Асрни ҳайратга солган инсон
Агар юз йиллик чинорнинг салобатини кўрсак, албатта, ҳаяжонга тушамиз. Юз йиллик қайрағочнинг бўй-басти ҳам одамни ҳайратга солади.
Айтишларича, юз йиллик гужумнинг сояси қалин ва жуда салқин бўлар экан. Юз ёшни кўрган арча эса янада кўркам ва чиройли бўлади.
Юз ёшга кирган инсоннинг муборак номини эшитишнинг ўзиёқ кишини ҳайрат ва ҳаяжонга солади. Дарҳол қўлларимизни очиб, Аллоҳдан бизни ҳам шундай табаррук ёшга етказишини ният қиламиз. Иложи борича, аср билан ҳамнафас бўлган бундай табаррук инсонларни тезроқ кўришга, зиёрат қилишга ошиқамиз, дуо олишни дилимизга тугамиз.
Камина ҳам ўтган йили “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни”да Президентимизнинг Фармонига мувофиқ юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Косон туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг юз ёшни қаршилаётган ўқитувчиси Эгамшукур бобо Абдиевнинг “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланганини эшитиб, гапнинг рости, чинакам ҳайратга тушганман, бу отахон билан учрашишни астойдил ният қилгандим. Ўша кунлари хизмат юзасидан Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйига борганимда, нашриёт бош муҳаррири, истеъдодли ижодкор укамиз Ҳабиб Абдуназар билан кўришиб қолдим. У ҳам косонлик бўлгани учун юз ёш остонасида турган ўқитувчи бобо ҳақида гап очиб, “танийсизми?” дедим. Ҳабибжон чиройли кулиб, ғурур билан шундай деди:
— У киши отам бўладилар!
Бу жавобни эшитиб, отахонни зиёрат қилиш иштиёқи яна кучайди.
Худойимнинг марҳаматини кўрингки, орадан бир йил ўтиб, ана шу ният амалга ошди.
Асрни ҳайратга солиб келаётган бу серғайрат, фариштали инсон билан у киши яшайдиган — Косон тумани, “Сурхон” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Само” кўчасидаги 34-уйда учрашдик. Бизни бу табаррук хонадонга отахоннинг яна бир истеъдодли шоир ўғли Ғулом Абдиев бошлаб келди. Ғулом Эгамшукур номи билан талай китоблари, шеърлари чоп этилган бу ижодкор айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Қашқадарё вилояти бўлими бошлиғи.
Юз-кўзларидан нур ёғилиб турган отахон билан бағирлашиб кўришдик.
* * *
Эгамшукур бобонинг хотираси теран ва тиниқ. Қизиқ воқеалар ва анча-мунча азоб-уқубатларда кечган болалигини, оғир бўлган ўсмирлик даврларини яхши эслайди. Шошмасдан гапиради.
Эгамшукур Абдиев 1926 йил 5 февралда Тожикистон Республикасининг Кўлоб туманида туғилган.
— Тожикистон томонларга бориб қолишимизга Бегимқулбой бобом сабаб бўлган. У киши ўша даврларнинг катта бойларидан бўлиб, қулоқ қилинган. Тоғма-тоғ кўчиб юрардик. Ҳукумат у кишининг ўн минг қўйини олиб қўйган. Бу ҳам етмагандек, аммамни Косоннинг Пўлоти қишлоғига келиб тўй қилганида бобомизни яна ушлашган. Айтишларича, қўни-қўшнилардан айримлари бобомнинг тилласи, кумуш тангалари борлигини шўро одамларига сотган. У кишини қамашади. Лекин бобом тилланинг жойини айтмаган. Кўп қийнашган. Орага қишлоқ мулласини қўйиб, агар тиллани бермаса, кўз олдида онасини отамиз, деб қўрқитишган. Бобом уларга олти хум тилла, уч хум кумуш танганинг кўмилган жойини айтган. Бу ғаламислик етмаганидек, шўро одамлари аппарат олиб келиб, текширганларида, яна бир хум тилла чиққан. Шу билан бобом адои тамом бўлган. Ота-боболаридан қолган катта мерос — бойликларини қўшқўллаб большавойларга топшириб юборган…
Эгамшукур бобо оғир хўрсиниб, хонтахта устига ёзилган гулли дастурхоннинг зийини бармоқлари орасига олиб, оҳиста силайди. Яна хаёлларга ғарқ бўлади. Хаёл ленталарида намоён бўлаётган воқеалар эса бир асрлик умрнинг яхши-ёмон лаҳзаларига, йилларнинг нурли ва нурсиз тўзонларига қоришиб кетади.
Бобоси Сибирга сургун бўлди. Отаси Абдуназар оиласи билан Тожикистондан Сурхондарёнинг Денов туманидаги Юрчи қишлоғига келиб жойлашди. Айнан шу ҳудудда ташкил этилган ўша вақтдаги “Шарқ ҳақиқати” колхозини тузишда фаол қатнашди.
