Махтумқули Фироғий – эзгулик куйчиси

Адабиёт тил, миллат танламайди. Асли туркман фарзанди бўлган, Бухоро ва Хивада таҳсил олган Махтумқули Фироғий яратган сатрлар бугун ҳар бир ўзбек севиб тинглайдиган куй-қўшиқларга айланиб, кўнгилларда яшамоқда. Махтумқули — покиза туйғулар, муҳаббат, тинчлик куйчиси. У ўзбек халқининг ҳам фарзанди, севимли шоирига айланган. Бу эса икки халқни биродарлик ришталари мустаҳкамлигига муносиб хизмат қилади.

Яқинда пойтахтимизда шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан тантанали адабий-маърифий хотира кечаси бўлиб ўтди. Энг гўзал маданият масканларидан бири бўлган – Алишер Навоий номидаги давлат катта академик театрида бўлиб ўтган кечада таниқли давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, маданият ходимлари, зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, санъаткорлар, ижодкор ёшлар, адабиёт ихлосмандлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Театр биносига кириш залида шоир Махтумқули ҳаёти ва ёзиб қолдирган адабий меросига бағишланган ажойиб кўргазма ташкил этилди.

Тадбир давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 19 февраль куни имзоланган “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шу билан бирга икки қардош халқ ўртасидаги адабий-маданий, маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида ўтказилди. Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков сўзга чиқиб, буюк шоир ижоди туркман ва ўзбек халқлари учун ҳам бирдек  қадрли эканлиги, халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар юраклардаги эзгу тилаклар рўёби, тинчлигимиз, фаровонлигимизга хизмат қилиши  ҳақида сўзлади. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда элчиси Шодурди Мередов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли шоир Мирзо Кенжабек, Кинематография агентлиги директори вазифасини бажарувчи Шуҳрат Ризаевлар Махтумқули Фироғийнинг Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳаёт йўли ва ижодий мероси тўғрисида сўз юритдилар. Хусусан, Махтумқули шеъриятининг халқчил аҳамияти, дунё тафаккури хазинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилганлиги, икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ришталари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Йиғилганлар эътиборига икки халқнинг дўстлиги ва ҳамкорлигига бағишланган лавҳалар тақдим этилди.

Хотира кечасида айтилганидек, жорий йилда Турксой халқаро ташкилоти 2024 йилни “Махтумқули йили” деб эълон қилди. Шу кунга қадар шоир ижодидан ўзбек тилига турли таржималар амалга оширилган. Жумладан, шоир ва таржимон Мирзо Кенжабек Махтумқулининг 170 та диний-тасаввуфий мазмундаги шеърларини илк бор она тилимизга сайланма ҳолида тақдим этди.

Хотира кечасининг бадиий қисмида шоир шеърларидан яралган қўшиқлар элимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан ижро этилди. Талаба ёшлар Махтумқули ижодидан намуналар ўқишди. Махтумқули ҳаётини акс эттирувчи драмадан саҳна кўриниши намойиш этилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 11 октябрь куни Туркманистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замон ва цивилизациянинг ўзаро боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтган эди. Мазкур форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Махтумқули таваллудининг 300 йиллигига бағишланган медаль билан тақдирланди. Мамлакатимиз раҳбари Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Махтумқулининг ўзбек тилига таржима қилинган асарлари тўпламини совға қилган эди.

Республикамиз матбуотида Махтумқули ижодига бағишланган кўплаб мақолалар чоп этилди. “Жаҳон адабиёти” журналида Туркманистон халқ ёзувчиси Қилич Қулиевнинг “Махтумқули” романи нашр этилди. Асар таржимони — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Музаффар Аҳмад.

Икки халқнинг дўстлиги Махтумқули Фироғий адабий мероси сабаб янада мустаҳкамланиб бормоқда. Бу айни адабий жамоатчилик орасида кенг ёйилган “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиорининг амалдаги ифодасидир.

Шоир ижодини ўрганиш ва уни жойларда тарғиб қилиш, адабий кечалар ташкил этиш республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Гулнора ШЕРМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =