Муаллим, муаллим, ёдингиздами?
Болалигим Бухоро вилояти (ҳозирги Навоий вилояти) Қизилтепа туманидаги Пўлат қишлоғида ўтган. У пайтлар ер юмшоқ эди, чунки нохос йиқилиб тушсак-да, ҳеч қандай оғриқ сезмай, югуриб туриб кетардик. Осмон жуда яқин эди, ёз тунлари ток сўрида ётардик ва юлдузлар устимизга тўкилгудек бўларди.
Беш ёшлар эдим, чамамда, қўшнимиз оқ косада анжир олиб чиқди. Анжир дегани менга шундай ёқиб тушдики, кунора егим келарди, аммо боғимизда йўқ эди.
У пайтларда қўшниларни бир-биридан ажратиб турувчи баланд деворлар бўлмасди. Ҳаттоки боғларимиз бир-бирига туташиб кетган, шунчаки бу боғлар орасида узун йўлкалар бўларди. Йўлканинг нариги ёғи қўшниники, бу ёғи бизники дегандай.
Кунлардан бир куни онамнинг кўзларини шамғалат қилиб қўшнининг боғига ўтдим. Чунки бу боғда таъми оғзимдан кетмаган анжир бор эди. Қора, муштдек-муштдек келадиган анжирларга кўзим тушиши билан қулт этиб ютиндим. Аммо анжирлар баланд шохларда эди, мен эса беш ёшлик қизалоқман. Анжир дарахтининг каттароқ бир шохига осилиб олдим. Шу пайт бошқа новда кўйлагим ичига кириб қолди ва мен беихтиёр кўтарилдим. Энди қия ётган ҳолда болдай ширин анжир меваларига қўлим етарди. Мен эса тинмай узиб ердим. Анжирга обдан тўйгач, пастга тушишга уриндим. Қанчалик уринмай, туша олмасдим. Типирчилаб-типирчилаб чарчаганманми, ухлаб қолганман. Уйимизда эса тўс-тўполон бошланган. Онам бечора мени излаб қарамаган бирор жой қолмаган. Бутун қишлоқ аҳли жам бўлиб, ариқ борми, пана-пастқам жой борми, мени қидиришган. Хуллас, бобом мени бошқача яхши кўрар эди. Худди ақлдан озгандай кўча ўртасида ўтириб олиб, ҳўнграб мени чақирган экан. Ҳовлимиз ёнбошидаги ҳовузни барча қишлоқдошларимиз узун-узун ходалар, паншахалар билан титкилаб чиқишган. Мен эса у ердан ҳам топилмаганман.
Анжир дарахтининг йўғон новдасига илинган кўйлагим сабабли пастга туша олмаганман. Қай вақтдир кўзимни очсам, тўрт томондан исмимни айтиб чақираётган овозларни эшитдим ва негадир хўрлигим келиб чинқириб йиғлаб юбордим. Шу пайт боққа не иш биландир чиққан қўшни келин йиғи овозини эшитиб, қўрқиб кетади ва қайнонасини чақириб келади. Биз тарафларда анжир дарахтининг ажинаси бўлади деган гап бор, хуллас, кичкина “анжирхўр ажина” — шу алпозда топилганман.
Ўша йили кузда бобом боғимизга иккита анжир ниҳоли ўтқазганлар. Бу дарахтлар яқин-яқингача ҳам мева берарди. Баъзан бозорларда қора анжирни кўриб қолсам, беихтиёр кулиб юбораман. Хотирамда ўша беғубор кунларим тикланади…
Дадажоним ҳайдовчи эди. Онам эса уй бекаси. Уй бекаси дейман-у, даладан бери келмасдилар. Давлат ҳар йили фойдаланиш учун олти сотих ер берарди ва бунинг эвазига пахтани экишдан то йиғиштириб олишгача бўлган давр ичида пахтазорнинг машаққатини чекишлари шарт бўларди. Баъзан боғчадан зериккан кунларим онамга эргашиб далага борардим. Йўл бўйи онам менга наинки одамларни, балки майсалар, дарахтлар, тупроқ ва ҳаттоки чумолиларни ҳам ҳурмат қилиш лозимлигини уқтириб борардилар. Балки табиатга бўлган меҳрим ўшанда шакллангандир. Ҳарфларни ўргана бошлаганимда олти ёшлар эдим, чамаси, дадам китоб ўқишни яхши кўргани боисми, меҳмонхонамиз равоғи китобларга тўла бўларди. Ишдан ҳориб-чарчаб қайтишларига қарамай, менга ва синглимга эртак ўқиб бериш одатларига айланганди дадамнинг. Уйимизда барча чолғу асбоблари: найдан тортиб, рубобу доирагача бор эди. Найда жуда чиройли мусиқа чалар эдилар. Жуда ҳам гўзал суратлар чизар эдилар. Мени тезроқ ҳарф таниб, китоб ўқишга чорлаган куч — дадамдаги истеъдод бўлса, ажаб эмас. Чунки қалбдаги гўзаллик, эзгулик юқумли бўлади. Ҳали мактабга бормай ўқишни ўрганиб олгандим. Кейин эса ҳижжалаб эртак, достон китобларини ўқий бошладим.