* * *
Эгамшукур бобо 1955-57 йиллари Термиз шаҳрида ташкил этилган Ўқитувчилар тайёрлаш институтида ўқийди. Сўнгра яна шижоат билан ўқишни давом эттириб, 1958-1961 йилларда Бухоро педагогика институтининг физика-математика факультетида таҳсил олди.
1962 йилда кўпчилик оилалар қаторида улар ҳам Шеробод чўлларини ўзлаштириш учун кўчирилади.
Яна бир машаққатли, оғир кунлар, йиллар бошланади. Лекин Эгамшукур Абдиев енг шимариб ишга киришди. 1963 йил ушбу хўжаликда Мирзо Улуғбек номидаги 7 йиллик мактабни ташкил этишда ўзи бош-қош бўлиб, шахсий ташаббус кўрсатади. Дастлаб ертўла шаклида ўз фаолиятини бошлаган ушбу мактаб кейинчалик янгидан замонавий тарзда қурилади.
— Ертўлада дарс ўтиш осон бўлмагандир, — бобони яна саволга тутаман.
— Ертўла қуёш томонга қаратиб, ёруғлик кўп тушадиган қилиб қурилганди. Фақат бизга чўл шамоли кўп халақит берарди. Ўшанда мен хонаси йўқ мактаб директори эдим. Хўжалик катталарига ўхшаб, битта шляпа сотиб олдим. Лекин шляпа билан ертўлага кириб бўлмасди. Шляпага ўрганмаган амалдорлар шамол учириб кетмасин, деб қўлида ушлаб юрарди. Бир куни қаттиқ шамол туриб, шляпамни учириб кетди. Бир зумда чанг-тўзон ичида йўқолди. Қайтиб шляпа киймадим…
Шундай қилиб, тиниб-тинчимас, фидойи педагог Эгамшукур Абдиевнинг жиддий хатти-ҳаракати, елиб-югуриши билан 1969 йилда хўжаликда янги 400 ўринли икки қаватли 2-ўрта таълим мактаби бунёд этилди. Устоз ушбу мактабда 23 йил директорлик вазифасида қизғин ва самарали фаолият юритди. Кўплаб шогирдларни тарбиялади, уларга илму фандан сабоқлар берди. Мактаб илғор таълим муассасасига айланди.
Шу билан Эгамшукур бобонинг янги мактабларни бунёд этиш иштиёқи тўхтамади. Ёшларга илм ўргатишга бўлган юрак ғужури сўнмади.
Биз шўро даврида “қалб амри” деган сўзни кўп ишлатар эдик. Машҳур давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов фидойи инсонларга бағишланган сўнгги асарларидан бирини “Қалб амри” деб номлагани бежиз эмас эди. Чунки ўша вақтларда чўлу даштларни ўзлаштириш, қақраган биёбонларга сув олиб чиқиш, мактаблар, тиббий муассасалар қуриш ҳақиқий жасорат ва матонат намунаси эди. 1985-86 йилларда Қарши чўлларини ўзлаштириш даъватига қалб амри билан қўшилган Эгамшукур Абдиев қариндош-уруғлари билан Косон туманидаги Сурхон қишлоғига кўчиб келди. Келди-ю, айнан шу массивда, қийин шароитларда ҳам ҳозирги 24-умумий ўрта таълим мактабини қуриш ва ташкил этишда ўзи бош-қош бўлди, ташаббус кўрсатди. Жадид боболаримизнинг мактаб бунёд этишдек шарафли ишларини давом эттириб, 1985 йилдан буён ўзи бош бўлиб бунёд этилган ушбу мактабда ўқувчиларга физика-математика фанидан дарс бериб келаётир.
— Нега айнан математика фанини танлагансиз? — деб сўраймиз гап орасида.
— Аслида, адабиётга жуда қизиқар эдим. Бир вақтлар шеърлар ҳам машқ қилганман. Лекин шоир бўлишга иштиёқ орзулигича қолиб кетмади. Икки ўғлим — Ғулом ва Ҳабиб эл таниган ижодкорлар бўлиб етишди. Уларнинг ёзганларини маза қилиб ўқийман. Энди сизнинг саволингизга жавоб бераман, — дея бобо давом этади: — Деновдан аввал Қаршига, кейин Косонга қайтиб келдик. Бешинчи синфга ўқишга кириб, мактабни қайта давом эттирдим. Мактабга борсам, Шукур Шерматов деган математика ўқитувчиси бор экан. Жуда қаттиққўл, яхши ўқимаган ўқувчиларни урар экан. Кўз олдимда дарс қилмай келган бир-икки болани роса дўппослади. Математика муаллимдан қўрққанимдан яхши ўқий бошладим. Ичимда мени урмаса бўлди, деб қалтираб ўтирардим. Уч баҳодан тўртга ўтдим. Аста-аста беш ола бошладим. Тўғриси, ўзим математикани унчалик ёқтирмасдим. Лекин ўқитувчимнинг қаҳридан қўрқиб, математика муаллими бўлиб кетдим…
— Кечирасиз, ҳозир мактабларда ўқувчини урган ўқитувчи жазоланяпти. Нима деб ўйлайсиз: бу йўл тўғрими ё ўқувчи устозидан қўрқиши керакми?
