Доира сеҳридан бахт излаган устоз

Ҳар бир инсон болалигиданоқ бир орзу-мақсадни кўнглига тугиб улғаяди. Йиллар ўтган сайин бу орзу-мақсад кимларнингдир қатъий қарорига айланса, кимлардир мурғак қалбида туғилган ниятни амалга оширишнинг қийинчиликларидан чўчиб фикридан қайтади.

Лекин қарори қатъий, иродаси мустаҳкам инсон ўз режаларини амалга оширишга астойдил интилиб, орзуларига етади, бахтини топади. Мана шундай инсонлар билан ҳаёт гўзал, файзли. Чунки уларнинг ҳаёт йўли кўпчиликка ибрат бўлади. Айниқса, ёшларда улардек изланиб, интилиб, яшашга ҳавас уйғотади.

Бундай инсонлар орамизда жуда кўп. Жумладан, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ҳам 10-болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Халқ чолғулари ижрочилиги” бўлими ўқитувчиси Назимжон Раҳматов ҳам ана шундай фазилатли кишилардан биридир. У меҳрибон устоз, камтарин инсон…

Назимжон Раҳматов қалбида мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ доира санъатига катта иштиёқ уйғонди. У мактаб мусиқа ўқитувчилари, шаҳар маданият бўлими доирачиларидан доира сирлари бўйича дастлабки сабоқларни олди.

— Доира санъатига қизиқишимга Ўзбекистон халқ артисти Қаҳрамон Дадаев сабабчи бўлган, – деди Назимжон ака. — Мен устознинг доира чалиши маҳоратига катта ҳавас билан қараб, мана шу санъаткордек доирачи бўламан деб ният қилганман.

Шунинг учун ҳам Назимжон ака етуклик аттестатини қўлга олиши билан олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун Тошкентга йўл олар экан, “Биринчи бўлиб “Баҳор” ансамблини излаб топаман-да, Қаҳрамон Дадаевга учрашаман” деб ният қилганди.

— Баҳор ансамблига борганимда қизиқ воқеа бўлди, – дея эслайди Назимжон ака, хотираларини ёдга оларкан. — Доира овози келаётган хонанинг эшигини очиб, маҳорат билан чалинаётган куйга мафтун бўлиб, мўралаганимча қолибман. Шунда қизлар билан рақс саҳналаштираётган Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоеванинг “Келинг, ўғлим, сизга ким керак?” – деган сўзларидан ўзимга келдим. Ўшанда Қаҳрамон Дадаев билан учрашишга муяссар бўлганман. Шу бўлди-ю, устоз билан устоз-шогирдлик ришталари боғланди.

Албатта, доира ташқи томондан оддий кўринса-да, мураккаб чолғу. Унинг сирларини пухта эгаллаш учун тинимсиз машқ, изланиш орқали маҳорат пиллапояларидан босқичма-босқич кўтарилишга тўғри келади. Бунга Назимжон Раҳматовнинг изланиш ва интилишлари ҳам мисол бўла олади. У фақат Қаҳрамон Дадаевдан сабоқ олиш билан чекланмай, Болтабой Турғунов, Тошпўлат Ашрафхўжаев, Илҳом Икромовдек эл ардоғидаги устозлардан ҳам доира сирларини ўрганиб, ўзи ҳам эл назарига тушди. Қирқ беш йиллик педагогик фаолияти давомида соҳанинг моҳир вакили бўлиб етишди.

Тажрибали, фидойи, илмий салоҳият соҳиби бўлган устоз бугунги кунда санъат мактабининг фахри, ёш ўқитувчилар учун ҳар тарафлама ўрнак олий тоифали ўқитувчи. Устоз санъаткор Нозимжон Раҳматовнинг “Доира” ўқув қўлланмаси нашр этилиб, ҳозирда таълим муассасаларида ўқитувчи ва ўқувчилар фойдаланишмоқда.

Етук истеъдод соҳиби “Она юрт оҳанглари”, “Истеъдод-2”, “Золотой Феникс” (Россия), “Ҳар доим бўлсин қуёш”, “Россия телефестивали” халқаро танловлари ҳамда республикамизда ўтказилиб келинаётган “Санъат сеҳри”, “Санъат байрами”, “Янги йил юлдузлари”, “Ўзбекистон — Ватаним маним”, “Созлар навоси”, Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги қатор кўрик-танлов ва мусиқий фестивалларда доимий иштирок этиш билан бир қаторда мунтазам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

У дарсларни турли шаклда интерактив методлар асосида, кўргазмалилик, техник воситалардан фойдаланиб, ахборот-технологиялари асосида олиб боради. Шунинг учун ҳам дарслари самарали ва қизиқарлидир.

У 1983 йилда асос солган “Само” доирачилар ансамбли ҳанузгача давлат тадбирларида телевидение кўрсатувларида, байрам ва концертларда қатнашиб келмоқда. Ансамбль репертуарларида доира чолғуси бўйича ўзбек халқи ҳамда қардош халқларнинг усуллари ўрин олган.

Устознинг 2005 йилда  Абдуғаффор Убайдуллаев (Хуморий)нинг “Ўргилайин” шеърига ёзган қўшиғи “Ўзбекистон Ватаним маним” қўшиқлар танловининг рес­публика босқичида фахрли III-ўринни эгаллади. Қуддус Муҳаммадий шеърига ёзган “Баҳор келди” қўшиғи эса 2022 йили махсус диплом билан тақдирланди.

Назимжон Раҳматов Ўзбекистон Давлат Консерваторияси ҳамда Ангрен шаҳридаги мусиқа ва санъат мактаблари орасидаги ижодий кўприкнинг асосчиси десак хато бўлмас. Бежиз унинг ижод маҳсули бўлмиш “Доира” ўқув қўлланмаси юксак бадиий савиядаги муаллифлик асари сифатида баҳоланмаган.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан тас­вирга олинган “Чироғи ёниқ уй” кўрсатуви айнан ижодкорнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган. “Келажак пойдевори”, “Наврўз шукуҳи”, “Тошкент вақти”, “Иссиқ нон”, “Зарб завқи”, “Юракдан гапирамиз” каби кўрсатувларда Назимжон аканинг ижоди ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

У 1990 йилда “Ёшлар иттифоқи” совриндори, 1992 йилда эса “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” кўк­рак нишони билан тақдирланди.

Назимжон Раҳматовнинг ибратли умр йўли, эришган ютуқлари ҳақида ҳали кўп ёзиш мумкин. Бир оғиз сўз билан айтганда, ардоқли санъаткор бежиз ангренликлар фахрланадиган инсонлардан бирига айланмаган. Қувонарлиси, устоз ижодининг чин мухлислари бутун юртимизда жуда кўп.

Робия АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон давлат хореография академияси “Санъатшунослик” таълим йўналиши 3-босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 15 =