мен ҳам аёлман, тақдирдошларимнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётганини кўриб кўрмасликка оладиган, индамай ўтиб кетадиган, вақтимни ёки асабимни аяйдиган, “Фалончига шу ишим ёқармикин, ёқмасмикин?” — деб тарозига соладиган одатим йўқ. Аммо Яратгувчининг одам зотини эркак ва аёлга ажратиб, унинг фитратига азалдан қондек, жондек сингдириб қўйган ўзига хос хислатлардан кўз юмиш, уларни инкор этишнинг оғир асоратлари, йўқотишлари, фожиаларини бир асрдан буён жамиятимиз кўриб келяпти. Аёл далада кетмон чопиб, эркак шийпонда чой қайнатиши, хотин бозорда қопу тоғора судраб, эр уйдаги телевизор ёнида болаларига “қараб” ўтириши, қизлар чет элларда контейнерларни тўлдириб “мол” ташиб, йигитлар кийим-кечак бозорларида савдо қилишлари…нинг оқибатида (жуда юмшоқ қилиб айтганда) халқнинг емирилган жисмоний, маънавий саломатлигини тўлиқ тиклаш мумкинмикин? Бунга қанча авлоднинг меҳнату харажати керак бўларкин? Бунга жавоб қани?..
Оддий аксиома: оилада болалар тарбиясида ота вазифасини аёллар бажаролмаслигини, агар ҳаёт тақозоси билан онанинг зиммасига шу юк тушса, жуда оғир ва унинг уддасидан ҳамма аёллар ҳам чиқа олмаслигини яхши биламиз-ку! Мактаб ҳам бола учун оиласи каби яқин, қадрдон; умрининг кўп вақти мактабда ҳам ўтади. Ҳар бир бола — бир дунё, шунга яраша муносабатлар керак. Мактабда эркакларга нисбатан ҳиссиётларга берилувчанлиги, хулоса чиқаришда шошқалоқроқ экани, ташқи белгиларга, ўткинчи гап-сўзларга ишонувчанроқлиги, подадан олдин чанг чиқариб қўйиб, кейин пушаймон бўлиб юриши илмий-ҳаётий жиҳатдан исботланган биз — аёлларга эркаклар бош, йўлдош, маслаҳатдош, маслакдош, елкадош бўлиб турмаса, дунёдаги энг оғир, мураккаб, нозик ва оқибати Ватан, халқ тақдирини белгилайдиган вазифа — болалар тарбиясида зарур ҳаётий мувозанатларни сақлаб бўлмаслигини кўриб турибмиз. Агар буни энди ҳам тушунмасак, тан олмасак, охири хосиятсиз бу йўлдан чиқиб кетиш чораларини кўрмасак, зурриётларга жабр қилиб қўймасмикинмиз?
…Танаффус пайтида телефонини кузатиб ўтирган магистрант йигит кулиб юборди, хурсандлик юз-кўзида балқиб турарди. Сабоқдошлари савол маъносида қарашганди, сўзлай бошлади:
— Бакалавр босқичини битиргач, магистратурага киргунимча мактабда ўқитувчилик қилдим. 7-синф раҳбарлигиниям беришди. Янги иш бошлаганимда, ўқувчиларнинг мактабга вақтида келиши, дарсларга тайёргарлигию давомати, кийиниши, юриш-туриши, муомаласи, ҳатто айримларининг чекиши, дарсдан кейин юз берадиган кутилмаган воқеаларни ўрганиб, сабабларини тушуниб, болалар билан тил топишиб, ўз йўлимга солиб олгунимча осон бўлмади. Ўқитувчилик жуда қийин касб эканини тушундим, тажрибали устозлардан маслаҳат олдим, ўқиб ўргандим, болаларнинг ўзларига суяниб ишладим. Қаранг, ўқув йилининг охирига келиб синфимиз мактабдаги энг намунали синфлардан бири бўлиб қолди. Ҳозир хурсанд бўлганимнинг сабаби… Ўрнимга тайинланган янги устоз синфга кирган экан, болалар унга қулоқ солмай, тўполон қилишибди. Янги ўқитувчи телефонини очиб: “Мен сизларнинг бу ҳолатларингни видеога олиб, магистратурага кирган ўқитувчиларингга юбораман”, — деган экан, ҳамма бола жим бўлиб, дарров жой-жойига ўтирибди. Касбдошим ўша ҳолатни расмга олиб менга жўнатибди. Булар — менинг болаларим, — дея магистрант телефонини очиб, атрофидагиларга кўрсатди: унда синф хонасида қўлларини партага қўйиб, ўқитувчини диққат билан тинглаш иштиёқида ўтирган ўқувчилар сурати бор эди…
