Бахши — халқ руҳи, миллийлик кўзгуси…

Шу кунларда мамлакатимиз адабий жамоатчилиги ўзбек халқ оғзаки ижодининг машҳур намояндаси Ислом шоир Назар ўғли таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонламоқда. Шу сана муносабати билан Нарпай туманида атоқли халқ оқинининг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Унда шоир-ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, олимлар, ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Дастлаб тадбир иштирокчилари шоир дафн этилган “Ислом шоир” қабристонига ташриф буюриб, унинг мақбарасини зиёрат қилдилар.

Шунингдек, меҳмонлар “Навқирон Нарпай” газетаси таҳририяти биносида ташкил этилган музейда ҳам бўлиб, улуғ бахшини хотирладилар, у куйлаган достонлари, халқимизга қолдирган буюк мероси ҳақида сўз юритдилар.

— Бахшичилик халқ амалий санъатининг ёрқин намунасидир. Унда ҳар бир халқнинг ўтмиши, руҳи, менталитети, қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ўз ифодасини топган, – деди Ўзбекистон халқ бахшиси Очил Ўралов. — Шу боис ушбу ноёб санъат мавжуд бўлган барча мамлакатларда у номоддий маданий мерос сифатида муҳофаза қилинади ва юксак қадрланади.

Шундан сўнг тумандаги 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида истеъдодли санъаткорлар, ёш ижрочилар иштирокида “Ислом шоирни эслаб…” номли адабий-мусиқий композиция бўлиб ўтди.

У туркманлар орасида ҳам қадрланар эди

Тадбирда, шунингдек, халқ оқини Ислом шоир Назар ўғлининг атоқли туркман бахшиси Отаниёз билан шахсий дўстлиги ва ижодий ҳамкорлиги ҳар икки халқ оғзаки ижодининг ривожига хизмат қилгани ҳақида ҳам алоҳида айтилди.

— Дарҳақиқат, ана шундай дўстлик ва ижодий ҳамкорлик самараси ўлароқ, Ислом шоир Назар ўғли туркманлар, Отаниёз шоир эса ўзбеклар орасида катта обрў-эътиборга эга бўлди, – деди Республика халқ оғзаки ижоди маркази директори Умид Норбоев. — Бу ҳолатни атоқли туркман олими-фольклоршуноси С.Гарриев ҳам эътироф этиб, “Ислом шоир Назар ўғлининг “Нигор ва Замон” достони сюжети туркман бахшилари термалари асосида шаклланган”, деб таъкидлайди.

Бундан ташқари, Жанубий Хоразм фольклор мактабининг асосчиси, Ўзбекистон халқ бахшиси Бола бахши — Қурбонназар Абдуллаев, унинг ўғиллари ва шогирдлари — Ўзбекистон халқ бахшилари Норбек ва Етмишбой Абдуллаевлар ўзбек, туркман ва қорақалпоқ тилларида халқ достонларини ижро этишлари яхши маълум.

Бир қатор достон ва халқ бахшиларининг термаларини бевосита ёзиб олган олим Музайяна Алавиянинг таъкидлашича, бу асарлар тингловчи қалбига завқ бағишлаб, инсонни нафақат эзгуликка, балки ватанпарварликка ҳам ундайди.

Шоир хонадонида

“ХIХ аср охири — ХХ аср бошлари мамлакатимизда достончиликнинг гуллаган даври бўлди, — деб ёзган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов. — Ислом шоир Назар ўғли ана шу достончилик мактабининг етук вакилларидан бири бўлиб, унинг ижоди халқ оғзаки ижоди ривожига катта ижобий таъсир кўрсатган”.

Ислом шоир Назар ўғли ҳақида гап кетганда, бундан бир неча йил аввал шоирнинг ўғлини учратганимни беихтиёр эслайман.

Нарпай тумани маркази Оқтошда шоирнинг ҳозиргача Самарқанд вилоятида ягона ҳисобланган “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвонини олган Зиёдулла Исломовнинг хонадонида бўлганимизда, шоирнинг ўғли бизни жуда илиқ кутиб олганди.

Зиёдулла ака ёши 70 да бўлишига қарамай, отасининг дўмбирасини қўлига олиб, қарийб олти соат давомида “Алпомиш”, “Зулфизар ва Авазхон” номли икки достонни ёддан айтиб берганди. Шу билан бирга у отаси ҳақидаги хотираларни биз билан ўртоқлашди ва бу каминада катта таассурот қолдирди. Ўшанда бизлар халқ эпоси қаҳрамонлари билан бирга кулдик, йиғладик, завқландик.

Дўмбиранинг жаранги бахшининг гўзал овози билан қўшилиб, биз учун янги олам, янги дунё очди, бундан қалбимиз катта завқ олди. Суҳбатдошимизга кўра, бир пайтлар бу хонада Ҳамид Олимжон, Музайяна Алавия, Ҳоди Зариф, Маҳмуд Зарифий, Ғулом Каримов, Мансур Афзалов каби таниқли шоир, ёзувчи ва олимлар суҳбатлашган. Биз эса уларнинг сўзларини эшитгандек, нафасларини ҳис қилгандек бўлдик.

Зиёдулла ака замонавий куйларнинг ҳам моҳир ижрочиси бўлиб чиқди. Бундан ташқари, бўш вақтларида турли ёғочлардан дўмбира, рубоб, дутор, танбур каби миллий чолғу асбобларини ясаш билан ҳам шуғулланар экан.

“Отамнинг чироғи ёниқ…”

“Ҳозиргидек ажойиб замон ҳеч қачон бўлмаган, — деганди у. — Қаранг, ҳамма ерда ободончилик, кўркам уйлар, кўркам таълим масканлари бор. Узоқ йиллар унутилган маданий ва миллий анъаналар қадрланаяпти. Бизнинг Оқтошда ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Отамнинг қабри устига гўзал мақбара қурилмоқда. Келажакда бу маскан зиёратгоҳга айланади. Қарийб 50 йилдан буён у яшаган мана шу уйнинг чироқларини ёқиб, отамнинг дўмбирасини чалиб, достонларини куйлаб келаман. Оиламизда уч ўғил, бир қиз бор эди. Энди мен ёлғизман. Раҳматли турмуш ўртоғим билан икки ўғил, бир қизни вояга етказдик. Мен ҳозир нафақадаман. Айниқса, Биринчи Президентимиздан миннатдорман. Камтарона меҳнатим учун 2004 йилда “Ўзбекистон халқ бахшиси” фахрий унвони билан тақдирландим. Оқсарой қароргоҳида давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи менга ушбу мукофотни топширди.

Зиёдулла аканинг ҳозир ўнлаб шогирдлари бор. Бироқ суҳбат чоғида бахшининг бироз эътирози ва норозилигига гувоҳ бўлдик. Маълум бўлишича, яқин орада ҳеч ким уларни бирор тадбирга, йиғилишга, радио ёки телевидениега таклиф қилмаган.

Бахши ижодига ёшлар қизиқмайди

Шу ўринда ўтган аср бошларида қишлоқларда тўй-маъракаларни, асосан, бахши шоирлар ўтказганини эслаш ўринлидир. Улар давра ичида жонли куйлашарди. Чунки у пайтларда хонанда ва раққосаларни чақириш урф эмасди. Эндиликда техника тараққиёти, замонавий ижрочиларнинг кўпайиши туфайли халқ оғзаки ижоди вакиллари бироз четга чиқиб қолгандек гўё.

Яна Оқтошдаги тадбирга қайтамиз. Унда таъкидланишича, кечагина саҳнага чиққан “юлдуз”ни ёшлар яхши билишади, лекин Ўзбекистон халқ бахшилари ижодини билишмайди. Сабаби, улар ижоди замонавий матбуотда камдан-кам тарғиб қилинади. Қолаверса, “Наврўз”, “Мустақиллик” каби байрамларда, сайилларда ҳам халқ оғзаки ижоди вакилларига ҳар доим ҳам муносиб эътибор берилавермайди. Уларга замонавий “юлдузлар”га қараганда камроқ жой ажратилади. Бундан ташқари, бахши шоирларнинг вилоят ва республика танловлари мунтазам равишда ташкил этилмайди.

Тадбирда сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, бугун биз ўзбек миллий шеъриятимиз ва достончилигимизнинг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалбида санъатнинг ушбу турига ҳурмат ва эътибор туйғусини мустаҳкамлашимиз керак.

У нафақат бахши, балки шоир ҳам эди

Эслатиб ўтамиз, Ислом шоир (асл исми Ислом Назаров) 1874 йилнинг 17 июлида Нарпай туманидаги гала Қассоб қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилган.

У дастлаб Эрназар деган оқиндан, сўнгра эса машҳур Эргаш Жуманбулбул ўғлидан ижод сирларини ўрганган.

Ислом шоир инқилобдан олдинги асарларида оддий халқнинг машаққатли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб ва Николай ҳокимиятини жиддий танқид қилган. Ўзбек аёлларининг гўзаллигини мадҳ этувчи “Орзигул” номли достони яхши маълум.

Ислом шоир ижросидаги бизгача етиб келган “Орзигул”, “Гулихиромон”, “Зулфизар ва Аваз”, “Хирмондали”, “Кунтуғмиш”, “Соҳибқирон”, “Эрали ва Шерали”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Нигор ва Замон” каби достонлар яхши маълум. Улар ўзбек миллий фольклори дурдоналари бўлиб, ҳақли равишда ўзбек адабиётининг олтин фондига киритилган.

У нафақат бахши, балки шоир ҳам эди. Айниқса, 1917 йилдан кейин Ислом шоир мазлум халқни тараннум этувчи кўзга кўринган ўзбек шоирларидан бирига айланди. У Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзилган фашист босқинчиларига қарши кураш ҳақидаги, ватанпарварлик руҳидаги “Қаҳрамонлар китоби”, “Жанглар китоби”, “Ленинград ҳимоячилари”, “Биз тинчлик тарафдоримиз”, “Кореядан қўлингни торт!” каби шеърлари билан машҳур бўлди. Шоир 1953 йилда вафот этиб, Оқтош (Нарпай)да дафн этилган.

Ёрмамат РУСТАМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − nine =