Уйда 20 қути асалари, юздан ошиқ товуқ, талайгина қўй ва сигирлар бор эди. Дадам ана шуларга қарашга ҳам вақт топар эдилар. Меҳрнинг тилини онамдан, меҳнатдан қочмасликни дадамдан ўргандим.
Ҳали-ҳали эслайман, мактабга чиқиш учун шунчалар ҳовлиқардимки, билганимча кун санар эдим. Назаримда, мактаб сеҳрли маконга ўхшарди. Дадам Бухоро шаҳрида ишлар эдилар. Ҳали мактабга чиқмасимдан менга мактаб сумкаси, китобу дафтарлар, кийим-кечаклар олиб келганлар. Уларни ҳаммадан беркитиб, қўриқлаб яшардим. Ва ниҳоят, мактабга тенгдошларим қатори зўр ҳаяжон билан борганман. Бир ҳафта қатнашганимдан сўнг ёшим етмагани боис синф раҳбари секин ташқарига олиб чиқиб, бошимни силаб:
— Сен янаги йил келасан, — деб уйга қайтариб юборган.
Мактабдан уйгача бўлган масофада бор овозим билан йиғлаб қайтганман, ҳатто анча пайт касал бўлиб қолганман. 1968 йил мактабга чиқдим, менинг шодлигим дунёга сиғмасди, ўша қиш жуда совуқ келган. Тун бўйи қор ёғиб, эрталаб кўз очиб бўлмас даражада изғирин эди. Чойимни апил-тапил ичиб, мактабга отланганман. Онам мактабга бормасин деб эшикни қулфлаб қўйганлар. Мен эса деразадан ошиб мактабга йўл олганман. Мактаб анчагина олис эди. Йиқилиб-суриниб бир амаллаб борганман. Синфимизга кириб борганимда, синф раҳбарим икки-уч ўқувчи билан музлаган хонада ўтирарди. Мени кўра солиб:
— Шунча узоқ йўлдан нега келдинг? — деган куюнганча, кейин эса елкасидаги иссиқ рўмолга ўраб қўйган.
У пайтларда сиёҳдон бўларди. Перони унга ботириб олиб, кейин ёзардик. Ўша куни ҳаттоки сиёҳ музлаб қолган ва биз қўлимиз қовушмай, қалам билан ёзганмиз. Сал вақтдан кейин синфдошларимнинг оналари олиб кетишган. Мен ва ёлғиз муаллимам қолдик синфда. Ўқитувчимнинг елкамга ёпган рўмоли боис анча илиб қолгандим (бу ҳақда шеър ҳам ёзганман). Ўша куни устозим мени кўтариб олиб уйимизга элтиб қўйган. Уларнинг олдида қарзим жуда кўп эди. Билмадим, шундан бирор мисқолини адо этолдиммикан?!
Бизнинг давримизда ўқитувчиларнинг қадри баланд эди. Шунинг баробарида жуда билимли эди улар. Ёзги таътилда ўнта бадиий асар ўқишимиз шарт эди. Икки-уч синфдошимизни ҳисобга олмасак, биз қишлоқ болалари даланинг иши, ўт ўриш, молларга қарашдан ортиб, ўнта бадиий асарни, албатта, ўқирдик. Айниқса, менга маза эди. Дадам жуда кўп китоб олиб келардилар. “Шаҳзода ва гадо”, “Зумрад шаҳар сеҳргари”, “Уч қалб”, “Профессор Доуэлнинг боши”, “Ўн беш ёшли капитан”, “Том Сойернинг саргузаштлари” номли китобларни завқ билан ўқиганман. Ҳали-ҳануз бу қадрдон китобларнинг муқовалари, ранги, суратлари ёдимда. Китобларни танлаб ўқиш ҳақидаги фикрларни унда билмасдим. Қўлимга тушган китоб мен учун нондай азиз эди. Мактабда гарчи барча фанлардан аъло баҳога ўқисам-да, адабиётни айрича яхши кўрардим. Она тили ва адабиёт фанидан республика олимпиадасида уч йил қатнашиб, яхши ўринларни эгаллаганман.
Ўша пайтларда ўқувчиларнинг давомати ва билимини текшириш учун мактабимизга тез-тез комиссия келиб турарди. Синф раҳбаримиз — тил ва адабиёт ўқитувчиси, дилкаш, меҳрибон Очилой опа Ашурова бир куни:
— Эртага ҳамма тоза-озода бўлиб дарсга тайёрланиб келсин, комиссия келади, — дедилар.