Тан олиш керак, кийиниш, юриш-туриш, ўқиб ўрганиш, ўзаро муносабатлардаги кемтигу ноқисликларни муҳокама қилганда аксарият эркак ўқитувчилар ўқувчининг ёшлигию тажрибасизлигини ҳисобга олиб иззат қилиб турадилар. Ўзи ва ўзгаларнинг ҳурматини сақлайдиган муаллималардан минг бор узр сўраган ҳолда айтаман, айрим аёл ўқитувчилар бу масалаларда ўқувчиларини ҳам ўз тенгдошлари қаторида кўриб муҳокама қилишлари, хулоса чиқаришлари одобу ахлоққа зид ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўляпти. Бу борада кўпчилигимиз оддий кузатувчилармиз, фикру мулоҳазаларимиз асоссиз, нотўғри бўлиши мумкин. Келинг, таълим-тарбия соҳасида олиб борилган халқаро тадқиқотлар натижаларига эътибор қаратсак:
Мутахассисларнинг фикрича, мактабда эркак ўқитувчилар бўлиши ўқувчиларнинг ўзларига нисбатан зўравонликка мойил бўлмаган, аёллар билан муносабатда ижобий хислатларни ўрганиш мумкин бўлган шахсларни кузатиши, улар билан мулоқот қилишига имкон беради. Агар ўғил бола ўзининг яқин атрофида бундай ибратли инсонни кўрмаса, ҳаёт унга шубҳали гуруҳларнинг “авторитет”лари, кўча уруш-жанжалларининг “акахонлар”ини тўғрилаб қўйиши ҳам мумкин.
Олимларнинг илмий изланишлари хулосасига кўра, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг ишлаши муқобиллик, зўравонликка қарши туриш ва гендер тенгликнинг мардона кўринишлари тарқалишига асос бўлади. Шу билан бирга, ўқитувчи эркаклар кейинги пайтларда ўқувчилар онгига сингиб бораётган бир стереотипни йўқотишга, яъни таълим бериш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам муносиб касб эканини англатишга ёрдам беради.
Нисбатан олганда, эркак ўқитувчилар дарсларда ўз ижодий қобилиятларини кўпроқ қўллайдилар. Бу ҳолат ўқувчиларни фанларга қизиқтиради, дарсларни яхши ўзлаштиришларига сабаб бўлади. Эркак ўқитувчилар аёл ўқитувчиларнинг дарс бериш усулларига янгиликлар, тўлдиришлар киритади. Ғарбий Европа, Скандинавия мамлакатлари, Япония, АҚШ таълим тизимидаги ижобий тажрибалардан чиқарилган хулосаларга кўра, педагог кадрларни тақсимлашнинг энг самарали усули бундай эътироф этилган: бошланғич синфлар ўқитувчиларининг кўпчилиги аёллар бўлиши керак (болага ҳали онадек яқин инсон керак). Ўрта синфларда эркак ва аёл ўқитувчилар нисбати тенгроқ бўлгани яхши. Юқори синфларда эса аёл ўқитувчилар 15-20 фоиздан ошмаслиги керак.
Айни хулосалардан келиб чиқсак, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қурмоқ учун, аввало, жамиятимиз ўқитувчиларнинг ҳурмат-эътиборини ва ҳукуматимиз ўқитувчиларнинг моддий таъминотини биринчи даражали “SOS” вазифа сифатида юксак даражага кўтариши шарт.
Тарбияда танаффус бўлмайди! Мактабларга энг қобилиятли инсонлар, жумладан, эркак ўқитувчилар қайтиши, улар янги авлодлар ҳаёт-мамоти билан боғлиқ муаммолар, дардларни бартараф этишда табиатан кучли тоифа кўтариши мумкин бўлган масъулиятни зиммага олишлари, болажонларимизга чин дўстдек, ака-укадек, отадек жонкуяр ва қатъиятли устоз мақомида муқим бўлсалар, мактаб таълим-тарбия жараёнидаги бирёқламаликлар, номутаносибликлар, ноўрин чекланишлару ҳаддан ошишлар камайиб, йўқолиб боради, деган умиддамиз.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.