Баҳрамандлик саодати

Профессор, филология фанлари доктори Адҳамбек Алимбеков бугунги ўзбек адабиётшунослигида ўз овози ва ўрнига эга бўлган зукко олим. У Тошкент давлат университетида адабиётнинг ижтимоий ҳаётда тутган ўрнини теран англаган ва англатган забардаст олимлар ва педагоглардан таълим олди. Кейинчалик ўзи ҳам таниқли олим бўлиб етишгач, олган илмини шогирдлари ва ўқувчилари билан баҳам кўрди. Адабиётшунос ўз китоблари ва мақолаларида ҳозирги адабий жараён, адабий алоқалар, бадиий таржиманинг муҳим масалаларини теран таҳлил қилиб, адабиёт ривожи ва жамият тараққиёти учун зарур хулосалар чиқара олади. Мунаққид ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти билан қиёсий ўрганиш, умуман, адабий алоқаларга оид ўнлаб илмий ишлар, ҳозирги замон ёзувчи-шоирлари ижоди ҳақида кўплаб адабий-танқидий мақолалар муаллифидир.

У халқаро миқёсда бўлиб ўтган илмий анжуманларда (масалан: Россиянинг Москва, Туркиянинг Измир, Қўниё, Озарбайжоннинг Боку, Қозоғистоннинг Чимкент, Туркистон, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида) ўзбек адабиётининг бугунги равнақи, Ўзбекистонда жаҳон адабиётини ўрганишга доир қизиқарли маърузалари билан қатнашди. Айниқса, Алишер Навоий ижодини шарқ мамлакатларида ўрганишга оид ўнлаб мақолалари илм аҳлига манзур бўлган.

Унинг “Юлдузнинг беш қирраси” (2012, 2017, 2020), “Латиф шеърият” (2014), “Турк адабиёти” (2014), “Сўз чамани ичра наво кўргузиб” (2022) илмий монографиялари, “Қардош туркий халқлар адабиёти” (озарбайжон адабиёти), “Қардош туркий халқлар адабиёти” (қозоқ адабиёти) ўқув хрестоматияси (2020), “Турк адабиёти тарихи” (2005), “Турк адабиёти тарихи. Танзимот даври” (2022) ўқув қўлланма ва дарслиги, “Ишқ асири бўлган жон” (1996), “Билиб айтилган сўз” (2016), “Эзгуликка эш кўнгил” (2018), “Чингиз Айтматов — дилдошимиз” (2018) адабий рисолалари тилга тушган. Олим Алишер Навоий, Оразий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Ибройим Юсупов, Муҳаммад Али, Азим Суюн, Мирпўлат Мирзо, Муҳаммад Юсуф, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид сингари ёзувчи-шоирларимизнинг ижодини таҳлил қилди, улар ижодининг бошқа мунаққидлар эътиборидан четда қолган жиҳатларини топа олди.

Адабиёт — ҳаёт дарслиги бўлиши билан бир қаторда сўз санъати ҳамдир. Адиб она тилининг бой имкониятларидан унумли фойдаланиши, сўзга масъулият билан қараши, сўзни беҳудага исроф қилмаслиги даркор. Бу гапни мунаққидга ҳам нисбат бермоқ жоиз. Илмий калималар тиқиштириб ташланган, лекин ўқувчига ҳеч нарса бермайдиган адабий-танқидий мақола кимга ҳам керак? Мақолада адабий жараён, ёзувчилар ижоди чуқур таҳлил қилиниши билан бирга тушунарли тилда ёзилиши, бугунги адабиёт ва жамият учун зарур хулосалар чиқарилиши лозим. Шундагина у таъсир кучига эга бўлади. Адҳамбекнинг кўпгина мақолалари ана шундай ёзилган. У бир қатра ҳикоясида бундай ёзади: Ўринсиз қўлланган сўз ичида ўйлади: “Юзига тарсаки тортиб юборсамми?!”

Мунаққид сўзни муқаддас неъмат деб қараши, сўзни қадрлаши кўриниб турибди. Олим ёзувчиларнинг сўзни дур, забаржад деб билиши кераклигини, бу лиризмни таъминлашини таъкидлайди. Чунончи, Чингиз Айтматов ҳақидаги рисоласида адибнинг сўз ишлатиш маҳоратини тадқиқ қилар экан, олим ёзади: “Буюк рассомларнинг нафис асарларида ёрқин бўёқлар билан бирга бир майин, нозик чизиқлар бўлганидек, Айтматов асарлари қайси жанрда бўлишидан қатъи назар лирик майинлик бор, яъни рассом рангларда берадиган майинликни Ч.Айтматов сўзларда беради. Мўмин чол билан боладаги ва бошқа адабий қаҳрамонларда, ҳатто қўрс, қўпол Ўрозқулда ҳам ўзгага сездирмайдиган лиризм бор. Бу унинг дардлари (фарзандсизлик) билан боғлиқ ҳам бўлиши мумкин. Бу қаҳрамонларнинг ҳар бири эсда қоларли жиҳатлари билан, китобий эмас, ҳаётдаги сўзлашиб турган инсон сифатида китобхон кўз ўнгида қолади”.