— Йўқ, ўқувчи ҳеч кимдан қўрқмаслиги керак. Уриб, бақир-чақир қилиб, қўрқув билан ўқиган боланинг руҳи озор чекади, ўзи қўрқоқ бўлиб қолади. Лекин ўқувчи ўқитувчисидан қандайдир ҳайиқиб, унинг устози эканлигини ҳис этиб туриши керак. Ўқитувчи ўқувчисига ўзининг фарзандидай муносабатда бўлиши лозим деб ўйлайман. Одамни меҳр тарбиялайди, меҳр улғайтиради. Бу ҳақда улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Меҳр” деб номланган ибратли тўртлиги бор:
Бир бола чинқириб йиғларди чунон,
Уни юпатолмай кўпчилик гирён.
У қайсар ҳеч кимга қулоқ солмади,
Бошин силашганда — тинчиди шу он.
Ўз педагоглик фаолиятимда, тарбияда бу ажойиб шеърга кўп мурожаат қилиб келаман. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни, шогирдларимни ҳамиша меҳрли ва меҳрибон бўлишга чақириб, дуо қиламан. Билиб қўйиш керакки, барча тарбия меҳрдан бошланади.
* * *
Эгамшукур бобо билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Бу улуғ ёшли инсоннинг ҳикояларини тинглаб, бир жиҳатдан у кишининг узоқ умр кўриб келаётгани сирларини англагандек бўлдим. Бобо қанча қийинчиликлар, азобларни кўрган бўлса-да, лекин сира нолиб гапирмади. Шунда машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг: “Ҳаётда нолиб бўлмайди, унда яшаш керак”, деган ҳикмати ёдимга тушди. Эгамшукур бобо ҳам ҳаётда қандай яшаш кераклигидан каттаю кичикка бебаҳо сабоқлар бериб келяпти.
Кутилмаганда бобонинг кўзлари порлаб, овози янада дадиллашиб, суҳбат жиловини қўлга олдилар:
— Мендан одамлар узоқ умр кўришимнинг сирларини сўрайди. Сирини билмайман. Аллоҳим билади. Эсимни таниганимдан буён одамларга яхшилик қилдим, фақат дуо олдим. Ҳамиша азиз авлиёларни зиёрат қилдим. Эҳтимол, умрим шулар туфайли узайгандир, — бобо бир лаҳза тўхтади, сўнг ўша оҳангда давом этди: — Биласизми, ука, мен эсимни таниганимдан буён Яратгандан халқимизнинг озодлигини ҳамиша сўраб яшадим. Шунча қийинчиликларни кўрган, азоб-уқубатларни тортиб келаётган халқимиз озод бўлармикин, деб илтижолар қилиб яшадим. Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсинки, менга Ватаним озод ва мустақил бўлганини кўриш насиб этди. Бу улуғ неъматнинг қадрига етишимиз керак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларда бизнинг армонларимиз ва орзу-истакларимиз амалга ошаётганини кўриб, хурсанд бўламан, шукрона қиламан. Айниқса, таълимга берилаётган эътибор, ўқитувчиларга яратилаётган янги-янги имтиёзларни кўриб, ғайратим жўшиб кетади. Ҳамкасбларимни янада фаол ва фидойи бўлишга даъват этаман… Ўзим эса уларга ўрнак бўлишга интиламан…
Яхши ният билан ҳали давоми ёзиладиган ушбу эсседа Эгамшукур бобонинг ўғли, таниқли шоир Ғулом Эгамшукурнинг падари бузрукворига бағишланган қуйидаги мисраларини келтирсак ўринли бўлар:
Ҳузуримга ошиқиб келган —
Субҳи саболардан,
Хуш наволардан,
Тунлар бедор туриб ютган
Оҳимдан,
Битилмаган дил баётимдан
Ҳайкал қўйдим Сизга мен,
Ота!
Аллоҳнинг пойидан,
Юрагим лойидан,
Адолат боғидан,
Иймон тоғидан,
Муҳаббат номидан —
Ҳайкал қўйдим Сизга мен,
Ота!..
…Қаранг, Косоннинг равон йўлларида мустақил Ўзбекистоннинг илк машиналаридан бўлган кул рангли “Тико” оҳиста елади. Машина рулида юз ёшни қаршилаётган Эгамшукур бобо Абдиев жонажон ва қадрдон мактабига — азиз ўқувчиларига дарс беришга меҳр-муҳаббат билан ошиқади.
Шогирдлари ҳузурига шошаётган, бир асрни қаршилаган муаллимнинг умр йўллари ҳамиша ойдин, ёруғ ва нурларга тўлиб-тошиб бораверсин!..
Ашурали ЖЎРАЕВ