Юрагимга экилган кунлар

Қалби уммон устоз-муаллимлар ўз ўқувчиларига қалб қўрини, беқиёс меҳр-муҳаббатини бериб, қайноқ ҳаёт сари кузатар экан, биз улардан тоабад қарздор бўлиб қолаверамиз.
Халқимизнинг чексиз қувонч билан кутадиган байрамлари жуда кўп. Инсон руҳиятига қувват, қалбларига насимлик берадиган ана шундай бебаҳо кунлардан бири, табиийки, 1 октябрь — устоз ва мураббийлар байрамидир. Ушбу қутлуғ айём саодати билан мен ҳам юрагимнинг тўридан жой олган энг яқин кишиларимни, ҳамиша беғубор ва самимий устозларимни бирма-бир эслагим келди. Бобоев… Абдуллаева… Тошбоев… Бердиқулов… Жаҳонгиров… Исматуллаев… Қиличев… Ботирова… Бобаназаров… Улар жуда кўпчилик эди. Саноғини айтсам, баракаси кетадигандек, назаримда. Бу табаррук инсонлар 34 нафар ўт-олов ўғил-қизларни 1983 йилнинг ёзида Иштихон туманидаги 62-ўрта мактаб парталаридан серташвиш ҳаёт сари йўллаган. Афсуски, бешафқат вақт ўзининг нималарга қодирлигини намойиш қилиб, устозларимизнинг кўпини ҳаётдан олиб кетди. Бугун уларнинг ярмидан камроғи қолди, ҳисоб. Начора, дунёдан ўтганларга Яратгандан офият, бугун ҳаётларининг умрларига зиёдалик насиб этсин.
Бир синфдаги 34 нафар ўқувчининг шўхликларини беминнат сабр-бардош билан кўтарган энг фидойи устозларимдан бири — она тили ўқитувчимиз, раҳматли Абдувоҳид Тошпўлатов эди. Биз тўртинчи синфга ўтганимизда, бу устозимиз, янглишмасам, олтмиш ёшларда эди. Мен ушбу устозимизнинг бообрў муаллим, самимий инсон сифатида камтару комил бўлганлигини жуда кеч англадим. Тўғрироғи, Тошпўлатовнинг сабоқлари, талаб ва тарбияси ҳақида ўттиз-қирқ ёшдан ошганимдан кейин ўйлай бошладим. Аслида, ҳозир қоғозга тушираётганим ушбу сатрларни қачонлардир ёзишим керак эди…
Кунларнинг бирида устозимиз “Нима учун дарслигимизнинг муқовасига ўзбек тили деб ёзилган бўлса-да, биз худди шу фандан тутиладиган дафтаримизнинг юзига она тили деб ёзамиз?” деган савол берди бизга. Ҳамма жим. Ими-жимида мактабга келиб кетадиган дангаса синфдошларимизнинг баъзи бирлари парталарнинг тагига кириб кетди. Устоз аълочи ўқувчилардан бирма-бир эзғилаб сўради ҳамки, ҳеч кимдан жўялироқ жавоб чиқмади. Алам билан жойига ўтириб афсусланди. Бизни тўртинчи синфгача ўқитган ўқитувчиларимизнинг шаънига ички афсусу надоматларини ёғдирди. Биринчи партадан то охирги партагача қўли етган барча синфдошларимизнинг қулоғини бураб чиқди. Кейин ўзининг саволига ўзи жавоб берди: “Буни том битган қулоқ-мияларингга ёзиб қўйинглар, саводсизларим. Биз ўзбек бўлганимиз учун ҳам дарслигимизнинг юзига ўзбек тили деб ёзилган. Ҳаммамиз туғилибоқ онамизнинг тилида инграй бошлаймиз. Сўнгги нафасимизгача онамизнинг тилида гапирамиз. Шунинг учун дафтарнинг муқовасига “Она тили дафтари” деб ёзамиз. Тушунарлими, мусичалар? Гапиришни онамиздан ўрганамиз!” деди овози қалтираб. Шугина оддий гапни билмаслигимиздан устознинг жуда ёмон жаҳли чиққан эди. Эгнидаги костюмини ечиб, стулининг елкасига иддао билан ташлади. Белига пахта терадиган оқ фартук ўралган экан. Ечиб ҳам ўтирмади. Синфдошларимиздан бирини, яъни охирги партада ўтирган раҳматли дўстимиз Норбек Очиловни ўртага (доскага) чиқарди:
— Очилов, кеча берилган уйга вазифанинг жавобини ёз.
Синфдошимиз ерга қараб олди. Гап-сўз йўқ.
— Сенга айтаяпман, бажарган вазифангни кўрсат менга…
Дўстимиз яна жим.
Мен биринчи партада ўтирардим. Устознинг кўзларига жиққа ёш келганлигини кўриб қолдим. Бошини дераза томонга буриб, йиғлаётганини биздан яширмоқчи бўлди. Соддалиги қурсин, шуни ҳам эплолмади. Танаффус бўлмаса-да, ҳаммамизга жавоб бериб юборди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, устознинг мактабни бутунлай ташлаб кетганлигини эшитдим. Билмадим, нафақага чиқдими ёки биз ўқувчилардан кўнгли тўлмасдан бошқа мактабга ўтиб кетдими? Хуллас, бу самимий ва тозадил инсон билан ҳаётда қайта кўришиш насиб қилмади менга. Жойларингиз жаннатда бўлсин, қадрли устоз! Байрамингиз арафасида бир эсладим-да, биз — нўноқ ўқувчиларингиздан рози бўлинг.
Хотирамда ўчмас из қолдирган яна бир олижаноб устозларимиздан бири рус тили ўқитувчимиз Абдураззоқ Примов эди. Содда, аммо жуда қаттиққўл ўқитувчи сифатида мактабимизда ном чиқариб, худди шу йўл билан дангаса, тўполончи, “иккичи” ўқувчиларнинг “думини қайириб” олган эди.
Тўққизинчи синфга биринчи бор қадам қўйган кунимиз, яъни 1981 йилнинг 1 сентябрида шундай табаррук ва хокисор инсонни, мактабга бутун борлиғини тиккан ўқитувчимизни болаларга хос ўжарлигим билан жуда қаттиқ хафа қилиб қўйганимдан ҳалигача ўзимни кечиролмайман. Худди шу куни синфдошларимиздан бири билан олдиндаги партадан жой талашиб, билмаган ҳолда орқам билан устозга келиб урилдим. Устоз мувозанатини йўқотиб, синфхонанинг битта бурчагини эгаллаб турадиган голланд печкасига суяниб қолди. Мункайиб кетганига кўзим тушиб, жуда хавотирландим.
Кечки пайт ўқитувчимиз уйга келиб, отам раҳматлига менинг қилмишимни айтиб, нима деса деди. Бутун дарди-дунёсини тўкди. Мени ёнига чақириб: “Сен мактабдан ҳайдалдинг”, дея қаттиқ-қаттиқ дашном берди. Кейин сал юмшагандек, насиҳатга ўтди. Отамга қараб: “Ўғлингиз яхши ўқийди, аммо бунинг феъли чатоқроқ. Тўғри йўлга солмасак бўлмайди”, деди бироз жаҳлидан тушиб.
Шу-шу, Примов домламиз мендан тўққизинчи ва ўнинчи синфларда бирор марта дарс сўрамасдан синф журналларига фақат “4” ва “5” баҳоларни қўйиб келаверди. Мен эса ўқитувчимиз мендан сўрамасдан яхши баҳоларни қўйиб келаяпти-ку, дея талтайиб юраверибман. Вақт бир зумда ўтиб кетди. Ўнинчи синфни битираётганимизда қўрқўв ва ҳадик билан рус тили дарси имтиҳонига кирдим:
— Сен нима қиласан, институтга борасанми? — деб сўради ўқитувчимиз.
— Ҳа, Тошкентга борсам керак, — дедим.
Устоз бошқа ҳеч нарса сўрамасдан “5”ни қўйиб, худди ҳайдагандек синфдан чиқариб юборди. Ноқулай вазиятда қолдим. Нима қилишни билмайман. Лоақал устозга раҳмат дейишга ҳам ботина олмадим. Примовдан аразлаб, рус тили ва рус адабиётидан берилган топшириқларни ўлда-жўлда бажариб юрганим университетга кирганимдан сўнг жуда-жуда қийнади. Пушаймон қиламан, аммо кошкийди, бу билан ўқишларим юришиб кетса…
Аллақачон бу дунёни тарк этган ушбу табаррук устозим билан мактабни битирганимиздан кейин орадан тўрт йил ўтиб, кутилмаганда туман марказида кўришиб қолдим. У пайтда мен ҳарбий хизматни битириб келиб, эндигина университетга кирганман. Аммо “Кўрдингми?” дегандек тумшуғимга нарвон етмайди. Салгина аламзадалигим ва ғўрлигим сабаб устозга шунчаки салом бериб ўтиб кетмоқчи бўлдим. Примов барибир яхши ўқитувчилигига, самимий инсонлигига борди. Қўлларимни қаттиқ сиқиб сўради:
— Тошкентга ўқишга кирибсан, ростми?
— Шундай, домла, — дедим зўрға.
Ўқишга кирганлигим учун устознинг қувонганлигини кўзларидан, меҳридан, самимий муносабатидан ҳис қилдим. “Болам, энди ўжарлик қилмай яхши ўқигин. Ота-онангни қийнама. Мен синфингдаги биргина боланинг ютуғини эшитсам, ўзимни қўйишга жой тополмай қоламан, келажакда яхши инсон бўлгин”, деб катта йўлнинг ёқасида дуо қилди. Кўнглим юмшаб кетди. Устозга нисбатан фикрим бутунлай ўзгарди. Орқасидан кузатиб қолдим.
Ўйлаб кўрсам, шу пайтда ҳам ўжарлигимга бориб, устозга бир мартагина раҳмат демаган эканман. Баъзан шундай ўқитувчилардан сабоқ олганимдан, аксига олиб, уларнинг ҳурматини вақтида жойига қўя билмаганимдан, уларни энди чироқ ёқиб ҳам тополмаслигимдан афсусланаман, ўксинаман…
Бўлажак улуғ кун — устозларимизнинг катта байрами муносабати билан адабиёт ўқитувчимиз Бодом опа Бектамишевани ҳам эсга олмасам, кўнглим кемтиклигича қолаверади.
Устоз Бектамишева бизга маданиятни, дид ва эстетикани ўргатди. Унинг сабоғи туфайли адабиётни севиб қолдик, беқиёс ва болаларча соф муҳаббат оламига кириб келдик. Мактабимиз шароити оғир бўлса-да, устоз бизга дарс жараёнида ҳар битта қаҳрамон ҳаётини кино тасмаларида кўрсатар эди. Беш юздан ортиқ ўқувчи Жомий, Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Нодирабегим ва Увайсий, Фурқат, Қодирий, Абдулла Қаҳҳор-у Ҳамид Олимжон каби дарғаларнинг расмларини, асарларини фақат Бодом опамиз-устозимизнинг хонасидан топар эдик. Юқори синф ўқувчилари ўзларига раҳбар бўлиши учун фақат Бодомой Бектамишевани танлар ва талашар эди. Айни паллада севимли ва меҳрибон устозимиз сал кам тўқсон ёшни қоралади. Узоқ йиллар орасида тасодифан учрашиб қолсак, ҳалигача пешонамиздан ўпиб кўришишини канда қилмайди.
Менга нафақат мактаб, балки ҳаётий сабоқларни ҳам ўргатган устозларимдан яна бири — биз ўқиган мактабнинг собиқ директори ҳамда математика ўқитувчимиз Ўктам домла Саидвалиев эди. У киши кексалик нафақасига чиққандан кейин, оғир касалликка чалинди. Кўп ва хўп даволанди. Фойдаси бўлмади. Давоси йўқ хасталик устозимизни 2007 йилнинг жазирама ёз фасли 67 ёшида орамиздан олиб кетди. Қабристоннинг қоқ тепасигача тобутининг бир учидан кўтариб чиқдим. Қабрининг устига тупроқ ташлаш ҳам насиб этди.
