Қабрдан қайтган бола

Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдонинг 320 йиллиги

1927 йил. Фарғонанинг Чимёнига ҳам даврнинг тўфонлари кириб келади. Ислом динига кучли эътиқод қилган олим-уламолар, диёнатли, иймонли кишилар бошига даҳшатли мусибатлар туша бошлайди.

Ўзбек адабиётининг вакилларидан бири, тасаввуф илми билимдони Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдонинг авлоди бўлмиш Охунжон эшон ўғли Муқимиддин махсумнинг ҳам ҳаётига хавф таҳдид қила бошлайди. У қатағон қурбонига айланиб қолишдан қўрқиб, рафиқаси Мунисхонни олиб, Ўш томонларга кетади. Она юртидан айрилиш, оч-наҳорлик, мусофирлик, ҳар кимникида беркиниб яшаш минг азоб-уқубат эди. 1934 йил декабрь ойининг охирларида бу оилада ўғил фарзанд дунёга келади. Қишнинг қоқ чилласида туғилган бола орадан бир неча ой ўтиб ўлиб қолади.

Муштипар она бўзлаб-бўзлаб қўни-қўшниларни чақиради. Гўдакни қабристонга элтиб кўмиш тараддудини кўришади, гўр ковлаб қўйилади. Тобутни кўтармоқчи бўлиб турилганида, Чимёндан Мунисхоннинг онаси етиб келиб, набирасини бағрига босиб йиғлайди. Сўнг Қуръони Каримнинг “Ёсин” сурасини қайта-қайта тиловат қилади. Онахон қарасаки, набирасининг баданида илиқлик пайдо бўлади. Мунисхонга онаси: “Чақалоқнинг лабига кўкрак сутингдан томизгин, агар сут гўдак лаблари орасидан ўтса, у яшаб кетади”, дейди. Аллоҳнинг қудрати билан гўдак лабидан она сути ўтади. Ўша куни боланинг қулоғига қайтадан азон айтилиб, номини Ўлмас деб аташади. Орадан бир йил ўтгач, Муқимиддин оила аъзолари билан Фарғонанинг Водил қишлоғига қайтиб келади. “Диндор шоирнинг уруғ-аймоғи” деган фитналар унутилгандай бўлиб турганида, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолади. Муқимиддинни ҳам урушга жўнатишади. Уруш туфайли эрта улғайиб қолган болалар оналар жонига ора кирар эди. Ўғли Ўлмас ҳам ёш бола бўлса-да, онасининг ёнига кириб, уй-рўзғор, томорқа ишларига ёрдам бериб, тинмай меҳнат қилади. Уруш йиллари болалари ўйин-кулги ўрнига оғир меҳнат гирдобида қолишади. Худди катталардек меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатади. У йиллардаги қийинчиликлар, айниқса, очарчилик оқибатию тафсилотларини баён этишнинг ўзи оғир…

Урушдан эсон-омон қайтган Муқимиддин 1948 йили бола-чақасини олиб Водилдан Чимён қишлоғига келади. Улар бобоси Ҳувайдонинг қабрини зиёрат килишга боришади. Қабр чиқиндилар остида қолиб кетган экан. Бу хунук манзарани кўриб, ота-боланинг диллари вайрон бўлади. Гувоҳларнинг айтишларича, 1937 йили “диндор шоир” деб Ҳувайдонинг қабри сағанаси буздирилиб, ундан чиққан пишиқ ғиштларни пахта қуритиладиган хирмонга териб чиқишган экан.

Муқимиддин ва ўғли Ўлмас йиғлаб-йиғлаб қабрнинг теварак-атрофларини тозалашади. Ота-бола бобокалони қабрини қайта тиклашни мўлжаллаб турганида, кимдир тегишли идорага “чақув” қилади чоғи, Муқимиддинни милиция олиб кетади. Собиқ коммунистик партия қонли қиличини яланғочлаб, диндорларга қарши аёвсиз кураш олиб бораётган бир пайтда Ҳувайдонинг қабрини обод қилиш у ёқда турсин, номини тилга олиш ҳам иложсиз бўлиб қолади…

1977 йили Муқимиддин махсум оғир касал бўлиб, тўшакка михланиб қолади. Нима бўлса, Аллоҳдан деб таваккал қилиб, “Отамнинг кўзи тириклигида бобомнинг қабрини обод қилиб қўяйин, бу ёруғ дунёдан у армон билан ўтиб кетмасин”, деб Ўлмас ота иш бошлайди. Қувасойдан беш мингта пишиқ ғишт олиб келади. Бахтга қарши, Чимён ва қўшни қишлоқлардан бирорта уста қабрни тиклашга қўрқиб, рози бўлмайди. Ҳа, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб овоз чиқариб айта олмайдиган ўша замонда “диндор шоир” деган тамға босилган Ҳувайдонинг қабрини обод қилишга ким ҳам журъат эта оларди…

Ўша йили октябрь ойида қувасойлик уста Маҳкам Холбоевнинг мардлиги, довюраклиги туфайли Ҳувайдонинг вайрон бўлиб ётган қабри устига сағана қурилади.

