Чексизликнинг чегараси бор
— дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли рассом Азамат САТТОР
Кўнгил кўзгусига кўз билан боқиб бўлмаганидек, буюк голланд рассоми Винсент ван Гог мўйқаламига доир ранг-баранг картиналар манзараларига ҳам тасаввурни жамламай бирор-бир илғамни англаш мушкулроқ: бир қараганда хира, енгил чанг қоплаган туманли кўриниш акс этса, яна бир қарашда ёрқинлик ҳарир парда ичида тонг ёғдусидай сузиб чиқиб, онгу шуурингиз пучмоқларини ойдинликка йўғрайдики, беихтиёр тебраниб кетасиз. Ҳамон яхши эслайман, талабалик даврида Ван Гог ҳаёти ва ижоди ҳақида тасвирга олинган “Ҳаётга ташналик” бадиий фильми бу рассом оламига саёҳат этишга ундаган. У пайтлари рассомларнинг хат жилди ҳажмидаги картиналари акс этган тўпламлар китоб дўконларида сотиларди. Жилдга жойланган суратлар 10 донадан бўлиб, энг машҳур картиналар нусхаси эди. Нархи эса бор-йўғи бир сўм. Курсдошларимдан бири: “Буни бошингга урасанми?” дегани ҳам чин. Мен тушуниб-тушунмай термилиб, ўзимча завқ туйганман. Кейинчалик Пикассо, Сальвадор Дали, Гоя, Гоген, Исаак Левитан, Ўрол Тансиқбоев ва бошқа машҳур рассомларнинг картиналарига ошно тутинганман.
Рауф Парфининг Ван Гог — шоир-рассом деган ибораси мени бу ижодкорга янада яқинлаштирган. Билмадим, рассом картиналарида кўпроқ сариқ рангга урғу берганки, дунёни абадий тубанлик акс-садоси фонида тимсоллаштирганми, ҳар нечук, мени ҳайратга солган. “Ойна” картинасида рассомнинг руҳий олами шундоқ идрок мўйқалами ила нусхаланган, деган ишоралар бор.
Ван Гог абсент (руҳий бузилиш) хасталиги туфайли қулоғини кесиб фоҳишахонага юборган, деган гап қарийб бир асрдан бери унинг мухлислари тасаввурини чалғитиб келган. Янги тадқиқотларга кўра, “1888 йилда Ван Гог Франция жанубига ўтиб, Пол Гогенни ўз шаҳри Арлда яшашга кўндиради. Ван Гогнинг беҳаловат руҳи Гогеннинг осойишта, барқарор феълини кўтара олмади. Дўстлар бир том остида яшай олишмади.
Баҳс ва жанжаллар доимий тус ола бошлади. Икки ойдан сўнг эса Гоген кетишга аҳд қилади. Германиялик тарихчилар Ганс Кауфман ва Рита Вилдеганслар факт ҳамда полиция архивларини ўрганиб чиқиб, бу икки дўст орасида дуэл бўлган, деган хулосага келишди. Отишма чоғида собиқ денгизчи ва жуда яхши қиличбоз бўлган Гоген Ван Гогнинг қулоғини яралаган. Тахминларга кўра, қонни тўхтатиб, бироз ўзларига келиб олган дўстлар бу ишни сир сақлашга қарор қилишган. Винсент эса дўстига зарар етказмаслик учун полицияга бу ишни ўзи қилганини айтади”. Ана, холос. Ёзувчи Бейлининг изланишларига кўра, Ван Гог ҳеч қачон оч-наҳор, қашшоқ яшамаган. Унинг акаси Тео рассомнинг картиналар кўргазмасини доимий ташкил этиб, Винсентни 220 франк билан таъминлаб турган. Шунга кўра, рассомнинг тириклигида битта картинаси сотилган деган далиллар ҳам шубҳали. Албатта, унинг асарлари йиллар ўтган сайин дунё тасвирий санъат аҳлини ҳайрат дунёсига етаклаганиям чин. Импрессионист Винсент Ван Гогнинг “Тринкветайль кўприги” сурати учун қарийб 39,3 миллион доллар таклиф этилди. Асар ўз харидорини топди” ёхуд унинг бир асари 137 миллион долларга сотилганлиги, шунга ўхшаш хабарлар интернет тармоқларида доимо ёритиб борилмоқда. Буюк рассом картиналари ихлосманди сифатида улуғ рус шоири Евгений Евтушенконинг шеърини бежиз таржима қилмаганман.
ВАН ГОГ МОНОЛОГИ
Биз ўзига тўла-тўкис ишонган,
Ҳа, чўнтаги қуруқ моҳир аслармиз.
Ҳомеру Рембранд қовурғасидан
Туғилган биздаги истеъдод сўзсиз.
Бизга керак эмас ортиқча сийлов,
Расмий доиранинг марҳамати ҳам.
Буддаю Исо ҳам керакмас бирров,
Қора нон бўлса бас, фақат бир тишлам.
Қоғозлару лойлар, ё мато керак!..
Нотали белгилар, бўёқлар, силжинг!
Шаклига кўра ер эскидир бешак,
Унга янги шакл бахш этгаймиз сўнг.
Майли, эшитайлик ҳуштакбозликни,
Бемаҳал ҳуришни эшитайлик биз.
Қанча бекитмасин ёлғон кунларни,
Сиз-ла моҳирона қасос олгаймиз.
Бизнинг истеъдодга ишонмаганлар
Ва панада ғийбат қилганлардан ҳам.
Қани, олға, қаттиқ берайлик зарба,
Аниқлик нишонин мўлжаллаб бардам.
Ўрнингиздан туринг, оғайнилар, тез,
Йўлга чиқиш вақти етилди, етар.
Аслида, сизу биз қанчалик боймиз,
Эй чўнтаги қуруқ моҳир усталар!
Ван Гог ҳақида минглаб афсоналар мавжуд. Тасвирий санъат ва адабиёт дарғалари ҳаёти халқ кўз ўнгида тургани учун ҳам уларнинг асарлари эъзозда. Бу билан исталган рассомнинг картиналарини қойилмақом тарзда баҳолашга қодирман демоқчи эмасман. Ёнгинамда ижод қилаётган, кезида бир ариқ сувини ичиб, гурунг гулханини ёқиб, суҳбатдош биродарим Азамат Саттор ижодига бир назар солмоққа журъат этдим. Замондош ижодкор билан ҳамнафас бўлиш, унинг камтарин меҳнатини элга арғумон этмоқ дўстнинг бурчи десам, тарих ғилдирагини тескари айлантириб юборган бўлмайман. Қолаверса, улуғ рассом Ван Гогга хос имо-ишораларга бой картиналари мавжуд десам-да, янглишмайман. Келинг, бир лаҳза унинг ижодий харитасига нигоҳ ташлайлик.
Азамат Саттор Ўзбекистон Бадиий Академиясидаги ўзбек халқи миллий меросининг ажралмас, нодир қисми сифатида Ватанимиз ҳудудида қадим замонлардан мавжуд бўлган жаҳон тасвирий, амалий, миниатюра санъати тарихи ва ривожига буюк ҳисса қўшаётган рассомлардан саналади.
Бадиий академия тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини ривожлантириш, академик бадиий таълимнинг изчиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга масъул ижодий муассаса ҳисобланади.
У меҳнат фаолияти давомида ёш ижодкорларга сабоқ бериш билан бир қаторда, шаҳар, вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказиладиган оммавий-маданий, маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, “Мустақиллик” ва “Наврўз” умумхалқ байрамларида, халқаро фестивалларнинг очилиш тантаналарига бағишланган тадбирларда саҳна безак ишларининг бажарилишида бош рассом сифатида фаол иштирок этиб келмоқда.
Унинг ижодий фаолияти давомида ранг-тасвир жанрида “Машшоқлар”, “Висол”, “Қашқадарё сиймолари”, “Қияликдаги уй”, “Ғийлон манзаралари” туркум асарлари, “Сарчашма”, “Субҳидам”, “Рақс”, “Ерқўрғон”, “Фермер”, “Дорул саодат”, “Куз манзаралари”, “Рузана”, “Кўк булоқ”, “Мингчинор” каби 200 дан ортиқ санъат асарлари республика ҳамда дунёнинг етакчи давлатларида ўтказилган санъат фестивалларида намойиш этилган.
Жумладан, 1991 йилда Тожикистонда ўтказилган халқаро фестивалда “Заҳарли ҳаёт” ва “Жононга бордим бир кеча” деб номланган асарлари билан қатнашиб, “Энг яхши саҳна рассоми” наминацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган.
Шунингдек, 2000 йилда Мисрда ўтказилган халқаро театр фестивалида “Манқурт” асари асосида ишланган “Найман она нидоси” спектакли билан қатнашиб, томошабинлар томонидан юқори эҳтиром билан қабул қилинган.
“Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги”, “Қадим ва боқий Бухоро”, “Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги” ҳамда “Шарқ тароналари” халқаро фестивалларида бадий безак ишларини бажарган.
У Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати музейининг очилишида музей экспозицияларини шакллантирган. Мазкур мактабнинг деворларида маҳобатли Абдулла Орипов композициясини яратган. Бундан ташқари, Қарши шаҳридаги “Мотамсаро она”, “Абдулла Орипов”, “Эл-юрт таянчи” монументи ва Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти “Ислом Каримов” ҳайкалларининг таъмирлаш ишларини мунтазам равишда олиб бормоқда.
2018 йили Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган I Халқаро мақом санъати анжуманидаги саҳналаштириш бадиий безак ишлари жараёнига қўшган салмоқли ҳиссаси ва фаол иштироки учун Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланган.
Унинг ижодий гуруҳи Италия, Миср, Франция, Бельгия, Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек санъатини кенг тарғиб қилган.
Бундан ташқари, “Уйғунлик”, “Ғийлондаги уй” асарлари “Ўзбекистон рассомлари” китобига киритилган. Ҳозирги кунда унинг ижодий асарлари “Ўзбекистон санъати” журналларида доимий чоп этиб келинмоқда.
Унинг саъй-ҳаракатлари билан театр соҳасида саҳналаштирувчи рассом сифатида “Соҳибқирон”. “Руҳлар исёни”, “Нодирабегим”, “Бруд ёхуд Цезарнинг қотили”, “Жаннатга йўл”, “Шайх Санон”, “Меҳрибонгинам” каби санъат асарлари томошабинлар эътирофига сазовор бўлган.
А.Сатторов ташаббуси билан 2020 йилда Тошкент шаҳридаги марказий “Кўргазмалар” залида 1 ой давомида “Қашқадарё рассомлари” кўргазмаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, Қарши шаҳридаги А.Навоий боғида Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги, вилоят ҳокимлигида 9 май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган байрамларда саҳна ва бадиий безак ишларини бажарган.
Азамат Сатторнинг ҳар бир картинасида ранглар шарпаси турфа чизиқларда товланади, қулоқ эшитмас куй янглиғ изтироблар гиряси алангасини ёқади. Энг муҳими, ақл сўқмайди, илоҳий эҳтирослар қуюни ўрамида инсон ноласи азалийлик симфониясига жўр бўлади. Қуйидаги картинага қараб эса дарров хулосага келасиз: Дунё — аждарҳо!
Бу, албатта, зоҳирий тушунча. Лекин азалдан тубанлик абадий илдиз отган. Бальзак “Бахтсизлик энг яхши мураббий” деганидек, бахтдан бахтсизликни топамизми ё бахтсизлик бахтнинг туғими, англашга ожизмиз. Оний лаҳзаларда бахтнинг шукуҳидан яйраганимиз чин. Барибир, бизни бир бекат кутади: у — жудолик. Икки нуқта орасида умримиз кечаркан, инсон иродаси синов чиғириғида азоб тортмоққа, дард чекмоққа, тузоқ оловини ичмоққа маҳкуммиз. Суратда гўё ҳаётнинг ўзиям тузоққа илингандек нонекбин таассурот уйғотади. Аслида, нонекбинликда ҳаёт мужассам.
Бу картинада эса олам ва одам сайёрасининг танҳолиги, одам ҳаракатида олам ҳаракати узвийлиги ва тадрижийлиги, англамсиз ишораларда англаш мумкинлиги савқи табиий ташхисланганлиги билан мўъжизакордир. Биз қайси ракурсда шуур кўзига суратга олмайлик, қалбни тўйинтирадиган тасаввурлар баёнида ўз шарҳимизни битишга интиламиз.
Инсон ўз нуқтаи назари билан оламни инкишоф этмоққа интилади. Картинага боқиб, ҳар бир одам ўз коиноти салтанатининг ҳукмдори эканлигига иймон келтирасиз. Ана шу салтанатни кунпоя қилган одам хаёл қулига айланиши муқаррар. Азамат бу картинани модернизм тамойилларидан кўра Шарқ эртаклари асносида мўйқаламда чизган. Тасаввурлар уйғоқ, хаёл тулпори юксакликнинг тизгинсиз кенгликларида самовий завқдан юлдуз теради. Тоғлар ўйчан, улар чоллардек чордана қуриб, суҳбат қураётгандай, назаримда. Табиат ва инсон уйғунлиги мангуликка дахлдорлик туйғусини уйғотади. Умуман, рассомнинг картиналари юксак тафаккур намуналаридир, унда илоҳий савқи табиийлик ҳам сингган.
Ўроз ҲАЙДАР