Раҳматли Ўктам Саидвалиев адабиётга қизиқишимни жуда яхши билар, фанлардан олимпиадалар бошланганда адабиёт ўқитувчимизга қайта-қайта тайинлаб, синфимиз ўқувчилари орасидан фақат мени жўнатар, баъзан ўзи фан олимпиадалари ҳайъат аъзолари сафига кириб қолса, ўзининг математиклари қолиб, мени қўллаб юборишни канда қилмас эди.
Бешинчи синфдалигимизда уйга берилган вазифа юзасидан ёғочдан тўртбўрчак шакл ясаб келиб, устознинг марҳаматига сазовор бўлганман. Шу-шу математика ва геометрия фанларидан баҳоларимнинг ҳаммаси “5”! Аммо еттинчи синфда ўқиб юрган пайтларимиз “ҳунар” кўрсатиб, кўзига ёмон кўриниб қолдим. Тўғрисини айтсам, синф журналига айнан шу домламизнинг фанидан ўзимга ўзим баҳо қўяётганимда қўлга тушиб қолдим. Китоб-дафтарларимни, сумкамни бурчакка улоқтирди. Ўзимни ҳам синфдан қувиб солар экан: “Мактабдан ҳайдалдинг, жўна!” деди зарда билан. Қилган ишимдан пушаймон бўлиш, афсусланиш ўрнига ғўддайиб уйга кетаётганимда, директор ўринбосари Камол Мардонов олдимдан чиқди:
— Қаёққа кетаяпсан?
— Бошим оғрияпти, синф раҳбаримиздан жавоб сўрадим, — деб қувлик қилдим.
Мардонов чап қўлининг орқасини ва бармоқларини пешонамга қўйди:
— Ёлғон гапирма, иссиғинг йўқ-ку. Орқамдан юр, раҳбарингдан сўраймиз.
Қўрққанимдан тўғрисини айтиб қўйдим. Директоримиз мактабдан бутунлай ҳайдаб юборганлигини ҳам қолдирмадим. Ўқитувчилар барибир одамохун ва энг яхши инсон бўлар экан. Менга раҳми келдими ёки тўғрисини айтганим иш бердими, билмадим, Мардонов анча насиҳат қилди. Ҳозироқ тўғри синфга кириб, Ўктам Саидвалиевдан кечирим сўрашимни тайинлади. У кишининг мактаб директори эканлигини эсимга солиб, сал чўчитиб ҳам қўйди. Ҳаммасини худди Мардонов айтгандек қилдим. Ортса, ортдики, ками қолмади.
Бағрикенгликни қаранг, Саидвалиев домла елкамга қўлини қўйиб: “Иккинчи бундай номаъқул ишни қилма! Майли, кечирдим. Қилмишингни ота-онангга ҳам айтиб ўтирма, хафа бўлишмасин. Мавриди келганда, ўзим тушунтириб қўярман”, деди бояги ғазабидан анча тушиб. Ёшим эллик саккизга етганда бундай меҳр ва мардлик фақат ўқитувчиларда бўлишини тушуниб етдим. Шундай устозларнинг борига минг марта шукурлар бўлсин дейман ҳар қачон.