Истиқлолдан кейинги йилларда ўзбек адабиётини чет элларга танитиш, чет эл адабиётининг энг яхши намуналарини она тилимизга таржима қилиш иши кенг қулоч ёйди. Айниқса, турк ва озарбайжон тилидан ўзбекчага юзлаб асарлар таржима қилингани қардош халқларнинг ўзаро яқинлашишига, бир-бирини яхшироқ тушунишига, дўстлигини янада мустаҳкамлашга катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Бу асарларнинг кўпи тажрибали ва моҳир таржимонларимиз томонидан талаб даражасида ўгирилгани нур устига нур. Кейинги давр­­да бу даврага қобилиятли ёш таржимонлар келиб қўшилаётгани кишини қувонтиради. Аммо, шу билан бирга, адабий-бадиий жиҳатдан талаб даражасида таржима қилинмаган асарлар ҳам дунё юзини кўраётгани сир эмас. Бунинг хатарли жиҳати шундаки, нўноқ таржима ўзга адабиёт муаллифини йўққа чиқаради. Ўзга тилни билиш ҳали таржимон бўлиш дегани эмас. Бу ҳам илм, ҳам малака, ҳам масъулият демакдир. Таржимон ўзга тилда битилган асарни ўз она тилида, таъбир жоиз бўлса, булбулдай сайрата олиши, яъни она тилининг бой имкониятларидан унумли фойдалана олиши даркор. Адҳамбек таржимага юксак адабиёт талаблари нуқтаи назаридан ёндашади, таржималардаги ютуқ ва нуқсонларни далиллар асосида кўрсатади. У бундай деб ёзади: “Ёш таржимонларимизнинг заиф томонларидан бири — она тилини чуқур билмасликдир. Ваҳоланки, таржимон биринчи навбатда ўз она тилини яхши билиши керак. Шундагина у таржима қилган асарлар ўқишли бўлади”.

2022 йилда профессор унвонига сазовор бўлган Адҳамбек билан юртимизда ва чет элларда ўтказилган кўпгина халқаро илмий конференцияларда бирга бўлганмиз. Унинг мазмундор маърузалари тингловчиларда катта таассурот қолдиргани ва қизғин олқиш­ланганининг шоҳиди бўлганман. Чунончи, Бокуда Ҳусайн Жовид ижодига бағишлаб ўтказилган илмий конференцияда у Жовид ижодининг кўпчиликка номаълум жиҳатларини ёритиб, озарбайжон дўстларимизни қойил қолдирганди.

Умуман, Адҳамбек Алимбеков қардош халқлар, айниқса, турк ва озарбайжон адабиётидан таржима қилинган асарларни эринмай, синчиклаб ўқийди ва биринчилардан бўлиб матбуотда уларнинг ютуқ ва камчиликларини холис ёритади. Унинг мақолалари холислик, ҳалоллик, таржимонга талабчанлик ва, айни чоғда, меҳрибонлик туйғулари билан йўғрилган.

Адҳамбек бадиий ижод билан шуғулланишини кўпчилик билмайди. Шу боисдан унинг “Япроқ ҳикоялар” деб номланган туркумини эслаб ўтишни хоҳлар эдим. Бу тўпламдаги қатралар унинг руҳий олами, эстетик қарашларидан дарак беради. Чунончи муаллиф ёзади:

“ЎЗЛИК

Мен сендаман, деб қалб қасрингдан ўзимни излай бошладим. Э воҳ, на сени топдим, на ўзимни, на…

АЙРИЛИШ

Ошиқлар бир олманинг икки палласимиз, ташбеҳини хуш кўрадилар. Шу ернинг ўзида айрилиш бор.

КАТТА ИШ

Тугма: — “Кичкина дея камситманг. Ишим катта — бирлаштириш”.

АНГЛАШ

Ҳаёт қачон гўзал бўлади?

Атрофингдагилар сени тушунганда.

ВИЖДОНЛИ

Виждонли ким?

Виждонига тик боқа олган”.

 

Адҳамбек илмдагина эмас, ҳаётда ҳам ҳалоллиги, меҳр-оқибати, “виждонига тик боқа олган”и билан танилган шахсдир. Одамнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, бирга сафарга чиқиб кўр ёки амал бериб сина, деган ҳикматли гап бор. Адҳамбек бу синовлардан зиёдаси билан ўтган ва меҳримизни қозонган инсон. У йиғилишлардан бўш вақтларимизда ҳам илмий масалалар, янги чиққан асарлар ҳақида гап очади, ўз фикрини билдиради ва сизни ҳам илмий мубоҳасага тортади.

Албатта, кимнинг кимлиги халққа, ватанга муносабатида намоён бўлади. Баҳраманд киши ўзида борини ўзгалар билан баҳам кўради, одамларни қусурсиз, мукаммал кўргиси келади. Адабиётга меҳр  халққа, эзгуликка меҳрдир. Адҳамбекнинг адабиётга, илмга, кишиларга меҳр-муҳаббат билан қарашида баҳрамандлик саодатига эришган одамнинг бахтиёрлигини кўраман.

Бобохон МУҲАММАД ШАРИФ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =