Сўнгги пушаймон
Очил ХУДОЙБЕРДИЕВ
Ҳикоя
Тебат текислиги бўйлаб уфққача туташиб кетган илон изи йўлдан кажавали мотоциклда Алимбой ғизиллаб пастга — қишлоққа томон борарди. Йўл нотекис ва ўнқир-чўнқир бўлганлиги боис тезликни ошириб бўлмасди. Қуёш ботишига ўн-ўн беш дақиқалар қолаётган пайт у Супратош деб аталадиган жойга яқинлашиб қолган эди. Шу пайт сайҳонликдан қирга томон ўрмалаб ўтлаб бораётган ўн беш-йигирма чоғли қўй-қўзига Алимбойнинг кўзи тушди. У мотоциклни қўйлар томон ҳайдаб, оралиқ масофа яқин қолганда тўхтади. Уловдан тушиб, чор-атрофга бир қур назар ташлади. Қишлоққача бир-бир ярим чақирим бор, атрофда одам зоти кўринмайди. У баландликка чиқиб бораётган қўйлар олдини ўраб сайҳонликка ҳайдади. Кела-кела чор-атрофга яна олазарак боқди. Яқин ўртада ҳеч кимса йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, қўйлар орасидан қўнғир тусли семиз бир тўқлини ушлади. Ён чўнтагидан чилвир ипни олиб, тўқлининг оёқларини боғлади ва қўйни аравача юкхонасига жойлади. Жўнаш олдидан атрофни тағин кузатди. Алимбой қишлоққа оралаганда, энди қоронғи туша бошлаганди. Мотоцикль товушини эшитган ўн икки-ўн уч яшар ўғли дарвозани ланг очиб қўйди. Алимбой мотоциклни одатдагидай уй айвонига тўхтатмай, тўғри қўра томон ҳайдади. Салим дарвозани ёпиб, отаси томон бораётган эди, Алимбой ўғлини чалғитди. Шимининг чўнтагидан бир сўмлик чиқариб:
— Ўғлим, носим тугабди, манави пулга Карим носфурушникидан тез нос олиб келгин, — деди.
— Хўп, ота, ҳозир обкеламан, — дея ўғил чопқиллаб кетди.
Ўғли дарвозадан чиқиб кетиши билан Алимбой юкхонадан қўйни чиқариб, қўрасидаги қўйларига қўшиб юборди. Кейин мотоциклни етаклаб, уй айвонига қўйди. Уст-бошини қоқди. Хотини Хадича офтоба келтириб, қўлига сув қуйди. Қизчаси сочиқ олиб чиқиб унга узатди. Алимбой артиниб хонага кирган пайт Салим нос келтириб берди. Ўртага дастурхон ёзилиши билан Хадича гап бошлади:
— Аммалар қандай, соғ-омон юришибдимикан?
— Ҳаммаси тузук, салом айтиб қолишди, — деди Алимбой пиёлага чой сузаётиб.
— Аммамнинг ўғлини олиб келмадингизми? — деди Салим бироздан сўнг.
— Ўн-ўн беш кундан кейин келармиш, — деди ота чайналиб.
Дастурхон йиғиштирилиб, болалар дарс тайёрлашга киришди. Соат кечаси ўн яримдан ўтиб, хонадаги лампочка лип этиб ўчди. Хадича зорлана-зорлана фонар ёқиб, жой солди. Болалар ухлаб қолиши билан Алимбой Хадичани эргаштириб айвонга чиқди.
— Ҳа, отаси, бирон гапингиз борми?
— Ортимдан юр, — у шундай деб қўлида мол сўядиган пичоқ билан қўра томон борарди. Хадича унга эргашди. Йўл-йўлакай Алимбой унга шипшиди:
— Хотин, йўлда келаётувдим, манави тўқли адашиб юрган экан, олдимдан чиқиб қолди. Яқин ўртада бирон зоғ йўқ экан, кечаси қолиб кетса, бирон-бир бўри-пўрига ем бўлиб кетмасин деб, ушлаб мотоциклга ортиб келавердим.
— Нима қиламиз энди?
— Сўямиз, хотин, сўямиз.
— Уч-тўрт кун қўйлар орасида турса, эгаси сўроқлаб кеп қолармиди? — деди аёли соддадиллик билан.
— Хотин, бу тўқли қайси бир чўпоннинг сурувидан адашиб қолган. Чўпонларга бир тўқли чўт эмас, излаб келмайди ҳам.
— Сўйиб юборсангиз, бу ёғи қандоқ бўлар экан, отаси?
— Ўғирлаб келдимми, бундай чўчийсан? Ундан кўра белни олиб кел, — чўрт кесиб гапирди Алимбой.
Хадича бел топиб келтирди. Алимбой чуқур қазиб, тўқлининг оёқларини боғлаб ётқизди ва бўғзига пичоқ тортди. Ўн-ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас тўқлини терилаб, гўштини қовуриш учун майдалаб тўғради. Хадича ўчоққа қозон осиб, олов ёқиб юборди. Тун ярмидан оққанда тўқлининг гўшти қовурилиб, катта-кичик идишларга жойланди. Эрталаб дастурхонга қовурдоқ қўйилган эди, Салим сўраб қолди:
— Эна, гўштни ким келтирди?
— Амманг юборган экан, кеча ёдимдан кўтарилиб, қўймабман, энди қўйяпман, ўғлим.
Орадан икки кун ўтиб, Алимбойнинг қалин дўсти Шодмонбой келиб қолди. Алимбой дўстини яхши сийлаб кузатди. Дастурхонга битта яримта билан бир лаган қовурдоқ тортилди.
Икки дўст шишани бўшатишди. Шодмон дабдурустдан айтиб қолди:
— Ошна, бундан уч кун олдин бизнинг қўнғир тусли тўқли қўйлар орасидан йўқолиб қолди. Тўқли этлироқ эди. Билсам-билмасам, қўйлар орасидан кимдир тўқлини ушлаб олиб кетган. Бўлмаса, қўйлардан ажралиб қолмасди, жонивор, — деди.
— Хадича, қўйларинг орасига бирон… бегона қўй келиб қўшилгани йўқми? — сўради Шодмон қовурдоқ устидан аччиқ кўк чой ичаётиб.
— Қўйимиз орасида бегона қўй йўқ, ака.
— Хўп, бўлмаса, унда мен кетдим.
Меҳмонни кузатиб қайтган Алимбойнинг аёли яниди:
— Отаси, сизга айтувдим-а, тўқлини сўймайлик деб. Дўстингиз айтган тўқли шу биз сўйган қўйнинг ўзи. Энди нима қиламиз?
— Хотин, бўлар иш бўлди. Ўзи ҳам тўқлининг гўштидан тотди-ку.
— Охиратда нима деймиз?
— Қўй, кўп ҳам ваҳима қилаверма. Охиратгача гап кўп, — деди Алимбой пинагини бузмай. Сўнг қўшиб қўйди. — Энди тилингга эрк берма, болалар сезмасин тағин.
— Бундан хотиржам бўлинг.
* * *
Орадан йиллар оқар сувдек оқиб ўтиб кетди. Алимбой ўсал бўлиб ётиб қолган эди. Ўғиллари шифохонама-шифохона олиб юриб дўхтирларга кўп кўрсатди.
Хадича кампир эрининг ранг-рўйига қарай-қарай, ўзи ҳам соғлиғини йўқота бошлади. Охири бир кун Алимбойга ёрилди:
— Бундан ўттиз йиллар олдин катта гуноҳ қилиб эдингиз. Ўшанда тўқлини сўйманг, охиратда ёмон бўлади дедим-а? Гапимга кирмай, қўйни сўйиб юбордингиз. Энди буйтиб…
Кампирининг гапидан сўнг Алимбой сўл ёнбошидан ўнг ёнбошига ўгирилиб, чуқур иҳранди ва синиқ, ингичка овозда минғирлади:
— Шунга мен ҳам пушаймонман. Билсанг, мана бу жойимдаги оғриқ менга азоб бераяпти, — у шундай деб кўксини кўрсатди. — Бу виждон қийноғи, кампир, — деди Алимбойнинг кўзлари ёшга тўлиб.
Бу унинг охирги азобли сўзи эди…