Учинчи Ренессансга жадидлар ғоялари билан

Миллий мафкурамизнинг шаклланиши ва камол топишида тарихимиздаги жадидчилик ҳаракати муҳим аҳамиятга эга. Жадидчилик халқимиз ижтимоий-маънавий ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳаракат ҳисобланади. Ушбу ҳаракат мустамлака Туркистон ўлкасининг озодлиги ва янги тараққиётига бўлган эҳтиёжи асосида ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида юзага келган эди. Жадидчилик ҳаракатининг асосини юрт мустақиллиги, халқ озодлиги, таълим-тарбия ва маданиятни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш ташкил этар эди. Жадид сўзи арабча сўз бўлиб, “янги, янгилик тарафдори” маъноларини англатади. Қрим-татар зиёлиси Исмоил Гаспиралибей асос солган бу ҳаракат даставвал маорифда, сўнгра матбуот ва театр, адабиёт ва санъатда кенг фаолият кўрсатди.

Бу ҳаракат фаолиятини ўрганган мутахассислар уни ҳақли равишда Миллий уйғониш даври деб атайдилар.

Туркистон жадидчилари — Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ашурали Зоҳирий, Абдурауф Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдуқодир Шакурий, Ҳожи Муин каби фидойилар саъй-ҳаракати билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқон шаҳарларида “усули жадид” мактаблари очилди ва улар томонидан бу мактаблар учун дарсликлар яратилди. Шу билан бирга жадид зиёлилари томонидан адабиёт орқали халқни маърифатли қилиш йўлида бадиий асарлар ёзилди. Улар ўз асарларида миллат тақдири, юрт мустақиллиги ва озодлиги ҳақида қайғурдилар. Бадиий адабиётнинг ана шундай қудратли кучи туфайли жадидлар ўз асарларида мустамлакачиликнинг сиёсий моҳиятини очиб бердилар, ватанпарварлик ва эркпарварлик ғояларини олға сурдилар. Ана шу мақсад ва ғоялари, миллат келажаги йўлида ўлимга тик боришди. Айтиш мумкинки, жадидлар яратган бадиий асарларда олға сурилган ва улуғланган ғоялар миллий истиқлол ғоясининг сарчашмалари ҳисобланади. Чунки улар ўз асарларида куйлаган ва олға сурган ғоялар мамлакатимизнинг бугунги маънавий-иқтисодий тараққиёт тамойилларига мос бўлиб, ҳозирги авлод орзу-интилишларига ҳамоҳангдир.

Маълумки, бадиий адабиётнинг тараққиёт хусусиятлари ўз даври тамойиллари билан боғлиқ. Бунда адабиёт даврни ҳаракатлантириб турувчи ғояларга хизмат қилиши талаб этилади. Жадид ёзувчиларининг асарларида айнан ана шундай ғоялар тарғиб қилинганини айтишимиз мумкин. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Фитратнинг “Мунозара”, “Ҳинд сайёҳи қиссаси”, Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв”, “Миллатимга”, “Аҳволимиз”, Ҳамзанинг “Янги саодат” каби асарларида маърифатпарварлик, маданий-маънавий, иқтисодий, ахлоқий-маиший масалалар талқини орқали тарғиб қилингани фикримиз далилидир.

Миллий романчилигимизга, лирик ва насрий жанрлар янгиланишига айнан жадидчилик даврида асос солингани ҳам бежиз эмас. Жадид боболаримиз ҳар жабҳада фаоллик кўрсатиб, бор эътиборни халқни маърифатли қилишга қаратганлар. Ана шундай асарлар орасида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романлари ўзбек миллати маънавий камолотида катта ўрин тутиши фикримиз тасдиғидир. Шунинг учун ҳам ёш авлод тарбиясида жадид адабиёти намояндалари асарларидан унумли фойдаланиш давр талабидир.

Хўш, бугунги жамиятимиз ҳаётида жадидчиликнинг ўрни қандай? Бугунги ёшларимиз жадидчиликнинг миллатимиз ҳаёти ва жамият тарихидаги хизматларини англашадими? Нега энди жадидчилик ҳаракатидан бугунгача бир асрлик вақт ўтган бўлса-да, унинг олға сурган ғояларини ҳаётга татбиқ этишга эътибор берилмоқда? Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11-12 декабрь кунлари пойтахтимизда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригининг ниҳоятда дастуруламал аҳамиятга эга эканлиги кўринади. Ушбу табрикда Юртбошимизнинг “Буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат намунасидир”, деган фикрлари барча зиёлиларни таҳликали замонда жадид боболаримизга хос фаоллик ва ташаббускорликка ундовчи, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга чорловчи хусусиятлари билан муҳим аҳамият касб этади. Бугун биз Учинчи Ренессансга интилаётган даврда Президентимиз ўз қарашлари билан жадидчилик ғояларининг умрбоқийлиги ҳақида улар кўзлаган эзгу ниятлар билан бугунги Янги Ўзбекистон келажаги учун интилишларимиз, орзу-истакларимиз ўртасида узвийлик мавжудлигига эътиборини қаратмоқда. Бугунги маърифий-маънавий ҳаётимизда фаолият юритаётган миллатимиз зиёлилари, адабиёт ва санъатнинг етук вакиллари Президентимизнинг фикрларидан руҳ ва рағбат олиб, жадидчиликнинг мазмун ва моҳиятини, хусусан, улар олға сурган ғояларнинг Янги Ўзбекистонни бунёд этиш стратегияси билан боғлиқлигини юртдошларимизнинг онгу шуурига сингдиришга астойдил киришганлиги ҳам қувонарли ҳолдир.

Хуллас, жадидлар олға сурган миллатни маърифатли қилиш орқали обод Ватан қуриш ғояси бугунги авлод зиммасидаги муҳим масалалардан ҳисобланади. Қачонки жадид боболаримиз қалбида ёнган юрт ишқи юракларимизга кўчиб ўтса, биз бу оловни алангалатиб, келгуси насллар кўнглини ёрита олсак, шундагина ўтмиш аждодларимизга муносиб авлод саналамиз.

Нодира ҚОРАБОЕВА,

Аҳмад Фарғоний

номидаги Фарғона вилоят

Ахборот-кутубхона маркази

мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + thirteen =