Ҳозир бу каби воқеаларни эсласам, биз мактабда ўқиган йиллар ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган, ҳеч қачон завқу тароватини, лаззатини йўқотмайдиган даврларга тўғри келганлигидан қувонаман. Устозларимиз тенгсиз, пок ва гина-кудуратсиз инсонлар бўлганлигига сўзсиз ишонч ҳосил қиламан. Биз, аслида, пешонаси олти қарич ўқувчи бўлганмиз. Умримизнинг мактабда ўтган ўн йили давомида хокисор устозларнинг эркатой фарзандларига айланиб қолганлигимиз ҳам рост экан… Эҳ, у кунларни қайтариб бўлмайди-да сираям…
Мен ўрта мактабда ўқиган кунларимизни ҳеч нарсага ва ҳеч бир даврга тенглаштирмайман. Сабоқ берган ўқитувчиларимни эса дунёдаги энг яхши устозлардан ҳам ортиқ кўраман. Уларнинг ҳар биттаси ҳаётимнинг қиёси йўқ бир қисмидир. Синфимизга 6 йил давомида раҳбарлик қилган раҳматли Бахтиёр Бобаназаров кимё фанидан дарс берса-да, бизни кўпроқ мустақил ҳаётга чоғлаганлигини худди кеча бўлиб ўтган бетакрор воқеадек эслайман. Устоз бизни дарслар тугагандан кейин ҳам мактабда олиб қолиб, турли байрамлар муносабати билан яқинларимизга, ота-оналаримизга, дўсту қадрдонларимизга табриклар йўллашни ўргатган. Арзон ва арзимас бўлса-да, турли совғалар улашишимиз зарурлигини қулфи дилимизга солиб қўйган эди. Айниқса, Янги йил, Саккизинчи март байрамлари арафасида ҳаммамиз шодликдан, табриклар ёзиш, яхши ниятлар билан яқинларимизга гулдасталар узатиш ҳаяжонига ғарқ бўлиб яшаганмиз.
Устозимиз Бобоназаровнинг ижодкорликда ҳам тенги йўқ эди. Туман газетасига хабар, янгилик, мақола ва шеърларидан чиқариб туриши биз ўқувчиларга у кишини янада салобатли қилиб кўрсатарди. Мен шу устозимиздан улги олиб касб сифатида журналистикани танлаганман. Шунингдек, физика ўқитувчимиз Жўрақул Исматуллаевдан жиддийликни, Яхшигул Ботировадан кийиниш маданиятини, Хуррам Ғуломовдан ҳалолликни, Донақул Тошбоевдан талабчанлик ҳамда ҳозиржавобликни, Облоқул Қиличевдан мардликни, Хўжақул Қиличевдан чаққон ва кучли бўлишни ўрганганлигимиз турмушимизда ҳозиргача асқотиб келмоқда. Қисқароқ қилиб айтганда, биз ўқувчилар мустақил ҳаётда қайси касбни танлаган бўлсак, нималарга эришган бўлсак, уларнинг ҳаммаси ўрта мактаб партасидаёқ устозларимиз томонидан юракларимизга экиб қўйилганлигини кунига минг марта ҳис қилиб яшайман. Мактабимиз қишлоқнинг бир чеккасида жойлашган бўлса ҳам, бу даргоҳ биз учун битмас-туганмас билимларнинг кони, шоду хуррамликларнинг, беқиёс дўстлик, беғубор меҳр-муҳаббатнинг қайнар булоғи эди. Яратганга шукурки, шу мактабда ўқиб ҳеч кимдан кам бўлмадик.
…Ҳақиқий муаллимлар барибир бошқача бўлишади. Қалбингизни тушунади, кўча-кўйда, тўй-маъракада, қўйингки, қаерда учрашманг, сизни кечириб, авайлаб, ҳурмат-эъзоз билан муомала қилишади. Ҳеч қачон одамийлик чегарасидан чиқмайдилар. Ўзи чанқаб турган бўлса-да, пиёладаги сувни сизга узатади. Аслида, менинг устозларим юрагимнинг тўридаги энг яқин инсонларимдир. Устозлар, муаллиму муаллималар, сиз бизнинг йўлбошчимиз, ҳаётимизнинг, юртимизнинг улуғисизлар. Шунинг учун ҳамиша сизга талпиниб, сизни соғиниб, қўмсаб, эсга олиб яшаймиз. Шунинг учун ҳам сизни яхши кўрамиз. Барчангизга байрам муборак бўлсин!
Нормурод МУСОМОВ,
журналист.