Ва ниҳоят, Ўзбекистонимиз мустақил бўлгач, Ўлмас ота ҳамқишлоғи шайх Абдулазиз Мансурни қидириб Тошкентга келади. Бобосининг мақбарасини обод қилиш ҳақидаги илтимосномасини ҳукуматга етказишга ёрдам беришини сўрайди. Мурожаат эътиборга олиниб, Фарғона вилояти ҳокимиятига Ҳувайдо мақбараси мажмуасини қуришга топшириқ берилади. Фарғона вилоятидаги ҳомий ташкилотлар томонидан қадамжо бутунлай янгидан бунёд этилади. Бугун бу қадамжога узоқ-узоқлардан, нафақат юртимиз вилоятларидан, балки чет ўлкалардан ҳам сайёҳлар келишмоқда.

Биз ҳикоямиз бошида тилга олган — қабрдан қайтган бола — Ўлмас ота ҳам бобоси каби ҳикматли ғазаллар ёзиб, зиёратчиларга ўқиб бериб, илҳомидан завқланиб узоқ умр кўрди. Фарзандлари, невара-эваралари, ҳамюртлари эъзозида умргузаронлик қилди. Боболар руҳини шод этиш — уларга муносиб, диёнатли, ҳалол-пок зурриётлар тарбиялаш тўқсон ёшдан ўтган Ўлмас отанинг эзгу нияти бўлди.

Ҳувайдо 1704 йили Ўш шаҳрида туғилган эди. Ҳаёти Фарғона вилоятининг Чим­ён қишлоғида ўтади. Тасаввуф шеъриятининг йирик вакили. Қўқон мадрасаларида ўқиган, қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Қашқардаги Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган. Чимёнда масжид ва хонақолар қурдириб эшонлик қилган. Ҳувайдо мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган.

Таниқли адабиётшунос олим Бегали Қосимовнинг ёзишича, Ҳувайдо ахлоқий дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоирдир. Унинг ижоди ва дун­ёқараши шаклланишида Хожа Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳувайдо мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.

Ҳувайдо ҳануз кўплаб мухлисларга эга. У тасаввуф меросини пухта ўрганиб, замирида чуқур фалсафий-ахлоқий дунёқараш мужассам бўлган асарлар яратган. У комил инсонни шакллантиришдек ғоят муҳим ва мураккаб масалага янгича ёндашади, тасаввуфнинг инсонпарварлик, маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этишда шеъриятнинг имкониятларидан моҳирлик билан фойдаланади.

Ҳувайдонинг Чимёндаги мақбара мажмуасига кираверишда “Илоҳиёт илмининг билимдонларидан бири” бўлганлиги ҳақидаги ёзувларга нигоҳингиз тушади. Дарҳақиқат, Ҳувайдо шахси билан алоқадор халқ орасида “Чимён”, “Миндон” номлари билан боғлиқ тилдан-тилга ўтиб келаётган ривоятлар ҳам бор.

Ижодкор умри яхшиликка сарфланган бўлса, унинг ёди барҳаётдир. Шоир Минҳожиддин Мирзо таъбири билан айтганда, бобомиз Ҳувайдонинг қайси бир мисраларига боқмайлик, илоҳий муҳаббатни, инсоний ишқни, пок севгини кўрамиз. Бежизга ҳазрати Ҳувайдо “Муҳаббатдан муҳаббат бўлди пайдо, Муҳаббатсиз кишидин қоч, Ҳувайдо” демаган.

Мустақиллик йилларида бу гўшада катта ободончилик ишлари амалга оширилди. Мақбара ёнидаги қадимий масжид ўрнига замонавий жоме масжиди бунёд этилди. Бу эса маҳаллий аҳолининг ибодат қилишлари учун катта қулайлик бўлди.

Ҳувайдо каби аждодларимизнинг мақбараларини муқаддас қадамжо сифатида зиёрат қилиш имкониятига эга бўлсак-да, ҳали-ҳануз унинг ижодий меросини тўлақонли равишда ўрганишга киришилмаганлиги армонли бир ҳолдир. Эсимда, бир пайтлар Ҳувайдо ижоди бўйича тадқиқотлар ўтказиб, диссертация ёқламоқчи бўлган олимга “Ҳувайдо диний шоир” деб йўл берилмаган.

Ҳар гал Фарғона водийсига борсам, муқаддас қадамжолар қаторида Чимён қишлоғидаги бобомиз Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдонинг мақбарасини ҳам зиёрат қилар эдим. Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдонинг 320 йиллиги арафасида яқинда бу фоний дунёдан у боқий дунёга сафар қилиб, бобосининг ёнига кетган, узоқ йиллик қадрдоним Ўлмас отанинг зиёратига бордим, руҳини шод этиш учун Қуръон оятларидан дуо қилдим…

Бир ёнда атиргуллар-у бир ёнда илҳомгуллар очилиб турган мақбарадан қайтар эканман, ушбу мисраларга кўзим тушди:

 

Ҳувайдонинг мозорига бориб,

                                           ёрим томоша қил,

Унубдур лолаи ҳасрат,

                      хазон бўлмас баҳорим бор…

Муҳаммад КЕНЖА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − seven =