Уйғоқ қалб соҳиби

Орамизда шундай инсонлар борки, қалби, меҳри, фикру хаёли Ватанига, киндик қони тўкилган она заминига пайваста бўлади. Бундай инсонлар доимо халқининг тинчлигию равнақини ўйлаб, унга қандай қилиб бўлса ҳам хизмат қиладиган яхшиликни кўзлаб туну кун ёнадилар.

Ана шундай гўзал фазилатли инсонлар қаторида биз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Денов туман Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари, устоз Тоштемир Турдиевнинг алоҳида ўрни борлигини айтмасдан ўтолмаймиз.

Оташқалб, халқпарвар инсон Тоштемир Турдиев нафақат Сурхон ўлкасининг Денов туманида, балки бутун ўзбек халқи орасида ўзининг жонкуярлиги, ватанпарварлиги ва миллатига бўлган чексиз ҳурмати билан азиз бўлган шахсдир. Тоштемир Турдиев томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар ва у кишининг қаламига мансуб китоблар билан яқиндан танишган киши адибни нафақат етук ёзувчи, балки ҳассос тарих билимдони сифатида кашф этади.

Ташаббускор, изланишдан чарчамайдиган устоз фаолияти давомида бетакрор шоира Раъно Узоқованинг қўлёзма шаклидаги шеърларини жамлаб, “Субҳидам қалдирғочи”, “Талпин, юрак” номли шеърий тўпламларини чоп эттирди. Кўп ўтмай шоиранинг “Сайланма”си ҳам устознинг меҳнатлари натижаси ўлароқ дунё юзини кўрди. Бир сўз билан айтганда, Раъно Узоқованинг адабиёт оламидаги ўрни Тоштемир Турдиев заҳматлари билан янада мустаҳкамланди.

Раъно Узоқованинг “Қаҳрамон” номли шеърида айтилганидек:

 

Қайси дилда бўлса шердек жасорат,

У кўрсатар курашларда маҳорат.

У мақталар тилларда ва элларда,

У сақланар ҳамиша кўнгилларда.

 

2000 йилда юртимизда “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги кенг миқёсда нишонланди. Ушбу байрамга муносиб туҳфа сифатида Тоштемир Турдиев “Алпомиш” достонини Хушбоқ бахшидан ёзиб олиб, 10 минг нусхада чоп эттирди. Йиллар силсиласидан ўтиб, халқимиз қон-қонига куй бўлиб сингган, миллатимизнинг сара достони бўлмиш ушбу хазинанинг илк бора Сурхондарё вариантининг китоб ҳолатида чоп этилишида устозимизнинг жонкуярлиги, закийлик баробарида аждодларимиз меросини келажак авлодга етказувчи, давомчиси, “йўлчи юлдузи” бўла олаётганлигидан сўзласак арзийди.

Бундай илмпарвар, фидойи инсонларнинг орамизда борлиги эса биз, шогирдлар қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдиради. 2010 йилда устоз Тоштемир Турдиевнинг ташаббуслари билан “Денов тафаккур чароғлари” номли китоб “Университет” нашриёти томонидан чоп этилган навбатдаги альманах тўплами бўлган. Шу аснода 2015 йил “Чағониён тараннуми” номли баёз “Мусиқа” нашриёти томонидан чоп этилиб, ўз китобхонлари қўлига етиб борди. Мазкур китоб Сурхондарё ёшларига, хусусан, Денов, Сариосиё, Узун туманлари ижодкорлари ижодидан йиғиб нашрга тайёрлаб берилгани мақтовга лойиқ эди. Бу каби баёзлар қатида ўз иштирокининг завқини туйиш аксарият ижодкорлар руҳиятига қувонч бериш баробарида имконият ва кўмак ҳамда руҳият бахш этишнинг навбатдаги гўзал кўриниши эди, маҳсули эди.

Миллат равнақи, бугуни, эртаси онгу шуурини бир зум тарк этмаган адиб 2010 йилда “Сурхондарё халқ қўшиқлари” номли китобини кенг оммага тақдим этган эди. Мазкур китоб халқимизнинг этник маданияти, урф-одатлари, куй-қўшиқларини ўзида мужассам этган.

Изланишдан тўхтамаган, янгилик яратишдан толмаган адиб 2012 йилда “Денов қасидаси” номли китобини чоп эттирди. Ушбу китобда Сурхон ўлкасининг сўлим масканларидан бўлмиш Денов туманининг тарихига, маданиятига урғу берилган.

Асарда Деновнинг муқаддас қадамжоларидан бўлмиш Саид оталиқ мадрасасининг улуғланиши, Нақшбандия тариқатининг толмас тарғиботчиси Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг Бухорою шарифдан келиб, умрининг сўнгги йилларини Деновда ўтказганликлари ҳақида ибратли далиллар, ҳикоятлар келтирилиши муаллифнинг зийрак тарихшунос эканлигидан далолат беради.

Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларига устознинг саъй-ҳаракатлари билан мақбара бунёд этилганлиги ҳам у кишининг қанчалик мозийга ҳурмати баланд эканлигидан далолат. Асарда келтирилганидек, машҳур “Шоҳнома” асарини бошлаб берган ва унга тамал тошини қўйган буюк Дақиқий ҳам айнан шу ўлкада яшаб ижод қилганлиги беихтиёр ҳар бир деновлик инсон қалбига фахр туйғусини жўш урдирса,  ажаб эмас.

Дарҳақиқат, қарийб 3,5 минг йиллик тарихга эга Денов не-не фозил инсонларга бешик бўлган ва қанчадан-қанча тарихшунос олимларнинг қизиқишига сабаб бўлган улуғ заминдир.

Инсон борки, ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган Ватанининг тарихини билгиси, унга муносиб фарзанд бўлгиси келади. “Қуёш ардоғидаги юрт” китоби – муаллифнинг Ватан муҳаббатига йўғрилган туйғулар ифодасидир.

Кишининг кўнгли қанчалик тоза бўлса, атроф-олам ҳам унга шунчалик гўзал қиёфада намоён бўлади. Тоштемир Турдиев одамлар қалбидаги эзгуликни кўра билгувчи, қалбларга зиё улашгувчи сеҳрли қалам соҳиби.

Тоштемир аканинг “Менга худо қанот берганидаям фақат Деновим устида учиб юрсам керак” деган фикрлари у кишининг ватанпарварлигига асл далил десак хато бўлмас. Айнан шу китобда яна Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг айни устозни “Тош” ва “Темир”га қиёслаб, “Тош” ҳам, “темир” ҳам мангу ҳақиқатга дахлдор унсурлардан. Улар аввали бор бўлиб охири бўлмаган, охири бор бўлиб аввали бўлмаган моддий унсур тимсоли. Мен Денов ҳамда Денов аҳли қувонганда бирга қувониб, йиғлаганда уларга қўшилиб бирга йиғлайдиган жон-жигар, биродарим Тоштемир Турдиевга “тош” билан “темир”нинг мустаҳкам табиати ва уларнинг умрини тилайман” дейди.

Яна бир гап: Тоштемир Турдиев ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими ва бошқа нуфузли орден ва медаллар билан тақдирланган. Лекин у киши ҳамиша “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонини тақиб юради. Сабаби ўзини маънавият соҳасисиз тасаввур қила олмайди. Маънавиятга хизмат қилишдан ортиқ бахт йўқ, деб билади ўзини.

Доимо омон бўлинг, фидойи устоз!

Замира РАЖАБОВА,

шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 3 =