Ўргатмоқлик — юксак бурч!

Сиздан бошланади асли тафаккур…
Абдулла Орипов
Ҳақиқат шуки, чин устозлик, аслида, инсониятни эзгуликка бошлаган пайғамбарлардан бошланган. Эҳтимол, устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигининг ёруғ далили ҳам худди мана шудир.
Тошкент давлат техника университети тарих кафедраси мудири, профессор, тарих фанлари доктори Раҳбар Холиқова ярим асрдирки, талабаларга маърифат улашиб келади, илм йўлида жоннисорлик қилади.
Асли Қашқадарё вилоятининг Косон туманида зиёли оиласида дунёга келган Раҳбар опа болалигини шундай хотирлайди:
— Ота-онам бир умр давлат ишида ишладилар. Биз фарзандларни илмли қилишга, ўқиб, элу юртга хизмат қилишга чорлаб улғайтирди. Мен болалигимдан тарихга қизиққанман. Мактабда ҳам тарих фанидан аъло баҳоларга ўқиганман. Айниқса, тарих китобимизда юртимиз тарихи ҳақида ёзилган баъзи ёлғон маълумотларни эринмай муаллимдан қайта-қайта сўраб, манбасига қизиқаверардим. Кейинчалик она Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг, миллатимиз тарихи ҳақидаги ёлғон, бўрттириб ёзилган маълумотлар фош бўлди ва халқимизнинг чин тарихи тикланди. Ҳа, кўп бора таъкидланганидек, тарихсиз келажак йўқ. Ҳар бир миллатнинг ўзлигини намоён қилувчи тарихи ва қаҳрамонлари бор. Ўзбекистон Аллоҳнинг назари тушган шундай бир диёрдирки, ўзбек миллати жаҳонга бўйлаган алломалар, олимлар, ер шаридаги инсониятнинг ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган буюк инсонларни етиштириб берган. 1018 юлдузни очиб берган улуғ бобокалонимиз Мирзо Улуғбек, ер юзини фатҳ этган Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобокалонимиз, Бобурийлар сулоласи дейсизми, муқаддас ислом динимиз ривожи учун ўзининг улкан ҳиссасини қўшган Муҳаммад ибн Исмоил Имом ал-Бухорий ҳазратлари ва бошқа ўнлаб буюкларимизни келтириш мумкин. Мен, мана, қарийб ярим асрдирки, ёш авлодга тарих фанидан сабоқ бериб келаман. Юзлаб шогирдлар чиқардим. Уларнинг ичида халқаро доираларда ҳам ўз сўзини айтаётганлари бор. Улар билан фахрланаман, — дейди олима.
Ҳа, инсоннинг руҳи илмдан озиқланади. Одамзод фақат илм билангина ҳақиқий саодатни қўлга киритади ва унинг шарофати билангина юксалади. Шогирднинг илми эса салоҳиятли устознинг саъй-ҳаракатлари билан ривожланади. Шунинг учун ҳам муаллимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари деган гап бежиз айтилмаган. Буюк китоб Қуръони Каримда ҳам ўзи етишган илмни ўзгаларга ўргатган устозларнинг шарафи юксак эканлиги ҳақида шундай марҳамат қилинади: “…Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба)-ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Раҳбар Эргашевна сўзида давом этиб шундай дейди:
— Илму маърифат зиёсини тарқатмоқ эзгулик машъаласини ҳар қандай шамолу бўронларни писанд қилмасдан ёқмоқ саодатидир. Ғоят масъулиятли ва шарафли бўлган бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси мислсизлиги ҳам шундандир. Тасаввур қилинг, муаллим ва мураббийлар ҳаёт бўстонига бир ниҳол қадаб, унинг илдизи бақувват дарахтга айланиши учун ақл ва тафаккур жавҳари билан суғоради, беқиёс меҳнат қилади. Фақат ва фақат устознинг меҳнати билангина маърифат боғи барпо бўлади, гуркираб яшнайди, мева тугиб, ҳосил беради. Инсон қалбининг меъмори, жамиятнинг бинокори ҳам ўқитувчилардир. Улар том маънода маърифат боғининг боғбонларидир. Шунинг учун ҳам муаллимнинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўриб, унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг ҳали маънан юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг ҳассос қалб ҳарорати билан иситади. Шогирд шуурининг қоронғи дунёсини тафаккур қуёшининг мўъжизакор зиёси билан нурафшон қилади. Сабр суви билан суғориб, меҳр тафти билан парвариш қилади. Шогирднинг икки дунёси учун манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллайди, шогирдининг салоҳиятли ва улуғ инсон бўлиши учун кечаю кундуз дуолар қилади. Шундан сўнггина устознинг қўлига навниҳол бўлиб келган ўқувчи-талаба қаҳратонларда совуқ урмасдан, жазирамада қовжираб кетмасдан, зулматли йўлларда абгор бўлмасдан гуркираб униб-ўсади, яйраб-яшнайди! Вақти келадики, у ҳаёт бўстонида серҳосил, барқ урган дарахтга айланади. Ва ўз навбатида маънавият ва маърифат гулзорига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади!
Дарҳақиқат, Раҳбар опа таъкидлаганидек, муаллимлар тафаккур бўстонида ёрқин зиё таратиб турган йўлчи юлдузлар кабидир. Одамзод улар туфайли нурли ва тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати ила жаҳолат ботқоғидан мунаввар манзилга етишадилар.
Шу сабаб устоз-муаллимларнинг ҳурматини рисоладагидек бажо келтирмай, уларнинг ҳаққини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахсларни кутиш мумкин эмас.
Шарқда азалдан устоз ва мураббийларга юксак даражада ҳурмат кўрсатиб келинган. Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканини яхши англаган миллатмиз.
Шу маънода, қуйидаги ривоятларда келтирилган ҳикоятлар ҳам ғоят ибратли:
Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб, меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан эса, шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар, албатта, ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Шунинг учун ҳам “Устоз — отангдан улуғ”, деган ибора орқали, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради, деган маънода халқимиз устоз мақомини падар каби юксакларга кўтаради.
Мана, мамлакатимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрам сифатида кенг нишонланиши анъанага айлангани ҳам юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимизнинг давомидир.
Улуғ бобокалонимиз
Мир Алишер Навоийнинг:
Ҳақ йўлинда ким сенга
бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин
юз ганж ила, —
деган сатрлари бугун устоз ва мураббийларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром асрлар оша ҳам ўзининг қимматини йўқотмаганига катта ишоратдир.
— Барчамиз биламизки, ўқитувчининг обрў-эътибори — бу, аввало, миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис ҳам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Педагог ходимларни мажбурий меҳнат ва турли жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилгани, таълим муассасаларида қоғозбозликка барҳам берилаётгани бугун ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли кейинги бир йилда малака тоифасига эга муаллимлар сони тобора ошгани ҳам таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Таъкидлаш жоизки, таълим тизимини янада ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган.
Давлатимиз раҳбари: “Бизнинг мақсадимиз — Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарур”, — деган эдилар. Фурсатдан фойдаланиб, мана шу шарафли ва масъулиятли йўлда фидойилик қилаётган, келажак ва жамият олдида катта масъулият эгаси бўлган азиз устоз ва мураббийларни қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қизғин табриклайман, уларнинг олижаноб фаолиятида ва шахсий ҳаётида янги янги ютуқ ва омадлар тилайман. Хонадонларимизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин! Янги Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнайверсин!” — дейди олима.
Ардоқли устоз, етук олима, гўзал инсон Раҳбар опа, байрам шукуҳи сизга ҳам муборак бўлсин деймиз.
Озода БЕКМУРОДОВА,
журналист.