Тун бўйи дарсга тайёрландим. Тонгда туриб онамга ёрдам бўлсин деб сигирни соғдим, сўнгра шўх ва қайсар бузоқчани онасини тўйиб эмиши учун қўйиб юбордим.
Тоза-озода бўлиб мактабга отланаётган пайтим онам:
— Болам, бузоқни боғламаганмидинг, ҳеч қаерда йўқ, — деб қолдилар.
Қўлимда мактаб сумкам билан бузоқни топиш учун кўчага қараб отилдим. Не кўз билан кўрайки, бузоқча шаталоқ отиб, ҳамма ёқни чангитиб, анча узоқда югуриб борарди. Миямда бугун комиссия келади деган фикр урчуқдек айланади. Бузоқнинг ортидан шамолдек югураман. Билмадим, йўлдаги тошларга қоқилиб неча марта йиқилдим. Шу қадар тез югураманки, қулоғим остидан шамоллар шувуллаб ўтади. Бузоққа қараб ялинаман:
— Илтимос, ортингга қайт, бугун комиссия келади…
У бўлса юзимга мўлтираб қарайди ва югуришда давом этади. Ва ниҳоят, уни тутиб, ҳовлимизга киргизиб юбордим-да, дарвозани ёпдим. Энди мактабга қараб югуришимни кўрсангиз. Эрталабки тоза-озодалигимдан асар қолмаган. Чанг-чунгга ботганман. Мактабга кириб келишим билан синф раҳбаримга дуч келдим:
— Тинчликми, қизим, ит қувдими? — дедилар ранги-ҳолимга қараб.
Мен эса ҳансираб:
— Бузоғимиз… бузоғимиз қочиб кетди, — дейман, холос.
Ўқитувчим жилмайиб, бежиримгина сумкачаларидан дастрўмол олиб менга узатдилар-да:
— Бор, юз-кўзингни ювиб олгин, — дедилар.
Шу воқеани эсласам, ҳали ҳам хижолат бўлиб кетаман.
Ўқувчилик йилларим энг бебаҳо давр экан. Бир қўлимизда кетмон, бир қўлимизда китоб бўларди. Ўшанда гарчи дала ишларининг машаққатидан безор бўлган бўлсак-да, бугун синфдошларимиз билан суҳбатлашганимизда, бот-бот далани соғинганимизга иқрор бўламиз, ўқувчилик йилларига қайтгимиз келади.
1978 йилда Қизилтепа туманидаги Абу Али ибн Сино номли 12-мактабни олтин медаль билан тугатдим.
Ҳар гал қишлоққа қайтганимда, қадрли мактабим ёнидан ўтарканман, қандайдир оташин туйғу руҳимга тирмашади ва секин шивирлайди: “Қанийди, яна ўқувчи бўлиб мактабга қайтсам…”
Ёшлик тугамайди, деб ўйлагандим. Афсуски, у кутилмаганда тугаб қолар экан. Қанчадан-қанча қилинадиган ишларим чала қолди ва мен учун армонга айланди.
Бугунги кун ёшлари анча зийрак, учқур. Аммо уларни техника бошқараётгани юракка ваҳм солади. Нима бўлганда ҳам ёшликни беҳуда шамолларга сарфламанг. Бугунги кун болаларига шеър билан тилак билдирсам-да ва яна “Рўмол” номли шеъримни ҳавола қилсам:
Ниҳолсан, эртага дарахт бўларсан,
Бўронни енгувчи чин аҳд бўларсан.
Истагим, Ватаннинг пешонасига
Ярқираган толе ҳам бахт бўларсан.
РЎМОЛ
Қиш. Минг тўққиз юз олтмиш саккизинчи йил,
Борлиқнинг қалбидан сизарди нола.
Музлаб ўтирардик синф хонасида
Дарсдан қолмайдиган тўрт-бешта бола.
Муаллим, муаллим, ёдингиздами?
Совуқдан тишимиз тегмасди тишга.
Карахт тортиб қолган бармоқларимиз
Келишмасди сира бир ҳарф ёзишга.
Сиз кўнгил уфидан чиққан қуёшдай
Иситиб қўйдингиз қўлларимизни
Ва сўнгра баҳорга бошлаб бордингиз
Қишнинг ўртасида ўйларимизни.
Негадир елкамга ёпдингиз шунда
Чиройли ва иссиқ рўмолингизни.
Ўшанда ўзгача бир меҳр билан
Қучоқлагим келган хаёлингизни…
…Қанча йиллар ўтди, фасллар ўтди,
Гоҳ сездим, сезмадим тароватини.
Ғамнинг аёзидан жунжиккан пайтим
Қўмсайман шу рўмол ҳароратини…
Муаллим, муаллим, ёдингиздами?!
Ҳалима АҲМЕДОВА,
шоира.